Кириш Регистрация
16/06 18:00 Польша - Нидерландия
16/06 20:00 Сўғдиёна 1-0 Насаф
16/06 20:00 Пахтакор 0-0 Навбаҳор
16/06 21:00 Словения 1-1 Дания
16/06 23:59 Сербия 0-1 Англия
17/06 18:00 Руминия - Украина
17/06 20:00 Локомотив - Динамо
17/06 20:00 Олимпик - ОКМК
17/06 21:00 Бельгия - Словакия
17/06 23:59 Австрия - Франция
18/06 21:00 Туркия - Грузия
18/06 23:59 Португалия - Чехия

Футболдан чиққан сиёсатчи кимлигини биласизми?

Баҳо:
+ | -

Яшил майдонлардаги ёрқин ўйинлари, самарали фаолияти билан Европа, хусусан, Франция футболи ривожига катта ҳисса қўшган Лилиан Тюрам кейинчалик ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги туфайли муносиб ҳурмат топди.

Айниқса, ёшларда Тюрам ҳақида кенгроқ тасаввур уйғотиш учун аввало, унинг статистикасини бирров эсга олиш керак. Лилиан Франция миллий жамоаси либосида 142 марта майдонга тушди. Энг идеал ўйинларидан бири сифатида ЖЧ-98 ярим финалини тилга олиш мумкин.

Ўшанда бақувват қанот ҳимоячиси Хорватия термаси дарвозасига 2та гол уриб, французлар учун финал йўлини очганди. Энг қизиғи, футболчи терма жамоадаги голлари ҳисобини шу муҳим «дубль» билан очганди ва кейинчалик ҳам рақиблар дарвозасини бошқа ишғол қилгани йўқ.

Муҳими, Тюрам якунда ЖЧ-98 олтин медалини бўйнига тақди, яна 2 йил ўтиб, Евро-2000да ҳам зафар қучди. Шунингдек, 1998 ва 2006 йилларда ФИФА рамзий терма жамоасидан жой олди, 2003 йили Конфедерациялар кубоги ғолибига айланди.

Тюрамнинг клублар даражасидаги муваффақияти ҳам анча салмоқли: 1991 йили «Монако»нинг Франция кубогини ютишига ҳисса қўшди, 1999 йили «Парма» таркибида аввалига Италия кубогини боши узра баланд кўтарди ва кейин УЕФА кубоги турнирида ғолиб чиқди.

2002 ва 2003 йилларда эса «Ювентус» билан «А» серияси чемпионлигини тантана қилди. Фақат Кубоклар эгалари кубоги-92 ҳамда ЧЛ-2003 финалларидаги мағлубиятлар қаҳрамонимизнинг клублар ва терма жамоалар миқёсидаги барча совринлар соҳибига айланишига имкон бермади.

Машҳур «Кольчаполи» можаросидан кейин «Ювентус» «В» сериясига тушириб юборилгач, Лилиан «Барселона» сафига қўшилди. Каталонияда 2 йил тўп сургач эса, юрак тизимига боғлиқ хасталик туфайли 36 ёши-да футбол билан хайрлашди.

 Футболдан ташқарида

Тюрам миллионлар ўйинидан четга чиққач ҳам, кенг жамоатчилик эътиборини йўқотмади. Яъни ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсата бошлади. Хусусан, ўша пайт Франция Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Николя Саркозини ошкора танқид қилишга журъат топди.

Собиқ ҳимоячи кейинчалик яқин дўсти Патрик Виейра билан ҳамкорликда Париждаги бошпаналардан қувилган 70 нафар африкалик қочоқни Евро-2008 саралаш босқичи доирасида бўлиб ўтган Франция - Италия ўйинига таклиф этиш асносида уларни руҳан қўллаб-қувватлади.

Натижада йирик сиёсат арбоби Филипп де Вилье уни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда сабоқ берувчи миллионер сифатида эътироф этди. Лилиан шунингдек, мамлакатнинг ўша вақтдаги президенти Жак Ширакка тўғридан-тўғри мурожаат этиб, ҳужжатларсиз қолган мигрантлар ҳуқуқларини ислоҳ қилишни сўради.

Эътиборлиси, Тюрамнинг сиёсий фаолияти бирор партия билан боғлиқ эмасди. У асосан нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлади. Тўғри, маълум муддат Франция парламентида ирқчилик масалалари билан шуғулланадиган қўмитанинг бошқарув кенгаши аъзоси бўлди. Қолаверса, УЕФА томонидан йўлга қўйилган ирқчиликка қарши кураш лойиҳалари устида фаол иш олиб борди.

Бундан таш-қари, футбол юлдузи Франциянинг собиқ колониялари вакилларининг ижтимоий ҳаётини ёритишга катта эътибор қаратди. Таъкидлаш жоиз, Лилиан футболчилар учун ғайритабиий саналган йўналишларда ҳам сезиларли муваффақиятларга эришди.

Жумладан, «Менинг қора юлдузларим» номли китоби 2010 йили чоп этилди. Ёш авлод вакилларига қулдорлик даври тугаганидан кейинги ҳаёт моҳиятини англатиш мақсадида ёзилган бу асар яқин келажакда мактаб дастурига киритилиши ҳам мумкин.

Тюрамнинг Жан-Кристоф Камю билан ҳаммуаллифликда яратган иккинчи асари - «Бизнинг тарихимиз» эса шахсий ҳаётини қамраб олган. Собиқ футболчи унда Гваделупанинг шакарқамиш плантацияларидан Парижга йўл олган онаси - Марианна ҳақида алоҳида ҳикоя қилган.

Интервью

- Жаноб, Лилиан, Гваделупанинг Анс-Бертран шаҳрида дунёга келгансиз. 1981 йили онангиз ва беш нафар ака-укангиз билан Парижга кўчиб келгансизлар. Ўшанда 9 ёшда бўлган экансиз. Бундай кескин ўзгариш сизга қандай таъсир кўрсатганди?

- Францияга келишимиз билан бу ерда мутлақо бошқача ҳаёт тарзига дуч келдик. Очиғи, илк даврларда фақат онам ва бошқа-бошқа отадан туғилган 5 нафар ака-укамни кўрардим, холос. Уларга оиламиз ва Гваделупа тарихи ҳақида тинмай савол берардим. Шу аснода умумий дунёқарашим шаклланди.

- Футбол ёки бошқа соҳа бўйича кимларга кумир ўрнида қарардингиз?

- Жан Тиганага. Доимо айнан унинг даражасига чиқишни ўйлаган, шунга интилганман. Лекин мен учун асосий илҳом манбаи онам эди, барибир. Айнан у чинакам ҳаёт йўлини танлашимга туртки берди, болалигимдан миямга жасурликни, қийинчиликлардан чўчимасликни сингдирди.

- Профессионал футболга қай йўсинда кириб келгансиз?

- Тўғриси, ёшлигимда футбол асосий касбимга айланиши мумкинлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Дейлик, Гваделупада яшаганимизда, уйимизда ҳаттоки, телевизор ҳам йўқ эди. Шундай экан, 9 ёшимгача бирор марта футбол томоша қилмаганман. Шунчаки, кўчада ўртоқларим билан тўп ортидан югурардим.

Муҳими, бу ўйин жуда ёқарди. Францияга кўчиб келганимиздан кейин жиддий шуғуллана бошладим. 15 ёшга тўлганимда «Ницца» вакиллари кўрикка чақиришди. Кейин «Монако»дан таклиф олдим. Бироқ тиббий кўрик якунида шифокорлар профессионал даражада ўйнай олмаслигимни таъкидлашди.

Лекин чекинмадим ва машғулотларни давом эттириб, сафга қайтиш учун бор кучимни сарфладим. Дастлабки расмий шартнома остига имзо чекканимдан сўнг эса ўзимни бутунлай футболга бағишладим.

- Айтишларича, «Монако»да аждодлари гваделупалик бўлган ҳимоячи Люк Сонор сизни ўз ҳимоясига олган экан. Ундан нималарни ўргангансиз?

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 10:42, 20.01.2018.
Ўқилди: 2919 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.