"Реал" бош мураббийи Жозе Моуринью шанба кунги матбуот анжуманида дастлабки олти турда бирорта ҳам очко йўқотмаган "Барселона" ҳақидаги саволга жавоб берди.
- "Барселона"нинг ўйин даражаси сизни хавотирга соляптими?
"Тарих ва маданият нуқтаи назаридан "Реал" ўзини ҳеч ким билан таққослай олмайди. Шунинг учун бизларни бошқалар билан солиштирмоқчи эмасман. Мен фақат ўзимиз ҳақимизда гапираман ва муаммоларимиз, нималарни яхшилашимиз мумкинлиги ҳақида хотиржам фикр билдираман.
Ҳатто "Реал" ҳақида ижобий гап эшитиш тобора қийинлашиб бораётган бўлса ҳам, биз камтарликни сақлаган ҳолда ишлашда давом этяпмиз. Муаммоларимизни тан оламиз, аммо жамоамизда жуда яхши жиҳатлар ҳам борлигини биламиз.
Учта ўйинда охирги дақиқаларда гол уришимиз керак бўлганда, жамоа жисмоний ва руҳий кучини, фидойилигини ҳамда қатъиятини сақлаб қолди.
Очиқ айтиш мумкин: "Эльче"га қарши 2:0 ҳисобида олдинда бора туриб, 80-дақиқадан кейин рақибга ҳисобни тенглаштириш имконини бериш — нормал ҳолат эмас. Аммо шундан сўнг биз ўзгариш киритдик, биринчи вазиятни, кейин иккинчисини, учинчисини яратдик ва ғалаба қозондик.
"Бетис"га ютқазиш ҳам нормал эмас, аммо биз ишончни йўқотмадик. Пенальтидан гол ура олмадик, лекин янги ҳужумлар уюштириш учун кучимиз қолган эди.
Жамоамизда сифатдан ташқари яна жуда муҳим куч бор. Бу — жамоавий куч. Ана шу жиҳат менга ишонч бағишлайди. Мавсум — марафон, спринт эмас", — деди Моуринью.













