Қарангки, ҳаётда анча эринчоқ ва дангаса эканлигини очиқ тан оладиган франциялик ёш ҳужумчи Килиан Мбаппе бир йил ичида феноменал тараққиётга эришиб, чин юлдуз даражасига кўтарилди.
Аммо у ўзини ҳамон қалбан беғубор болакайдек тутади. «ПСЖ» сафидаги «футбол марвариди» France Football мухбирлари билан суҳбат чоғи ҳам буни билинтириб қўйди...
«Ўзимни рок-юлдуздек ҳис эта бошладим, аммо...»
- Килиан, мана, 100 кундан ошдики, «ПСЖ» сафидасан. Хўш, қайси воқеани алоҳида ажратиб кўрсатасан?
- Тақдимот маросимини. Гўёки, қандайдир дарёдан сузиб ўтиб, нотаниш ўлкага тушиб қолгандек эдим. Минглаб мухлислар қаршисида ўзимни рок-юлдуздек ҳис қилдим. Матбуот анжуманига бутун олам кўчиб келгандек туюлди.
- Балки бироз қўрққандирсан...
- Йўқ. Фақат кучли ҳаяжон босди. Босим анча баланд эди ва бу ерда ўта кучли ўйин намойиш этишим шартлигини дарҳол тушундим. Мана, шундан буён тинимсиз шуғулланяпман.
- Аввалги сокин ҳаёт соғинчи борми - ошна-оғайнилар, қариндошлар...?
- Ҳа, соғинч ҳисси йўқ эмас. Дарҳақиқат, ҳозир аввалгидек хоҳлаган ишга қўл уролмайман.
- Масалан...
- Энди дўстлар билан сайрга чиқиш, қаҳвахонада бемалол чақчақлашиш имконияти йўқ. Начора, танлаган йўлим шуни тақозо этмоқда.
- Умуман, ҳозир сенга айнан нима кўпроқ етишмаяпти?
- Оддийлик, икир-чикирлар... Эрта кунда профессионаллар қаторидан жой олдимми, тенгдошларимга хос шўхликлардан воз кечишимга тўғри келади. Чунки бўш вақтнинг ўзи йўқ.
- Барвақт улғайганингдан хафа эмасмисан?
- Гарчи машғулотларда завқ-шавқ билан ишлаётган бўлсамда, катта футбол оламига эрта кирганимдан бироз афсусдаман. Кечагина 16 ёшли ғўр йигитча эдим. Илк шартнома остига имзо чекдиму, болалик дунёсидан айрилдим. Энди катталардек ўйлаш ва ишлашга мажбурман. Табиийки, бундай кескин ўзгаришга мослашиш қийин. Қайтараман, чинакам профессионаллик йўлида болаликни четга суришим шарт. Акс ҳолда, ҳеч нарсага эришолмайман.
- Янги муҳитга мослашишда нечоғли қийналяпсан?
- Осон эмас, албатта. Дейлик, ёшимга мос келмайдиган бир қатор талабларни бажаришим лозим. Масалан, шифокор кўригидан ўтиш ёки интервью бериш... Аслида дўстлар даврасида бўлиш, шаҳар бўйлаб ташвишсиз сайр қилишни исташим аниқ. Аммо футболни қаттиқ севганим учун барчасидан воз кечдим. Ҳаёт йўлини тўғри танлаш муҳим. 12 ёшга тўлгач, ота-онам олдидан кетгандим. Тўғри, баъзан иккиланганман: «Бу саргардонликларга нуқта қўйсаммикан...?» Муҳими, чидадим ва мустақил ҳаётни ўзлаштирдим. Яна бир томони, ҳозир ҳам қалбан болакайман...
«Профессионал даражага ўтгач, бирор марта йиғлаганим йўқ»
- Дам олиш кунларидан кейин ота-онанг ҳузуридан интернатга қайтишинг оғир бўлгани ҳақида ўқиганмиз.
- Ҳа, айниқса, дастлабки йилнинг ноябрь - февраль ойлари жуда қийналгандим. Қандайдир байрам муносабати билан уйга йўл олганимда, академиядан қўнғироқ қилиб, яна бир кун қолишимга рухсат беришларини кутардим. Чунки интернатда хоналар совуқ эди, шу сабаб, якшанба оқшоми уйдан чиқиб кетишда йиғлагим келарди. Муҳими, шундай шароитда табиатим шаклланди.
- Таҳсил даврида қанчалик қийналган бўлсанг, муваффақиятга шунчалик осон эришдинг, тўғрими?
- Биламан, кўпчилик шундай ўйлайди. Тўсатдан майдонга тушдиму, чемпионатда ҳам, ЧЛда ҳам голлар ура бошладим. Аслида бошқача. Футболда нимагадир эришиш йўлида қанчадан-қанча тўсиқларни енгиб ўтиш талаб этилади. Нафақат майдон, балки унинг ташқарисида ҳам муаммоларни вақтида бир ёқли қилиш керак. Айниқса, ғалабадан бошқасини тан олмайдиган Парижда ўйнаш осон эмас. Тўғри, Монакода ҳеч қачон катта қийинчиликка дуч келмаганман.
- Машҳурлик яхши, лекин салбий жиҳатлари ҳам бор - ҳаётда кўплаб тузоқларга йўлиқтиради.
- Тўғри, бир қарашда, хоҳлаган ишингни қилишинг мумкиндай, аммо амалда бошқача. Нуфузингни сақлашинг, сен ҳақингда нималар ёзишаётганини назорат остига олишинг лозим. Ҳа, пул етарли, аммо хотиржам ҳордиқ чиқаришнинг иложи йўқ. Нима дердим, кўнгилхушликларни ёзги таътилга олиб қўйганман.
- Айтишларича, авваллари арзимас сабаб туфайли аразлашиб, кўз ёши тўккан экансан....
- Тўғри, кўпинча асабларимни жиловлай олмасдим. Жиззаки табиатим туфайли муаммоларни мустақил ҳал қилолмасам, беихтиёр кўзларимга ёш келарди. Ҳозир бу масалада анча ўзгарганман.
- Қизиқ, охирги марта қачон йиғладинг?
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.