Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Реал»нинг кучи нимада?

Баҳо:
+ | -1

Чемпионлар Лигасидаги илк ўйинларда икки жамоа қайсидир паллада ўзига жуда қониқарли ҳисобга эришган ҳолда, кейинчалик устунликни қўлдан чиқариб қўйди. «Ювентус» ва «ПСЖ».

Вазиятларга, айниқса, ҳолатга стратегик ёндошиш жуда аҳамиятли бўлиб қоладиган плеф-офф ўйинларига тўғри ёндашиш кучли клуб учун жуда керак. Шу томондан «Ювентус» ва «ПСЖ» ўхшаш, ҳар икки жамоа қайсидир паллада тушунмай қолди – 2:1 яхши ҳисобми, биз ҳужумга зўр бериб, уни ўзгартиришга уринайликми ёки шу ҳисобни сақлаб қолиш ҳам ютуқми? «Ювентус» «Тоттенҳэм»нинг, «ПСЖ» эса, ўзининг кучига муносиб баҳо бермади, ўйин пайтида мақсадни йўқотиб қўйгандек туюлди ва ҳар иккиси яна биттадан гол ўтказиб юборди.

Балки «ПСЖ» мадридликларнинг кучига ҳам муносиб баҳо бера олмагандир. Умуман, мавсум давомида жуда беқарор ўйин ва натижа қайд этаётган, аммо бир ўйинда исталган чўққига чиқиши мумкин бўлган «Реал»нинг кучи нимада? Ахир ўтган йили клуб ўзи иштирок этган барча муҳим кубокларни ютганда ҳам, Европа учун етиб бўлмас қандайдир чўққини намойиш қила олмаганди, тўғрими?

Ўша ўйинларнинг сценарийсига эътибор берсангиз, ўхшаш жиҳатларни пайқаш мумкин. «Бавария» билан ўйинларда ҳам, «Атлетико» ёки «Ювентус» билан финалларда ҳам, «Реал»нинг ўйин охирларида кучайиб кетганини кузатгандик. «ПСЖ» билан баҳснинг иккинчи бўлимида майдонга тушган Асенсио қисқа вақтда иккита голли пас узатганидан кейин, бу ўйиннинг ҳам аввалгилари билан умумийлигини пайқагандек бўлдим. 

Ва саволга жавоб топилди: «Реал»нинг захира ўриндиғи кучли. 
Йўқ, гап фақат Асенсио ёки Лукас Васкесда эмас. Улар ҳар қандай жамоанинг асосий таркибидан жой оладиган суперюлдузлар эмас, аслида, Европадаги ҳар қандай топ клубда унинг савиясидаги захира футболчилар бор. Баъзи паллаларда Асенсио асосий таркибда ҳам ҳаракат қилганида ҳам, унинг ҳали энг зўр савияга чиққан тайёр футболчи эмаслигини билдик. Гап бошқа ёқда, «Реал»нинг захира футболчиларида бошқа хусусият бор.

Мисол учун, ҳар қандай мураббий 2-бўлимда бошқа футболчиларни майдонга тушириш орқали, ўйинни кучайтирмоқчи бўлаётгандек кўринади. Аслида бу ерда парадоксга дуч келамиз, агар маълум футболчи захирадан тушиб ўйинни кучайтирса, нега 1-бўлимдан бошлаб ўша кучли ўйинни кўрсатишнинг иложи йўқ? Демак, мураббийлар ўйинни кучайтирмоқчи эмас, ўзгартирмоқчи бўлишади – яъни, захирадан футболчи тушириш орқали, ўйин тактикасини, майдондаги вазифаларни ва услубни сал бўлса-да, ўзгартиришади.

Агар Валверде Иньеста ўрнига Паулиньони туширса, демак у кўпроқ вертикал ўйиннинг аҳамиятини оширмоқчи. Моуриньо 2-бўлимда Лингард ўрнига Матани туширяптими, демак, «МЮ» кўпроқ позицион ҳужумга урғу бериш йўлига ўтади. Айтмоқчиманки, мураббий футболчи алмаштираётганда, ўйин услубини, ёндашувни бироз ўзгартиришга эҳтиёж борлигидан қилаётган бўлади.

Алмаштирувдан кейин, жамоа бошқачароқ тактикага ўтади, бошқа футболчиларнинг ҳам вазифалари ўзгаради, янгича ўйнаш бошланади.

Зидан жамоасида эса, бошқачароқ. «Реал» алмаштиришлардан сўнг ўзгармайди, кучаяди. Асенсио, Васкес, Бэйл каби футболчилар тушганида ҳам «Реал» ўша пайтгача кўрсатиб турган ўйинини қилаверади, фақат янги, тетик футболчилар ёрдамида ўша ўйин сезиларли даражада тезлашиб, кучайиб кетади. «Реал» билан ўйиннинг охирларигача агар дурангни сақлаб турар экансиз, билингки, бу сизнинг зарарингизга ишлайди. Чунки, Зидан ўша ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш имконига эга, сиз эса, фақат ўзгартира оласиз холос – бу ўзгариш ижобий томонга бўладими ёки салбий, буни аниқ айта олмайсиз.

Шунинг учун ҳам турли ротациялар билан ҳам «Реал»нинг ўйини у қадар ўзгариб кетмаслигини кўрамиз. Чунки янги таркибни туширганда, Зидан алоҳида, янгича тактика ёки схема устида бош қотиришга муҳтож эмас. У футболчи унисининг вазифасини тўғридан-тўғри бажариб кетаверади.

Шунга ўхшаш ҳолат, масалан, мавсум бошида «Манчестер Юнайтед»да яққол кўзга ташланганди. Марсиял ва Рэшфорд ўйин услуби ва майдондаги вазифаси жиҳатидан жуда ўхшаш футболчилар – Моуриньо уларни навбати билан асосий таркибда тушириб турди. Ўйин охирида Рэшфорд ўрнига Марсиял тушди ёки аксинча. Бу алмаштиришлар тактикани, услубни ўзгартириш йўлида эмас, айнан тетиклик орқали ўйинни кучайтиришга қаратилганди. Доим бу ўзгариш ўзини оқлайверди, захирадан тушган футболчи, ким бўлишидан қатъи назар, ростан ҳам жамоа ўйинини кучайтирди – «Юнайтед» ўйин охирларида бошига нисбатан икки баробар кўп гол урди. Тўғри, ҳозир Рэшфорд ёки бошқа футболчилар формасини йўқотиши натижасида, мавсум бошидаги эффективлик йўқ, аммо жамоада майдондагилар билан айни услубни муваффақиятли бажара оладиган бошқа савияли футболчининг захирадан ҳам бўлиши жуда фойдали эканини кўришимиз мумкин.

Мураббий ундан фақат жамоа ўйини чиқмаганда  услубни ўзгартириш учун эмас, балки, ишлаб турган услубнинг ўйин охирларида янада фойдали қилиш учун фойдалана олади. Айниқса, тенг савияли жамоаларнинг ўзаро ўйинларида бундай имконият жуда қўл келади.

Ишонмасангиз, Зидандан сўранг. 

Қаҳрамон Асланов

Манба: www.tribuna.uz
Киритилди: 20:04, 16.02.2018.
Ўқилди: 11350 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.