Испаниянинг Marcaнашри «Севилья»нинг собиқ бош мураббийи Эдуардо Бериссо рак хасталиги муаммосидан қутулгани ҳақида хабар берди.
48 ёшли аргентиналик даҳшатли ўсимта балосини қандай енгди? Қуйида шу ҳақда ўқишингиз мумкин.
ЁҚИМСИЗ ҲОЛАТ САБАБ...
21 ноябрь. ЧЛ гуруҳ босқичи ўйини. «Севилья» биринчи бўлимдан сўнг «Ливерпул»га 0:3 ҳисобида ютқазаётганди. Эдуардо Бериссо танаффусда шогирдларига нима дегани фақат жамоа аъзоларигагина аён.
Ҳамма билгани шуки, «Севилья» учрашувнинг иккинчи ярмида мутлақо ўзгарди. Гвидо Писарро қўшиб берилган 3-дақиқада ҳисобни тенглаштирганидан кейин эса барча футболчилар тўғри мураббий томон югуришди. Ўша лаҳзада бу одатий эҳтирос намунасидек кўринди.
Қимматли голни мураббий билан нишонлаш замирида каттароқ маъно яширин эканлиги эса эртасига ойдинлашди - «Севилья» раҳбарияти бош мураббийда аденокарцен ўсимтасининг ўткир тури борлиги аниқланганини маълум қилди.
Айтишларича, Бериссо ўзининг ёқимсиз дарди ҳақида айнан танаффус пайти оғиз очган ва бу билан футболчиларни «уйғотиш»га уринган. Тўғри, бу маълумотни ҳеч ким расман тасдиқлагани йўқ.
Фақат андалусияликлардан бири ўйиндан кейин нимагадир шаъма қилди: «Мураббийимиз ва мухлисларимиз ҳурматини сақлаб қолишимиз шарт эди. Бериссо оғир вазиятда турганига қарамай, хотиржамдек кўринмоқда. Ишончимиз комил, у бу муаммони енгиб ўтади».
Футбол дунёси четда жимгина қараб турмади. Хусусан, ижтимоий тармоқларда Aguante Toto («Кучли бўл, Тото») саҳифаси очилди. Унда дунёнинг турли клублари вакиллари, футболчилар мураббийни қўллаб-қувватлашди.
Дейлик, «Севилья»нинг собиқ ҳимоячиси, «Реал» сардори Серхио Рамос «Твиттер»даги саҳифасида шундай ёзди: «Ҳаёт бизни шундай зарбаларга дучор қиладики, улар таъсирида айнан нима муҳимроқ эканлигини унутмаймиз. Биз сен билан, Бериссо».
«Барселона» президенти Хосеп Бартомеу ҳаттоки, ўз клуби тиббий хизмати ёрдамини таклиф этди. Каталониялик футболчилар эса «Валенсия»га қарши ўйинда ўз либосларида «Бўшашма, Тото» ёзувини намойиш қилишди.
Бериссонинг ўзи хасталик ҳақида атиги бир марта гапирди. «Менга қаратилган юпанч ва далдалардан ғоят миннатдорман, - деди мураббий Marcа нашри мухбирларига. -Таниш ва нотаниш кишилар бирдек қўллаб-қувватлашмоқда.
Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Тушунаман, энди хасталикка катта эътибор билан ёндашишим шарт. Бироқ айни пайт бу ҳақда ўйламасликка уриняпман.
Шифокорлар маслаҳатларига қулоқ тутаман, барчасини ўз ўрнида бажаришга тайёрман. Умуман, ўзимни жабрдийда сифатида ҳис қилишни сира истамайман».
МАНТИҚСИЗ ИСТЕЪФО
Ҳайрон қолдирадиган томони, «Севилья» раҳбарияти бундай вазиятда кескин қарор чиқарди. Аслида аввалига ҳаммаси жойида эди: клуб расмий сайти орқали баёнот бериб, мураббийни максимал даражада қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шу тариқа Бериссога даволаниши учун вақт ажратишди. Даволаниш курси яхши самара бериб, мураббий декабрь ўрталарида клубдаги ишига қайтди.
Бироқ яна бир ҳафтадан кейин «Севилья» раҳбарияти Бериссони истеъфога чиқарди ва буни охирги ўйинлардаги салбий натижалар билан изоҳлади. Ваҳоланки, жамоа 22 ноябрь - 22 декабрь оралиғида Испания чемпионати доирасидаги 3та ўйинда ғалаба қозониб, 1та дуранг қайд этган ва 2 марта ютқазганди (мағлубиятлардан бири «Реал»га қарши баҳсда кузатилди - 0:5).
Ёмон статистиками? Таққослаш учун айтсак, андалусияликлар янги мураббий Винченцо Монтелла бошқарувида 3та ўйинни бой беришга улгуришди.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Севилья»да чинакам қўллаб-қувватланишга муҳтож мураббий билан яхшироқ ҳолатда хайрлашиш имкони йўқ эмасди. Бироқ раҳбарият номаълум сабабларга кўра, бошқача йўлни танлади.
АДЕНОКАРЦЕН ЎСИМТАСИ НЕЧОҒЛИ ХАВФЛИ?
Онкологик хасталикларнинг ушбу тури эркакларда чамаси 14 фоизни ташкил қилади. Айни пайт ракнинг ушбу хили етарлича ўрганилган.
Унинг ўлимга олиб келиш даражаси эса тахминан 7 фоизга тенг. Қисқаси, тадқиқотлар хулосаси бўйича айтганда, простата ўсимтасининг илк босқичларида ҳаётдан кўз юмиш хавфи анча паст.
ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.