Яқинда Рио Фердинанд таъкидлаганидек, айни пайт Европанинг энг яхши ҳимоячиси ким эканлигини айтиш мушкул.
«Авваллари ҳеч иккиланмай, Пуйоль, Терри ёки Мальдинидан бирининг номи тилга олинарди. Ҳозир эса бу борада етакчи йўқ», - деди англиялик собиқ футболчи. Нима ҳам дердик, балки йил сўнгида Риода ушбу масала бўйича аниқ жавоб бўлар:
«кўҳна қитъа»даги энг кучли ҳимоячи - Эмерик Ляпорт. Тўғри, бу жавоб «МЮ» афсонасини хурсанд қилмаслиги аниқ, зеро франциялик футболчи эндиликда қўшнилар - «Манчестер Сити» сафида тўп сурмоқда.
Ваҳоланки, «МЮ» уч йил аввал Ляпортни ўз сафига қўшиб олиши мумкин эди, бироқ «қизил иблислар» 20 ёшли ҳимоячи учун 42 миллион кўплик қилишини таъкидлашди.
Хосеп Гвардиоланинг эса бу борада қараши бошқача: Эмерик испаниялик мутахассиснинг ўйин услубига тўлиқ мос тушади.
Биринчидан, у тўп билан яхши муомала қилиб, кучли прессингдан чиқишда қийналмайди ва дарҳол ҳужум бошлайди. Ўрта ва узун паслар бўйича Ляпорт беназир.
Унинг чапақай эканлигини эса бонус сифатида баҳолаш мумкин: бугун «Ман Сити» таркибидан ўрин олган марказий ҳимоячиларнинг барчаси ўнг оёқда ўйнашади. Биргина истисно - Англияда ишлари юришмаган Мангаляни ҳисобга олмаймиз.
Иккинчидан, Ляпортнинг жуссаси катта бўлсада (189дан 191 см.гача, қўшимчасига регбидаги тажриба), тезлик борасида қийналмайди. Бу эса Эмерикни ҳақиқий универсалга айлантиради, зеро «Атлетик»да у кўпинча чап қанот ҳимоясида ўйнарди.
Боз устига, 18 ёшли футболчи ҳужумга қўшилишдан қўрқмасди (Марсело Бьелса жамоаларида бу одатий ҳол). Кейинчалик Фернандо Аморебиета «Фулхэм»га ўтиб кетди, Карлос Гурпеги эса жароҳатлардан азият чекди. Натижада Ляпорт мудофаа марказига кўчди.
Учинчидан, Ляпорт ҳар қандай шароитга тезда мослашиши мумкинлигини кўрсатди. Гап шундаки, Эмерик асосан баскларга ишонч билдириладиган «Атлетик» тарихидаги иккинчи француз ҳисобланади. 1996|1997 йиллар мавсумида порлаган Биксант Лизаразюдан фарқли равишда, Ляпорт бегона мамлакатга анча навқирон пайтида кўчиб ўтган.
- Тўрт нафар франциялик ўйинчи билан «Атлетик» сафига қўшилганимизда, 15 ёшда эдим. Улардан бирини танирдим - биргаликда ўйнагандик. Ўша танишим испан тилини билгани ҳолда, менга ҳам ўргатарди. Уч-тўрт ойдан сўнг ўзим бемалол маҳаллий тилда гаплаша бошладим, - дея эслайди Ляпорт.
Мослашиш жараёни шунчалик тез кечдики, ҳатто «Атлетик» ҳимоячисининг Испания термаси сафига қўшилиши ҳақида гап-сўзлар урчиди. Гарчи уни Франциянинг ўсмирлар ва ёшлар жамоасига мунтазам чақириб туришсада, Дидье Дешам миллий термада Одил Рами, Лоран Косельни ҳамда Курт Зумалар ёнида Ляпортга жой топиб беролмади.
Бу муаммо Евро-2016да барҳам топиши мумкин эди, аммо март ойида Ляпорт жароҳат олиб, августгача сафдан чиқди. Кейинчалик бир неча марта Франция термасига таклиф этилган ҳимоячи Испания жамоасида қатнашмаслигини оммага маълум қилди. Эмерик «Манчестер Сити» либосини кийгач, Дешамнинг унга бўлган муносабати ўзгарса, ажабмас.
Ҳозирда Ляпорт янги лигага мослашиш жараёнини бошдан кечирмоқда. The Telegraph 2016 йил бошида Гвардиола «Бавария»ни бошқараётган кезлари мудофаа марказида Стоунз - Ляпорт тандемини кўришни хоҳлаётгани ҳақида ёзганди.
Яъни, Пеп анчадан буён Эмерикка кўз тиккан ва уни захирада ушлаб турмоқчи эмас. Боз устига, Ляпорт чап қанотга қўйилиши ҳам мумкин. Мендининг жароҳатидан сўнг Гвардиола бу чизиқда баъзан Делф, гоҳо Зинченко ёки Данилони ўйнатишга мажбур бўлаётганди.
Ляпортни бундай ўзгаришлар заррача чўчитмайди. ДАВОМИ
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.