Кириш Регистрация

Шаҳрилло Маҳмудов: "МОҚ юритаётган сиёсат, нафақат юртимизда спортни ривожлантириш, балки, туризм соҳасининг тараққиётига ҳам ўз ҳиссасини қўшишга қаратилган"

Баҳо:
+ | -
Бўлим: СПОРТ

Хабар бериб ўтганимиздек оғир атлетика бўйича 2018 йилги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати Урганч шаҳрида бўлиб ўтади. Нуфузли мусобақанинг бошланишига бир ойдан камроқ вақт қолди. Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов билан учрашиб, қитъа чемпионатига кўрилаётган тайёргарлик, ўзбек оғир атлетикасининг бугунги куни ва келажаги борасида суҳбат ташкил қилди. Эътиборингизга ушбу интервьюни тақдим этамиз.

- Шаҳрилло Шарипович, жорий йилда мамлакатимиз оғир атлетика бўйича иккита нуфузли мусобақага мезбонлик қилади. Биринчиси ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати бўлса, иккинчиси ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати. Мусобақаларнинг бири Урганчда, бири Тошкентда ўтказилади. Умуман, ана шу йирик мусобақаларга кўрилаётган тайёргарлик, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида нималар дея оласиз?

- Бугунги кунда юртимизда спорт соҳаси учун яратилаётган шароитлар ва улардан самарали фойдаланиш мақсадида, авваламбор 2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига босқичма-босқич тайёргарлик ишларини бошлаб юборганмиз. Ўсмирлар, ёшлар, катталар терма жамоаларимиз мунтазам ўқув-машғулот йиғинлари орқали тайёргарлик кўриб, бир қанча халқаро мусобақаларда тобланиб боришмоқда. Пировардида Олимпия ўйинларига тажриба тўпламоқдалар. Мақсадимиз, тўрт йиллик циклни самарали якунлаб, юртимизга яхши натижалар билан қайтиш. Шунингдек, янги номларни кашф этиш ҳам асосий вазифаларимиздан биридир.

20-30 апрель саналарида Урганчда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати Аргентинада ўтказиладиган ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланма беради. Бу ерда биз ўзимизнинг ёш спортчиларимизга имконият бериб, катта мусобақада кўрикдан ўтказамиз. Бу бизга нима беради? Аввало, спортчиларимиз ўз юртларида ўтказиладиган мусобақада икки карра масъулият билан иштирок этадилар. Улар ота-она, дўстлари олдида баҳсларга киришадилар. Бу балки уларга далда бериши ҳам мумкин. Аммо, бунинг ўзига яраша масъулияти бор. Уларда ўзига яраша ҳаяжон, босим бўлади. Энг асосийси, мухлисларимиз турли вилоятлардан ташриф буюриб, халқаро мусобақани бевосита кузатиш, томоша қилиш имконига эга бўладилар.

Шунингдек, Президентимизнинг мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича топшириқлари бўйича ушбу мусобақанинг Урганч шаҳрида ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга. Шуни таъкидлашни ҳоҳлардимки, Миллий олимпия қўмитаси юритаётган сиёсат, нафақат юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, Олимпия ҳаракатини ривожлантириш, балки, туризм йўналишининг тараққиётига ҳам ўз ҳиссасини қўшишга қаратилган. Осиё чемпионатининг Урганчда ўтказилиши бутун республикамиз спортсевар ёшларни воҳага жалб қилади. Улар мусобақага ташриф буюриб нафақат баҳсларни бевосита томоша қиладилар, балки, тарихимиз, қадимий Хоразм меросини кўришлари, ўрганишлари мумкин бўлади.

Чет эллик меҳмонларни оладиган бўлсак, қитъа чемпионатига Эрон, Араб мамлакатлари, Япония, Хитой, Жанубий Корея  каби давлатлардан ҳам спортчилар ва расмий шаҳслар келадилар. Улар бунгача Тошкент шаҳрида бўлишган ва  мусобақаларда иштирок этишган. Аммо, туризм салоҳияти юқори бўлган Хоразм вилоятида ҳали меҳмон бўлишмаганди. Мусобақа иштирокчилари Хивадек жаҳонга машҳур тарихий шаҳарни ўз кўзлари билан кўриш имконияти пайдо бўлаётганидан хурсанд эканликларини яширмаяптилар.

Масалан, Эронликлар Паҳлавон Маҳмудни қаттиқ ҳурмат қиладилар. Араблар эса Ал-Хоразмийни араб грамматикасини яратган шахс сифатида қадрлашади. Яқинда халқаро оғил атлетика федерацияси Бош котиби Муҳаммад Жалуд билан бирга Урганч шаҳрида мусобақа ўтказиладиган иншоотлар, меҳмонхоналарни кўздан кечирдик. У шаҳардаги бир қанча алломаларимиз ҳайкалларни кўриб, ҳаяжонини яшира олмади. Улар Замаҳшарий, Ал-Хоразмий боболаримиз ҳақида бизга нисбатан кўпроқ маълумотларга эга эканлиги бизни ўйлантириб қўйди, нафақат ўйлантирди, балки уялтирди десам ҳам тўғрироқ бўлади. Ҳақиқатдан, асли ироқлик бўлган мутахассис мамлакатимизга ташрифи чоғида буюк алломаларимиз ҳақида кўплаб маълумотларни гапириб берди.

Мусобақани Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия спорт вазирлиги ҳамда оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида юқори савияда ўтказамиз деб ишонч билан айта оламан. Юртимизга келган меҳмонлар яхши таассуротлар билан қайтадилар, мамлакатимиз ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўладилар. Кейинчалик улар ўз суратларини ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига жойлаштирадилар. Бунинг натижасида четдан келадиган сайёҳлар сони ортади деб ўйлайман.

-Айтиб ўтдингиз, бу лицензион мусобақа. Ўзбекистонлик ёш оғир атлетикачилар ўтган йили йўлланмаларни қўлга киритиб бўлишган. Ўшанда тўртта имкониятдан учта йўлланма қўлга киритилганди. Яна шу битта лицензияни мусобақа давомида қўлга киритиш имконияти борми ёки Ўзбекистон Аргентинадаги Олимпия ўйинларида уч нафар спортчиси билан иштирок этадими?

-Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоаси Буэнос-Айресда уч нафар спортчи билан қатнашади. Чунки, халқаро оғир атлетика федерациясининг қонун-қоидаларига мувофиқ, жаҳон чемпионатида максимал натижани қўлга киритган мамлакатлар қитъа миқёсидаги мусобақаларда фақатгина медаллар учун кураш олиб боришади. Биз 2017 йилги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида учта йўлланмани қўлга киритиб, минимум вазифани бажариб бўлганмиз. Максимум вазифа эса энди Буэнос-Айресда медалларга эга чиқиш.

-Бироз таҳлил қилиб кўрсак, сўнгги йилларга келиб Ўзбекистонда оғир атлетика спорт тури ниҳоятда тараққий этди. Ҳозир, бирорта нуфузли халқаро мусобақа йўқки, атлетларимиз медалсиз қайтаётган бўлишса. Ҳаттоки, катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ҳам вакилларимиз умумжамоа ҳисобида кучли учликда якунладилар. Руслан Нуриддинов Олимпия ўйинлари рекордини янгилаб, чемпионга айланди. Ўсмирлар ўртасидаги Осиё ва жаҳон чемпионларида спортчиларимиз мунтазам равишда шоҳсупага кўтарилишмоқда. Фарҳодбек Собиров ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони бўлди. Ваҳоланки, бундан қандайдир 8-10 йил олдин ҳам Ўзбекистон оғир атлетикаси жаҳон рейтингида жуда ҳам пастки ўринларда эди. Бугунги кунда эса жаҳонда кучли учликка кириб турибди. Бундай тез суратлардаги тараққиётнинг боиси нима? Ютуқлар ниманинг эвазига қўлга киритилди?

-Энг аввало, бугунги кунда юртимизда давлатимиз томонидан спортга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар. Қисқа қилиб айтганда, юзага келган имкониятлардан унумли ва самарали фойдаланиш натижасидир. Бугунги кунда имкониятлар янада кўпаймоқда. Ўйлайманки, ундан янада унумлироқ фойдаланишимиз лозим. Юқорида санаб ўтилган ютуқларни имкон қадар тезроқ унутиб, олдинда турган муҳим мусобақалар - Осиё ўйинлари ва 2020 йилда ўтадиган Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш хақида бош қотиришимиз керак. Унгача бўлиб ўтадиган қитъа ва жаҳон чемпионатлари эса бизга тайёргарлик босқичи вазифасини ўтаб беради.

Бугун ўзбек спортида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шак-шубҳа йўқки, бу йиллар давомида ўз самарасини бериб боради. Бугунги кунда Республикамизнинг барча худудларида Олимпия захиралари коллежлари мавжуд. Тан олиш лозим, шу пайтга қадар биз спортчиларни ОЗКларга топширардик, кейин улар терма жамоалар назаридан четда қолиб кетиб, натижа яхшиланмасди. Бунга сабаб, сон катта, сифат эса кам. Ҳозирда  Миллий олимпия қўмитаси айнан сифатни ошириш борасида ташаббус кўрсатмоқда. Яқинда барча федерациялар ҳамда ОЗК директорлари билан бирга ўтказилган йиғилишда янги ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилишда сонга эмас, сифатга эътибор қаратилиши лозимлиги алоҳида қайд этилди. Бу албатта ўз самарасини беради. Чунки, сон кўпайган жойда спортчиларнинг ётиб-туриши, залда машғулот ўтказиши, овқатланиши каби масалаларда керакли бўлган шароитлар етишмайди.

Масалан, Фарход Собиров мисолида оладиган бўлсак, у Урганч ОЗК ўқувчиси бўлишига қарамай, асосий вақтини Чирчиқда, терма жамоамиз ўқув-машғулот базасида ўтказди. Шаҳзод Худойберганов ҳақида ҳам шундай дейишим мумкин. Аслида ОЗКда бугунги кунда уч маҳал овқат, машғулот заллари мавжуд. Бу дегани йил мобайнида спортчи давлат томонидан ҳар томонлама тўлиқ таъминланади. Лекин, бугунги кунда спортчининг кундалик овқатланиш рациони учун белгиланган 22 000 сўмлик норма камлик қилади. Биз спортчига олдин керакли калорияни бериб, кейин натижа талаб қилишимиз керак.

Ўйлаб кўринг, ҳозирги шароитда бу маблағга фақатгина бир маҳал овқатланиш мумкин. Бу билан биз спортчига қандай энергия ёки калория бера оламиз? Оддий одам бу пулга овқатланиши мумкин. Аммо, кунига икки маҳал машғулот ўтказадиган, кун мобайнида дарсларда иштирок этадиган спортчи катта энергия сарфлайди. Машғулотлар вақтида  организмдан кальций моддаси тер орқали чиқиб кетади. Буларни оддий овқатлар билан қоплаб бўлмайди. Бўғимларга керакли витаминлар етиб бормаслиги натижасида ёш спортчиларда турли жароҳатлар пайдо бўлади. Шунинг учун, бу масалани Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлиги мутахассислари билан қайта кўриб чиқиш керак деб ҳисоблайман.

Ўз навбатида, Миллий олимпия қўмитасининг Олимпия заҳиралари колежлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган ташаббусини тўлиқ қўллаб қувватлайман ва қилинаётган ишлар яқин келажакда ўз самарасини беришига ишонаман. Дунёнинг бирор бир давлатида йўқки, хар бир худудда Олимпия захиралари коллежлари бўлса. Бу жуда ажойиб! Лекин, бунинг самараси, натижасини кўряпмизми? Шундай экан, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароитлардан унумли ва оқилона фойдаланишимиз лозим.

Сифатга алоҳида эътибор қаратилаётгани жуда яхши. Сон катта бўлса, баъзида машғулот заллари етишмай қолади. Ундан ташқари, спортчида кислород етишмовчилиги ҳам ҳосил бўлади. Бундай спортчилар кўзланган натижани қайд эта олмайдилар. Бизда кўп залларда кислород тақчиллигига гувоҳ бўламан. Бу барчаси бир-бирига боғлиқ нарсалар. Албатта, бугунги кундаги ютуқларимиздан ҳаволаниб кетмасдан, мана шундай оддий деталларга ҳам эътибор қаратилса, келажакда биз Президентимиз томонидан қўйилган вазифаларни бекаму кўст бажара оламиз.

-Токио 2020 ўйинларига босқичма-босқич тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида айтиб ўтдингиз. Умуман оладиган бўлсак, бугунги кунга келиб ўзбек оғир атлетикасида “олтин авлод” шаклланди. Ҳар бир вазн тоифасида кучли спортчилар мавжуд ва улар орасида яхшигина рақобат юзага келган. Улар жаҳон ва Осиё чемпионатларида шоҳсупадан ўрин эгалламоқдалар. Сўрамоқчи бўлганим, Токиода терма жамоа таркибида янги номларни кўрамизми?

-Худо хоҳласа албатта кўрамиз. Чунки, бугунги кунда айнан янги номлар устида иш олиб бормоқдамиз. Номма-ном айтиб ўта олмайман. Айни пайтда турли терма жамоаларимизда жаҳон чемпионатида совриндор бўлган спортчиларимиз бор. Буни ўзингиз ҳам биласиз. Катталар ўртасида Анахаймда ўтказилган мусобақада ҳам спортчиларимиз совриндорлар қаторидан жой олишди. Умидимиз ана шу спортчилардан. Энди фақатгина умид қилиб ўтириш билан иш битмайди албатта. Улар билан тинимсиз ишлаб, тўғри йўналишда фаолият олиб борилса бир нарсага эришсак бўлади. Ўз ўрнида талаб қилиш ҳам лозим. Бу ерда фақат натижани талаб қилишни назарда тутаётганим йўқ. Натижага эришиш учун керак бўлган нарсаларни талаб қилишимиз керак.

Масалан, спортдаги тартиб, дам олиш вақтидан тортиб тўғри овқатланишигача барчаси ўз ўрнида бўлиши даркор. Спортчилар ўз кучини спортдан ташқари нарсаларга беҳуда сарфламаслигини назорат қилиб, барча вазифаларни бажара олсаларгина, биз ўзимиз кўзлаган мақсадимизга эриша оламиз деб ўйлайман. МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов ҳам спортда энг аввало тартиб ўрнатилиши лозимлиги,  спортчилар қатъий режимга амал қилишлари хақида куйиниб гапирмоқда. Барча спорт федерация ва ассоциациялар раҳбарлари ушбу ташаббусни қўллаб қувватласак ва бу борада бирлаша олсак яқин орада ўзбек спортининг тараққиётига яхшигига туртки бера оламиз.

-Демак агар ҳозир олиб борилаётган ислоҳотлар тўғри йўналишда, ўз вақтида амалга оширилса Ўзбекистон оғир атлетикасининг келажагини порлоқ деб ҳисоблай оламиз. Ана шунда Ўзбекистон халқаро майдондаги ҳозирги мавқеини нафақат сақлай олади, балки, янада катта ривожланишга эришиши мумкин. Шундай эмасми?

-Албатта,  ислоҳотлар охиригача амалга оширилса, бу биз учун жуда катта имконият бўлади. Буни фақатгина барча спортчилар тўғри тушуниб, масъулиятни ҳис қила олсалар биз ўйлаган мақсадимизга эришамиз.

-Шаҳрилло ака, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Ўз навбатида, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан сизга ва сиз орқали Ўзбекистон оғир атлетика федерациясига муваффақиятлар тилаб қоламиз. Ишонамизки, 2018 йилги тақвим режасига киритилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларини юқори савияда ўтказа оламиз. Бу юртимизда спортнинг ушбу турини янада тараққий этиши ва ўз навбатида оммалашишига хизмат қилади.

Зафар Имомхўжаев сухбатлашди

Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 16:22, 23.03.2018.
Ўқилди: 1967 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.