Бугун Европа чемпионлар лигасининг чорак финал учрашувлари давом эттирилади.
Чоршанба куни ҳам мухлисларни бир биридан қизиқарли ўйинлар кутмоқда. Улар орасида "Барселона" клуби ўз майдони Италиянинг "Рома"сини меҳмон қилади.
www.uzreport.news сайти мазкур ўйин олдидан қисқача превьюни эътиборингизга ҳавола этади.
4 апрель 2018 йил. Соат 23:45да. Испания. Барселона. "Камп Ноу" стадиони.
УЕФА Чемпионлар лигаси. 1/4 финал босқичи. Дастлабки ўйин.
"Барселона" - "Рома"
Қайси телеканалда томоша қилиш мумкин: "UZREPORT TV"
Дисквалификациялар: йўқ
Жароҳатланганлар: Динь ("Барселона") - "Карсдорп, Ундер ("Рома")
Тахминий такриб:
"Барселона": тер Штеген, Альба, Умтити, Пике, Роберто, Иньеста, Ракитич, Паулиньо, Дембеле, Месси, Суарес.
"Рома": Аллисон, Коларов, Фасио, Манолас, Флоренци, Найнгголан, Де Росси, Строотман, Перотти, Эль-Шаарави, Джеко
Ўтган ой Чемпионлар лигасининг нимчорак финалида "Челси"ни мағлубиятга учратган "Барселона" кетма-кет 11 маротаба турнирнинг чорак финал босқичига йўл олди. Бу мусобақа тариҳидаги мутлақ рекорд ҳисобланади. Шу сабабли ҳам кўпчилик ҳеч иккиланмасдан бу ўйиндан каталонияликларни фаворит сифатида қайд этишмоқда. Ўйиндан олдинги деярли ҳар бир статистика ва фактлар бўлажак ўйинда "Барселона"ни ярим финалга ўтиш учун асосий номзодга айлантирмоқда. Даставвал, гуруҳ босқичини эсга олсак, Эрнесто Вальверде шогирдлари ўз гуруҳларида ("Ювентус", "Спортинг", "Олимпиакос") бирорта ўйинда мағлуб бўлишмади ва бор йўғи бир бор ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. 1/8 финалда эса йуқорида айтилганидек, "Челси" икки ўйин натижасига кўра, 4:1 ҳисобида таслим этилди.
"Рома" ҳам ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Қайд этиш керак, римликлар жой олган гуруҳ нисбатан кучлироқ эди ("Атлетико", "Челси", "Карабах"). Бироқ ўтган босқичда эса "Рома" Украинанинг "Шахтер" клубига қарши баҳсда анча тер тўкишига тўғри келди. Сафарда урилган гол Ди Франческо шогирдларига ас қотди. Акс ҳолда "Рома" ўрнида бу босқичда "Шахтер" бўлиши ҳам мумкин эди. Устига устак бўлажак баҳсга италияликлар бир қатор йўқотишлар билан ташриф буюришмоқда. Украинада урилган муҳим гол муаллифи Дженгиз Ундер бўлажак баҳсда қатнашиши сўроқ остида. Шунингдек, жамоанинг яна бир нечта футболчиларида ҳам кичик жароҳатлар борлиги айтилмоқда. Бир сўз билан айтганда, "Рома" рақибига нисбатан оптимал ҳолатда деб бўлмайди.
Устига устак, "Барселона" ёзда Испания Суперкубогидаги мағлубиятдан сўнг бу мавсум фақат биттагина ўйинда имкониятни бой бериб қўйди. "Эспаньол" майдонида учралган мағлубиятдан сўнг эса Вальверде шогирдлари бу учун жавоб қайтаришди. ЕЧЛдаги ўйинларга тўхталадиган бўлсак, "Барслона" 2013-йилдан бери "Камп Ноу"да мағлубиятга учрамай келмоқда (23та ғалаба ва 2та дуранг).
"Барселона" Испания чемпионатидаги сўнги ўйинида мағлуб бўлишига бир баҳия қолди. Лекин сўнги дақиқаларда урилган голлар эвазига "Севилья" майдонидан ҳам очко билан қайтишни уддалади. Месси ва Суарес каталонияликларни мағлубиятдан қутқариб қолишди ва клубни чемпионлик сари янада яқинлаштиришди. "Рома" эса А сериядаги оҳирги ўйинида "Болонья" билан дурангга рози бўлишга мажбур бўлди. Аслида римликлар 30-турда мағлуб бўлишлари ҳам мумкин эди. Бироқ "Рома" тўпурари Эдин Джеко клубни мағлубиятдан қутқариб қолди. Ди Франческо мазкур ўйинда айрим етакчиларига дам беришга қарор қилди.
Ўзаро ўйинлар: 4та
"Барселона" - 1та ғалаба
"Рома" - 1та ғалаба
Дуранг - 2та
Тўплар нисбати: 8:6
24.11.2015. ЕЧЛ. Гуруҳ босқичи - "Барселона" - "Рома" 6:1
16.09.2015 ЕЧЛ. Гуруҳ босқичи - "Рома" - "Барселона" 1:1
26.02.2002. ЕЧЛ. Гуруҳ босқичи - "Рома" - "Барселона" 3:0
20.02.2002. ЕЧЛ. Гуруҳ босқичи - "Барселона" - "Рома" 1:1
Ўйин олди мураббийлар фикри:
Эрнесто Вальверде: ("Барселона" бош мураббийи)
Факт шуки, биз апрель ойида ўзимиз иштирок этаётган барча мусобақаларда ғалаба қозониш учун имкониятга эгамиз. Бу менинг қўл остимдаги футболчиларнинг қанчалик истеъдодлигидан далолат. Месси ? У футбол тарихидаги такрорланмас футболчи. Мен бўлажак бахсда, "Камп Ноу"га кўплаб мухлислар келишини ва худди "Челси"га қарши ўйиндаги сингари бизни қўллаб-қувватлаб туришларини кутиб қоламан.
Эусебио Ди Франческо ("Рома" бош мураббийи)
"Барселона"га бўлажак ўйинда ҳеч қандай ёрдам керак эмас. Бизга бу ўйинда жамоавий ўйин кўрсатсак нимагадир эришишимиз мумкин. Бугун сиз "Рома" нималарга қодир эканини кўрасиз. Менга Иньестанинг ўйинларини кузатиш ёқади. Унинг техникаси юқори ва у ажойиб ижодкор. У "Барселона" тарихида катта аҳамиятга эга футболчи. Лекин уни Франческо Тотти билан солиштириб бўлмайди. Улар мутлақо икки ҳил футболчи.
Қизиқарли фактлар:
"Барселона"
- Каталонияликлар ЕЧЛнинг 1/4 финалида жами 19 маротаба қатнашишган ва унда 14тасида ғалаба қозониб, 5 бор мағлуб бўлишган.
- "Барселона" Италия клубларига қарши иккита ўйиндан иборат бўлган ўйинлардан 8тасида кейинги босқичга ўтган ва 4тасида енгилган.
- "Барса"нинг италияликларга қарши уй учрашувларидаги статистикаси: 15 ғалаба, 6 дуранг, 2 мағлубият.
- "Барселона" 2002/03 йилдан бери ("Барселона" - "Ювентус" 1:2) Италия клубларига мағлуб бўлмаяпди. Бу орада "кўк-анорранглилар" италияликларга қарши 12та ўйин ўтказишга улгуришди.
"Рома"
- Римликлар ЕЧЛнинг 1/4 финалида бир бор ғалаба қозониб, 3 марта мағлуб бўлишган.
- "Рома"нинг Испанияда ўтказган ўйинларидаги статистика: 4та ғалаба, 3 дуранг, 8 мағлубият.