Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ишонч (қисса)

Баҳо:
+ | -

Қуёшнинг заррин нурлари танларга хуш ёқаётган дамда одамлар баҳорни нақадар соғинганларини ҳис қилишади. Ҳаво яхши, қир-адирлар бағридаги варракдек кўкларга парвоз қилгинг келади. Институт биносидан чиқиб, метро бекатига пиёда кетдим. Бугун тонгда чиққан қуёшдек кайфиятим чоғ. Ўқишимнинг сўнгги йили бўлгани учунми, курсдошларимиз билан дарслардан сўнг анча гаплашиб туриб қолар эдик. Ажралгимиз келмасди, гўё. Яқиндаги метро бекатига аста тушиб кетар эканман, шуларни ўйлаб энтикдим. Метрода одам гавжум, ҳамма қаергадир шошар эди. Мен ҳам одамлар оқимига қўшилиб кетдим. Метро узоқдан шамол билан овоз чиқариб бекатга кириб келдида, ҳорғин тўхтади. Ҳамма ўзини вагонларга урди. Мен метрода ўтириб кетмайман, ҳар доимгидек эшик олдидаги тутқичдан тутдимда, бурилиб вагон ичидан бекатга қарадим. Вагон эшиклари вишиллаб аста ёпилди. Эшик ойнасидан бекатга бехосдан қарадим. Шу пайт... Кўзларимга ишонмаяпман, йўқ, уми дея яхшилаб тикилдим, ҳа ўша... Ўзимизнинг устозимиз. Оёқ-қўлларим қалтираб кетди. Қўлимдаги портфелим тушиб кетди. Эшикни очишга уринардим, бефойда. Атрофимдаги одамларнинг менга ғалати қарашлари ҳам менга ҳозир қизиқ эмас эди. Ахир мен севимли устозимизни кўргандим. Вагон ичидан “Хайриддин ака, устоз”, — дея бақирдим. Устозимиз ўзини кимдир чақирганини эшитмаса-да, савқи-табиий билан сезди шекилли, секин атрофга қараётгандек бўлди. Шу пайт вагон ҳаракатга тушди. Ойнадан уларга ноилож термулиб қолдим. Вагон тезлашганча қора туннелга кириб кетди-ю, ойнадан ҳеч нима кўринмай қолди. Юрагим гупиллаб урарди. Кейинги бекатга етиб олсам, қарама-қарши вагонга ўтириб олдиларига қайтоқчи эдим. Вагон бекатда тўхтади. Мен ўқдай отилиб чиқдим-да, унга қарши томондан қатнайдиган бу линияга ўтдим. Уёқдан буёққа юрганча вагоннинг келишини кутардим. Вагон ҳаялламай келди. Чиқиб олдим. Метронинг кейинги бекатига тушганимда у ерда ҳеч ким йўқ эди. Роса югуррдим. Жуда ҳам алам қилди. 7 йил деганда қидирган одамимни топган эдим. Майли, асосийси уларни кўрдим. Шаҳарда, албатта учрашамиз. Юрагимда аллақандай ҳаяжон ҳали ҳам тарк этмаган эди. Секин метродан чиқдимда, пиёда уйга йўл олдим. Бирдан ҳаётимдаги энг беғубор дамлардаги ҳотираларим ёпириб келди...
* * *
Хайриддин ака бизнинг мактабга ўқитувчи бўлиб келганида институтни энди битирган ёшгина йигит эди. Уларга махсус вазифа қўйилган эди. Тошкент шаҳридаги туманлардан бирида махсус эксперементал синф очилган эди. Синф асосан тарбияси оғир болалар рўйхатида турадиган болалардан ташкил топган синф эди. Бу синфга алоҳида мактаблардан келган 5-6 нафар яхши ўқийдиган аълочиларни бириктриб, уларнинг ўқиш сифатини ошириш керак эди. Бу услуб янги бўлиб, ҳали батамом синовдан ўтмаган, бу биринчиси эди. Мен аълочи сифатида келган бола эдим. Тўғриси, синфимиз менга бошидан ёқмади. Болаларнинг ҳаммаси қандайдир оддий болаларга ўхшамас эди. Ҳаммаси зўравон, ҳаммаси қаҳри қаттиқ, совуқ болалар эди. Шу синфнинг “Атаман”и Фарҳод деган йигит бўлиб, у деярли синфни бошқарарди. Агар гапига киришмаса, ҳатто қизларни ҳам уриб юборадиган важоҳати бор эди. Уни характерини яхши билишармиди ёки қўрқишармиди билмадиму, параллел синфдаги ҳамма ўғил болалар ундан қаттиқ қўрқарди. У ҳам буни жуда яхши билар, шу сабаб уларни танаффусда чақириб олиб, озгина қийнаб, пулини олар, доим зўрлик қилар, ҳеч ҳам аяб ўтирмас эди. Бошида келганимда менга ҳам осилиб кўрди. Тўғриси, ундан хайиқардим. Бўш келмадим-у, лекин олишиб ҳам ўтирмадим. Муносабатларимиз ойдинлашмай қолди. Унинг ўзига ўхшаган бир нечта йигитлардан иборат “шайка”си бўлиб, бутун мактаб улардан хайиқарди. Ҳатто ўқитувчилар ҳам эҳтиётроқ бўлиб муомала қилишар, озгина чўчиб туришарди. Шу кунларнинг бирида мана шу йигитларнинг ҳаммасининг тақдирини ўзгартириб юборган одам мактабимизга ишга кирди. Бу - ўша мен метрода кўрган Хайриддин ака эди. Унга синф раҳбарликни топширишди. Қайси синфни демайсизми?! Албатта бизнинг синфнида. Чунки битирувчи синф бўлишимизга қарамай 1-чоракда иккита ўқитувчимиз бизни топшириб юборди. Ёки қўрқди, ёки эплай олмаслигига кўзи етди шекилли.

Шундай қилиб, ноябрнинг бошларида янги синф раҳбаримиз бўлмиш Хайриддин акани директоримиз таништиргани олиб кирди. Биз туриб салом бердик. Лекин орқадаги Фарҳод ва унинг “шайка”си қилт этишмади. Директор опа бизга бу ёшгина йигитни таништирдида, қайтиб чиқиб кетди. Хайриддин ака каловланиб гапни нимадан бошлашни билмай турдида, “келинглар, танишамиз”, — деди. “Менинг исмим Муҳаммадиев Хайриддин”, — дея жилмайди, шунда орқада ўтрган Фарҳод “меники Энрике Иглесиес”, — деди. Синфда гурр этиб кулги кўтарилди. Тўғриси, мен ҳам кулдим. Энг қизиғи, ўқитувчимиз ҳам бизга қўшилишиб кулар эди. Сўнг “танишганимдан хурсандман”, — дея бирма-бир ҳамма билан таниша бошлади. Аввалига қизлар, сўнг болалар туриб исмларини айтишди. Устозимиз жилмайиб ўғил болалар билан эски қадрдонлардек қўл беришиб кўришиб чиқди. Охирида Фарҳод турмасдан исмини айтди. Ўқитувчимиз ҳазил аралаш “тухум босаяпсанми? Турсанг-чи ўрнингдан”, —  деган эди, синфнинг чекка-чекаларида кулгу эшитилди (синфдошлар унинг устидан кулишга қўрқарди). Фарҳод сапчиб ўрнидан турдида, “нималар деяпсиз, оғзингизга қараб гапиринг”, — дея икки хатлаб унга рўпара бўлди. Ўқтувчимиз заррача ҳам чўчимади. Унга чуқур нигоҳ ташладида, кулимсираб: “Бўйинг меникидан ҳам баланд экан-ку, шоввоз”, — дея елкасига туртиб қўйди. Ҳамма воқеанинг ривожига қизиқиш билан қараб турарди. Фарҳод устозга янаям тикландида “ишингиз бўлмасин”, — дея жеркиб берди. Хайриддин ака босиқлик билан “қўй, ука” дея жиддийлашди. Фарҳод секин устозимизинг ёқасини дағал қўли билан маҳкам ушлаб ўзига тортган эди, бирдан Хайриддин ака унга қандайдир услуб ишлатди шекилли, қарши хужумга ўтиб қўлини қайириб олди. Ҳаммаси бир зумда содир бўлди. Хайриддин ака Фарҳоднинг қўлини қайирди-да, секин белига тиззасини тираб эгилтирди. Ҳамма хайратдан қотиб қолган, ҳеч ким миқ этмас эди. Ҳатто унинг “шайка” лари ҳам. Фарҳод бақириб юборди. “Қўйвор, қўйвор, ўлдираман, қўйвор дедим”, — дея синфни бошига кўтарар, унинг овози олдингидай қатъиятли чиқмас, кўпроқ ялинишга ўхшарди. Устозимиз уни қулоғига алла нималар деб пичирладида, қўлларини секин бўшатди. Унга нима деди билмадиму, Фарҳод кўзларини гезартириб индамай жойига ўтирди. Хайриддин аканинг биз билан танишуви шундай бўлган эди. Кейинчалик билсак, у Жисмоний тарбия институтини битириб келган спортчи экан.

Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ

Манба: stadion.uz

Қиссанинг давоми эртага, 7 апрель куни берилади.

Киритилди: 12:09, 06.04.2018.
Ўқилди: 5954 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.