Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ишонч (қисса, 2-қисм)

Баҳо:
+3 | -2

Қиссанинг биринчи қисми

Мен Фарҳоднинг битта томонига жуда қойил қолардим. У футболнинг ашаддий мухлиси эди. Кўпинча ўйинларни мен билан муҳокама қилар эди. Синфимизда 38 нафар ўқувчи бўлиб, шунинг 20 нафари ўғил, 18 нафари қизлар эди. Программа бўйича шу синфга менга ўхшаган 4 та аълочини бириктиришган, ҳар бир аълочи ўзи билан 8-9 нафардан қолоқ ўқувчини эргаштириши керак эди. Менинг чекимга Фарҳод ва унинг “атаман”лари тушган, қўполроқ қилиб айтганда, уларнинг хизматида эдим. Тан олиб айтиш керак, ўша пайтлар улардан чўчирдим. Фарҳод мени ортиқча қийнамас, доим ҳазиллашиб, мени “гений” деб чақирар, кўпинча бугун қандай футбол ўйинлари борлигини сўраб турар, сўнг дафтарларини партам устига ташлаб “ўзинг яхши боласанку”, — дея елкамга шапатилаб уриб, коридорга чиқиб кетарди. Мен унинг учун ҳам қолган “шайка”лари учун ҳам кўпинча дарс қилардим. Ҳеч ҳам ёқмаса-да, лекин на илож. Ҳар ҳолда “шайка” аъзолари менга ортиқча зуғм қилишмас эди. Қолган уч аълочи болаларни Фарҳод бўш қолди дегунча қийнар, мазах қилиб, лақаб тўқирди.

Тўғриси, бир чорак ўқигач, мактабимни алмаштрмоқчи бўлиб юрган пайтларим эди. Ўша куни устозимиз хонамизга эрталаб ҳар доимгидай йўқлама қилгани кирди-да, катта хурсандчилик билан мактабимизда футбол турнири ўтказилишини, ғолиб жамоа шаҳар чемпионатига чиқишини тантанали эълон қилди. Тўғриси, юрагимга ўт тушди. Шунда орқада Фарҳод ўрнидан туриб “биз ҳам қатнашамиз”, — дея бақириб юборди. Ҳамма болалар ғала-ғовур қилиб кетишди. Айниқса, Фарҳод ҳаяжонланиб алланималар дея синфга бақирар, лекин менинг қулоғим ҳеч нарсани эшитмас эди. Устозимиз эса жилмайганча бизни томоша қилар, гапга аралашмас эди. Унинг узунчоқ юзига ярашган қора қошлари тепага кўтарилиб кетар, пешонаси хийла тиришиб кулар, шу туришда ёш болага ўхшар эди. Устозимиз: “қани давомини эшитинглар ахир”, — дея овозини баландлади. Ҳамма секин жим бўлди. Хайриддин ака “Агар насиб қилиб шаҳар миқиёсидаги турнирда ҳам ғалаба қозонсак, Тошкентдаги Республика чемпионатига чиқамиз, агар униям ютсак қарабсизки, Ўзбекистон чемпионимиз деяверинг!”, — деди. Орқароқда ўтирган Дилсора деган қиз “Туяни думи ерга текканда ютасизлар”, —  дея ширин хаёлларни тўзғитиб юборди, устозимиз ҳар доимгидай оғир босиқлик билан “Генерал бўлишни орзу қилмаган солдат —  солдат эмас”, —  дея гапини давом эттирди. “Мен мактабимизда ғолиб бўлган жамоамизни шаҳар миқиёсидаги турнирга ўзим олиб борман, албатта мураббий сифатида”, —  дея энтикиб қўйди. Шундан сездимки, устозимизнинг ҳам футболга қизиқиши кучли экан.

Ўша куни охирги соатимиз жисмоний тарбия эди. Устозимиз ҳамма йигитларни бир сафга тизиб қўйдида, бирданига “футбол турнирида қатнашишни хоҳлаганлар бир қадам олдинга “, —  деди. Ҳамма болалар бирданига қадам ташлади. Хайриддин ака: “Оббо сизларей, қани 3 айлана югуриб келамиз”, —  дея буйруқ берди... Мен бир текис нафас олиб югуришни бошладим, қарасам орқароқда Фарҳод ҳам шу темпда кетяпти, у менга етиб олдида “Гений, сенам қатнашасамми?”, —  дея мендан сўради. Мен бошим билан ҳа ишорасини қилдим. У “сенга менинг жамоамда жой топилармикан, — дея ўйланиб турдида, — майли захирадан майдонга тушансан”, —  дея елкамга туртиб қўйди. Ўша пайт хурсандчилигимни тасаввур ҳам қила олмайсиз...

Эртаси куни мактаб деворига турнир тақвимини чизиб, илиб қўйишипти. Биринчи учрашувимиз 9 “А” билан экан. Синфга кирсам, ҳамма шуни муҳокамаси билан банд. Фарҳод ўзининг “шайка”лари билан бугунги ўйин учун тактика тузиб ўтирарди. Дарвозада — синфимиз сардори, мактабимиз фахри, шаҳар олимпиадаси ғолиби, ”қўй оғзидан чўп олмаган” — Иброҳим. Ҳимояда — ўзининг бўйдорлиги билан ҳаммадан ажралиб турадиган Ғани “терак”. У жуда камгап, оғир бола. Ҳаммага ҳам унча қўшилавермайди. Унинг ёнида Ихтиёр — кўзлари қисиқ, гавдали бола, жудаям асаби чатоқлардан. Унинг ёнида эса самбочи Ғулом. Майдон марказида — Аброр. У синфимизда энг тўполончи бола, мактабдан чиқиб, яқиндаги бозорда қассобга шогирд тушган, шунинг учун ҳам уни ҳеч ким Аброр деб чақирмас, ҳамма уни қассоб дерди. Ўнг қанотда — Мирсодиқ. У жудаям ҳазилкаш бола, нуқул уятсиз латифалар айтиб, ҳаммани кулдириб юради. Чап қанотда — Тимур. У бувисини қўлида катта бўлган, ҳозир ҳам бувиси билан яшайди, синфда ҳамма уни “Тити” деб чақиради, балки жуссаси кичкиналигигадир. Ҳужум марказида эса, ҳа топдингиз, Фарҳод. У ўзини жамоа сардори дея алоҳида чизиб қўйибди. Бу болалар билан ҳеч ҳам бирга футбол ўйнамаганман. Уларни имкониятларини ҳам яхши билмасдим. Шаштим тушиб, Фарҳодга “мен йўқманми?”, —  десам тиржайиб “Сенга нима бор футбол ўйнаб, гений, ундан кўра дарсингни қилсангчи деди. Жаҳлим чиқиб кетди. Ҳеч бўлмаса захирада ўтирай десам, Фарҳод “шайка”ларига қарадида, “ҳа майли, эвазига иккита булочка олиб берасан”, —  дея баттар тиржайди. Мен хўп ҳам демадим, йўқ ҳам демадим. Секин жойимга ўтирдим. Қани энди дарс қулоғимга кирса. Нуқул хаёлимда бугунги ўйин. Ишқилиб туширишсинда майдонга...

Ва ниҳоят биз кутган сўнгги дарсга қўнғироқ чалинди. Ҳамма ўзини кўчага урди. Мен ҳаммадан кейин мактабимиз стадионига чиқдим. Одам кўп, секин синфдошларим олдига бориб формамни кийдим. Ҳакам — меҳнат ўқитувчимиз Азиз ака. У жамоа сардорларини майдон марказига чақирди. Сўнг ўйин регламентини тушунтирди. “7-7 ўйин. 25 дақиқадан 2 та тайм. Агар ҳисоб тенг бўлса, пенальтилар, ҳаммага омад”, —  дея танга ташлади. Тўпни рақиб ўйинга киритадиган бўлди. Негадир қаттиқ ҳаяжонланардим. Юрагим гуп-гуп урар, оёқларим қалтирарди. Учрашув бошланди. Фарҳод тўпни Мирсодиққа етказди, Мирсодиқ кичкина бўлишига қарамасдан иккита ўйинчини алдаб, узоқдан зарба берди. Лекин гол эмас. Фарҳод унга ўдағайлаб кетди. ”Оширсангчи пакана”, —  дея. Буни шунчалар бақириб айтдики, менгаям шундоқ эшитилди. Рақибимиз тўпни ўзида яхши ушлаб тура олмасдан тепиб юборишарди. Мен тик туриб ўйин томоша қиларканман, бир нарсани дарров сездим...

Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 09:02, 07.04.2018.
Ўқилди: 3823 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.