Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Суперлига 5-тур: фактлар, қаҳрамонлар, иқтибослар ва бошқа турли кўрсатгичлар

Баҳо:
+ | -

Аввалига меҳмонларга марҳамат, кейин мезбонларга иззат, якунда можароли ва голсиз муроса - булар 5-турнинг умумий яхлит тасаввури.

Оддий айтганда, ўтган ҳафта Суперлига жамоалари «Тегирмон навбати билан» мақолига амал қилди, гўё.

Яъни тур ўйинлари меҳмонларнинг икки ғалабаси билан бошланди, кейин мезбонларга навбат берилди, якунда 2та дуранг қайд этилди.

1-КУН: МЕҲМОНЛАРГА МАРҲАМАТ

5-турни «Нефтчи» - АГМК ўйини очиб берди. Фарғоналиклар бу баҳс-да жорий мавсумдаги голлари ва ғалабалари ҳисобини очишни кўзлашганди. Бироқ улар бу вазифанинг бир қисмини уддалашди, холос. Яъни 5-ўйинга келиб, ниҳоят, илк голни нишонлашди.

Бироқ Жалил Кимсанов рақиб дарвозасини иш-ғол қилгунича меҳмонлар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. Эътиборлиси, АГМКнинг ҳар икки голига Шоҳназар Норбеков ҳаммуаллифлик қилди. У аввалига Лутфулла Тўраев, кейин Вадим Чемиртанни яхши вазиятга олиб чиқди.

Табиийки, ҳисоб қисқаргач, «Нефтчи» вакиллари ўйинни қутқариб қолиш илинжида олдинга ташланишди, аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда қарши ҳужумни ўтказиб юборишди ва оқибатда Виталий Мирний рақиб ҳужумчиси Вадим Чемиртанга нисбатан қўполлик ишлатишдан ўзга чора тополмади - пенальти.

Уни Йован Жокич совуққонлик билан амалга ошириб, якуний ҳисобни ўрнатди - 1:3 (сербиялик ярим ҳимоячи жорий мавсум 3-марта 11 метрли нуқтага яқинлашиб, 3-голини урди). Факт: «Нефтчи» чемпионатимиз элит лигасида охирги марта аввалги мавсумнинг 29-турида «Машъал» билан ўйин (51-дақиқа)да гол урганди.

Хуллас, фарғоналиклар 567 дақиқага чўзилган қуруқ серияга барҳам беришди. Аммо иккинчи томондан, жамоа-нинг мағлубиятли серияси 3та ўйинга етди.

Пайшанба куни бўлиб ўтган иккинчи ўйинда ҳам меҳмонлар зафар қучишди. Аслида «Қизилқум» камида 1 очко олишга ҳақли ўйин кўрсатди, «Бунёдкор» эса тартибли ҳаракатларию, режали ҳужумлари билан ажралиб турди. Ҳаммасини ўйиннинг якуний қисмида Жавлон Иброҳимов томонидан берилган самарали зарба ҳал қилди.

Эътиборлиси, «Бунёдкор» ярим ҳимоясида асосан «қора» ишлар билан шуғулланувчи бу футболчи фаолияти давомида илк марта чемпио-натнинг кетма-кет 2та учрашувида гол қувончини туйди. Умуман, 2007 йилдан буён элит лигада тўп сураётган Иброҳимов жами 150тадан ортиқ учрашувда майдонга тушиб, 11та гол муаллифига айланганди.

Қизиғи, у бирор мавсумда 2тадан ортиқ гол урмаган. Демак, бу йил шахсий натижасини бемалол яхшилаши мумкин. Миржалол Қосимов жамоасининг ғалабали одими 4та ўйинга етганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Диққатга сазовор томони - «Бунёдкор» шулардан 3тасида 1:0 ҳисобини қайд этдики, бу Қосимов томонидан йўлга қўйилган тартибли ўйин самараси бўлса керак.

2-КУН: МЕЗБОНЛАРГА ИЗЗАТ

Тур доирасидаги дастлабки 2та баҳсда меҳмонлар ғалаба қозонган бўлишса, кейинги 2тасида мезбонлар устун келишди. «Бухоро» - «Пахтакор»: бу ўйинда Исмоил Гонсалвешнинг пенальтидан фойдаланолмагани (унинг зарбаси ноаниқ чиқди) меҳмонларга салбий, мезбонларга эса ижобий турт-ки берди.

Ҳарқалай, португалиялик ҳужумчи вазиятни кўкка совурганидан кўп ўтмай, бухороликлар ҳисобни очишди: Арслонмурат Аманов тўпни ўнг қанотдан жарима майдончасига етказиб бергач, Саламат Қутибоев уни дарвозага йўллади - 1:0. Айни шу гол ягоналигича қолди.

Ҳа, жамоалар иккинчи 45 дақиқаликда ҳам бир қатор хавфли вазиятлар яратишди, аммо дарвозани ишғол қилиш ҳеч қайси томонга насиб этмади. Ўхшашликни қаранг, «Пахтакор»нинг янги легионери - Исмоил Гонсалвеш худди АГМК вакили Йован Жокич каби 5та ўйинда 3 марта пенальти тепди, аммо ундан фарқли ўлароқ, битта уринишда хато қилди.

Дарвоқе, «Пахтакор» 2-турда «Бунёдкор»га қарши кечган ўйинда ҳам 1та пенальтидан фойдаланолмаган ва 0:1 ҳисобида иккониятни бой берганди. Тўғри, ўшанда Гонсалвеш майдонда йўқлиги боис, пенальтини айнан унинг ўрнига тушган Жасур Ҳакимов тепганди.

«Металлург» мағлубиятсиз одимини давом эттирди. Бекободликлар бу сафар ўз майдонларида «Сўғдиё-на»ни жавобсиз 2та гол билан «сийлашди». Ўйиннинг биринчи бўлими асабий тарзда кечди. Ҳаттоки, танаффусга чиқиш арафасида тортишув юзага келди ва бош ҳакам Зокир Қодиров бир йўла 3 нафар футболчини сариқ карточка билан «тақдирлади.

3 очко тақдирига ойдинлик киритган 2та гол эса иккинчи бўлимнинг биринчи қисмида, қандайдир 5 дақиқа оралиғида урилди. «Металлург» вакилларининг ҳар икки ҳолатда стантарт вазиятдан унумли фойдаланишгани диққатга сазовор.

55-дақиқа: Зафар Тўраев  тўпни Шаҳзод Шаймановга ташлаб бергач, у жарима майдонига кирмасдан зарба йўллади ва Дилшод Ҳамроев ожиз қолди. 60-дақиқа: яна жарима зарбаси. Фарқли томони, бу сафар Ислом Исоқжонов дарвозани мўлжалга олди ва тўп «жонли девор»га тегиб, йўналишини бироз ўзгартирганча тўрга «илинди».

Андрей Шипилов шогирдларининг 4та ўйиндан буён майдонни голсиз тарк этмаётганларидан хурсанд бўлса, Александр Мочинов кетма-кет 3та мағлубиятдан сўнг «Сўғдиёна» бош мураббийи лавозимидан айрилди - истеъфо.

3-КУН: МОЖАРОЛИ ВА ГОЛСИЗ МУРОСА

Шанба кунги ўйинларда мезбонлар ҳам, меҳмонлар ҳам насибасиз қолишмади.

Муҳими, ҳар икки учрашувда кескинлик уфуриб турди. «Локомотив» - «Қўқон-1912» ўйини Нўъмон Ҳасанов жамоаси учун омадли бошланди. 8-дақиқада «темирйўлчилар» жарима майдони ичида Жавоҳир Сиддиқовни қўполлик билан тўхтатиб қолишгач, ҳакам пенальти белгилади ва уни Мурод Холмуҳаммедов аниқ амалга оширди.

Кўп ўтмай, ҳисобдаги мувозанат тикланди - майдон эгалари стандарт вазиятдан унумли фойдаланишди. Аниқроғи, ҳимоячи Александр Мерзляков тўпни қайтаришда хатоликка йўл қўйиб, уни ўз жамоаси дарвозасига буриб юборди - 1:1. Бу ҳолатда Марат Бикмаев яққол ўйиндан ташқари ҳолатда қолганди, бироқ лайнсменнинг хатоси...

Ўйин охирларида яна бир қатор мунозарали ҳолатлар юзага келди: 79-дақиқада Сардор Рашидов «Қўқон-1912» кипери Ўткир Юсупов билан тўқнашиб кетгач, бош ҳакам Валентин Коваленко аввалига пенальти нуқтасига ишора қилди, аммо қанот ҳакамининг аралашувидан сўнг қарорини ўзгартирди.

Якунда бразилиялик Нивалдо хурмача хатти-ҳаракатлари билан кўзга ташланди. У Ўткир Юсуповга Зидан услубида «калла қўйди» ва эвазига Коваленкодан «қизил» олди (бу ўйиндаги можаролар ва ҳакамлик, шунингдек, «Бухоро» - «Пахтакор» баҳсига боғлиқ ҳолатлар ҳақида берилган расмий баёнотни 14-15-саҳифаларда ўқишингиз мумкин).

Тур бўйича энг кам мухлис йиққан учрашувда аслида томонлардан бири ғалабани илиб кетиши ҳеч гап эмасди. Бироқ 85-дақиқада дарвозабон қаршисида ёлғиз қолган «Қўқон-1912» фахрийси Носир Отақўзиев ўта қулай имкониятни қўлдан чиқарди.

Кейин антиқаҳрамон - Нивалдонинг зарбасини Ўткир Юсупов мўъжизавий тарзда бартараф этди. Эътиборни тортган яна бир ҳолат шуки, «Локо» устози Мирко Йелечич ўйин давомида Сардор Рашидовни захирадан майдонга тушиб, яна захирага олишга улгурди.

5-тур доирасидаги охирги ўйин - «Навбаҳор» - «Насаф» баҳси «марказий» мақомини тўла оқлади. Лекин футбол сифати эмас, асосан стадиондаги муҳит бўйича.

Йўқ, 15 мингдан кўп мухлис чиндан ҳам, қизғин курашга гувоҳ бўлди, аммо асосийси - гол кузатилмади. Ваҳоланки, мезбонлардан Остон Ўрунов, Азиз Турғунбоев ва Азамат Алланиёзов, қаршиликлардан эса Ислом Рашидхонов, Славко Лукич ҳамда Драган Черан яхшигина вазиятларга чиқишганди. «Насаф»ни Турғунбоев ва Алланиёзов зарбаларидан сўнг дарвоза устунию, тўсини қутқариб қолганини ҳам таъкидлаш жоиз.

Шу тариқа Рўзиқул Бердиев жамоаси мағлубиятсиз одимини давом эттирди (2та ғалаба ва 3та дуранг), «Навбаҳор» эса Суперлигадаги ҳимояси энг мустаҳкам 3та жамоадан бири бўлиб турибди (Илҳом Мўминжонов шогирдлари атиги 2та гол қўйиб юборишган).

ТУР ҚАҲРАМОНИ - ЎТКИР ЮСУПОВ

«Қўқон-1912»нинг кечагина БААдан йирик ҳисобли ғалаба билан қайтган «Локомотив» майдонида мардонавор курашгани таҳсинга лойиқ.

Айниқса, жамоа дарвозабони Ўткир Юсупов бир неча вазиятда жонбозлик кўрсатди. Мисол учун, охирида Нивалдонинг яқин масофадан йўллаган зарбасига қарши чиройли «сейв» намойиш этганини айтиш мумкин. Тўғри, бразилиялик легионернинг ўзини назорат қилолмаганида Ўткирнинг ҳам «қўли» бор.

Ҳар ҳолда, Нивалдо айнан дарвозабоннинг эътирозидан кейин «из»дан чиқиб кетди. Аммо биз Юсуповнинг дарвозада ишонч билан турганини инобатга олиб, уни тур қаҳрамони мақомига лойиқ кўрдик.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Танаффусда йигитлар билан ўзаро жиддий гаплашиб олдик: қўрқиш эмас, ўйнаш керак. Бу ўз мевасини берди. Лутфулла Тўраев (АГМК ярим ҳимоячиси).

- Тан оламан, ўйин дуранг натижага мос эди. Муҳими, охирги дақиқаларда фаолликни оширдик ва бу ғалабамиз омили бўлди. Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Футболда омадга ҳам кўп нарса боғлиқ. Ҳозирча омад бизга кулиб боқмаяпти... Александр Мочинов («Сўғдиёна» бош мураббийи).

- Пенальтидан ҳам гол уролмаганимиздан кейин жамоамиз руҳан енгилди, гўё. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Майдонга тушиш олдидан ҳам футболчиларга бу рақибни фақат тартибли ва интизомли ўйин орқали енгиш мумкинлигини уқтиргандим. Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи).

- Икки томон ўйинида ҳам хатолар кузатилди. Бу футбол ва хатосиз ўйнашнинг иложи йўқ. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи).

- Умуман, икки жамоада ҳам ғалабани ўз томонига оғдириш имкони бор эди. Масалан, бизни дарвоза устуни ва тўсини қутқарди. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

-----------------------------------------------------------------------

«НЕФТЧИ» - АГМК - 1:3 (0:0)

5 апрель. Фарғона. «Истиқлол» стадиони. 11121 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент), А.Расулов (Тошкент), Ж.Саидов (Тошкент).

Голлар: Ж.Кимсанов (79) - Л.Тўраев (49), В.Чемиртан (63), Й.Жокич (90+2-пен.).

«Нефтчи»: 77. В.Мирний, 3. Ш.Пўлатов, 5. Ж.Кимсанов, 9. А.Юсупов (8. А.Махсталиев, 61), 10. А.Бердиев (6. О.Аҳмаджонов, 82), 20. Ҳ.Ғофуров, 22. А.Исроилов, 23. А.Абдулҳақов, 27. Д.Маматов (19. А.Ўлмасалиев, 60), 55. А.Агалиев, 95. Д.Турсунов.

АГМК: 33. П.Матяш, 2. А.Ҳожиакбаров, 4. Х.Мухторов, 8. М.Музаффаров (5. Д.Жўраев, 83), 9. З.Полвонов (87. В.Чемиртан, 30), 10. Ш.Норбеков (22. А.Абдуллаев, 85), 13. Л.Тўраев, 15. В.Бубанья, 19. В.Касминин, 23. Й.Жокич, 24. Ж.Гусейнов.

Огоҳлантиришлар: Ҳ.Ғофуров (33) - В.Касминин (38), В.Чемиртан (57), А.Ҳожиакбаров (68).

Назоратчи: А.Арутюнов (Тошкент).

Комиссар: А.Фролов.

Виктор Кумиков (АГМК бош мураббийи): - Биринчи бўлимни суст ўтказдик. 1-2та вазиятни ҳисобга олмаганда, эсда қоларли ҳеч нарса кузатилмади. Танаффусда эса футболчиларга зарур кўрсатмалар бердик, уларни сергаклантирдик.

Хусусан, ўз кучларига ишонишлари кераклигини уқтирдик. Натижада танаффусдан сўнг устунликни ўз томонимизга оғдириб, якунда ҳақли ғалабага эришдик.

- АГМК бугун Фарғонада илк марта ғалаба қозонди. Буни ва футболчилар ҳаракатини қандай баҳолайсиз?

- Йигитлар ўйинларига муносабатимни танаффусда ўзларига айтдим. Муҳими, улар иккинчи бўлимда яхши ҳаракатланишди. Албатта, бу ғалаба билан олмалиқликларни табриклайман.

Лутфулла Тўраев (АГМК ярим ҳимоячиси): - Мураббийимиз гапларига тўлиқ қўшиламан. Биринчи бўлимда дарҳақиқат, ўз ўйинимизни кўрсатолмадик. Танаффусда эса йигитлар билан ўзаро жиддий гаплашиб олдик: қўрқиш эмас, ўйнаш керак. Бу ўз мевасини берди.

Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи» мураббийи): - Аввало, бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлислардан узр сўраймиз. Бугунги мағлубият охиргиси бўлиб қолишига ҳаракат қиламиз. АГМКни эса ғалаба билан табриклайман. Умуман олганда, бизга вазиятлардан фойдаланолмаслик панд бермоқда.

Олмалиқликлар асосан қарши ҳужумлар ва «стандарт»ларга таянишларини билардик ва шунга яраша тайёргарлик кўрдик. «Пахтакор» билан ўйинда бўлгани каби яна эътиборсизлик ортидан голлар қўйиб юбордик. Кейинги учрашувларда бундай хатоларни такрорламаслигимиз керак.

Жалил Кимсанов («Нефтчи» ҳимоячиси): - Аслида яхши тайёргарлик кўргандик. Ҳаммаси биз учун яхши давом этаётганди ҳам. Аммо биринчи бўлиб  гол қўйиб юборганимиз таъсир қилдими, ҳужумга ўтиб кетиш оқибатида ҳимояда яна хато қилдик. Энди кейинги ўйин-ларда ғалаба қозонмасак бўлмайди.

----------------------------------------------------------------------

«ҚИЗИЛҚУМ» - «БУНЁДКОР» - 0:1 (0:0)

5 апрель. Навоий. «Ёшлар» спорт мажмуаси. 11253 томошабин.

Ҳакамлар: В.Серазетдинов (Тошкент), А.Цапенко (Тошкент вил.), Т.Гайнулин (Тошкент).

Гол: Ж.Иброҳимов (84).

«Қизилқум»: 1. Э.Жабборов, 7. Н.Камолов, 11. Д.Усмонов, 14. Ф.Қамбаров, 16. А.Юсупов (18. С.Шодмонов, 46), 17. А.Геворкян, 21. М.Убайдуллаев, 23. Ш.Жўраев, 30. Э.Григалашвили (8. А.Рустамов, 60), 44. М.Қосимов, 70. А.Сидоров (84. Н.Йованович, 86).

«Бунёдкор»: 32. С.Султонов, 2. Р.Ашурматов, 4. А.Комилов, 6. А.Ғофуров, 8. Ж.Иброҳимов, 11. М.Тошматов, 18. С.Собирхўжаев, 20. М.Сулаймонов, 30. Х.Ғиёсов (13. С.Қодирқулов, 88), 44. М.Қосимов (28. Д.Умиров, 56), 99. Ф.Райевац (9. Ш.Нурматов, 65).

Огоҳлантиришлар: Ш.Жўраев (40) - М.Сулаймонов (23), М.Қосимов (49), Ж.Иброҳимов (90+2).

Назоратчи: А.Ҳотамов (Тошкент).

Комиссар: Р.Черников.

Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Ўйин анча қийин кечди. Рақиб таркиби тажрибали футболчилардан шакллантирилган. Мезбонлар айниқса, қарши ҳужумлар орқали етарлича муаммо туғдиришди. Хусусан, биринчи бўлим охирида Дониёр Усмонов зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегиб қайтди.

Билмадим, агар ўша вазият гол билан тугаганида, ўйин қандай тус оларди...? Фикримча, 60-дақиқалардан кейин ўз ўйинимизни топдик ва назоратни қўлга олдик. Бунинг натижасида гол ҳам урдик ва муҳим ғалаба билан қайтяпмиз.

Тан оламан, баҳс дуранг натижага мос эди. Муҳими, охирги дақиқаларда фаолликни оширдик ва бу ғалабамиз омили бўлди. «Қизилқум»га қарши баҳс тарихда қолди, энди кейинги учрашувлар ҳақида бош қотиришимиз керак.

Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор» ярим ҳимоячиси): - Ғалаба қозониш ёқимли, айниқса, сафарда. Анча тер тўкишимизга тўғри келди. Одатда бундай учрашувлар тақдирини биргина гол ҳал қилади. Бу сафар менинг голим ғалабани таъминлаганидан хурсандман, албатта.

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Қизиқарли ва шиддатли ўйин гувоҳига айландик. Икки жамоа ҳам ғалаба илинжида ҳаракат қилди. Табиийки, мухлисларимизга хурсандчилик улашишни ўйлагандик. Афсуски, буни уддалолмадик. Умуман, майдонда тенгма-тенг кураш борди ва камида бир очко олишимиз керак эди.

Бироқ охирги дақиқаларда қўйиб юборилган гол қимматга тушди. Омад ҳам рақиб томонида бўлди. Агар яратилган вазиятлардан фойдаланганимизда, бемалол 3 очко олишимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Сўнгги ўйинларда етакчиларимиз жароҳатланишмоқда.

Аввалги турда Саноев сафдан чиққанди, бугун эса Григалашвили баҳсни якунлай олмади. Қолаверса, 2та учрашувдан буён етакчимиз ва сардоримиз Эркин Бойдуллаев хизматидан фойдаланолмаяпмиз. Ўйлайманки, кейинги турларда керакли натижаларни қайд эта оламиз.

Миржалол Қосимов («Қизилқум» ярим ҳимоячиси): - Мақсадимиз ғалаба қозониш эди. Афсуски, имкониятни бой бердик. Ҳа, «Бунёдкор» тажрибали жамоа ва бежиз мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмаяпти. Аммо бугун мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатмагандик...

«МЕТАЛЛУРГ» - «СЎҒДИЁНА» - 2:0 (0:0)

6 апрель. Бекобод. «Марказий» стадиони. 7416 томошабин.

Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий), Р.Самандаров (Навоий), О.Жумаев (Навоий).

Голлар: Ш.Шайманов (55), И.Исоқжонов (60).

«Металлург»: 1. З.Сафоев, 5. А.Отахонов, 8. Ш.Шайманов, 9. З.Ўринбоев, 10. И.Исоқжонов (99. П.Пуришкин, 83), 16. Ж.Ҳасанов, 37. Ш.Файзиев, 55. А.Исматуллаев (77. М.Исаев, 63), 88. А.Ҳусинов, 90. З.Тўраев (7. С.Нуруллаев, 59), 91. П.Смоляченко.

«Сўғдиёна»: 23. Д.Ҳамроев, 4. Э.Орипов (33. Т.Шамсиддинов, 16), 5. Ф.Мираҳматов, 7. Д.Одилов, 9. С.Азимов, 10. Ш.Норхонов, 19. А.Зиёвуддинов (77. И.Абдуллаев, 58), 26. А.Холмуродов, 31. Ж.Абдумўминов, 85. Р.Мелзитдинов, 99. Н.Тўхтасинов (2. С.Қулматов, 84).

Огоҳлантиришлар: З.Сафоев (45+4), А.Отахонов (50), П.Смоляченко (76) -Р.Мелзитдинов (45+4), Ж.Абдумўминов (45+4), Д.Одилов (52), Ф.Мираҳматов (89).

Четлатиш: Р.Мелзитдинов (80, С.).

Назоратчи: Ф.Абдуллаев (Тошкент).

Комиссар: Л.Қўчқоров.

Александр Мочинов («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Аввало, «Металлург»ни ғалаба билан табриклайман. Жуда қизиқарли ва курашларга бой ўйин кўрдик. Менимча, футбол сифати мухлисларга маъқул бўлди.

Бизда яна ўша муаммо - вазиятлардан унумли фойдаланолмаяпмиз. Бугун ҳар икки жамоа ғалаба учун курашди. Лекин футболда омадга ҳам кўп нарса боғлиқ. Ҳозирча омад бизга кулиб боқмаяпти...

Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи): - Ўйинга жиддий тайёргарлик кўрган эдик. Дейлик, «Насаф»га қарши учрашувда дуранг қайд этганимиздан кейиноқ футболчиларга «Сўғдиёна» осонгина енгилмаслигини уқтиргандим. Ҳаммаси кутганимдек бўлди.

Дастлабки 15-20 дақиқа мобайнидаги кучли босим ҳаракатларимизга салбий таъсир қилди. Муҳими, тезда ўзимизни ўнгладик. Бунда рақибни обдон ўрганганимиз қўл келди. Иккинчи бўлимда эса тезликни оширдик ва стандарт вазиятларда олдиндан тайёрлаб қўйган режамиз иш берди.

Умуман, барча шогирдларим ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилдим. Жамоани ўйинга пухта тайёрлашда ёрдам берган мураббийлар штабига алоҳида раҳмат. Олдимизда янада мураккаб ўйинлар турибди.

Чемпионат доирасида пойтахтнинг икки гранди - «Бунёдкор» ва «Пахтакор» билан куч синашамиз. Бу ўйинлар оралиғида эса Ўзбекистон кубоги дастлабки босқичи учрашуви бор - Жиззахга борамиз. Демак, ишлаш ва мухлисларимизни хурсанд этишдан тўхтамаймиз.

-------------------------------------------------------------------------

«БУХОРО» - «ПАХТАКОР» - 1:0 (1:0)

6 апрель. Бухоро. «Бухоро» стадиони. 15150 томошабин.

Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов (Андижон), А.Маражабов (Андижон), З.Абдураҳмонов (Андижон).

Гол: С.Қутибоев (43).

Амалга оширилмаган пенальти: И.Гонсалвеш (38, П.).

 «Бухоро»: 30. А.Омонов, 7. А.Аманов (77. Ж.Қаҳрамонов, 58), 8. С.Қутибоев, 10. Ш.Саломов, 11. С.Шихов, 14. Б.Насимов (22. Ш.Эркинов, 67), 16. А.Филипосян, 18. Ш.Муллажонов (5. М.Клисура, 83), 27. Р.Ҳасанов, 28. Э.Исмоилов, 89. С.Русецкий.

«Пахтакор»: 25. Э.Суюнов, 2. А.Шораҳмедов, 4. Ш.Аъзамов, 7. А.Аҳмедов, 9. Ж.Машарипов, 11. И.Гонсалвеш (20. Ж.Ҳакимов, 77), 22. Ж.Яхшибоев (27. Д.Иброҳимов, 86), 29. В.Козак, 55. М.Симич, 77. Т.Безерра, 80. Р.Гриффитс (10. Ж.Искандеров, 83).

Огоҳлантиришлар: А.Филипосян (37), Б.Насимов (56), С.Шихов (72), Ш.Саломов (82), А.Омонов (86) - Ш.Аъзамов (56), Р.Гриффитс (59), В.Козак (69), И.Гонсалвеш (74), Жасур Ҳакимов (90+2).

Назоратчи: Б.Тоғаев (Тошкент).

Комиссар: М.Саидқосимов.

Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Ўйин мураккаб тус олишини кутгандик. Амалда ҳам шундай бўлди. Биринчи бўлимдаги вазиятлардан самара чиқаришимиз шарт эди. Зеро, бу каби ўйинларда биринчи голни уриш жуда муҳим.

Ҳаттоки, пенальтидан ҳам гол уролмаганимиздан кейин жамоамиз руҳан енгилди, гўё. «Бухоро» бу ҳолатдан фойдаланиб, танаффусга қадар ҳисобни очди. Қайтараман, илк 45 дақиқаликда бизда имкониятлар кўп бўлди. Иккинчи бўлим эса асосан тўхталишлар билан эсда қолди.

Тушунаман, ютаётган жамоа суръатни туширишга, ютқазаётган томон эса тезкор ўйнашга интилади. Бу орада вақт ўтиб бораверади. Яна нима дердим, «Бухоро»ни ғалаба билан табриклайман.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - «Пахтакор»ни синчиклаб ўрганиб чиқдик. Хусусан, майдонга тушиш олдидан ҳам футболчиларга бу рақибни фақат тартибли ва интизомли ўйин орқали енгиш мумкинлигини уқтиргандим. Муҳими, жамоам амалда худди шундай ўйнади ва муҳим ғалабага эришди.

Бунинг учун шогирдларимга миннатдорчилик билдираман ва мухлисларимизни ҳам ғалаба билан табриклайман, албатта. Арслонмурат Амановнинг ҳолати бўйича ҳозирча аниқ маълумот беролмайман. Ҳаммаси эртага, тўлиқ тиббий кўрикдан сўнг маълум бўлади.

-------------------------------------------------------------------------

«ЛОКОМОТИВ» - «ҚЎҚОН-1912» - 1:1 (1:1)

7 апрель. Тошкент. «Локомотив» стадиони. 3123 томошабин.

Ҳакамлар: В.Коваленко (Тошкент), Р.Шояхметов (Тошкент), А.Пўлатов (Тошкент).

Голлар: А.Мерзляков (17-авт.) - М.Холмуҳаммедов (8-пен.).

«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе, 6. Нивалдо, 7. С.Абдуллаев (27. С.Рашидов, 31; 19. Ҳ.Ғофуров, 84), 10. М.Бикмаев, 15. С.Мирзаев, 20. И.Тўхтахўжаев, 22. С.Шоаҳмедов, 28. Ш.Муҳаммадиев, 33. О.Зотеев, 88. И.Йелич.

«Қўқон-1912»: 1. Ў.Юсупов, 5. Ғ.Комилов, 10. Ж.Сиддиқов, 15. О.Рустамов (19. С.Бердиев, 54), 17. Қ.Рўзиев, 18. Б.Пардаев (9. Н.Отақўзиев, 66), 22. М.Холмуҳаммедов, 23. А.Мерзляков, 55. Д.Гожкович, 65. М.Милич, 96. М.Ҳасанов (95. М.Спремо, 61).

Огоҳлантиришлар: О.Зотеев (35) - Қ.Рўзиев (16), М.Милич (26), М.Ҳасанов (35), Н.Отақўзиев (66).

Четлатиш: Нивалдо (90, Л.).

Назоратчи: А.Попов (Тошкент).

Комиссар: Б.Маметов.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Бугун чемпионатимизнинг энг кучли жамоасига қарши тўп сурдик. «Локомотив» - яхши шаклланган клуб, ўтган йили бежиз чемпион бўлмади. Мана, амалдаги чемпиондан очко тортиб олдик.

Ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда, ҳужумкорликдан бироз воз кечиб, ҳимоявий ўйинга таяндик. Тўғри, биринчи бўлимда ҳимояда кўп ушланиб қолдик. Танаффусда эса йигитларга олдинроқда ўйнаш зарурлигини уқтирдим. Машғулотлар давомида асосан қарши ҳужум ташкиллаш устида ишлаганимиз самара берди.

Қолаверса, бизда рақибга нисбатан кўпроқ дам олиш имконияти бор эди. Футболчиларга раҳмат, улар иккинчи бўлимда кўрсатмаларимни яхши бажаришди. Вазиятлар тўғрисида айтсам, икки жамоада ҳам ғалаба қозониш имконияти бор эди. Шунингдек, икки томон ўйинида ҳам хатолар кузатилди. Бу футбол ва хатосиз ўйнашнинг иложи йўқ.

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Аслида ёмон ўйин намойиш этганимиз йўқ. Лекин натижа... Бир қатор қулай вазиятларни юзага келтирдик, аммо гол уришда омадимиз чопмади. Зеро, рақиб бутун жамоа бўлиб ҳимояланди. Сўнгги вақтларда ҳар 3-4 кунда майдонга тушяпмиз.

Бу замонавий футбол учун оддий ҳолат. Чунки футболчилар 3 кун ичида тикланишади. Дейлик, бугун жисмоний томондан устунроқ кўриндик. Фақат гол уриш масаласида оқсаяпмиз. Биласиз, баъзан омад муҳим факторга айланади. Қаранг, ўйинлар давомида устунликка эришяпмиз, аммо гол уролмаслик оқибатида мағлубиятга учраяпмиз ёки дуранг билан чекланяпмиз.

Умид қиламанки, бу ҳолат тез орада ўзгаради. Ахир олдинда ОЧЛнинг жуда масъулиятли ўйини бор. Унда ғалаба қозониб, мухлисларимизга қувонч бағишлашдан умидвормиз.

--------------------------------------------------------------------------

«НАВБАҲОР» - «НАСАФ» - 0:0

7 апрель. Наманган. «Марказий» стадиони. 15540 томошабин.

Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент), Т.Галеев (Тошкент), А.Сидоров (Тошкент).

«Навбаҳор»: 1. Б.Эргашев, 6. О.Ўрунов, 8. А.Нўъмонов (11. З.Пиримов, 69),  10. А.Турғунбоев, 12. Н.Иньяц (15. А.Алланиёзов, 46), 19. М.Ғофуров. 21. А.Алиев, 24. Д.Ҳошимов, 32. Ж.Меҳмонов, 33. Т.Пайович, 44. Д.Станоевич.

«Насаф»: 35. С.Қувватов, 6. А.Ғаниев, 7. О.Ҳамробеков, 10. Б.Абдухолиқов (17. Д.Нарзуллаев, 78), 20. И.Кенжабоев (77. Ж.Ҳасанов, 64), 22. И.Голбан, 27. И.Рашидхонов (18. Б.Давлатов, 84), 31. С.Раҳматов, 55. С.Лукич, 69. Д.Черан, 92. У.Эшмуродов.

Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент).

Комиссар: Б.Намозов.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Курашларга бой ўйин. Икки жамоа ҳам ғалабани кўзлаганди. Эҳтимол, шунинг учун ўйин сифат нуқтаи назаридан мазмунсизроқ чиққан бўлиши мумкин. Ўйлашимча, дуранг - адолатли натижа. Аслида «Навбаҳор»ни ҳам, «Насаф»ни ҳам дуранг қаноатлантирмайди.

Зеро, олдига юқори мақсадларни қўйган жамоа ҳеч қачон 1 очкога кўнмайди. Шундай экан, натижадан қониқмадим. Умуман, икки жамоада ҳам ғалабани ўз томонига оғдириш имкони бор эди. Масалан, бизни дарвоза устуни ва тўсини қутқарди. Ўзимиз эса қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилолмадик.

Сўнгги учрашувларда кўплаб вазиятлар яратаётган бўлсакда, улардан самарали фойдаланолмаяпмиз. Ғалаба қозониш учун эса вазиятларни голга айлантириш керак. Хуллас, асосий камчилигимиз - гол уролмаётганимиз. Ҳимояда бехато ўйнаш баробарида ҳужумда совуққонлик кўрсатиш талаб этилади.

Черан маълум вақт даволанишга мажбур бўлди. Айни пайт унда ўйин амалиёти камроқ. Бугун уни «Навбаҳор» мухлислари босимига дош бериш асносида ўз кучига ишонч ҳиссини қайтариши учун майдонга туширдик.

Иккинчидан, наманганликлар стандарт вазиятларда жуда хавфли ўйнашади ва Чераннинг «иккинчи қават»да самарали ҳаракатланишини инобатга олгандик.

Санжар Қувватов («Насаф» дарвозабони): - Бугун ғалаба қозонишимиз ҳам, мағлубиятга учрашимиз ҳам мумкин эди. Бош мураббийимиз айтганидек, ўйин унча сифатли чиқмади. Аммо майдонда кескин кураш сира тинмади.

Шунингдек, мухлислар жамоаларни чиройли қўллаб-қувватлашди. Фурсатдан фойдаланиб, Қаршидан келиб, бизга далда бўлган ишқибозларимизга раҳмат айтаман.

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Биринчи навбатда, футболчиларимизга миннатдорчилик билдираман. Йигитлар қўлларидан келганича ҳаракат қилиб, энг яхши ўйинларидан бирини ўтказишди. Лекин озгина омад етишмади.

Акс ҳолда, Азамат Алланиёзов ва Азиз Турғунбоев томонидан йўлланган зарбалардан кейин тўп дарвоза устунию, тўсинига тегиб қайтмасди... Ненад Иньяц ҳали оптимал спорт формасига киргани йўқ. 5та тур ортда қолган бўлсада, голлари ҳисобини очолмаётганини шу билан изоҳлайман.

Қолаверса, у бугун майдонга кичик жароҳат билан тушганди. Қисқаси, Ненаднинг ҳаракатларидан қониқмадик. Ўйлайманки, у кейинги учрашувларда ўзини кўрсатади, албатта. Ҳимоя чизиғидан эса кўнглим тўқ. Чунончи, 5та ўйинда 2тагина гол қўйиб юбордик. Тўғри, хотиржамликка берилмаслигимиз керак.

Ўтган мавсум кўрсаткичларимиз ёмонроқ эди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳужумчиларга имконият бераверамиз. Бордию, Иньяц гол уришни уддалай олмаса, уни захирада қолдиришимизга тўғри келади. Рўзимбой Аҳмедовнинг қачон майдонга қайтиши аниқ эмас - у ҳозирча тикланиш жараёни билан банд.

Айни пайт ихтиёримизда 3 нафар ҳужумчи бор - Иньяц, Алланиёзов ва Сардор Сулаймонов. Навбатдаги турларда улардан имкон қадар самарали фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Олдинда бизни жиддий ўйин кутиб турибди. «Сўғдиёна» билан учрашувга муносиб ҳозирлик кўрамиз, мақсадимиз - сафардан 3 очко билан қайтиш.

Остон Ўрунов нафақат жамоамиз, балки Суперлиганинг энг ёш футболчиларидан биридир. У кўп ҳолларда ташаббусни қўлига олмоқда ва баъзан хатога йўл қўймоқда. Муҳими, Ўруновнинг ўйини тобора сифатли чиқмоқда. Бугун эса бироз чарчаб қолгани учун ўрнига тажрибали Дилшод Жабборовни туширдик. 

Ботирали Эргашев («Навбаҳор» дарвозабони): - Ўйинда кескинлик яққол сезилиб турди. Афсуски, вазиятларни голга айлантиришда бироз омадимиз чопмади. Яъни ҳимояда бехато ҳаракатландик, аммо ҳужумларимиз самарасиз кетди...

ТУР СТАТИСТИКАСИ

Ўйин: 6, Гол: 10  (ўртача: 1,66...)

Томошабин: 63603 (ўртача: 10600...)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Навбаҳор» - «Насаф» (15540)

Мезбонлар ғалабаси: 2, Меҳмонлар ғалабаси: 2, Дуранг: 2

Йирик ҳисобли ғалаба: -  , Энг  сермаҳсул ўйин:  «Нефтчи» - АГМК (4та гол)

Огоҳлантириш: 30 (ўртача: 5), Четлатиш: 2 (0,33...)

Энг «қўпол» ўйинлар: «Металлург» - «Сўғдиёна» (7та «сариқ» + 1та «қизил»), «Бухоро» - «Пахтакор» (10та «сариқ») 

Пенальти: 3 (1таси самарасиз), «Дубль»: -, «Хет-трик»: -, Автогол: 1 (А.Мерзляков, «Қўқон-1912»)

1 Бунёдкор               5          4          1          0          7-2       13

2 Пахтакор               5          3          0          2          7-3       9

3 Насаф                    5          2          3          0          6-3       9

4 Металлург             5          2          3          0          5-2       9

5 Бухоро                   5          3          0          2          7-6       9

6 Навбаҳор               5          2          2          1          4-2       8

7 АГМК                      5          2          1          2          7-6       7

8 Қўқон-1912           5          2          1          2          4-3       7

9 Локомотив            5          1          2          2          5-5       5

10 Қизилқум            5          1          0          4          4-9       3

11 Нефтчи                5          0          2          3          1-7       2

12 Сўғдиёна             5          0          1          4          1-10     1

ТЎПУРАРЛАР:

Элгужа Григалашвили («Қизилқум») - 3та

Йован Жокич (АГМК) - 3та (3та - пен.)

Бобур Абдухолиқов («Насаф») - 2та

Славко Лукич («Насаф») - 2та

Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 2та

Суҳроб Нуруллаев («Металлург») - 2та

Азиз Турғунбоев

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 20:59, 09.04.2018.
Ўқилди: 5656 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.