Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ишонч (қисса, 7-қисм)

Баҳо:
+1 | -

Эртаси куни яна шу аҳвол такрорланди. Фақат кечагидан бироз кўпроқ югурдик, холос. Жипс ҳолда чамамда 20 дақиқача югурдик. Сўнг Хайриддин ака бадантарбия дарсидаги машғулотларни ўтказдилар-да, сўнг бизга яна жавоб бериб юбордилар. Бу сафар ҳам ҳеч ким ҳеч нима дея олмади.

Тўғриси, машғулотларда маза қилиб тўп тепамиз дея ўйлаган синфдошларимга бу сира ёқмаётган эди. Учинчи машғулотимизда эса яна ҳам кўпроқ югурдик. Яна ўша аҳвол-жипслашиб югуриш, лекин анча ритмга тушиб қолибмиз шекилли, ҳеч ким ёнидагининг оёғини ҳам босмади, туртилиб ҳам кетмади. Бунақа югуришнинг ҳам ўзига яраша гашти бор экан. Мирсодиқ югуриб кетаётиб ҳам оғзи тинмайди. Ҳаммани кулдириб кетарди, орада гап мавзуси кечаги ўйиндан чиқди-ю, деярли ярим соатлик югуришимиз шу мавзуда бўлди. Орада мен ҳам луқма ташлаб қўяман (тўғрисини айтсам, мен энди-энди бу болалар билан чиқишаётган эдим). Биз бир ҳафта фақат югурдик. Лекин ҳар сафар оз-оздан масофа узоқлашиб борар, ҳеч ким ботиниб Хайриддин акадан бунинг сабабини сўрай олмас эди. Югуриш машқларини тахминан 15 кун давом эттирдик.

Бу орада Ҳамиз ҳам бизга анча қўшилиб қолди. У мен ўйлаганчалик димоғдор эмас экану, лекин ўзини яхши кўриши рост экан. Ўзиям нақд бир ой фақат жисмоний машғулотларни ўтадик. Бу орада синфдошларим билан анча қадрдон бўлиб қолдик ва ниҳоят иккинчи ойнинг бошида биз тўп билан муомала қила бошладик, шунда ҳам фақат тўпсиз қандай ўйнаш кераклигини ўргандик. Хайриддин аканинг айтишича, тўпсиз ўйнашни биладиган жамоа ҳеч ҳам енгилмас эмиш. Машғулотларимиз асосан тўпсиз очилишни ўрганиш билан ўта бошлади. Доим машғулотларимиздан сўнг Хайриддин ака узоқ масофадан ҳар биримизни беш маротабадан зарба бериш вазифасини юклардиларда, сўнг қоғозга алланималарни ёзиб қўярдилар. Ўша пайтларда машғулотдан сўнг қарасак, устозимиз биз учун катта юпқа ДСП қурилиш материалидан одам қиёфасини ясаб, 5 тасини бир- бирига елимлаб, орқасига ёғочдан тиргак қилиб, э, хуллас, сунъий жонли девор ясаб келибдилар (ўз қўллари билан). Биз ҳар куни энди ўн маротабадан шу девор устидан тўпни айлантриб ўтказишимиз керак эди. Устозимиз бизни ҳар хил жойдан туриб узоқ масофага зарба йўллашимизни буюрарди. Ҳар сафар оёқни қаери билан қандай зарба беришни кўрсатиб берар эдилар. Жарима зарбалари борасида, тан олиш керак, ҳеч ким мендан ўта олмайди. Чунки йўллаган зарбаларимнинг 10 тадан 8 таси аниқ дарвозага бориб тушарди. Буни кўрган устозим доим елкамга қоқиб: “Техниканг яхши, Жавоҳир, шу темпда ишла, энг муҳими ҳеч нарсадан қўрқма. Сенинг жамоада ролинг муҳим”, — деб кўнглимни кўтарарди. Устозим фақат менигина мақтарди дея айтолмайман. У ҳаммамизни бир-бирини такрорламайдиган гаплар билан мақтаб қўярди.

Бу орада учинчи ой ҳам бошланди. Энди биз иккига бўлиниб футбол ўйнардик. Фақат фарқи дарвоза битта эди. Биринчи таймда бир жамоа фақат ҳимояланарди, иккинчиси эса фақат ҳужум қилар эди. Иккинчи таймда эса тескариси. Ҳимояланган таймда устозимиз берган кўрсатмаларни бажаришга тиришардик. Асосан ҳимояда совуққонлик билан ўйнар, шошмасдан ҳужумни бартараф этардик. Ҳужум қилган таймимизда эса асосан ҳужумларни зарба билан тугатишга уринардик. Бу билан ҳимоячилар ҳам ҳужумда фойдали ўйнашни ўзлаштиришар, биз ҳам ҳимояда аслида қандай ўйнаш кераклигини ўрганиб борардик. Аста-секинлик билан жисмоний юкламаларимиз катталашиб борарди. Машғулотлардан сўнг бурчак тўпи тепишни машқ қилар эдик. Биз бир ой мобайнида деярли 15 хилдан ошиқроқ услубда “корнер”ларни якунлашни тўлиқ ўзлаштирдик. Устозимиз доим бизни машғулотлардан кейин мақтаб қўйсалар-да, ортидан “лекин бу кам”, — деб қўшиб қўяр, ҳеч қайси мақтовлари шу сўзларсиз тугамас эди. Бизга машғулотлар пайтида сув ичирмас, фақат томоқни ҳўллашгагина рухсат берардилар. Бошида шундан жуда ҳам қийналар эдик. Секин-секин кўникиб ҳам қолдик. Аввалига машғулотлардан сўнг оёқларимиз қалтираб қолар эди. Аста-секинлик билан танамиз ҳам бу нарсага тўлиқ мослашди.

Машғулотларимиз айни авжига чиққан пайтлари эди. Ҳар доимгидек стандартарни машқ қилгач, устозимиз бизни сафга туздиларда тантанали оҳангда:
— Эртага ҳамма чиройли кийиниб келсин сизларга сюрпризим бор, — дедида бизларга жавоб бериб юборди.

Эртаси куни устозимиз ҳаммани бир-бир кўздан кечирди-да, чўнтагидан бир даста чипта чиқарди ва бизга тарқатдилар. Бу ўша пайтлари юртимиздаги энг кескин қарама-қаршилик намойиш этадиган “Бунёдкор” – “Пахтакор” ўйинига чипта эди. Ўша пайтлари “Бунёдкор”да Ривалдо бошчилигидаги бразилияликлар ўянашар эди. “Пахтакор” эса халқимизни ёқимтойи эди. Биз ўзимизда йўқ ҳурсанд эдик. Устозимиз бизни “Жар” стадионига метро орқали олиб кетдилар. Биз қалбимизда бир олам қувонч билан бир-биримизга гап бермай кетардик. Фақат Ҳамиз ҳар доим ҳам гапга аралашвермас, ўзи ҳам бироз совуқроқ эди, чамамда. Барчамиз стадиондан ўз жойимизни эгаллаганимизда стадион деярли тўлиб бўлган эди. Ҳаво жуда ҳам ёқимли, майдон бўйлаб майин шаббода эсар, ҳаммамиз юрагимизда катта ҳаяжон билан футболчиларни майдонга чиқишини кутардик. Ана улар майдонга кириб келишяпти. Ривалдо сардор сифатида майдонга тушганди ўшанда. Устозимиз бизга уни қўли билан кўрсатиб “бу тирик афсона, у футболда қандай ютуқлар бўлса шуни ҳаммасига эришган, ундан кўп нарсалар ўргансангиз бўлади”, — дея тушунтирган эди. Ўша ўйинда ҳам аслида Ривалдонинг саъй-ҳаракатлари эвазига “Бунёдкор” ғалаба қозонган эди. Биз эса бир олам ҳис-ҳаяжонлар билан стадиондан чиққанимизда кун кеч бўлиб қолган эди. Биз бу сафар метрога тушмасдан автобусда уйга қайтдик. Йўл бўйи қий-чув қилиб ўйинни муҳокама қилиб келдик.

Ҳозир ўйласам, устозимиз бизларни машғулотлар зериктириб қўймаслик учун бу ерга олиб келган экан…

Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ

Давоми бор.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 10:00, 20.04.2018.
Ўқилди: 4960 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.