Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Совуққон сардор ёхуд Англия термасини ягона жаҳон чемпионлигига етаклаган мураббий ҳақида

Баҳо:
+ | -

Альф ҳамиша журналистлардан қочиб юрарди. Уларнинг футболчиларга босим уюштиришлари, миш-мишларга тез берилувчанликлари, ахборот олиш учун ҳар нарсага тайёрликлари ёқмасди унга.

Daily Mail нашри мухбири бир сафар шундай деганди: «Бош муҳаррир мендан Рамсининг 1966 йилги уй чемпионатида Англия термасининг чемпион бўлиш эҳтимоли ҳақидаги гапларини такрорлайвермасликни сўради.

Акс ҳолда, жамоа мусобақани тарк этиши ҳамоно, менинг ҳам ишдан бўшашим мумкинлигини таъкидлади».

Журналистларни Альфнинг нима сабабдан вингерларни рад этиб, «қанотсиз» формацияга ўтгани қизиқтирарди. Тушунмовчилик борган сари нафратга айланиб борди.

Мураббийнинг жавоби ҳам шунга яраша бўлди. «Илгари журналистлар машғулотлар бошланишидан олдин соатлаб атрофимизда айланишган бўлса, энди Альф уларга бор-йўғи 20 дақиқа вақт ажратяпти, холос.

Унинг интервью бериш чоғида суҳбатни кутилмаганда тугатиб қўйиши одатий ҳолга айланганди», - хотирлайди Нобби Стайлз.

Альфнинг ўзини бундай тутишига сабаб бор эди. Рамси Дагенхэмда туғилган бўлса-да, Эссексда - электр энергияси йўқ уйда вояга етди. Унинг отаси сомон сотиш билан шуғулланарди.

Альф ёшлигида кўпроқ ВВС радиоси мухбирларининг эшиттиришларини тинглар ва акцентини йўқотиш учун уларнинг гапларини такрорларди. Табиатан уятчан бўлган Рамси жамоат жойида бирор ортиқча сўз айтиб юборишдан қўр-қарди.

Англия термаси гуруҳ босқичида Уругвай билан 0:0 ўйнагач, Рамси шогирдларини Пайнвуд студиясига олиб борди - у ерда «Икки бор яшайсан, холос» фильмининг навбатдаги қисми суратга олинаётганди.

Экскурсиядан кейин Альф ўйинчилар номидан картина ижодкорларига миннатдорчилик билдириб, Шон Коннерига алоҳида раҳмат айтди. Ҳимоячи Жорж Коэн дарров мураббийни оқлай бошлади: «Альф жамоатчиликка яхши таниш инсонга айланган, аммо унинг Дагенхэмданлигини унутмаслик керак.

Бу ерга келгунча у узоқ йўлни босиб ўтади». Маълумот учун, Дагенхэм - Лондон шимоли-шарқида, Бектон ва Баркинг яқинида жойлашган кичиккина туман.

****************

Умуман олганда, Альф журналистлар учун ўта оддий инсон эди - ҳаммани ҳайратда қолдирадиган сўзларни айтмас, жанжаллашмасди ҳам. Рамси инсонлардаги тўғрисўзликни ҳурмат қилар, виждонли, жасур, вафодор кишиларни эъзозларди.

Унинг жамоаси ҳам шунга яраша ўйнарди: онкологик хасталикни енгган Бобби Мур, автоҳалокатда дўстларидан ажралган Бобби Чарльтон. Алан Болл эса «Блэкпул»да порлагунча АҚШ ва Канадани кезиб чиққанди.

Дарвозабон Бэнкснинг отаси шеффилдлик оддий темирчи эди, Херстнинг отаси эса - эссекслик қуролсоз. Бу йигитларнинг барчаси ўз дунёқараши ва характерига эга бўлган. Португалияга қарши ярим финал ўйини олдидан Рамси Нобби Стайлзга мурожаат қилиб, шундай деди:

- Эйсебиони ёпа оласанми?

- Умримнинг охиригачами, мураббий? - ҳазиллашган бўлди Нобби.

Португалияликларга қарши баҳсда Стайлз борини берди. Рамси ҳеч қачон футболчиларини мақтамаганди, аммо бу сафар одатига хилоф равишда Стайлзнинг профессионалларга хос ҳаракатини алоҳида мақтади.

Мураббийнинг бу эътирофи илк бор муҳаббат изҳор қилаётган йигитнинг сўзларига ўхшаб янграганди. Сўнгра Альф меҳмонхона барида алоҳида маъруза билан чиқди:

- Жентльменлар, сизларни ажойиб ўйинингиз ва финалга чиққанларинг билан муборакбод этаман. Бугун икки қадаҳ ичишларингга рухсат бераман. Аммо фақат «икки» эканлигини унутмаслигингизни сўрардим.

Ўтган шанба куни Аргентина билан бўлган ўйиндан сўнг менинг бу гапларим айримларнинг қулоғига етиб бормаганидан хабардорман. Аммо бугун эмас, жаноблар. Такрорлайман, фақат икки қадаҳ. Чунки шанба куни жаҳон кубогини ютиб олмоқчимиз!

Биргина Нобби барнинг бир бурчагига кўзларини тикканча жим турарди: олдинги ўйинда у Бэнкс билан ноқулай тарзда тўқнашиб кетган ва терма шифокори унинг қулоғи шишиб кетмаслиги учун антибиотик уколи қилиб қўйганди.

****************

Альф футболчилардан, биринчи навбатда, интизомни талаб қиларди. Ҳар оқшом соат 22:30да Рамси залга - ўйинчилар телевизор томоша қиладиган ерга кириб келар ва «Хайрли оқшом, жентльменлар»,-дерди.

Бу гапдан сўнг, фильмнинг энг қизиқ жойи келган бўлсада, ҳамма ўз хонаси томон йўл оларди. Бир сафар Рамси футболчиларнинг рафиқалари ва қайлиқлари билан меҳмонхонада кўришишларига рухсат берди. Аммо соат 22:30да у яна остонада пайдо бўлди:

- Хайр, хонимлар. Хайрли оқшом, жентльменлар.

- Альф, сиз умуман ухлайсизми? - деб сўрашди футболчилар жаҳл аралаш.

- Йўқ, жаноблар, сиз ухлайсиз.

Бу сўзларни айтаркан, Рамсининг кўзларида киноя учқунлари чақнарди. Мураббийнинг қаттиққўллиги футболчиларга оталик меҳрини эслатарди. Херст хотирлайди: бир марта у расмий костюмига атайин Англия термаси нишонини тақмаганди - аниқроғи, мактабдаги синф сардорига ўхшашни истамаганди. Буни дарров пайқаган Альф эса ундан сўраган:

- Жеффри, нишонинг қани?

- Кечиринг, жаноб Альф. Уни қаердадир тушириб қўйганга ўхшайман. Афсус...

- Кўп куюнма, Жеффри, - шундай деганча Альф чўнтагидан яна бир нишонни чиқариб, уни Херстнинг костюмига тақди. - Яна йўқотиб юрмагин, бўптими?..

****************

ЖЧ финалига саноқли кунлар қолганда Рамси ухламади, ҳисоб. У ҳал қилувчи ўйинга қайси таркибни тушириш масаласида бош қотирди. Ғалабаларга эришган таркибни қолдирсинми ёки Жимми Гривзни - жароҳати боис бир нечта баҳсни ўтказиб юборган футболчини майдонга туширгани маъқулмикан?

Жимми ҳақиқий юлдуз бўлиб, ҳақли равишда Англия термаси тўпурари ҳисобланарди. Шу билан бирга, у Хант ва Херстлардан иқтидорлироқ ҳам эди. Гривзнинг қайтишини журналистлар ҳам талаб қилишсада, Рамси ғолиб таркибни алмаштирмасликни маъқул топди: меҳнаткаш Хант ва Херст жароҳатдан сўнг майдонга қайтган Жиммига нисбатан ишончлироқ кўринди, унга.

Рамси бу қарори ўзини оқламаса журналистлар уни «еб ташлашларини» тушунарди, бироқ совуққонликни йўқотмади. «Альфнинг ўзига хос жиҳатларидан бири - ўткир босим остида совуққонлик ва хотиржамликни сақлаб қолиши эди», - деб ёзганди журналист Лео Мак-Кинстри ўзининг «СэрАльф» номли китобида.

Португалия устидан қозонилган ғалабадан сўнг ўтган дастлабки 3 кун давомида Альф финалга қайси таркибни қўйиши тўғрисида ўйинчиларга ҳеч нарса демади. Кўпчилик, айниқса, Херст ўзини назорат қила олмайдиган аҳволга тушганди: «Альфнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб бораётганимни сезиб қолдим.

У ўз ҳаракатлари билан ниманидир билдириб қўйишини жуда истардим. Мураббий менга шакар идишини узатса, негадир енгил тортардим ва «Уэмбли»даги ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушаман, деб ўйлардим».

Бу каби ҳолатлар финал кунигача давом этди. Рамси «вестерн» ва саргузашт фильмларни ёқтирар, футболчиларни ҳам тез-тез кинога олиб борарди. Бир сафар ҳатто уларга бақириб ҳам берганди: «Тўполон қилманг, ахир фильм бошланди, экранда - Жон Уэйн!». Финал арафасида ҳам Альф шогирдларини «Самодаги саргузаштлар»га олиб борди.

Фильм бошланиши олдидан эса 11 нафар футболчининг ҳар бирига алоҳида яқинлашиб: «Агар ҳозир айтадиган сўзларимдан кейин ҳам тинчгина ухлай олсанг, эшит: эртага сен асосий таркибда тушасан», - деди. Финалга ўтар кечаси, ниҳоят, Альф хотиржам бўлганча уйқуга кетди. Майдонга тушадиган таркиб аниқ бўлди, иш ниҳоясига етди.

****************

Эртаси куни тонгда Рамси қисқа, аммо ҳаммани курашга чорловчи сўзлар билан футболчиларга мурожаат қилди, сўнг уларни енгил нонуштага таклиф қилди.

«Уэмбли» меҳмонхонасига олиб борувчи йўлнинг ҳар икки четида тўпланган минглаб мухлислар қўлларидаги Британия байроқларини силкитишарди.

Стадионга ҳам одам сиғмасди: кийим алмаштириш хонасига телемухбирлар, расмий шахслар кириб олишган, улар орасида кичкина болакай ҳам бўлиб, у чой ташиш баҳонасида футболчилардан дастхат олиш билан овора эди. Рамси футболчилар ҳаяжонларини оз бўлсада босиб олишлари учун у ердагилар билан мулоқот қилишга рухсат берди.

Ўйин бошланди ва 90-дақиқа давомида Рамсидаги совуққонлик уни тарк этмади. Ҳатто немислар баҳс охирида ҳисобни тенглаштиришганида ҳам у ўзини йўқотмади. Кейинроқ экспертлар Германия термасининг голи қоидабузарликдан сўнг урилганини айтишди: тўп Шнеллингернинг қўлига теккан экан.

Рожер Хант шундай хотирлайди: «Ҳаммамиз шок ҳолатида эдик. Ҳеч ким нима бўлганини тушунмасди. Барчамизни тушкун кайфият қамраб олганди. Ахир биз ғолиб бўлдик, деб турганимизда, улар тўп киритишганди-да.

Мен ўзимни ўта ҳолдан тойгандек ҳис этардим». Бэнкс ҳам унинг сўзларини тасдиқлайди: «Бу Эверест чўққисига бир неча қадам қолганида содир бўлган қор кўчкисига ўхшарди».

Ўйинчилар ҳаммасидан умидларини узганча майдонда ётишганида, Альф уларга яқинлашиб келди. Мураббийнинг жаҳли чиққан, ҳаммага бирдай қичқирарди: «Ўрнингиздан туринг, тур деяпман сенларга!» - кейин юзи бирдан мулойим тус олди-да, аста гапира кетди: - Немисларга қарасангиз-чи.

Улар аллақачон тамом бўлишган, ҳолдан тойишган. Массаж ёрдамида уларни аранг ўзларига келтиришаётганини наҳотки кўрмаётган бўлсангиз?! Сизнинг ҳолатингиз уларникидан анча яхши. Энди эса, боринг ва жаҳон чемпионатида муваффақиятга эришинг».

Шу тариқа чарчоқ ўрнини қатъият эгаллади.

****************

Херст гол урганида трибуналар «Рамси! Рамси!» деган ҳайқириқлардан ларзага келди, аммо мураббий ҳеч нарсани эшитмаётгандай эди. Футболчилар қувончдан сакрашар, Альф эса ёрдамчиси Шефердсонни тартибга чақиришдан чарчамасди: «Ўтирсанг-чи, Гарольд, сакрама!».

Футболчилар томонидан яратилган фахрий доирани ҳам у камтарларча ўтказиб юборди: «Бугун сизларнинг кунингиз, йигитлар! Сиз бу ишни қила олдингиз, қувонсангиз арзийди».

Кейинроқ Рамси ҳаяжонли дамларни ёдга оларкан, шундай деганди: «Шу куни ҳеч бўлмаса биргина одам ақлини йўқотмаслиги кераклигини тушунардим. Аммо қалбим қувончга тўлганди, рақсга тушишдан ўзимни аранг тийиб турардим».

Жамоа кийим алмаштириш хонасига етиб борганида, Альф Чарльтондан сўраб қолди: «Нима жин уриб ўша лаҳзада тўпга зарба бердинг, пас узатишинг ҳам мумкин эди-ку?». Шок ҳолатига тушиб қолган Бобби ўзини оқламоқчи бўларди: эмишки, тўп ҳўл экан.

Ва ниҳоят, Рамси ҳам ҳаммага қўшилиб байрам қилишни бошлаб юборди, ўйинчиларни табриклади, елкаларини қоқди, жилмайишдан тўхтамади. «Орадан 20 дақиқа ўтгач, матбуотчилар кийим алмаштириш хонасига «оқиб киришганида», Альф яна одатий совуққон қиёфага кириб улгурганди - худди боғдорчилар танловида бронзага муносиб топилгандай кўринарди», - деб ёзганди Мак-Кинстри.

Жамоа стадионга чиққанида, Рамсини жуда кўп танқид қилган мухбирлардан бири қувончдан сакраганча қичқирди: «Баракалла, Альф, буни уддалашингга доим ишонгандим». Бу сўзларни эшитган мураббий унга нафрат билан қаради-да, деди: «Олдинлари бошқача куйлардинг, шекилли...».

Англия термаси вакиллари расмий маросим учун мўлжалланган либосларни кийиш учун меҳмонхонага қайтишди. У ерда хурсандчилик қилишди, мураббийни қўлларида кўтаришди. Йўлга чиқишганида эса, автобус йўлини маст киши тўсиб, футболчиларни зафар билан табриклашга ҳаракат қилди, эшикдан бошини суққанича «Ҳаммангизни яхши кўраман», деди.

Кейинги чорраҳада эса автомобиль томига чиқиб олган ёш қизча рақсга тушарди. Банкет ўйинчиларга ёқмади: ҳаммаси ўта расмий тарзда ташкил қилингани етмаганидай, футболчиларга рафиқаларини чақиришга рухсат беришмади. Расмий кишилар олдида зериккан футболчилар тезда «қуён бўлиш»ни маъқул кўришди.

Жек Чарльтон эртаси куни тонгда уйғонганида, Лондоннинг қайсидир бурчагидаги номаълум кимсалар даврасида эканлигини англаб етганди. Рамси эса меҳмонхонага - турмуш ўртоғи Викининг олдига йўл олди: узоқ гаплашишди, ейишди, ичишди.

«Биз тўхтовсиз гапиришдан ўзимизни тиёлмасдик. Мени эса бир савол қийнарди - ҳаммаси чинданам ўнгимда рўй беряптими? Наҳотки, биз буни уддалаган бўлсак?».

Рамси кучли чарчоқни ҳис қилди. Расмий маросимлардан сўнг Альф ва Вики бир ҳафта уйларидан чиқишмади, телефонни эса энг четдаги уйга олиб бориб қўйишди. У ердан қўнғироқ овози мутлақо эшитилмасди.

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 00:30, 22.04.2018.
Ўқилди: 2930 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.