Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ишонч (қисса, 9-қисм)

Баҳо:
+ | -

— Хўш, шўрва қайнагунча келинглар, ҳаммангиз бирма-бир ҳаётдаги орзуларингизнинг энг муҳими билан ўртоқлашинг. Менга бу жуда ҳам қизиқ, — дея сўз бошлади устозимиз гулхан атрофида тўпланиб ўтирган шогирдларига қарата. — Келинг, тартиб бўйича, — дея синфдошим Ихтиёрга қарадилар. У синфимиздаги энг камгап бола, агар гапирса ҳам олдида ўтирмасангиз ҳеч ҳам эшитмайсиз. У худди катталардек аввал томоқ қириб, секин гап бошлади:

— Менинг ҳаётдаг энг катта орзуим ота-онамга катта, кенг ховлили уй олиб бериш. Биз Тошкентга келганимизга мана бир неча йил бўлибди-ки, ҳали у ерда, ҳали бу ерда ижарада яшаяпмиз. Қани энди, тезроқ катта бўлиб ўз уйимнинг калитини олсамда, уйда ўтирган ота-онамга олиб бориб бериб, уларни хурсанд бўлишларини кузатсам... У чуқур ҳўрсиндида: — Аммо... Бу кунлар келишига ишониш қийинда, — деб секин ерга қаради.

Ҳаммамиз жим бўлиб қолдик. Биринчи бўлиб устозимиз тилга кирдилар.
— Ихтиёр, сен албатта орзуингга етишасан. Мен бунга 100 фоиз ишонаман. Чунки, йигит кишининг моли ерда бўлади. Вақт-соати келиши билан олган уйингни калитини ота-онангга бераётганингда йиғлаб юбормасанг бўлди, — дея гапни ҳазилга бурдилар. Ҳаммамиз кулишдик, сўнг устозимиз сен гапир дегандек Ғанига қарадилар. У дўрилдоқ овози билан бошини қашиб гап бошлади.

— Мен, агар иложи бўлса, кўп қаватли уйга кўчиб кетишни хоҳлардим. Чунки келажакда фарзандларим бўлса, уларни ҳам менга ўхшаб ёшлиги далада ёки 16 сотихлик ҳовлида чопиқ, суғориш ва ҳоказолардан боши чиқмай улғайишларини хоҳламайман, улар ҳам мана буларга ўхшаб (Иброҳим иккаламизни назарда тутиб) яхши ўқишини хоҳлайман. Устозимиз:
— Қизиқ орзу эканку, — дея секин менга қарадилар. Демак, менинг навбатим экан. Аста гап бошладим:

— Мен шу пайтгача қийинчилик кўрмай ўсганман, ота-онам нима истасам доим муҳайё қилишган. Велосипедлар, компьютерлар, қисқача қилиб айтганда, нима истасам ҳаммасига эришганман. Менинг ҳаётдаги энг катта орзуим ота-онамни рози қила оладиган фарзанд бўлиш. Баъзида хаёлан дадамга машинанинг калитини бераётганимни кўриб, юрагиб ҳапқириб кетади. Орзум — ҳалол ишлаб, дадамга энг охирги русумдаги бўлмаса ҳам яхши машина совға қилиш, — дея жилмайдим.

Синфдошларим жон қулоғи билан суҳбатни эшитишарди. Устозим менга қизиқсиниб қарадиларда:
— Чаккимас, Жавоҳир, чаккимас, — дея рўпарамда ўтирган Тимурга қараб, “қани”, дегандай бошлари билан ишора қилдилар. Тимур кўзини бир нуқтага қадаб:

— ... Ота– онам ажрашиб кетишганида 4 ёшлик бола эдим. Онам мени бувимга қолдириб, ўзлари бошқа турмуш қилиб кетганлар. Ёлғиз бувим оқ ювиб, оқ тарадилар. Тўғри, яхши кийинтира олмагандирлар, хоҳлаган нарсамни олиб беролмаган бўлишлари мумкин. Лекин улар менга ҳаётдаги энг муҳим нарсани, ҳеч нарса ўрнини боса олмайдиган — она меҳрини бера олдилар. Бувижоним менинг ҳаётим мазмуни. Сезиб турибман, борган сари қариб қоляптилар, кўп касал бўляптилар, тепаларида ўтирсам, кўзимга тикилиб хаста овозда «сени ҳам қийнаб юбрордимда, болам », — деб маъюс жилмаядилар, шунақа пайтларда дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетади... Менинг орзум бувижоним ҳеч қачон касал бўлмасинлар. Энди улғайганимда, энди-энди қўлимдан бир иш келиб қолганида олдимда бўлсинлар. Мени кўрсатган меҳрларига яраша уларни иззат-икром қилишга улгуришни хоҳлайман, — дея у ёғига гапира олмай қолди.

Ўзи унинг кўнгли бўшроқ, таъсирланса дарров кўзига ёш келади. Ғани томоғини қириб ерга қаради, қарасам, Мирсодиқ унинг елкасига қўл ташлаб, алланималар деб овутяпти, у ҳам елкалари силкиниб ўтирипти. Устозимиз бироз жим қолдилар. Сўнг жилмайиб:
— Ҳали тўйларингда бош бўладилар. Энг муҳими, улар учун ҳам бу ҳаётда ўз ўрнингга эга чиқ. Бувижонингни сенга сарфлаган меҳнатларини бесамар кетказма.

Биз шу дақиқаларда бир оиладек бир-биримизга яқинлик сеза бошладик. Сўз навабати Ҳамизга келган эди. У дадил овозда гап бошлади:
— Мен доим битта нарса ҳақида орзу қиламан. Ўзимнинг шахсий бизнесим , кичикроқ офисим бўлса. Майли, қўлимда кўп одам ишламасин, майли жуда катта даромад қилмай. Лекин ўзимнинг шахсий ишим бўлсин. Ҳеч ким «Бобур Зуфаровичнинг биттаю битта фарзанди» деб гапирмасин. Ҳамма мени ўз кучим билан эришган муваффақиятларим учун ҳурмат қилишини хоҳлайман. Биласизлар, дадам катта лавозимда ишлайдилар. Кечроқ турмуш қурганлар. Мен оилада якаю ягона фарзандман. Оилавий имкониятимиз эвазига менда яхши кийинишга, энг охирги русумдаги телефон ишлатишга, хоҳлаган нарсамни олишга қурбим етади. Бу эса, атрофимдаги тенгдошларимда икки хил муносабат уйғотади. Баъзилари мен билан манфаатлари учун дўст бўлишга урунишади, баъзилари эса «бойнинг арзандаси – бу », — дея мендан ўзларини олиб қочадилар. Ишонсангиз, шу кунгача биронта ҳам чин дўст орттирмаганман. Менинг орзум — ҳаётда ўз кучим билан атрофимдагиларнинг ҳурматини қозониш.

Устозимиз бу гаплардан сўнг бироз овқатни аралштирдиларда:
— Мана, шўрва пишай деб қолди, — дея секин Аброрга қарадилар. Эркалабми ё ҳазилашибми: — Қани қассобларнинг орзусини билайликчи, — деб кулдилар. Аброр гапга устароқ эмасми, роса гапни олиб қочди. Пули кўп бўлармиш, катта бир кушхона очармуш. Ўзи ҳечам ишламасдан, фақат шогирдларини ишлатиб тепасида турармиш. Орада қушхонадан тушадиган пулларни ҳам хомчот қилиб, айтиб берди. Буни эшитиб, тўғриси устозимиз ҳам қизиқиб қолдилар шекилли:

— Ҳали бойиб кетсанг, танимай қолмасанг бўлгани, — дея гапни ҳазилга бурдилар. Устозимиз «қани, сен гапирчи, афанди», — дея Мирсодиққа қараб жилмайдилар. Мирсодиқнинг қизиқ одати бор: қизиқ гап гапиришдан олдин ўзи мириқиб кулиб оладида, сўнг кулгу аралаш гап бошлайди. Ҳозир ҳам шундай қилди:
— Шу десангиз, менинг орзуим иккита хотин олиш. Бирини шаҳарнинг бу четига, иккинчсини бу четига жойлашитириб, ўзим эса хотиним ва ота-онам билан яшаш.
Ҳамма кулиб юборди.
— Ахир хотининг учта бўлиб кетибдию?
— Шунақа бўлдими?— дея ўзини жинниликка солдида, —  э майли, зарари йўқ. Ўнта бўлса, ўрни бошқа, — деб яна ҳаммани кулдирди.

Шу синфдошимизни бирон маротаба жиддий аҳволда кўрмаганман. Устозимиз ҳам елкаларини учириб мириқиб кулди. Мирсодиқ яна гапириб, ҳаммамини роса кулдирди. Сўнг, Хайриддин ака Фарҳодга қаради. Нафақат устоз, ҳаммамиз унга қараб турардик. У қошларини чимириб, ҳммм дея гапни нимадан бошлашни билмай турдида:

— Агар кулсанглар, мендан кўрасанлар, — дея пўписа билан гап бошлади. Ҳаммамизкатта қизиқиш билан унга тикилдик. Фарҳод бироз ҳалиги, анақа, деб каловланиб турдида, — Дадам тезроқ чиқишларини орзу қиламан, — дея ҳижолатомуз оҳангда гапини давом этирди. — Отам деярли 10 йилдан бери турмадалар. Уларнинг ёнимда бўла олмаётганлари мени қандайдр руҳан эзади. Тенгдошларим дадасидан қўрқишини гапиришса, менинг уларга ҳавасим келади. Қанийди мен ҳам дадамдан қўрққанимдан уйга кеч қолмасдан шошиб борсам, қани эди дадам уришадилар дея бирон ёмонроқ нарсадан ўзимни тийсам, қанийди дадам ёнимда бўлсаларда, ҳар куни эрталаб мени уйқудан уйғотсалар. Уларни менга меҳр кўрсатишларини эмас, ҳеч бўлмаса биз билан бир том остида яшашларини хоҳлайман. Қани эди уйга кеч келсамда, дадам мени тергасалар, майли, боплаб таъзиримни берсалар ҳам ёнимда бўлсалар...

Унинг томоғига бир нима тиқилди шекилли, гапира олмай қолди. Секин юзини четга буриб қарадида, уҳ тортиб “шунақа гаплар” деб қўйди. Қарасам, устозимиз ҳам ўйчан қиёфада ўтирибдилар. Ҳамма маҳзун. Шу пайт ҳамма синфдошларимни маҳкам бағримга босгим келиб кетди. Билмадим, бу қандай ҳис эди? Лекин, ўша тунда бўлган бу суҳбатимиз бизни бир-биримизга яқинлашишимиз учун трамплин вазифасини бажарган бўлса керак...

Устозимиз чўмич билан шўрвадан озгина олдиларда мазасини кўриб:
— Оҳ, тайёр бўлибди-ку бизнинг болта шўрвамиз, — дея тантанали оҳангда гапирдиларда: — қани ҳамманг идишингни бер, сузамиз, — деб гапни бошқа мавзуга буриб юбордилар. Ўша кеча тоза ҳаво таъсиридами ёки кеч бўлиб қолгани учунми, билмадим, ҳаммамизни қорнимиз роса очган экан. Бир қозон «болта шўрва»ни пок-покиза туширдик. Овқатдан сўнг, яна анчагача кулишиб ўтирдик. Ҳеч кимнинг уйқуси келмас эди. Ўша туннинг узоқроқ чўзилишини хоҳлар эдик. Устозимиз дала ҳовлининг торгина хонасига хаммамизга ёнма-ён зич қилиб жой солишни буюрдилар. Худди ака-укалардек ёнма ён ётдик...

Эртасига хўроз қичқирмасдан бизни уйғотдиларда, югуришга олиб чиқиб кетдилар. Ўзимизнинг услубда жамоа бўлиб ёнма-ён югурардик, биз энди қандайдир ўспиринлар эмас, бир жамоадек бир саф бўлиб югуриб кетардик. Устозимиз бизни югуришга буюриб, ўзлари бирмунча фурсатдан сўнг ортимиздан дўстлари билан етиб олдилар. Ўша куни биз умуман машғулот ўтказмадик. Фақат дам олдик, балиқ тутдик, чўмилдик, ҳатто устозимизга билдирмай қарта ўйнадик. Хайриддин ака эса ўтин йиғиб ўртоғи билан ўчоқда қўлбола ош қилишди. Ўша куни мириқиб дам олдик. Аср пайтида ош пишди. Ўтиннинг ёқимли ҳиди келиб турган паловни талашиб-тортишиб едик. Устозимиз соатига қарадиларда, қани энди бизга рухсат дея қайтиш тараддудини кўрдилар... Қош қорая бошлаган паллада шаҳарга қайтувчи сўнгги поездга улгурдик. Поезднинг бир меъёрдаги тақир-туқири гўё бизни аллалагандай ҳамамиз ухлаб, мудраб кетардик... Шаҳарга яқинлашаётганимизда устозимиз бизни уйғотдилар...

Темир йўл бекати устида йўқлама қилиб олдиларда, сўнг барчамизга тўғри уйига боришини уқтирдилар ва эртага машғулотлар йўқлигини айтиб, жавоб бериб юбордилар. Биз шу ерда хайрлашдик. Ҳамма яна ўз ҳаётига сингиб кетди...

Турнир бошланишига эса 2 кун қолганди ўшанда. Бу саёҳатимиз менинг ширин хотирам сифатида абадий ёдимда қолди. Олдинда эса бизни турнир кутарди...

Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ

Давоми бор.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 08:29, 27.04.2018.
Ўқилди: 3652 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.