Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Pepsi Суперлига 11-тур: фактлар, қаҳрамонлар, иқтибослар ва бошқа турли кўрсатгичлар

Баҳо:
+ | -

12 май куни Pepsi Суперлига биринчи давраси ниҳояланди. Бошқача айтганда, янги тизимдаги миллий чемпионат элит дивизиони йўлининг чорак қисми ортда қолди.

Унинг маҳсули - таассуротлари чакки эмас, гарчи ўтган ҳафтадаги ўйинлардан сўнг турнир жадвали юқорисида одатдаги пойтахт триоси («Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив»)ни кўраётган бўлсакда.

Ҳар ҳолда, «интрига» ошаётгани яққол сезилмоқда. Қолаверса, ҳозирги ҳолатда «Олтин очко» тизими бўйича жадвал тузадиган бўлсак, у мутлақо бошқача кўриниш олади.

1-КУН: ИККИ ДЕРБИ - КУТИЛМАГАН НАТИЖАЛАР

«Қўқон-1912» ўз майдонида яққол аутсайдер - «Нефтчи»ни енголмади - 1:1.«Вилоят дербиси» мақомидаги учрашув доимгидек, шиддатли ва кескин курашлар остида ўтди. Тўғри, ҳар икки жамоа ҳужумкор футболга таянганига қарамай, мухлислар голни анча узоқ кутишди.

Аниқроғи, мезбонлар бир қатор самарасиз уринишлардан сўнг 53-дақиқада ҳисобни очишди. Бу вазиятда ҳимоячи Ғиёс Комилов тўпни боши билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Лекин фарғоналиклар кейинги ҳужумдаёқ ўртадаги мувозанатни тиклашди.

Эътиборлиси, Достон Турсунов жорий мавсум Қўқонда Нўъмон Ҳасанов жамоаси дарвозасини ишғол этган биринчи футболчи бўлди. Кейинроқ Аброр Исмоилов иккинчи сариқ карточка олиб, майдондан чиқиб кетди, бироқ «Қўқон-1912» ярим соатдан кўп вақт давомида сон жиҳатидан устун ўйнаб ҳам, 3 очкони ўз томонига оғдиролмади.

Ўз навбатида, «Нефтчи»нинг биринчи даврада ғалаба нималигини билмаган ягона жамоа бўлиб қолганини айтиш ўринли.

«Тошкент вилояти дербиси»ни томоша қилганлар голни янада кўпроқ вақт кутишди. Аслида «Металлург» ҳисобни анча эрта очиши мумкин эди, аммо биринчи бўлим ўрталарида Ислом Исоқжонов жарима нуқтасидан чиройли зарба бергач, АГМКни дарвоза тўсини голдан қутқариб қолди.

Финал ҳуштаги янграшига 5 дақиқача қолган пайтда эса Виктор Кумиков шогирдлари ўз одатларига кўра, стандарт вазият ҳузурини кўришди. Яъни тўп бурчакдан ўйинга киритилгач, Владимир Бубанья енгил зарба билан Жавоҳир Илёсов дарвозасини ишғол этди. Таъкидлаш керак, бунда меҳмонларга шамол ҳам маълум даражада қўл келди.

2-КУН: ТУРФА СЕРИЯЛАР

Иккинчи кунги ўйинлар голларга бой бўлди. Хусусан, Қаршида мухлислар нақ 5та гол кўришди, аммо кўпчилик стадиондан кайфиятсиз чиқиб кетди.

Чунончи, чемпионат пешқадами - «Пахтакор»ниқабул қилган «Насаф» яна ютқазди - 2:3. Учрашув «шерлар» учун ниҳоятда омадли бошланди - Жалолиддин Машарипов 2-дақиқадаёқ ҳимоячиларнинг қўпол хатоларидан унумли фойдаланди. Лекин Шота Арвеладзе ва унинг жамоаси шодлиги узоққа чўзилмади: кейинги ҳужум, бурчак тўпи ва Ғолиб Ғайбуллаев гол муаллифи.

«Аждарлар» шу билан чекланиб қолмай, тезкор ҳужумларни кўпайтиришди ва бу ҳаракат 37-дақиқада самара келтирди - Драган Черан тўпни ҳимоячилар орасидан чиройли тарзда Бобур Абдухолиқовга етказиб бергач, ҳужумчи собиқ клубдоши Элдор Суюновни бироз хижолатда қолдирди (тўпни унинг оёқлари орасидан дарвоза томон йўллади) - 2:1.

Кейинги икки гол португалиялик Исмоил Гонсалвеш номига ёзилди. «Пахтакор» легионери танаффусга чиқиш арафасида ўйин ҳолатидан ҳисобни тенглаштирган бўлса, 84-дақиқада Жалолиддин Машариповга нисбатан қўполлик учун белгиланган пенальтини бехато бажарди.

Фактларга келсак, «Насаф» қаторасига 3-мағлубиятни тан олди (шундан 2таси ўз майдонида), қолаверса, Рўзиқул Бердиев жамоаси 5та ўйиндан буён ғалаба қозониш йўлини тополмаяпти. «Пахтакор» аксинча, 6та турки, мағлубиятсиз одимлаяпти - 4та ғалаба ва 2та дуранг.

«Локомотив» - «Бухоро» учрашувига ҳам турнинг аҳамиятли жангларидан бири сифатида қаралди. Майдонда шунга яраша, кескин кураш кечди.

Ҳар ҳолда, бухороликлар яна текис «рельс»га тушиб олишган «темирйўлчилар»га жиддий қаршилик кўрсата олишди. Иккинчи бўлим бошида туркманистонлик Арсланмурод Аманов супергол эвазига ҳисобдаги фарқни минимал даражага келтирганидан кейин Игнатий Нестеров бир қатор вазиятларда жонбозлик кўрсатмаганида, эҳтимолки, Улуғбек Бақоев жамоаси пойтахтдан ижобий натижа билан қайтарди.

«Локомотив» бунга қадар қандайдир 3 дақиқа оралиғида урилган 2та гол туфайли хотиржам ўйнаётганди (26-дақиқада Олег Зотеев узатмасидан сўнг Икром Алибоев ҳисобни очди, кейин Сардор Мирзаев устунликни мустаҳкамлади, унинг голига Санжар Шоаҳмедов ҳаммуаллифлик қилди).

63-дақиқага келиб эса, Андрей Фёдоров шогирдлари таҳликали ҳолатдан чиқиб кетишди. Бу сафар Сардор Мирзаев ассистент ролини бажарди, ҳужум ва шунинг баробарида ҳисобга нуқта қўйиш Марат Бикмаев чекига тушди. Дарвоқе, шу билан «Локо»нинг мағлубиятсиз серияси 5та ўйинга етди, «Бухоро» бўлса, кетма-кет 3-марта очко олиш имконини тополмади.

3-КУН: ЯГОНА ЙИРИК ҲИСОБ

Миржалол Қосимов Жиззахда футболчи алмаштиришда топқир эканлигини намойиш этиб, ўз жамоаси ғалабасини таъминлади. Тўғрироғи, ўйиннинг 70-дақиқасида Шаҳзод Нурматов ўрнини эгаллаган Филипп Райевац финал ҳуштаги янграшига оз муддат қолган вақтда «Бунёдкор»нинг иккинчи голига муаллифлик қилиб, 3 очкони «қалдирғочлар» томон оғдирди.

Бунгача жамоалар 1тадан гол урганди. Биринчи бўлимнинг якуний қисмида Жавлон Иброҳимов тиниб-тинчимас Хуршид Ғиёсовнинг узатмасидан сўнг ҳисобни очган бўлса, «Сўғдиёна» вакиллари 57-дақиқада бурчак тўпидан фойдаланиб, мувозанатни тиклашди.

Гол муаллифи - Дилмурод Каримов, ҳаммуаллиф - Сардор Қулматов. Бироқ Сергей Лушан шогирдлари дурангни сақлаб қололмадилар ва бунда Миржалол Қўшоқовичнинг захира кучлари катта роль ўйнагани айни ҳақиқат. Қисқаси, «Сўғдиёна» бош мураббийи айтганидек, ҳозир унинг жамоасидан бундан ортиғини кутиш ярамайди, чоғи.

Дарвоқе, илк гол муаллифи ҳақида - Жавлон Иброҳимов шу билан Суперлигада рақиблар дарвозасини 5-марта нишонга олди. Ярим ҳимоячи учун чакки натижа эмас, тўғрими?

Турнинг ягона йирик ҳисобли ғалабасини «Навбаҳор» қайд этди - 3:0. Умуман,  наманганликлар «Қизилқум»га қарши баҳсда хотиржам ўйнашди, айтарли хавфга дуч келишмади.

Ваҳоланки, Илҳом Мўминжонов жамоасида таркиб борасида муаммолар бор эди - сербиялик ҳимоячи Томислав Пайович (дисквалификация), орқа чизиқнинг яна бир тажрибали вакили Даврон Ҳошимов (жароҳат) ва ҳужумчи Ненад Иньяц (жароҳат) майдонга туша олишмади.

«Лочинлар» ишини 5-дақиқада урилган тезкор гол анча осонлаштиргани аниқ. Бу вазиятда Сардор Сулаймонов фаоллик кўрсатиб, Аъзам Алиев томонидан оширилган тўпни дарвозага аниқ йўллади.

Кейинги 2та гол учрашувнинг якуний чорагига тўғри келди. «Қизилқум» кипери Эркин Жабборов аввалига Азиз Турғунбоевнинг кучли зарбаси олдида ожиз қолди, кейин айнан унинг жарима нуқтасидан йўллаган тўпини қайтардию, Дилшод Жабборовнинг такрорий уринишига халақит беролмади.

Хуллас, Суперлигага 0:3 ҳисоби билан киришган Навоий клуби биринчи даврани худди шу ҳисобда тугатди, «Навбаҳор» учун эса бу жорий мавсумдаги илк йирик ғалабадир.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - ИСМОИЛ ГОНСАЛВЕШ

«Пахтакор» - пешқадам, «Пахтакор» - охирги 6 турда 4та ғалабага эришди. «Шерлар» шу ўйинларда 12та гол уришди, уларнинг деярли ярми, яъни 5таси португалиялик Исмоил Гонсалвеш ҳисобига ёзилди. Ҳа, унинг бу статистикасида пенальтилар ҳиссаси катта (охирги 5та голидан 3тасини 11 метрли жарима зарбасидан урди).

Дейлик, «Насаф»га қарши баҳсда ҳам айнан пенальти ёрдами билан «дубл»га эришди. Факт шуки, «Пахтакор»-нинг навбатдаги ғалабасига айнан Исмоил «имзо» чекди. Қолаверса, у биринчи бўлим охирида жамоаси учун жуда зарур гол уриб, ҳисобни тенглаштирганди.

Акс ҳолда, «шерлар» Қаршидаги ўйиннинг иккинчи бўлимида босим остида қолиб, ортга қуруқ қўл билан қайтишлари ҳам ҳеч гап эмасди.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Шамол бизнинг дарвозамиз томон эсаётган пайт кичик эътиборсизлик оқибатида гол қўйиб юбордик. Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи).

- Рақибнинг тезкор жавоб голи қайсидир маънода режаларимизни бузиб юборди... Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи).

- Рақибларни кучсизлантириш учун трансферларга қўл урмаймиз. 80-90-йиллар «Милан» шундай иш тутган ва бу тактикадан хабардорман. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Молиявий ҳолат? Ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Бу футболчиларга руҳий томондан таъсир қилиши аниқ, албатта. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Рақиблар вазиятлардан унумли фойдаланишди, биз эса яхши имкониятларни кўкка совурдик... Арсланмурод Аманов («Бухоро» ярим ҳимоячиси).

- 22-тургача анча вақт бор ва вазият ўзгариб кетиши мумкин. Шундай экан, кучли олтилик ҳақида ўйлашга ҳали эрта. Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи в. б.).

- Ҳа, дуранг натижа қайд этишимиз ҳам мумкин эди, аммо ҳозирча бундан ортиғига кучимиз етмайди. Яъни фақат ўз даражамиздаги жамоалардан очко олишга қодирмиз... Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи).

- Шогирдларим жуда кўп хато қилишди. Сабаб нима? Бу борада ҳеч нарса деёлмайман. Ҳимоячиларимиз илк марта майдонга тушгандек таассурот қолдиришди... Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи).

- Жиззахдаги баҳсда ўзгаришлар самара бермаган, аксинча, 14 дақиқа ичида 3та гол қўйиб юборгандик. Бугун эса наф келтирди. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи).

-------------------------------------------------------------------------

«МЕТАЛЛУРГ» - АГМК - 0:1 (0:0)

10 май. Бекобод. «Металлург» стадиони. 8047 томошабин.

Ҳакамлар: В.Серазетдинов (Тошкент), А.Снетков (Тошкент), С.Улфатов (Тошкент).

Гол: В.Бубанья (85).

«Металлург»: 35. Ж.Илёсов, 5. А.Отахонов, 8. Ш.Шайманов, 9. З.Ўринбоев, 10. И.Исоқжонов, 15. З.Абдуллаев, 37. Ш.Файзиев, 55. А.Исматуллаев, 77. М.Исаев (7. С.Нуруллоев, 70), 88. А.Ҳусинов (20. Д.Эрматов, 39), 91. П.Смоляченко.

АГМК: 33. П.Матяш, 2. А.Ҳожиакбаров, 4. Х.Мухторов (18. Қ.Баҳодиров, 50), 5. Д.Жўраев, 10. Ш.Норбеков (9. З.Полвонов, 86), 13. Л.Тўраев, 15. В.Бубанья, 19. В.Касминин, 23. Й.Жокич, 24. Ж.Гусейнов, 87. В.Чемиртан.

Огоҳлантиришлар: Ш.Шайманов (23), А.Исматуллаев (54), С.Нуруллоев (72), А.Отахонов (75), П.Смоляченко (90+2) - Х.Мухторов (18), Й.Жокич (55), Ж.Гусейнов (82).

Назоратчи: С.Нажафалиев (Тошкент).

Комиссар: Р.Черников.

Виктор Кумиков (АГМК бош мураббийи): - Муросасиз ўйин, кескин кураш. Шогирдларимда иштиёқ баланд-лиги боис, зафар қучдик, менимча. Жамоаларнинг янада чиройли ўйин кўрсатишига об-ҳаво шароити бироз халақит берди. Ҳозирги ҳолатда ҳар бир ўйинда очко олиш жуда зарур. Ўйлайманки, қайд этилган натижа ҳаққоний бўлди...

Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи): - Ўйин биринчи голга қадар давом этди. Шамол бизнинг дарвозамиз томон эсаётган пайт кичик эътиборсизлик оқибатида гол қўйиб юбордик.

Олмалиқликларни ҳаққоний ғалаба билан табриклайман. Табиийки, энди кейинги ўйинлар ҳақида бош қотирамиз. Яъни бугун йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш чорасини излаймиз.

-------------------------------------------------------------------------

«ҚЎҚОН-1912» - «НЕФТЧИ» - 1:1 (0:0)

10 май. Қўқон. «Марказий» стадиони. 10036 томошабин.

Ҳакамлар: В.Агишев (Тошкент), Д.Сайлавов (Тошкент), Р.Нугманов (Тошкент).

Голлар: Ғ.Комилов (53) - Д.Турсунов (55).

«Қўқон-1912»: 1. Ў.Юсупов, 5. Ғ.Комилов (15. О.Рустамов, 74), 9. Н.Отақўзиев, 10. Ж.Сиддиқов, 17. Қ.Рўзиев (18. Б.Пардаев, 46), 19. С.Бердиев, 22. М.Холмуҳаммедов, 23. А.Мерзляков, 55. Д.Гожкович, 65. М.Милич, 95. М.Спремо (96. М.Ҳасанов, 60).

«Нефтчи»: 1. А.Абдужалилов, 2. И.Шойқулов, 3. Ш.Пўлатов, 14. А.Исмоилов, 19. А.Ўлмасалиев, 20. Ҳ.Ғофуров, 22. А.Исроилов (27. Д.Маматов, 90), 23. А.Абдулҳақов (8. А.Махсталиев, 66), 25. А.Саматов, 71. Х.Асқаралиев (9. А.Юсупов, 85), 95. Д.Турсунов.

Огоҳлантиришлар: М.Холмуҳамедов (14), Ў.Юсупов (43) - И.Шойқулов (18), Х.Асқаралиев (39), А.Исмоилов (49), А.Абдужалилов (90).

Четлатиш: А.Исмоилов (61, Н.).

Назоратчи: Б.Тоғаев (Тошкент).

Комиссар: Б.Орипов.

Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи» бош мураббийи): - Сир эмас, дерби ҳар доим шиддатли кечади. Айниқса, «Водий дербиси» бу борада алоҳида ажралиб туради. Бугун икки жамоа ҳам ғалаба илинжида майдонга тушди. Бироқ мезбонлар каби биз ҳам вазиятлардан етарлича фойдаланолмадик.

Менимча, дуранг - ўйинга мос натижа. Бугун ҳам ёшларга ишонч билдирдик. Улар имкон қадар ҳаракат қилишди, майдонда борларини бериб ўйнашди. Бунинг учун йигитларга раҳмат. Ёшларга далда бўлган тажрибали футболчиларимиздан ҳам миннатдорман.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Йи-гитларимизда чарчоқ аломатлари сезилиб қолди. Ахир рақиб бир киши кам бўлиб қолганига қарамай, ғалабани ўз томонимизга оғдиролмадик.

«Нефтчи»ни муносиб ўйин ва натижа билан табриклайман. Фарғоналикларга тезда ҳисобни тенглаштирганлари қўл келди, чоғи. Ҳар ҳолда, рақибнинг тезкор жавоб голи қайсидир маънода режаларимизни бузиб юборди...

Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912» ярим ҳимоячиси): - «Нефтчи» футболчилари ҳимояда тартибли тўп суришди. Уларда йўқотадиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Шунинг учун босимсиз ўйнашди, шекилли. Биз эса ҳар доим ғалабани кўзлаймиз. Бугун вазиятлардан фойдаланишда оқсадик. Начора, кейинги ўйинларда мухлисларимизни хурсанд қилишга уринамиз, албатта.

---------------------------------------------------------------------------

«НАСАФ» - «ПАХТАКОР» - 2:3 (2:2)

11 май. Қарши. «Марказий» стадиони. 10512 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент), А.Расулов (Тошкент), Ж.Саидов (Тошкент).

Голлар: Ғ.Ғайбуллаев (4), Б.Абдухолиқов (37) - Ж.Машарипов (2), И.Гонсалвеш (41, 84-пен.).

«Насаф»: 35. С.Қувватов, 5. Ғ.Ғайбуллаев, 6. А.Ға-ниев, 7. О.Ҳамробеков (27. И.Рашидхонов, 77), 10. Б.Абдухолиқов (20. И.Кенжабоев, 51), 14. Ш.Муҳиддинов (77. Ж.Ҳасанов, 63), 17. Д.Нарзуллаев, 22. И.Голбан, 31. С.Раҳматов, 55. С.Лукич, 69. Д.Черан.

«Пахтакор»: 25. Э.Суюнов, 2. А.Шораҳмедов, 4. Ш.Аъзамов, 7. А.Аҳмедов, 8. Д.Раҳматуллаев (10. Ж.Искандеров, 51), 9. Ж.Машарипов, 11. И.Гонсалвеш (80. Р.Гриффитс, 89), 18. Б.Абдураҳимов (22. Ж.Яхшибоев, 90+1), 29. В.Козак, 55. М.Симич, 77. Т.Безерра.

Огоҳлантиришлар: А.Ғаниев (49), Д.Нарзуллаев (83) - И.Гонсалвеш (84).

Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент).

Комиссар: М.Саидқосимов.

Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Уч-рашувдан олдин Қаршида «Насаф» билан ўйнаш ёқимли эканлигини таъкидлагандим. Чунки бу ерда футбол учун ажойиб шароит, идеал майдон бор. Муҳими, рақиб ҳужумкор ўйинни хуш кўрадиган жамоа.

Шунингдек, «Насаф»ни Суперлигани яхши биладиган тажрибали мутахассис бошқармоқда, қаршилик мухлислар ҳам ажойиб муҳит яратиб, ўйинга ўзгача зеб беришади. Шуларга қўшимча равишда, ғалаба қозонсанг, янада ёқимли. Ўйин мухлисларга ҳам ёқди, менимча.

Ишонч билан айтаманки, бутун вақт давомида рақибдан кучлироқ кўриндик. Ҳар ҳолда, барчасини тўлиқ назорат остига олдик. Ҳаттоки, мезбонлар ҳисобда олдинда боришган дақиқаларда ҳам ўйин тизгини бизда эди. Танаффусга қадар гол урганимиз кейинчалик зарур тактика қўллашимизда қўл келди.

Аслида иккинчи бўлимда янада кўпроқ гол уришимиз мумкин эди. Ҳар бир ўйин мураббийга ўз жамоасининг яхши томонлари, хато ва камчиликларини кўрсатиб беради. Мана, бугун қарши ҳужумда яхшигина хавф туғдира олишимиз исботланди.

Жамоада рақобат мавжуд. Ҳеч кимга асосий таркибда ўрин кафолатланмаган. Хусусан, Фаррух Сайфиевни захирада ушлаб туриш учун жалб қилмаганмиз. У кўп қиррали футболчи - ҳам ўнг қанот, ҳам чап тарафда ўйнаши мумкин. Мавсум узун ва ўйлайманки, Фаррух ҳали бизга кўп ёрдам беради.

Демоқчиманки, рақибларни кучсизлантириш учун трансферларга қўл урмаймиз. 80-90-йиллар «Милан» шундай иш тутган ва бу тактикадан хабардорман. Егор Кримецга келсак, у ҳали тайёр эмас. Уни қайдномага киритганимизга сабаб шуки, жамоа билан бирга бўлишини истадик. Умуман, Кримец ушбу мавсум жамоа билан илк марта сафарга чиқди.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - 70 дақиқа давомида «Пахтакор»га муносиб қаршилик кўрсатдик. Охирги 20 дақиқада эса меҳмонлар катта ташаббусга эришдилар. Танланган тактикага асосан, рақибга ўз жарима майдончаси атрофида «прессинг» ўтказишимиз керак эди.

Буни қайсидир маънода уддаладик, аммо ҳимоядаги оддий хатолар қимматга тушди. Молиявий ҳолат? Ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Бу футболчиларга руҳий томондан таъсир қилиши аниқ, албатта. Аммо ҳеч нарсага эътибор қаратмай, йигитларни ўйинларга муносиб тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз.

Афсуски, жамоанинг умумий жисмоний ҳолати ҳам яхши эмас. Йўқ, ҳеч қайси футболчини суст ўйнаганликда айблолмайман. Ҳозирги кучимиз 70 дақиқага етди, кейин толиқиш ўз сўзини айтди.

Балки қайсидир футболчилар билан хайрлашишимизга тўғри келар. Чунки ҳозирги ҳолат давом этаверса, жамоани тайёрлаш қийинлашиб бораверади. «Насаф»нинг муаммоси фақат жисмоний эмас, балки руҳий тайёргарликка ҳам боғлиқ. Вазият қанчалик қийин бўлмасин, вазифа - жамоани ўнглаш.

-------------------------------------------------------------------------

«ЛОКОМОТИВ» - «БУХОРО» - 3:1 (2:0)

11 май. Тошкент. «Локомотив» стадиони. 6050 томошабин.

Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов (Андижон), А.Маражабов (Андижон), З.Абдураҳмонов (Андижон).

Голлар: И.Алибоев (26), С.Мирзаев (28), М.Бикмаев (63) - А.Аманов (49).

«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе (4. Б.Йўлдошев, 82), 7. С.Абдуллаев (6. Нивалдо, 65), 9. И.Алибоев, 10. М.Бикмаев, 15. С.Мирзаев, 20. И.Тўхтахўжаев, 22. С.Шоаҳмедов, 27. С.Рашидов (19. Ҳ.Ғофуров, 64), 33. О.Зотеев, 88. И.Йелич.

«Бухоро»: 30. А.Омонов, 7. А.Аманов, 8. С.Қутибоев (19. А.Жўраев, 88), 10. Ш.Саломов, 11. С.Шихов, 16. А.Филипосян, 18. Ш.Муллажонов, 28. Э.Исмоилов, 77. Ж.Қаҳрамонов (22. Ш.Эркинов, 80), 86. А.Ибрагимов (14. Б.Насимов, 68), 89. С.Русецкий.

Огоҳлантиришлар: К.Махарадзе (75) - А.Филипосян (33), С.Қутибоев (75), А.Жўраев (89), Ш.Муллажонов (90+3).

Назоратчи: Ф.Абдуллаев (Тошкент).

Комиссар: С.Қудратуллаев.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Бугунги ўйин биз учун тўрт қисмдан иборат бўлди. Биринчи бўлим ўрталарида устунликни қўлга олдик, кейин кутилмаган голлар қўйиб юбордик. Танаффусдан сўнг эса тезкор гол уришга эришдик, бироқ рақибнинг кутилмаган ҳужумларидан яна ҳимояланолмадик...

Арсланмурод Аманов («Бухоро» ярим ҳимоячиси): - Ав-вало, «Локомотив»ни ғалаба билан табриклайман. Ўйин қийин кечди. Бугун рақиблар вазиятлардан унумли фойдаланишди, биз эса яхши имкониятларни кўкка совурдик...

Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи в. б.): - Ўйин мураббийлар, шахсан мен учун жуда оғир ўтди. Дастлабки 15 дақиқада кучли босим остида қолдик, тўпни назорат қилолмадик. Ўша паллада футболчилар ўзларини йўқотиб қўйишмаганидан хурсандман. Кейинчалик кетма-кет урилган 2та гол бизга керакли устунликни тақдим этди.

Иккинчи бўлимда тезкор гол қўйиб юборганимизга келсак, бунда бироз бўшашдик, деб ўйламайман. Чунончи, тўп қандайдир тасодиф туфайли дарвозага кирди.

Муҳими, футболчиларни алмаштириш воситасида ўйин боришини ўзгартирдик. Умуман, ОЧЛнинг 6та ўйини футболчиларга катта юклама берган, шу боис, чемпионатда яхши ўйин кўрсатолмагандик.

Каримов «Навбаҳор»га? Бизда бундай маълумот йўқ. Шерзод - «Локомотив» футболчиси. Агарда қайсидир клуб уни ўз сафида кўришни истаса, жамоамиз раҳбариятига мурожаат қилиши керак. Жамоа менга қадар ҳам яхши ўйин намойиш этган, фақат гол уриш масаласида қийналаётганди.

Хуллас, демоқчиманки, бош мураббий ваколатини олганимдан кейин ўйин бобида ҳеч нима ўзгармади. Шунчаки, энди ҳужумда самаралироқ ўйнаб, кўпроқ гол уряпмиз. Ҳозир кучли олтилик ҳақида ўйламаяпмиз. 22-тургача анча вақт бор ва вазият ўзгариб кетиши мумкин. Шундай экан, кучли олтилик ҳақида ўйлашга ҳали эрта.

------------------------------------------------------------------------

«СЎҒДИЁНА» - «БУНЁДКОР» - 1:2 (0:1)

12 май. Жиззах. «Сўғдиёна» стадиони. 9311 томошабин.

Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий), Р.Самандаров (Навоий), О.Жумаев (Навоий).

Голлар: Д.Каримов (57) - Ж.Иброҳимов (39), Ф.Райевац (85).

«Сўғдиёна»: 23. Д.Ҳамроев, 2. С.Қулматов, 3. А.Исроилов, 4. Э.Орипов, 6. Д.Каримов (99. Н.Тўхтасинов, 65), 8. Д.Ҳасанов, 9. С.Азимов, 10. Ш.Норхонов (27. С.Рашидов, 63), 33. Т.Шамсиддинов, 77. И.Абдуллаев (26. А.Холмуродов, 46), 85. Р.Мелзитдинов.

«Бунёдкор»:25. М.Зуҳуров, 2. Р.Ашурматов, 4. А.Ко-милов, 6. А.Ғофуров, 8. Ж.Иброҳимов, 9. Ш.Нурматов (99. Ф.Райевац, 70), 11. М.Тошматов (13. С.Қодирқулов, 68), 18. С.Собирхўжаев, 20. М.Сулаймонов, 30. Х.Ғиёсов, 44. М.Қосимов (28. Д.Умиров, 77).

Огоҳлантиришлар: С.Қулматов (65), Р.Мелзитдинов (80) - А.Комилов (52), Х.Ғиёсов (62), Р.Ашурматов (73), М.Сулаймонов (83).

Назоратчи: А.Арутюнов (Тошкент).

Комиссар: Бахтиёр Намозов.

Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Охирги турларда жуда қийналдик. Хусусан, «Насаф»га қарши кечган баҳсда кўп куч йўқотдик. Қисқа муддатда  «Сўғдиёна» билан ўйинга муносиб тайёргарлик кўриш, футболчиларни руҳан шайлантириш зарур эди. Ўйин мураккаб тус олди.

Рақиб ҳимояда 5 футболчига таяниб, қарши хужум тактикаси асосида ўйнади. Бу катта қийинчилик туғдирди. 11 кишидан иборат мудофаани ёриб кириш осон эмас. Муҳими, футболчилар фаол ҳаракатланиб, 2та гол уришни уддалашди. Ўйлайманки, ҳақли ғалабага эришдик.

Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Рақиб ҳақли равишда ғалаба қозонди. Ҳа, дуранг натижа қайд этишимиз ҳам мумкин эди, аммо ҳозирча бундан ортиғига кучимиз етмайди. Яъни фақат ўз даражамиздаги жамоалардан очко олишга қодирмиз. Мўъжиза рўй бериши мумкин эди.

Мана, яқин орада трансферлар бозори очилади. Имкон қадар кучли ижрочиларни чақиришга ҳаракат қиламиз. Ҳаммаси футболчининг савиясига боғлиқ. Янги футболчи ҳам шу савияда бўлса, уни таклиф этишдан маъно йўқ. Бизга сифат керак.

Ҳозир мавсум ўртаси ва аксарият футболчилар банд. Лекин изланяпмиз, музокара олиб боряпмиз. Эҳтимол, таркибда янги легионерларни ҳам кўрармиз, бу ҳам келадиган футболчининг савиясига боғлиқ, албатта.

------------------------------------------------------------------------

«НАВБАҲОР» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 3:0 (1:0)

Наманган. «Марказий» стадиони. 14240 томошабин.

Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент), О.Абдувосилов (Тошкент), С.Шоюсупов (Тошкент).

Голлар: С.Сулаймонов (5), А.Турғунбоев (74), Д.Жабборов (80).

«Навбаҳор»: 1. Б.Эргашев, 6. О.Ўрунов (14. И.Бойдедаев, 65), 8. А.Нўъмонов, 9. Д.Жабборов, 10. А.Тур-ғунбоев, 11. З.Пиримов (15. А.Алланиёзов, 67), 17. С.Сулаймонов (22. Р.Аҳмедов, 76), 19. М.Ғо-фуров, 21. А.Алиев, 32. Ж.Меҳмонов, 44. Д.Станоевич.

«Қизилқум»: 1. Э.Жабборов, 4. Э.Бойдуллаев, 5. Г.Квесиешвили, 10. А.Саноев (44. М.Қосимов, 56), 11. Д.Усмонов (84. Н.Йованович, 49), 14. Ф.Қамбаров, 17. А.Геворкян, 21. М.Убайдуллаев, 23. Ш.Жўраев, 30. Э.Григалашвиши, 70. А.Сидоров (9. Ҳ.Абдуалимов, 81).

Огоҳлантиришлар: Ж.Меҳмонов (34), О.Ўрунов (41), А.Алиев (55), М.Ғофуров (78), И.Бойдедаев (83) - А.Сидоров (29), Ф.Қамбаров (79), М.Қосимов (83).

Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент).

Комиссар: К.Мирзабоев.

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Ав-вало, «Навбаҳор» ва жамоа мухлисларини ғалаба билан табриклайман. Ўйин борасида гапирсам, мезбонлар жуда яхши тайёргарлик кўришганини амалда намойиш этишди. Яъни мақсадлари фақат ғалаба эканлигини исботлашди.

Футболда қайси жамоа ғалабани кўпроқ кўзласа, майдонда устунлик қилади. Бугун шогирдларим жуда кўп хато қилишди. Сабаб нима? Бу борада ҳеч нарса деёлмайман. Ҳимоячиларимиз илк марта майдонга тушгандек таассурот қолдиришди. Улардан бошқача ўйин кутгандим. Умуман, ҳаракатларимиз умуман ўхшамади.

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Шо-гирдларим кўрсатмаларимни тўлиқ бажариб, 3 нафар асосий футболчимиз йўқлигини билдиришмади. Ўринбосарлар жамоасидан маҳаллий йигитларни асосий таркибга жалб этишга келсак, ёшларимиз мураббийлари бор - Шуҳрат ака Қорабоев.

Бу мутахассисга тўлиқ ишонамиз. Умид қиламанки, ёшлар жамоаси вакиллари иккинчи давра ва кейинчалик секин-аста асосий таркибдан жой олишади. Ҳар бир учрашувда рақиб ва ўйин боришига қараб, таркибда ўзгаришларни амалга оширамиз.

Жиззахдаги баҳсда ўзгаришлар самара бермаган, аксинча, 14 дақиқа ичида 3та гол қўйиб юборгандик. Бугун эса наф келтирди. Трансферлар ойнаси очилгунча шу таркибга таянамиз, қолганини вақт кўрсатади. Албатта, изланишдан тўхтамаймиз, сафар учрашувларида ҳам зафар қучиб, мухлисларни қувонтиришга интиламиз.

Остон Ўрунов энди 17 ёшда ва унинг ёрқин ўйинлари  ҳали олдинда, Худо хоҳласа!

11-ТУР СТАТИСТИКАСИ

Ўйин: 6; Гол: 18  (ўртача: 3);

Томошабин: 58196 (ўртача: 9699...); Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Навбаҳор» - «Қизилқум» (14240)

Мезбонлар ғалабаси: 2; Меҳмонлар ғалабаси: 3; Дуранг: 1

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Навбаҳор» - 3:0); Энг  сермаҳсул ўйин:  «Насаф» - «Пахтакор» (5та гол)

Огоҳлантириш: 36 (ўртача: 6); Четлатиш: 1 (0,16...)

Энг «қўпол» ўйинлар: «Қўқон-1912» - «Нефтчи» (1та «қизил» + 6та «сариқ»), «Металлург» - АГМК, «Навбаҳор» - «Қизилқум» (8тадан «сариқ»)

Пенальти: 1 (самарали); «Дубль»: 1 (И.Гонсалвеш, «Пахтакор»); «Хет-трик»: -; Автогол: -

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 00:00, 16.05.2018.
Ўқилди: 3909 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.