- Менимча, ЖЧ-2018 финал раундига чиққан барча жамоалар Россияда ҳужумга алоҳида урғу қаратишга ҳаракат қилади - ҳа, Патрик Клюйверт бўлажак жаҳон чемпионатида айниқса, кучли жамоалар ижросида ҳужумкор футбол кўришга умид боғламоқда.
Голландия миллий жамоаси собиқ вакили шунингдек, Бельгия термасидан қандайдир «сюрприз» кутаётганини яширмаяпти.
Унинг учун ўз юрти жамоасини мундиалдан четда қолганини кўриш азоб, аммо фикрича, голландлар охирги омадсизликларни тезкор унутиб, келажакни ўйлашлари шарт.
Айтиш жоиз, Патрикнинг ўзи биргина бетакрор зарбаси туфайли жаҳон чемпионати тарихидан жой олган. Учқур голланд ҳужумчисининг ҳаракати артистлик ижро нуқтаи назаридан дарҳақиқат, ўта ажобий чиққанди: ҳайратлантирадиган даражадаги сакраш ва бош билан кучли зарба.
Гап Франция майдонларида ташкиллаштирилган ЖЧ-98 ярим финалининг 87-дақиқасида юзага келган вазият ҳақида кетмоқда. Ўшанда Голландия термаси бутун ўйин давомида бразилияликларга муносиб қаршилик кўрсатган ва Клюйверт сўнгги паллаларда ҳисобни тенглаштириб (1:1), қўшимча бўлимларга йўл очганди.
Катта ва ўрта ёшли кўплаб мухлислар яхши эслашса керак, «овертайм»да ҳам кучли томон аниқланмагач, драматик пенальтилар серияси кузатилган ҳамда Бразилия термаси омадлироқ чиқиб, финал йўлланмасига эга бўлганди.
Мана, «лоларанглар» тарихида ўчмас из қолдирган 41 ёшли собиқ ҳужумчи (у ЖЧ-98да бевосита иштирок этишдан ташқари, Бразилия-2014 мундиалида бош мураббий Луи ван Галга ассистентлик қилди) бугун Россия турнирини бетараф мухлис сифатида кузатиб, чинакамига роҳатланишга шайланмоқда.
Давоми>>>