Хабарингиз бор, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан, юртимиздаги мухлислик соҳасини рағбатлантириш мақсадида, Pepsi Суперлигадаги 12 қатнашчи жамоаларнинг энг фаол ишқибозларига Россияда ўтадиган жаҳон чемпионати ўйинларига кириш чипталари туҳфа этилиши эълон қилинган эди.
Бугун “Бунёдкор” мухлислар клуби раҳбари Шовкат Имамов шундай чипталарнинг бири соҳибига айланди. “Бунёдкор” футбол клуби офисида бўлиб ўтган тадбирда “қалдирғочлар”нинг узоқ йиллик содиқ ишқибозига 28 июнь кунги Англия – Бельгия беллашуви чиптасини “Бунёдкор” ФК молия департаменти ходимаси Нилуфар Ачилова топширди.
- Авваламбор, ЎФА ва ЎзПФЛга чуқур миннатдорчилик билдириб қоламан. “Бунёдкор” ишқибози эканлигимдан мен ғоятда фахрланаман. Барча давраларда мени “Бунёдкор” мухлиси сифатида қаттиқ ҳурмат қилишади. Севимли жамоам билан мен Осиё Чемпионлар лигаси учрашувлари муносабати билан қитъамизнинг машҳур стадионларида бўлганман. Мана энди, жаҳон чемпионатидек йирик мусобақани стадионда туриб кузатиш насиб этаётганига Яратганга беҳисоб шукурлар айтаман. Фурсатдан фойдаланиб, барча-барчани яқинлашаётган Рамазон ҳайити билан муборакбод этаман, - дейди чоғ кайфиятда 38 ёшли Шовкат Имамов.