Кириш Регистрация

Қаршида вилоят спорт фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда иккита раҳбар вазифасидан озод этилди

Баҳо:
+ | -
Бўлим: СПОРТ

Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ бугун Қашқадарё вилоятида эканлиги, сафар давомида “Мурувват” болалар уйи, Қарши шаҳар олимпия захиралари мактаб-интернати, янги қурилаётган спорт иншооти, кўптармоқли сузиш ҳавзаси, “Марказий” стадиони, “Насаф” клуби базаси ва академиясида бўлганлиги ҳақида хабар бериб ўтдик.

Куннинг иккинчи қисмида вилоятда спорт масалаларига бағишланган катта йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси мутасаддилари, спорт федерациялари худудий бўлимлари раҳбарлари, ИБЎСМ ва БЎСМ масъуллари, спорт фахрийлари, спортчи ва мураббийлар, бир сўз билан айтганда вилоят спорт фаоллари иштирок этишди. Йиғилиш давомида Қашқадарё спортида рўй бераётган ҳолат, юзага келган муаммо ва камчиликлар кўриб чиқилди.

"Биз спортимизни, Ўзбекистон байроғини Олимпия ўйинларида энг юқори чўққиларга кўтаришимиз керак бўлади. Барчамиз ҳамжиҳатликда, ака-ука бўлиб ишламасак, бир-биримизни ўзаро қўллаб-қувватламасак, бир ёқадан бош чиқармасак ўз мақсадимизга етиша олмаймиз. Айниқса, полвонлар юрти Қашқадарё вилояти спортчилари ёрдамида Олимпиадаларда кўплаб олтин медалларни қўлга киритишимиз мумкин. Яккакурашлар бўйича қанчадан-қанча полвонлар бор бу ерда. Уларни тўғри йўналтириб, самарали фойдаланмасак бўлмайди" - дея куюниб гапирди Умид Аҳмаджонов.

Йиғилиш танқидий рухда ўтди. Унда юзага келган кўплаб муаммолар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Қарши олимпия захиралари мактаб-интернатида ишни ташкил қилишда кўплаб камчиликларга йўл қўйилган. Мактаб-интернат тизимидаги методистлар малакасиз ва спорт турларини мукаммал билмайди. Камига, спортчиларнинг овқатланиш жараёнида сусткашликларга йўл қўйилган. Бунинг натижасида улар ўзлари учун етарли калорияга эга бўла олмаганлар. Табиийки, бу натижаларга ўз таъсирини кўрсатган. Бундан ташқари, мактаб диетологи ўз соҳасини яхши ўзлаштирмаганлиги, шунингдек, кураш, бокс, енгил атлетика, волейбол, дзюдо мураббийлари малакаси чемпионларни тарбиялаш учун камлик қилиши таъкидлаб ўтилди. Шу ва бошқа сабаблар туфайли мактаб-интернати директори Шоди Намозов ўз лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, 2001 йилдан бери фаолият олиб бораётган "Қарши ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб интернати сув хавзаси" директори Шавкат Ғаниев ўзи бошқараётган спорт иншооти ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслиги, вақтида терма жамоага номзод бўлган сузувчиларга бассейн хизматини шартнома асосида тақдим этгани ҳақида маълумотлар чиқди. Афтидан, давлат томонидан қурилаётган спорт иншоотлари терма жамоага номзод спортчилар ихтиёрига бепул топширилиши кераклиги унутиб кўйилган кўринади. Спортчилар манфаатига хизмат қилиши лозим бўлган объектларда бу каби раҳбарнинг фаолият олиб бориши хато деган хулосага келинди ва Ш.Ғаниев ҳам йиғилишнинг ўзида эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Мажлисни давом эттирар экан Умид Аҳмаджонов иштирокчиларига қарата шундай деди: “Яна бир устувор вазифа. Ҳар бир ҳудуддаги мактабгача таълим муассаларига спорт федерацияларининг вилоят бўлимлари кириб бориши ва шу ёшдан ота оналарни, болаларни спортга ошно туттиришни ўйлаши керак. Ушу, бокс, футбол мураббийлари болани талашишсин. Нега у боксга кетиб қолаяпти, нега курашга деган саволни бериб энг сара, бақувват болаларни ўзларига жалб қилсинлар, уларни қизиқтирсинлар. Шунда рақобат бўлади. Вилоят спортини шу тарзда тартибга солиб, 1-2 йил кийналсак хеч нима қилмайди. Энг муҳими бу борада мукаммал тизимни ишлаб чикиш.

Ҳар бир федерация энди ўнлаб мусобакалар ўтказиши керак. У даврлар ортда қолди, йилига биттагина мусобақани ўтказиб юрадиган пайтлар. Қашқадарёда шунча шароит бўла туриб, кўплаб спортчилар чет элма-чет эл юрибди. Мана келсин Қашқадарёга спортчилар. Спорт иншоотлари, сузиш ҳавзаларини кўриб ҳавас қиласан киши. Давлатимиз томонидан яратиб берилган бундай шароитлардан максимал даражада фойдаланишимиз лозим”.

Умид Маҳаматджанович ўз фикрлари билан ўртоқлашиб бўлгач, навбат таклифларга берилди. Унда, БЎСМ мураббийлари, шунингдек ушу, шахмат, енгил атлетика федерацияси вакиллари ва мураббийлари сўз олиб, ўз таклифларини билдирдилар. Ўз навбатида барча таклифлар ўрганиб чикилиши, мавжуд муаммоларни ечиш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши ҳақида маълум қилинди.

Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 19:05, 30.06.2018.
Ўқилди: 3359 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.