Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мундиалда «портлаган» Мина

Баҳо:
+ | -

Жаҳон чемпионатининг энг ёрқин жуфтликларидан бири Колумбия терма жамоаси ҳимоя марказида тўп сурган икки ёш футболчи – Давинсон Санчес ва Йерри Мина бўлди десак адашмаймиз. Санчес Европага бегона эмас, «Аякс» таркибида Европа Лигаси финалида ўйнади, ўтган мавсумда эса, АПЛ етакчи клубларидан бири «Тоттенҳэм»нинг асосий таркибидан жой олди.

Аслида янада ёрқинроқ кечиши кутилган Йеррининг фаолияти эса, турнир олдидан бироз мавҳум бўлиб қолган, ҳатто «Барселона» футболчини сотиб юбориши ёки ижарага бериши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо чемпионатда Йерри Мина жуда ёрқин из қолдирди, уч ўйинда майдонга тушган ҳимоячи ҳар бир ўйинда гол уришнинг уддасидан чиқди. Польшага қарши ўйинда ўйинда бурилиш ясаган гол муаллифи бўлган бўлса, Сенегал билан ўйиндаги гол колумбияликларни кейинги босқичга олиб чиқди. Кеча, Англияга қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларда унинг бош билан урилган голи Колумбияни қўшимча бўлимларга олиб ўтди.

Эндиликда колумбиялик ушбу футболчи битта мундиал доирасида энг кўп гол урган ҳимоячилар рейтингидаги германиялик Паул Брайтнернинг натижасини такрорлади. Ҳимоячи Брайтнер Германиянинг ғалабаси билан тугаган ЖЧ-1974та учта гол киритишга муваффақ бўлган.

Келинг эътиборимизни сал олдинроққа, шу йилнинг январига қаратамиз. Шу орқали балки футбол осмонидаги янги қаҳрамон портретига янги чизгилар чизилар...

ЧЎЗИЛИБ КЕТГАН ТРАНСФЕР

Йерри Мина номи «Барселона» мухлисларига таниш деб бекорга айтилмади. Ушбу трансфер гўёки шошилинчдек туюлаётган бўлса-да, аслида Мина ва «Барселона»нинг йўллари кесишиши икки йилга чўзилди. 

«Барселона» футболчи билан у Колумбиянинг «Санта-Фе» жамоасида тўп суриб юрган пайтидаёқ қизиққанди. 2016 йилнинг қишки трансфер даричасида Мина «Барселона» билан музокаралар ўтказган. Режага кўра, Мина «Барса Б» таркибига қўшилиб, ўша ерда фаолиятини давом эттириши лозим бўлган. Аммо орага «Палмейрас» қўшилгач, «Барселона»нинг режалари ўзгарди – Колумбия чемпионатидан анча кучли бўлган Бразилия А Серияси Йеррининг ўсиши учун жуда мақбул эди. «Барселона» ва «Палмейрас» ўзаро келишиб олишди – Йерри «Палмейрас» билан шартнома имзолайди, «Барселона» эса, футболчини сотиб олиш учун дастлабки ҳуқуқга эга бўлади. 

Минанинг «Барселона»га трансфери ҳақида ўтган ёзнинг бошида музокаралар бошланди.  Футболчининг трансфери деярли аниқ бўлиб улгурган, фақат у Либертадорес кубогида ўз жамоасига ёрдам беришни истаётганди. «Палмейрас» ушбу турнирни тарк этиши ҳамоно Минанинг «Барселона» сафидан жой олиши келишиб олинганди. Аммо...

Август ойида бошқа бир «Барселона» бу ишга халақит берди, Эквадорнинг шу номли клубига қарши жавоб ўйинининг 39-дақиқасида Йерри Мина жиддий жароҳат олди ва 3 ойга сафдан чиққани маълум бўлди. Айнан шу жароҳат футболчининг Барселонага кўчиб ўтишига тўсқинлик қилди. Йерри кейинги тўлиқ ўйинини ноябрнинг ўрталарига келибгина ўтказишга муваффақ бўлди. Жароҳатдан сўнг ҳам аста секинлик билан юксак спорт формасига кириб бораётган Мина «Барселона» назаридан қочмади ва ниҳоят, бироз кеч бўлса-да, у ўз орзусига эришди.

СОБИҚ ДАРВОЗАБОН

«У техник томондан жуда яхши шаклланганди, жуда ақлли, майдонни ва вазиятни жуда тўғри ҳис қиларди. Йерри келганида дарвозабон эди, аммо биз марказий ҳимоячига эҳтиёж сезаётганимиз учун, унга ҳимояни бошқаришни тўлиқ топширдим» – деб эслайди Мина ўйнаган «Депортиво Пасто» ёшлар жамоаси мураббийи Фернандо Фигероа.

Мина нафақат ҳимояда, ҳужумда ҳам жуда фойдали ҳаракат қила олади. Тўрт йиллик профессионал фаолиятида у 21 гол уришга улгурди. Колумбия терма жамоаси сафида ҳам атиги 9 ўйинда майдонга тушганига қарамасдан, 3 гол ва 1 голли пас муаллифига айланди. Минанинг бўйи 195 см, шу билан бирга унинг тўп билан яхши муомала қилиши, стандарт вазиятлардаги беназир ўйини «Барселона» ҳимоясини мустаҳкамлабгина қолмай, ҳужумда ҳам хавфли жамоага айлантиради.

«Депортиво» мураббийларидан бири Диего Дульсе Минани қўйидагича таърифлайди:
«У ўз имкониятларини ва устунликларини жуда тўғри фахмлай олади ва бундан фойдаланишни билади. Мина ташқи кўринишидан жуда камтар бўлишига қарамай, ўз олдига юқори мақсадлар қўярди. Ўз ҳолатидан қониқмас, юқори мақсадлар учун ҳаракат қиларди. Бугун унинг «Барселона»да экани ҳам айнан ўша характери туфайли».

ҲАҚИҚИЙ ЕТАКЧИ

Йерри Мина терма жамоа сафига қўшилганига у қадар кўп вақт бўлмаган, лекин шу қисқа вақтда у жамоанинг муҳим бўлагига айланиб улгурди. Буни оддий статистика билан ҳам исботлаш мумкин. 

Мина Колумбия терма жамоаси сафида жаҳон чемпионати саралаш босқичида 9-турдан ҳаракат қила бошлади. У иштирок этган дастлабки 5 ўйиндан (9-13 турлар) 3тасида колумбияликлар ғалаба қозонишди, 2 ўйинда эса дуранг қайд этилди. Бу 5 ўйиндан 3тасида дарвоза дахлсизлиги сақлаб қолинди. Айниқса, Уругвай терма жамоасига қарши ўйинда ёш ҳимоячи ўз жамоасига қимматли очколарни олиб келганди. Ўйин тугашига 7 дақиқа қолганида колумбияликлар 1:2 ҳисобида ортда бораётган эди. Мина ҳимоядан туриб тўпни эгаллаган ҳолда, бир ўзи бутун майдон бўйлаб олиб борди ва қанотдаги шериги Куардадога етказиб берди. Мина бу ҳаракат билан тўхтаб қолмай, ўзи жарима майдонига кириб борди ва Куардадонинг узатмасини голга айлантирди.

Мина жароҳат олгач эса, Колумбия кейинги 5 ўйиндан 2тасини ютқазди ва фақат бир ўйинда ғалаба қозонди холос. 

ОРЗУЛАР ЙЎЛИДА

Йерри Мина 1994 йилнинг сентябрида, Колумбиянинг Гуачене штатидаги Каука қишлоғида туғилган. Болаликдаги дўстлари билан кўчадаги ўйинларданоқ бўлажак футболчи экани маълум бўлиб улгурган ўғлини Эулис Мина мана шу йўлни танлашга қизиқтирган ва «Америка Кали» машғулотларига олиб келганди. Минанинг ҳақиқий профессионал футболчи бўлиш орзуси 15 ёшида амалга ошмай қолди. Чунки жамоада қолиш учун ўрта мактабни ташлашга тўғри келарди.

Орадан бир неча йил ўтиб, Йерри нинг амакиси Жейр Мина «Депортиво Пасто» клубида тўп суриб юрган Мануэл Сапата билан алоқага чиқди ва жиянини тавсия қилди. Юқорида тилга олиб ўтилган мураббий Фернандо Фигероа ўсмирни ёшлар жамоасига қабул қилиш учун кўп ўйлаб ўтирмади. Бу шарт ҳам эмасди. Ёшлар жамоасида бир қатор ўйинларда майдонга тушгач, Мина тезда ўзини кўрсата олди ва асосий таркиб мураббийи Флабио Торрес ўшандаёқ ёш ҳимоячини ёрқин келажак кутиб турганини сезганди.

У Пасто марказидаги Обреро районида, ўзи каби 15 футболчи билан ётоқхонада истиқомат қиларди. «У жуда сокин ва ақлли эди. Обреро кўчаларида бир ўзи сайр қилишни ёқтирар ва доим келажакда энг чўққига чиқишни орзу қилиб юрарди» – деб эслайди ўша ёшлар жамоасида Мина билан бирга тўп сурган Жованни Руис.

«Пасто»нинг асосий таркибидаги бир мавсум бутун мамлакатнинг у ҳақида гапира бошлаши учун кифоя қилди. Колумбиянинг энг кучли клубларидан бири, пойтахтнинг «Санта Фе» клуби уни ўз сафида кўришни истади. Аллақачон ўзини юқори мақсадларга руҳан тайёрлаб бўлган Йерри Мина у ерда ҳам йўқолиб қолмади. Юқори қаватлардаги беназир ўйини, ишончли ҳаракатлари билан у янги клубининг мамлакат чемпиони ва Суперкубок соҳиби бўлишида муносиб ҳисса қўша олди. Уч йилда у «Санта Фе» таркибида 7 гол муаллифи бўлди ва 5 голга ассистентлик қилди. Марказий ҳимоячи учун бу жуда яхши кўрсаткич эди.

2016 йилда Бразилиянинг «Палмейрас» клуби билан шартнома имзолаган Йерри энди Колумбиянинг энг умидли ҳимоячиларидан бири бўлиб улгурган, аввалига олимпия, кейин эса, асосий терма жамоага номзод сифатида қарала бошлаганди.

Бразилия чемпионатида илк голини «Сантос» дарвозасига урган қаҳрамонимиз илк мавсумдаёқ 6 гол муаллифи бўлди, Бразилия чемпионига айланди. Чемпионатнинг энг яхши марказий ҳимоячиси сифатида эътироф этилди, машҳур El País журнали эса, уни ўтган мавсумда Жанубий Американинг рамзий терма жамоасига киритди.

Унинг «Барселона»га трансфери осмондан тушиб қолган омад эмас, Йеррининг фаолиятида мантиқий давом эди. 

ЯНГИ ПИКЕ

Фото: Reuters

Минанинг «Барселона»га келиши Маскеранонинг клубни тарк этиши ва Умтитининг жароҳат олган даврига тўғри келган бўлса-да, кўпчилик кутгандек у ёрқин порламади.

Аслида ҳаммаси жуда романтик руҳда бошланган – эсингизда бўлса, у «Камп Ноу»да ўтказилган таништирув маросимидаёқ ҳаммани ўзи ҳақида гапиришга мажбур қилганди. Мина стадионда чим устига чиқар экан,  оёқ кийимини ечиб, оёқ яланг қадам босди. У шу орқали «Камп Ноу» майдонига ва албатта, жамоа мухлисларига ўзига хос равишда ҳурмат кўрсатганди. Бу ҳаракат муносиб баҳоланди ва каталонияликлар тезда Минани яхши кўриб қолишди.

Юқори қаватда жуда яхши ўйнайдиган, керакли пайтда ҳужумчига ҳам айланиши мумкин бўлган, Каталонияни яхши кўрадиган ва жуда яхши рақсга тушадиган футболчи – деярли Пике, шундай эмасми?

Лекин негадир Вальверде катта салоҳиятга эга бўлган бу ҳимоячига тўлиқ ишонишга нимадир етишмаётганди. Футболчи Премьер Лигада атиги 5 ўйинда, шунингдек, бир марта кубок ўйинида майдонга туширилди. Футболчини келаси мавсумдаги нималар кутиб турганини ҳам аниқ айтиш қийин, ахир Жерар Пике ва Самуэл Умтити каби футболчилар билан рақобатда ютиб чиқиш дунёдаги ҳеч бир ҳимоячи учун осон эмас.

Аммо Мина бу йўлдаги дастлабки қадамларини қўйди. Бразилия чемпионати эмас, энди юқорироқ савиядаги турнирда ўзини кўрсатишга муваффақ бўлди. Тасаввур қилинг, агар шу бугун Мина «Барселона» аъзоси бўлмаганда, футболчини қўлга киритмоқчи бўлган суперклублардан ташкил топган навбат пайдо бўларди, бу шубҳасиз.

24 ёшли футболчи эса, ўзини жуда хотиржам тутмоқда ва воқеаларга ҳақиқий юлдузларга хос тарзда муносабат билдиряпти.

«Мен фақат «Барселона»га қайтиш ҳақида ўйламоқдаман. У ерда келажагим ҳақида ойдинлик киритиш ва гаплашиб олиш учун айни пайт. Ўйлайманки, мундиал менга ўзимни футболчи сифатида намойиш қилишимда катта ёрдам берди», – деди Йерри Англияга қарши ўйиндан сўнг.

Албатта, энди Йерри Мина ҳам музокаралар столига нимадир қўя олади. Ҳеч бўлмаса, ЖЧ-2018 даги Колумбия терма жамоаси ўйинлари ёзилган дискни...

Манба: www.tribuna.uz
Киритилди: 13:04, 04.07.2018.
Ўқилди: 4382 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.