Йил бошида Ўзбекистон футбол Ассоциациясининг биринчи Вице-Президенти Умид Аҳмаджанов томонидан 2018 йилда 1000та мусобақа ўтказилиши айтилган эди.
2018 йилнинг 1 июль санасига қадар қилинган ҳисоб китобларга кўра, ЎФА минглик маррасининг экваторидан ўтди. Йил давомида ЎФА ва ҳудудий Ассоциациялар билан ҳамкорликда 550та мусобақа ўтказиб бўлинди. Энг қувонарлиси шундаки, мусобақалар энди фақат пойтахт билан чекланиб қолмаяпти, балки бутун Республикани ўз ичига олган ҳолда чекка-чекка қишлоқларга ҳам кириб борди.
Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ўтказилган "Чарм Тўп" мусобақасида 15 000 нафардан кўп болани қатнашгани катта натижа бўлди. Айни пайтда, ЎФА томонидан водий ҳафталиги ўз якунига етди. У ерда "Ал Фарғоний", "Олтин Водий", "Заҳириддин Муҳаммад Бобур" кубоклари бўлиб ўтди. Кейинги ҳафталик мезбони воҳа бўлиб, у ерда "Амир Темур" ва "Воҳа" Кубоги мусобақалари ЎФА томонидан юқори савияда ташкил этилади.
Шунингдек, айни пайтда ёзги оромгоҳларда "Ёз — ўтмоқда соз" шиори остида барча вилоятларда футбол мусобақалари ташкил қилинаяпти. Бу шиор остида маҳаллаларда ҳам чемпионатлар ташкил қилинди. Унда жами 10 000 нафарга яқин болаларга ЎФА томонидан махсус эсдалик совғалари тухфа қилинмоқда ва қилинади.
Қуйида, ЎФАнинг ҳудудий Ассоциацияларининг мусобақа ўтказиш бўйича рейтингини ҳавола қиламиз.
1. Тошкент шаҳар 92
2. Андижон 45
3. Қашқадарё 44
3. Наманган 42
4. Навоий 40
4. Тошкент вилояти 40
5. Самарқанд 39
6. Хоразм 38
7. Фарғона 37
7. Қорақолпоғистон Республикаси 37
8. Жиззах 34
9.Сирдарё 32
10.Сурхондарё 25
11. Бухоро 10
Тошкент шаҳар футбол Ассоциацияси мусобақа ўтказиш бўйича етакчиликни ўз қўлига олган. Бу ерда мусобақалар 6 ёшдан бошлаб ўтказиляпти. Шу билан бир қаторда Қашқадарё, Наманган, Андижон, Тошкент вилояти, Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳам фаолликни оширганлар. Фарғона вилоятига янги раҳбар тайинланганига кўп бўлмади, шу боисдан у ерда кейинги 6 ойликда иш сифати ошишини кутамиз.
ЎФА олдида яна бир қатор мусобақалар турибди, улар орасида энг катта турнирлардан бири бу - Мустақиллик Кубоги бўлади. Ундан ташқари, Август ойида "Пахтакор-79" хотирасига бағишланган катта мусобақанинг географияси ҳам кенгайиши кутилаяпти.
ЎФА 1000та мусобақани ваъда қилган эди, йил сўнгига келиб мусобақалар сони яна ошади.