ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ-2018. 1/2 финал. 10 июль. ФРАНЦИЯ – БЕЛЬГИЯ. 23.00 (Тошкент)
Жаҳон чемпионатининг биринчи ярим финал учрашувини кўпчилик финалдан олдинги финал деб атамоқда. Бугун турнирда энг кучли таркибларга эга ҳамда энг ҳужумкор ўйинлар кўрсатаётган Франция ва Бельгия терма жамоалари Санкт-Петербургда финал йўлланмаси учун майдонга тушади.
Ким фаворит?
Кимдир юлдуз футболчилар жамоанинг ҳақиқий кучини кўрсатмайди, деб баҳслашиши мумкин. Бу сафарги турнирда ҳам қатор юлдузлар камтар жамоаларга қарши ўйинларда ҳеч нарса кўрсата олмасдан турнирни эрта тарк этишди.
Аммо Франция ва Бельгия билан бироз бошқачароқ. Бу терма жамоаларда юлдузлар якка эмас, бу терма жамоалар юлдузлар билан тўлган. Дидье Дешамд ҳам, Роберто Мартинесда ҳам юлдузли захира мавжуд.
Бу ўйиндан олдин кимни фаворит деб аташ мумкин? Савол қийин, аммо ҳозирча кўпроқ омиллар Францияни фаворит сифатида кўрсатмоқда. Французлар барча ўйинларда ишончли ҳаракат қилиб келишди ва плей-оффга ортиқча куч сарфламасдан чиқишди ҳамда плей-оффдаги ўйинларни ҳам осонлик билан ютишди. Бельгияликлар эса плей-оффдаги икки ўйинда ҳам, Японияга қарши ҳам, Бразилияга қарши ҳам қийналди. Шунингдек, Франция терма жамоасининг тажрибасини ҳам ҳисобга олиш керак, Дешам бошчилигидаги бу жамоа учинчи йирик турнирда қатнашмоқда, улар 2016 йилги Европа чемпионатида кумуш медалларга сазовор бўлишганди. Франция катта ўйинларни ютишни билади, Бельгия эса ўз тарихида атиги иккинчи марта ярим финалга чиққан.
Аммо «Қизил иблислар» сафида жаҳон чемпионатида қандай ютишни биладиган футболчи бор.
Буюк бомбардир ўз ватанига қарши
Тьерри Анри Франция терма жамоасида охирги ўйинини ўтказганидан буён 8 йил ўтди. Бу 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган жаҳо чемпионатида бўлганди, ўшанда у мундиалга захира футболчиси бўлиб борган, унинг футболчилик фаолияти поёнига ета бошлаган давр эди.
Хайрлашиш даври Анри учун нохуш кечганди. У ўтиш ўйинида Ирландияга қарши ўйинда қўли билан ўйнаган ва Вильям Галласга голли узатма берганди. Унинг бу ҳаракати Францияни мундиалга олиб чиқди. ЖАРда ҳам Анри можаро гирдобида қолди, у бош мураббий Раймон Доменек томонидан Николай Анелька таркибдан четлатилишига очиқ норозилик билдириб, мураббийни қоралади ва терма жамоанинг бир гуруҳ футболчиларини машғулотларни бойкот қилишга кўндирди.
Натижада ўша турнир Франция учун шармандали якунланди - 1 очко ва гуруҳда охирги ўрин. Бу ҳаракатлардан кейин Франция футболида инқилобий ўзгаришлар содир бўлди. Биринчи навбатда бош мураббий ниҳоят истеъфога чиқарилди, федерация бир қанча футболчиларни дисквалификация қилди, таркиб бутунлай ёшартирила бошланди. Лекин 1998 йилги жаҳон чемпиони ва 2000 йилги Европа чемпиони Анри ҳамон Франция футболи тарихидаги энг яхши ҳужумчи бўлиб қолмоқда.
Европадан кетгач Анри Америкада «Нью-Йорк Ред Буллз»да ўйнади, кейин бир муддат «Арсенал»га қайтди (2012 йил) ва 2014 йили футболчилик фаолиятини якунлаб, Англияда телеэксперт сифатида фаолият кўрсата бошлади.
2016 йили у Бельгия терма жамоасида Роберто Мартинеснинг мураббийлар штабига жалб қилинди. «Франциядан бирон марта ҳам таклиф бўлмади», деганди ўшанда у.
Шундан буён Анри экранларда кўринмай қолди, у ҳақда кўп ёзишмасди. У терма жамоа ичида жимгина ишлашда давом этаётганди. Энди эса ҳамманинг эътибори яна унга қаратилди. Айниқса ярим финал арафасида ОАВда у биринчи планга чиқди. Французларга қарши ўйин унинг учун алоҳида аҳамиятга эга, «Қизил иблислар» футболчиларининг барчаси буни яхши англашади.
«Тьерри биз билан бўлиб, ўз маслаҳатларини бергани яхшийди. Мен ҳамиша унга катта ҳурмат билан қарайман», деди ўйиндан олдин Франция термаси таркибида жаҳон чемпионатига келган Оливье Жиру.
Мартинес қандай схемада ўйнайди?
Санкт-Петербургдаги ўйинга жамоалар деярли йўқотишларсиз етиб келган. Фақат Францияда захира футболчиларидан бири, ҳимоячи Сидибе ўйинга тайёр эмас. Бельгия сафида ҳам битта йўқотиш бор - чорак финалда Бразилияга қарши ўйинда Неймарни ишонч билан қўриқлаган ҳимоячи Тома Менье сариқ карточкалари сонини орттириб олгани туфайли бугун ўйинга туша олмайди.
Бельгияликларда юқори савияли ҳимоячилар кўп эмас ва Мартинесда Меньенинг ўрнини тўлдириш муаммо бўлиши мумкин. Гуруҳ босқичида ҳужумкор Феррейра-Карраско чап қанот ҳимоясига қарашиб турганини кўргандик. Бразилларга қарши ўйинда Мартинес 3-5-2 схемасида ҳаракат қилди, унгача жамоа асосан 4-3-3 схемасида ўйнаб келаётганди. Менье ўнг қанотда, Фертонген чап қанотда ўйнади, Феррейра-Карраско захира ўриндиғида қолдирилди.
Энди бельгияликларда янги дилемма. Буни мураббийлар штаби қандай ҳал қилади? Уч ҳимоячи модулига қайтиладими? Мудофаадаги кемтикларни ёпиш учун Шодлидан фойдаланиладими? Ёки Эден Азарнинг укаси Торгенга ишонч билдириладими? Вариантлар кўп, аммо Франциянинг реактивлари Гризманн ва Мбаппе бу ўйинда ҳимояга аввалги ўйинлардагидан кўра кўпроқ босим уюштириши аниқ.
Аммо Бельгиянинг ҳам ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғи жуда кучли. Кевин де Брюйне, Азар ва Лукаку каби футболчилар ўйин тақдирини ёлғиз ҳал қила оладиган футболчилар сирасидандир. Улар исталган ҳимояни ёриб ўта олишади. Биз бугун турнирнинг энг қақшатқич қарама-қаршилигига гувоҳ бўлишимиз кафолатланган. Бу ўйин бўлажак чемпион номини аниқлаб бериши тайин.
ФРАНЦИЯ – БЕЛЬГИЯ
10 июль. Санкт-Петербург. «Санкт-Петербург». 23.00 (Россия 1).
Ҳакамлар: КУНЬЯ. Таран, Эспиноса (барчаси – Уругвай).
Дисквалификация қилинганлар: йўқ – Менье.