22-23 июль кунлари Самарқанд шаҳрида каратэ бўйича халқаро «Samarkand Open» мусобақаси бўлиб ўтади. Унда Америка Қўшма Штатлари, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон терма жамоалари, шунингдек, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан каратэчилар совринли ўринлар учун кураш олиб борадилар.
Бугун АҚШ делегацияси юртимизга етиб келди. Меҳмонларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси вакиллари кутиб олишди.
Қайд этиб ўтиш лозимки, америкалик каратэчилар илк маротаба юртимиздаги мусобақада иштирок этадилар. «Samarkand Open» турнирида АҚШ жамоаси 10 нафар спортчи билан иштирок этади.
Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида мусобақа доирасида меҳмонлар учун қўҳна шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари ва бир неча асрлик тарихий обидаларига саёхат уюштиришни ҳам мақсад қилган.