Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Терма жамоамизда Эктор Куперни кутганмидингиз?

Баҳо:
+ | -

10 ойдан кўпроқ вақт давомида бош мураббийсиз қолган Ўзбекистон миллий жамоасини бошқарадиган мутахассис номи деярли маълум бўлди.

Ўзбек футболи раҳбариятига алоқадор манбаларнинг берган маълумотга кўра, ЎФА аргентиналик таниқли мураббий Эктор Купер билан келишувга эришган.

Тайинлов ҳақида июль ойи сўнгида расман эълон қилиниши кутилмоқда.

ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ

Эктор Рауль Купер 1952 йил 16 ноябрда Аргентинанинг Санта-Фе вилояти Чабас шаҳрида таваллуд топган. Футболчилик фаолиятида марказий ҳимоячи сифатида жами 567та ўйин ўтказиб, 34та гол урган.

1984 йилда Аргентина терма жамоаси сафида 3та учрашувда майдонга тушган. 1993 йилдан буён мураббийлик соҳасида ишлаб келмоқда. 2017 йили Африка ва араб футболида тенг­сиз мураббий сифатида эътироф этилган.

Эктор Купер мураббийлик фаолияти давомида олти мамлакат (Аргентина, Испания, Италия, Греция, Туркия, БАА) клубларида ишлаган. Хусусан, 2000-2001 йилларда кетма-кет икки марта «Валенсия»ни УЕФА Чемпионлар Лигаси финалига олиб чиққан ва ҳар икки сафар аламли тарзда мағлубиятга учраган.

62 ёшли мураббий терма жамоалардаги фаолиятини 2008 йилда Грузия термасида бошлаб, бир йилдан ортиқроқ вақт давомида грецияликлар миллий жамоасига устозлик қилиб, 16 ўйинда 1та ғалаба, 4та дуранг ва 11та мағлубият қайд этган. Купер Миср термасини 2018 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқиш орқали яна катта футбол саҳнасига қайтди.

«Эҳромлар юрти»даги 3 йиллик фаолияти давомида аргентиналик мутахассис 38та ўйин ўтказиб, улардан 19тасини ғалаба, 7тасини дуранг ва 12тасини мағлубият билан якунлаган.

ЖЧ-2018да Миср терма жамоаси Уругвай, Россия ва Саудия Арабистони билан бир гуруҳдан жой олиб, ҳар учала ўйинни ҳам бой берган ҳолда сўнгги ўринни эгаллади. Саудияга қарши сўнгги баҳсда Купер тактик жиҳатдан Хуан Антонио Пиццига имкониятни бой берди.

Эслатиб ўтамиз, ЎФА Ўзбекис­тон термасининг собиқ устози Самвел Бабаянни 2017 йилнинг 7 сентябрь куни истеъфога чиқарганди. Шундан сўнг Рўзиқул Бердиев ва Темур Кападзе жамоа бошқарувида вақтинча ишлаб келишди.

Янги бош мураббий термамизни 2019 йил 5 январь - 1 февраль оралиғида БАА майдонларида бўлиб ўтадиган Осиё кубогига муносиб тайёрлаши керак. Вакилларимиз ушбу турнирнинг гуруҳ босқичида Япония, Уммон ва Туркманистон термаларига қарши кураш олиб боришади. Қитъа чемпионатида жами 24та жамоа қатнашади.

НЕГА АЙНАН КУПЕР?

Ўзбек футболи мухлислари ўта талабчан. Лекин ўтган йили сент­ябрда миллий жамоамизни Самвел Бабаян тарк этгач, улар янги мураббийни 10 ойдан ортиқ кутдилар. Термамизда хорижлик мураббий ишлаганига ҳам 12 йил бўлибди. Сўнгги марта Валерий Непомняший миллий жамоамизга Одил Аҳмедовни туҳфа этгани билан ёдда қолганди.

Деярли термамиз бошқарувига тайинлаб бўлинган аргентиналик мутахассис Эктор Купер номзоди ҳам футболдаги парадокснинг бир намунасидир. Мисрни шиддат билан мундиалга олиб чиқади-да, Муҳаммад Салоҳдан бошқа нажоткор топа олмай, мундиалнинг барча ўйинларини ютқазади.

Кашфиётлар қила олмаганлиги учун 45 ёшли дарвозабонга ишонч билдиради. Исталган футбол билимдонидан сўранг, Эктор Купер билан термамиз қандай натижа кўрсата олишини айтиш мумкинлигини ҳатто тахмин қилолмайди. Ниҳоятда жумбоқ келишув.

ЎФА раҳбарияти сўнгги пайтларда испан тилида суҳбатлашадиганлар маданиятига қизиқиб қолгани рост. Лекин Купер номзодини танлашда унинг узоқ муддатли цикл учун ўзига хос стратегияси борлигини текширганлар.

«ОМАДСИЗ ФИНАЛЧИ»

Астойдил ҳисоблаб кўрсак, Эктор Купер ўз фаолияти давомида саккизта (термалар миқёсида 1та) финални бой берган. Бир беллашувли «дуэл»ларда бирорта ҳам соврин юта олмаган. Мана шу фактдан келиб чиқиб, уни омадсиз экани, миллий жамоамизга мос эмаслигини айтаётганлар бор.

Лекин Купернинг ўша финалларга «Мальорка» ва «Валенсия» каби ўртамиёна клублар билан чиққанини эътиборга олсак, унинг савияси борасида савол қолмайди.

Бундан ташқари, яқинлашиб келаётган Осиё кубоги ва жаҳон чемпионати саралаш ўйинларини назарда тутсак, ўша 2-ўрин ҳар икки мусобақада ҳам термамиз учун энг яхши натижаларни қайд этишимизга етарлидир. Шу ерда савол туғилади: Эктор Купер финалгача етиб бориш малакасини қанчалик сақлаб қола олган экан?

ХОРИЖДАН БЎЛСИН!

Ким бўлишидан қатъи назар, терма жамоамиз бош мураббийлигига хорижлик номдор мутахассис тайинланишини истаётганди. Камида Кладуио Раньери сингариларни кутаётгандик. Узоқроқдан, умуман бошқа менталитетга эга бўлган, муҳими, замонавий футбол стандартларида «пишган», профессионализм тамо­йилларига содиқ мураббий сифатида Купер айни биз кутган «персона»дир.

Аввало, бундай савиядаги (мундиал кўрган) мураббий шартнома туздими, ўзининг аниқ талаблари билан келади ва у хоҳлайдиган энг минимум шароит нафақат маҳаллий мураббийларникидан юқори, балки рақобатдан холи бўлади. Табиийки, мухлисларга катта ваъдалар берган ЎФА ҳам «мураббий савиясига мувофиқ» бўлишга уринади ва терма жамоа муҳити, ишлаш шаклу шамойили, яратиб бериладиган шароитлар анча юқори савияда бўлиши бор гап.

Иккинчидан, у ҳали бизнинг миллий футболни, унинг атрофидаги муаммо-ю ютуқларни билмайди. Ўзбек футболида аллақачон янги «қон қуйиш» даври келган, фақат уни амалга оширадиган «доктор» йўқ эди.

Миллий чемпионатда порлаётган ёки шунга яқин турган истеъдодларни топиш, уларнинг савиясини яна бир поғона юқорига кўтариш Купер ва унинг жамоаси учун қийинчилик туғдирмаса керак.

Холислик таъминланишида, ўзбек футболида коррупциянинг йўқолишида Купер тимсолига катта умид боғланяпти. Зеро терма жамоа ичидаги холислик клубларда тўп сураётган ёш футболчиларга ҳам умид бериши, ўз-ўзидан Суперлигамизни ҳам жонлантириб юбориши мумкин.

Учинчидан, маълум бир цикл тугаганда, биз аслида натижанинг қониқарли бўлгани, мақсадга етишга бироз қолгани ҳақида гапиришдан тўхтаймиз. Муайян ўйинлардаги омадсизлик сабабини сўраш учун профессионал бўлишга ва янги бош мураббийдан ваколатли жавоб олишга имконимиз бўлади.

МУРАББИЙ МИЛЛАТИ АҲАМИЯТЛИМИ?

Златко Далич хорватиялик мураббийлар доимо трендда бўлишига ишора қилди. Инглизлар ўзининг анъаналарига содиқлигини Гарет Саутгейт орқали исботладилар.

Бугун дунё бўйлаб жуда кўп аргентиналик (Симеоне, Почеттино, Пицци, Пекерман) мураббийларнинг тарқаганини эътиборга олсак, бемалол улар ҳақида хулосалар бериш, бу юрт мураббийларининг анъанавий мактаби ҳақида фикр билдириш мумкин. Қизиғи, ушбу мутахассислар ўзларини асосан Европа ёки Осиёда яхши кўрсатадилар.

Голландиялик мураббийлар қаерда ишлашмасин, кўп куч талаб этадиган тотал услубни қуришга ҳаракат қиладилар. Италиялик мураббийлар ишлаган жамоаларда эса итальянча ҳимоявий футбол нафаси келиб туради. Аргентиналик ёки хорватиялик мутахассисларни бир сўз билан мослашувчан дейиш мумкин.

Аксарият аргентиналик мураббийларда қатъият етишмасада, охиригача интизомни ушлай олишмасада, чекланган имкониятлар билан ҳам курашувчан ва рақобатбардошликка эришган, ўз бўйидан юқори сакрай олган ло­йиҳалар муаллифи бўлишган.

Клублар миқёсида олсак, ҳаммаси тушунарли: аргентиналик «коуч»лар ўзларига берилган муайян имкониятлар асосида имкониятлари кўпроқ бўлган рақиблардан турнир жадвалида юқорида бўлишни уддалашади.

Бу жамоалар ҳар мавсумда бир хил тактикада тўп суришмайди, ҳар доим чемпионлик учун кураша олишмайди, уларнинг фанатлари ҳам кўп эмас, лекин тижорат нуқтаи назаридан фойдали иш кўришади.

Терма жамоалар миқёсида олсак, Чилини қаторасига икки марта қитъа чемпионига айлантирган Сампаоли, Парагвай билан ЖЧ-2010да илиқ таассурот қолдирган Мартино... ёки Колумбия билан муваффақиятли ишлаётган Пекерманни эслаш кифоя.

Бу мураббийлар сал кучлироқ ва характери шаклланган гранд жамоаларда омад қозона олмадилар. Аммо айнан кучсизроқ ва меҳнаткаш жамоа билан юқорироқ вазифаларни уддалаш борасида бу мураббийларда умумийлик борлигини кўриш мумкин.

Эктор Купер янги аср бошида мана шундай тенденцияни бошлаб берган мураббийлардан биридир. Осиёда пешқадам бўлмаган ва ресурслар (миллий чемпионат, иқтидорли футболчилар) борасида грандлар сафида юришга жиддий интилаётган Ўзбекистон бир бош баланд сакраш учун айнан аргентиналик мураббийга - Эктор Куперга мурожаат қилгани тўғри вариантдек кўринмоқда.

МЕҲНАТКАШ ВА СОВРИНДОР

Ҳақиқатан ҳам, Купернинг баъзи жамоаларда эришган натижаларига фақат ҳавас қилиш мумкин. У 1999 йилда Испаниядаги камтаргина «Мальорка» билан еврокубокларда зафар қучишига сал қолган. Кетма-кет икки мавсум - 2000 ва 2001 йилларда эса, энди Европада камтар бўлган «Валенсия»ни икки марта Чемпионлар Лигаси финалига олиб чиқиш ҳазил эмас.

Унинг сўнгги иш жойи - Миср термаси ва у ерда эришилган натижа ҳам Эктор Купернинг ҳали ҳам «формада» эканини кўрсатади. Номдор юлдузларга эга бўлмасада, чемпионати доимо муаммолар гидобида бўлсада, Мисрни мундиалга олиб чиққани фақат мураббийнинг меҳнатлари самараси, десак янглишмаймиз.

Миср термаси Россияда бирорта ҳам очко ололмади, лекин биринчидан, 28 йиллик танаффусдан сўнг, термани айнан у мундиалга олиб чиқди. Иккинчидан, Россия билан ўйин гуруҳдаги вазиятни ҳал қилиб бўлганди, сўнгги турдаги Саудия Арабистонидан учралган мағлубиятга катта аҳамият бермаслик лозим.

Ишонинг, Эктор Купер шу пайт­гача Ўзбекистон термасида ишлаган мураббийлар ичида энг номдор, энг муваффақиятли мутахассис эканлиги аниқ, буни инкор қилиб бўлмайди.

ЙИЛЛАР ЎЗ СЎЗИНИ АЙТАДИ

62 ёшли Купер учун ортиқча юк бўлмайди. Унинг тажрибаси бутун Суперлига учун ҳам етиб-ортади. Кўплаб мухлислар ва журналистлар орзулари олам-олам бўлган ёш мураббийларни олиб келиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлашди. Масалан, Билич, Петреску, Далич каби мутахассисларнинг ҳам исмлари тилга олинди.

Тўғри, ёш мураббийларнинг мотиватор сифатида катта-катта натижаларга эришганликлари ҳақида амалиётда мисоллар бисёр. Лекин ёш мутахассисларнинг харидори кўп бўлади, ўзи интиладиган бошқа манзиллари бор. Улар ротацияга қўл уришга қийналишади. Тактик услубларни қўллаб кўришда уларга сабр етишмайди.

Нега Кейруш Эронни тарк этмаяпти? У ўзини қадрлаган, қадрини оширган мамлакат футболи раҳбариятини қандай ишлатишни, улардан қай тариқа фойдаланишни билади?

Унга Европада харидор йўқ, дейсизми? Тажрибали, футболда турли вазифаларни бажарган, турфа паст-баландликларни кўрган тажрибали мураббийларнинг Ўзбекистондаги илк ойлардан бошлаб ўзи учун мос шароитни аста-секинлик билан яратиб олишига ишониш осонроқ.

Тажрибали мураббий эса, ихтиёридаги бор «маҳсулот»дан (яъни таркибдан ва номзодлардан) келиб чиқиб ўз йўналишини белгилай олади, мақсад сари йўлни қисқартиради. Балки биз ҳам Қосимов номзодига тўхталганимизда, унинг ёнида бир тажрибали маслаҳатчи қўйишимиз керакмиди?

Маълумотларга кўра, Эктор Купер Ўзбекистонга уч нафар ёрдамчиси билан келади ва улар турли ёшдаги термаларимизга жавоб берадилар. Шартнома эса 4 йилга тузилади.

Тор доирада, қўл остидаги маълум футболчи билан кутилган натижага эришиш эмас, имкон қадар кенгроқ миқёсда ишлаш, миллий жамоа келажагига бевосита ва билвосита таъсир ўтказиш, ўз қарорлари билан нафақат термалар, балки клублар, ички чемпионатимизга ҳам таъсир кўрсатиш учун катта тажриба зарур.

КИМ КИМГА МОСЛАШАДИ?

Купернинг «Мальорка», «Валенсия» ва «Интер»даги, қисман Мисрдаги жамоасига қараб баҳо бериш мумкинки, бу мутахассис асосан ҳимояга урғу беради.

Шунингдек, унинг тактик схемаларида ярим ҳимоя ва ҳужум доимий контактда бўлиши керак. Рақиб жарима майдончасига яқинлашганда, футболчилар янги куч билан ҳаракат қилиши ва якуний натижа учун борини бериб ўйнаши керак.

Бу нуқтаи назардан, таркибда жуда тезкор ва жисмоний жиҳатдан юқори тайёргарликка эга ижрочиларга эҳтиёж сезилади, бусиз умуман иложи йўқ. Футболимизда айни пайт айнан тезкорлик ва жисмоний тайёргарлик оқсашини инобатга олсак, Куперга ёки унинг талабларини бажарадиган футболчиларимизга қийин бўлиши мумкин.

Шу ҳолатда ЎФАнинг Техник-илмий бўлими ёрдамга келиши керак. Улар тузган нормативлар Суперлигада юқори савияда ўйнаётган терма жамоа­га номзодларнинг ҳеч бўлмаганда қитъа савиясига чиқишини таъминлаши лозим.

ЯКУНИЙ СЎЗ

Терма жамоамиз 10 ойдан буён деярли эгасиз эди. Ундан олдинги 2 йилда Ўзбекистон қоғозда маълум натижага эришган бўлса-да, ўйин сифати нуқтаи назаридан жуда паст даражани намойиш қилганди. Қитъа грандлари билан қайд этган натижаларимиз эса мақтовга арзимайди.

Термамиз таркиби тўлиқ янгиланадиган бўлса ва янги мураббийлар штаби уни эркин танлаб олса, ўйинчиларга қўйиладиган юкламалар жамоани мутлақо янги савияга олиб чиқиши мумкин. Тан олиш керак, Корея, Австралия ва БААда яққол пасайиш юзага келди.

Эрон ва Япония ўзининг пик формасига чиқиб бормоқда. Терма жамоа футболчилари профессионализм учқунларини сезишса, улар ҳам бу муносабатга ўринли жавоб қайтарадилар. Ахир уларда ҳам мотивация бор-ку!

Ҳойнаҳой, Эктор Купер ўртоқлик ўйинлари ташкиллаштиришда муаммоларга учрамайди. Демак, халқаро тажриба ошиб боргани сайин натижалар ҳам ўзини кўп куттирмаса керак. Россия тажрибаси бунга яққол мисол.

Эктор Купернинг мураббийлик статистикаси (2018 йил 30 июнь ҳолатига кўра)

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда. 
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 14:47, 28.07.2018.
Ўқилди: 11112 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.