Мозий мулкига айланган ЖЧ-2018 нафақат мухлису мутахассислар, балки мусобақа қатнашчиларига ҳам олам-олам қувонч улашди. Албатта, «бахт» тушунчасини ҳар ким турлича талқин қилади.
Шахсан менинг фикримча, Россиядаги футбол байрамидан энг кўп завқ-шавқ олган киши Тьерри Анри бўлди. У 1998 йили ўз юртида Франция терма жамоасининг ёш ҳужумчиси сифатида жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарганди.
20 йилдан кейин Тьерри юртдошларининг навбатдаги тарихий зафарларига гувоҳ бўлди, ўзи эса Роберто Мартинеснинг ассистенти сифатида Бельгия термасининг бронза медалларига сазовор бўлишига муносиб ҳисса қўшди.
Мундиал баҳонасида ана шу бахтиёр инсоннинг фаолиятини ёдга олишни лозим топдик.
ЛЕЗ-ЮЛИСДАН КЛЕРФОНТЭНГА ҚАДАР
Евро-1984 финалида Мишель Платини ва Брюно Беллоннинг Испания дарвозасига йўллаган жавобсиз тўплари Францияда қизғин нишонланаётган пайтда Тьерри ҳали 7га ҳам тўлмаганди.
Париж яқинидаги Лез-Юлис шаҳарчасида тўпни қўлтиқлаб олганича осмондаги ёрқин мушакбозликка маҳлиё бўлган болакай қачондир шундай ранг-баранг тантананинг сабабчиси бўлишни дилига тугиб қўйди. «Болалигимдан кулранг манзарадан кўнглим қолган. Биз тўп сурган майдон атрофидаги уйлар, уларнинг деворлари айнан шу кўримсиз тусда эди», - деганди Анри кейинчалик.
Бўлажак юлдузнинг онаси Мартиникадан, отаси эса Гваделупедан бўлиб, Францияга фаровон ҳаёт илинжида келишганди. Ўшанда Мариз Тьеррига ҳомиладор эди. Отаси - Антуан бўш пайтларида футбол ўйнаб турарди. Тез орада жажжи Тьерри отасига тақлид қила бошлади.
Сал ўтмасдан шунчалик қизиқиб қолдики, ўзидан икки ёш катта болалар билан тенгма-тенг ўйнайдиган бўлди. Кейинчалик 13 ёшли вундеркинд «Вири-Шатийон» клуби таркибида 26 марта майдонга тушиб, 76та гол урди.
«У тўп билан олдинга ташланган пайтда ҳеч ким тўхтатиб қола олмасди», - деганди Тьеррининг биринчи мураббийи Клод Шезель.
Анри ўзининг футболдаги илк қадамларини амалга оширган пайтдан отаси унинг доимий мухлиси бўлди. Гарчи улар кейинчалик кам кўришадиган бўлиб қолишган бўлса ҳам. Тьерри 8 ёшга чиққанида жуфтлик ажрашиб, болакай онаси билан Орсе туманига кўчиб ўтди.
14 ёшга тўлганида Анри 3 йил аввал очилган Клерфонтэн академиясига қабул қилинди. Мамлакатнинг энг машҳур масканида у Николя Анелька, Вильям Галлас ва Луи Саа каби иқтидор соҳиблари билан ёнма-ён сабоқ олди.
ВЕНГЕР БИЛАН ТАНИШУВ
Ўзининг 16 ёшини нишонлаш арафасида Тьерри «Монако» скаутлари назарига тушиб, Арсен Венгерни қизиқтириб қолди. Князлик клубининг ўша пайтдаги бош мураббийи кўп ўйлаб ўтирмади - 1993 йилда Анри «Монако» ёшлари сафидан жой олди.
1994 йилнинг ёзида эса, икки ҳафта аввал 17 ёшини байрам қилган иқтидорли ҳужумчи асосий таркибдаги дебютини нишонлади. Тўғри, илк учрашувлар омадсиз кечди - жамоа ўз майдонида «Ницца»дан енгилди. Ваҳоланки, ўшанда Лилиан Тюрам, Эммануэль Пети ва Юрий Жоркаефф каби номдор футболчилар Анри билан ёнма-ён тўп суришганди.
«Монако» кейинги ўйинда ҳам очко ололмади: «Гавр» - 0:1. «Ренн» билан нурсиз дуранг (0:0) қайд этилгач, мутасаддилар Венгерни истеъфога чиқаришди. Бир амаллаб ўз ўрнини сақлаб қолган Анри эса, Жоркаеффнинг узатмасини фантастик голга айлантирди. Аммо ўша паллада 4 йилдан сўнг уни қандай муваффақият кутаётганидан ҳам, Арсен Венгер билан яна учрашишидан ҳам ёш ҳужумчи бехабар эди.
ЖАҲОН ФУТБОЛИ ТОЖИ
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.