Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Азамат Абдураимов: «Кўза ўз-ўзидан пишиб қолмайди…»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, бугун Индонезияда Осиё ўйинлари-2018 мусобақасининг футбол мусобақаларига старт берилди. Қитъамиз спортида муҳим ўрин тутувчи кичик Олимпиаданинг футбол турнирида қатнашадиган Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги Ўзбекистон ёшлар термаси олдига Хиросима-94-да қайд этилган зафарни такрорлаш вазифаси қўйилган.

Айтиш ўринлики, миллий жамоамизнинг 1994 йилги ўша ёрқин ғалабаси ҳамон футболимиз янги тарихини алоҳида безаб турибди.

«ИнтерФутбол»нинг украиналик махсус шарҳловчиси Виктор Ерёмин-Хохлюк яқинда Японияда ташкиллаштирилган ўша турнир қаҳрамонларидан бири - Азамат Абдураимов билан унинг ёрқин ва самарали фаолияти хусусида бафуржа суҳбатлашди.

Ўйлаймизки, собиқ ҳужумчининг хотиралари кўпчиликни етарлича қизиқтиради, айниқса, Индонезиядаги бўлажак Осиё ўйинлари арафасида...

Муаллиф: - Абдураимов - бу собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг таниқли футбол фамилияларидан бири... Афсонавий ҳужумчи Биродар Абдураимов ҳисобида Тошкентнинг «Пахтакор» ва Москванинг ЦСКА жамоалари учун урилган 223та гол бор.

Унинг тўнғич ўғли Азамат эса турли мамлакатлар чемпионатлари ва Ўзбекистон терма жамоасида рақиблар дарвозасини янада кўпроқ ишғол қилган. У жуда бандлигига қарамай, яқинда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бошқарувини қўлга олди.

- Азамат Биродарович, айнан неча ёшдан эътиборан футбол билан шуғуллана бошлаганингиз эсингиздами?

- Айтиш мумкинки, футбол ичида туғилганман... ва бу кўп йиллик тақдиримни олдиндан белгилаб берган. Тушунарлики, отамнинг аввалига буюк футболчи сифатида танилгани ва кейин мураббийлик билан шуғуллангани ҳаётий йўлимда катта роль ўйнаган. Оддий айтганда, болалик чоғидан миллионлар ўйини оламида яшаганман.

Тўғри, футбол маш-ғулотларини жиддий тарзда бошлашгача бошқа спорт турлари билан шуғулланишга ҳам улгургандим. Ке-йинчалик «Юность» (Москва) футбол мактабида таҳсил олдим. Биринчи мураббийим - Анатолий Килин. Ёш болаларни футболчи сифатида шаклланишлари учун борини берган бу инсондан умрбод миннатдорман.

Ўйин бобида янада ўсишим кераклигини вақтида тушунган мураббийимизнинг ўзи кейинчалик мени «Лужники»даги футбол мактабига олиб борганди. Бу даргоҳ ўша пайт нафақат Москва, балки бутун собиқ иттифоқдаги энг яхши мактаблардан бири эди.

Хуллас, 1982 йилга келиб, Сергей Рожков қўл остидаги МФМ (Москва футбол мактаби) жамоасида ўсмирлар ўртасида собиқ иттифоқ чемпиони бўлгандик.

- Сиз билан битта мактабда шуғулланганлар орасида яна кимлар катта футболда ном қозонишган?

- «Юность» мактабида таҳсил олганлардан Гена Сёминни айтишим мумкин - у катта футболда жуда яхши ўйнади. МФМда мен билан ёнма-ён шуғулланганлардан эса кўпчилик таниқли футболчи бўлиб етишди.

Ўзи МФМ футбол университетлари пирамидаси шундай тузилгандики, таҳсил тугагач, энг салоҳиятли йигитлар ўз йўлларини бирданига иккинчи лигада иштирок этувчи мактаб номидаги жамоада давом эттириш имкониятига эга бўлишарди. У «Марказий» ҳудуд гуруҳида ўйнарди.

Хуллас, энг яхши тарбияланувчиларни шу жамоага қабул қилишарди. Мактабимизнинг ўша даврдаги энг номдор тарбияланувчилари - кейинчалик «Торпедо» шарафини ҳимоя қилишган ака-ука Савичевлар, «армиячи» Дмитрий Кузнецов ва Андрей Митин...

Мисол учун, Юра Савичев ҳамда Дима Кузнецов 1988 йили собиқ иттифоқ олимпия терма жамоаси сафида Сеул Олимпиадаси олтин медалини ютишган.

- Футболга ошно тутинган болалар муваффақиятга эришиш учун нималарга кўпроқ эътибор қаратишлари керак? Шахсан сиз уларга қандай маслаҳат бера оласиз?

- Ортда қолган йилларга назар солиб, ёшларга аввало, футболни чинакамига севишларини тилашим мумкин. Шунингдек, юқори марраларга чиқиш учун бор имкониятларни ишга солиш ҳам муҳим. Асосийси - орзу ва уни амалга ошириш учун талаб даражасида тер тўкиш! Кўза ўз-ўзидан пишиб қолмайди...

Қисқаси, футболни танлаган ҳар бир бола аввало, ўз кучи ва салоҳиятига ишониши, бу йўлда кўп нарсалардан воз кечиши лозим. Шундай қилинса, футбол кейинчалик барчасини қайтариб беради. Ҳар ҳолда, ўз тажрибамдан биламан, футбол ҳеч кимнинг олдида қарздор бўлиб қолмайди!

- Тезкорлик ва рақиблар дарвозаси томон аниқ зарба йўллаш хусусияти сизга генетик даражада афсонавий отангиз Биродар Ҳасановичдан ўтган бўлса керак...

- Дарҳақиқат, отам ақлга сиғмас даражадаги иқтидори билан ажралиб турган. Дейлик, у собиқ иттифоқ чемпионатининг олий лигасида ҳам, биринчи дивизионида ҳам «Пахтакор»нинг энг яхши тўпурари мақомига эришган. Дейлик, расмий ўйинларнинг ўзида 200тадан ортиқ гол урган.

Ўзбекистонда футбол статистикаси мэтри Владимир Сафаров 200та ёки кўпроқ гол урганлардан Биродар Абдураимов номидаги фахрий тўпурарлар клубига асос солган. Дарвоқе, мен ҳам шу клуб аъзосиман, ҳаттоки, отамдан ўзиб кетганман (кулади). Бироқ ўзимни соф тўпурар сифатида таърифлолмайман.

Мисол учун, «Пахтакор»да ҳам, Ўзбекистон миллий жамоасида ҳам ҳамиша ҳужумнинг ўткир учида ўйнаган кўп йиллик ҳамкорим Игорь Шквириндан фарқли ўлароқ, кўпинча орқароқда ҳаракатланганман. Тўғри, баъзан Игорь билан жуфтлик ҳосил қилганмиз.

Умуман, иккимиз идеал дуэт бўлганмиз. Бунда мен олдинги чизиқнинг барча фронтлари бўйлаб ўйнардим, у эса фақат марказда ҳаракатланиб, ҳужумга нуқта қўювчи ролини бажарарди. Айтишим жоиз, Москванинг «Спартак» жамоасида фаолият юритган вақтларда ҳам фақат голлар эмас, чиройли комбинациялар ва рақиб ҳимоясини «кесиб» ўтувчи ўткир узатмалардан ўзгача роҳатланардим.

Оддий айтганда, ўйин услуби бўйича отам ва мен умуман бошқа-бошқамиз. Зеро, у соф қанот ҳужумчиси саналган, мен эса кўпинча форвард ортида тўп сурардим. Нима бўлганда ҳам, гол уриш - таърифланмас роҳат!

- Айтганча, катта Абдураимов ҳозирда нима билан машғул?

- Отам ҳамон футбол ишлари билан фаол шуғулланмоқда. Аниқроқ айтсам, бугунги кунда «Пахтакор» президенти ролида ишламоқда. Доимо футбол ўйинларини жойида кузатади, шунга асосан ёш ҳамкасбларига тегишли маслаҳатлар беради. Ахир унинг ўйинчилик, мураббийлик ва ҳаётий тажрибаси бебаҳо.

- Шахсий фикрингизча, Москванинг «Спартак» клубида иқтидорингизни тўла намойиш этишингизга нима халақит берган?

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 15:08, 14.08.2018.
Ўқилди: 4330 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.