Бугун, 15 август куни Про-лига 21-тури доирасида «Хоразм» клуби сафарда «Андижон» билан беллашиб, йирик - 1:6 ҳисобида ютқазди.
Шундан сўнг, «Хоразм» мухлислари клубдаги вазиятни ўнглаш лозимлигини таъкидлаб, вилоят раҳбарияти номига мурожаат қилишди.
«Ўйинни кўрмасдан туриб баҳо берилмайди, аммо, тўғриси, натижанинг бундай бўлишини кутмаган эдик.
«Хоразм» учинчи даврадан олдин 1 ой давомида Тошкент йиғинини ўтказди. Бир қанча ўртоқлик ўйинларида иштирок этди. Бунга катта маблағ сарфланди.
Аммо, жамоа учинчи давранинг 3та ўйинида атиги 1 очко олди холос. У ҳам бўлса, турнирнинг яққол аутсайдери «Орол»га қарши ўйинда. Фикримизча, мусобақанинг учинчи даврасига пухта тайёргарлик кўрган жамоа бундай натижаларни қайд этмаслиги лозим эди.
Энг ачинарлиси шуки, «Хоразм» клуби Андижонга бориш учун маблағ тополмай, ўйин бошланишига 30 соат вақт қолганида йўлга чиқди. Натижада, беллашув ўтказиладиган куни Андижонга етиб борди. Бундай шароитда, узоқ йўлдан чарчаб борган футболчилар на дам олишди, на бир тайинли машғулот ўтказишди.
Бу нимадан далолат бермоқда? «Хоразм» клубининг раҳбарияти ўз ишига совуққонлик билан ёндашмоқда, ўз вазифасини муносиб тарзда бажармаяпти. Клубга ажратилган пуллар мақсадга мувофиқ тарзда сарфланмаяпти. Акс ҳолда, 1 ой давомида катта маблағ сарфлаб, Тошкент йиғинини ўтказиш, аммо, 21-тур ўйинига бориш учун пул тополмай, 1 кун қолганда йўлга чиқишни қандай тушуниш мумкин?
Умид қиламизки, Хоразм вилояти ҳокимияти «Хоразм» футбол клубида юзага келган вазият билан жиддий шуғулланади, вилоятда ягона бўлган футбол клуби учун зарур шароитларни яратиб беради» - дейилади «Хоразм» клуби мухлислари баёнотида.