Миллий чемпионатимизнинг дастлабки қисмида 12та клуб жами 26 нафар дарвозабон хизматига эҳтиёж сезди. Дилшод Ҳамроевнинг 2та жамоа сафида майдонга тушганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Хуллас, 132та ўйинда мухлислар 26 нафар голкипер ҳаракатига гувоҳ бўлишди. Умуман олганда, Суперлига доирасидаги 13та ўйинда дарвозабонлар бирорта гол қўйиб юборишмади - 0:0.
Нақ 59та учрашувда эса киперлар ўз дарвозаларидан 1 марта тўп олиб чиқишди. 12та клубдан 2таси бутун босқич давомида ягона голкиперга таянди.
Қисқаси, ҳозирча 2 нафар дарвозабон Суперлига баҳсларида тўлиқ 100 фоиз қатнашди.
«Пахтакор»(12та гол қўйиб юборди)
Чемпионатнинг илк босқичини пешқадам сифатида якунлаган жамоа мураббийлари 22та ўйинда ҳам Элдор Суюнов маҳоратига ишонч билдиришди. Муҳими, Александр Лобановни захирага «михлаб» қўйган терма жамоамиз кипери бу ишончни тўла оқади.
Зеро, «Пахтакор» ўз дарвоқасидан энг кам тўп олиб чиққан жамоа бўлиб турибди. Демак, Элдор 11та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлади (7та уй учрашуви ва 4та сафар баҳсида).
Ўртача ҳисобда айтсак, Суюнов 1та ўйинда 0,55та гол қўйиб юборяпти ёхуд ҳар 165 дақиқада. Ажойиб кўрсаткич ва шуни назарда тутсак, Элдор айни пайт миллий жамоамиз учун биринчи рақамли номзоддир.
«Навбаҳор»(18та гол қўйиб юборди)
Наманган жамоасининг Суперлигада ҳимояси мустаҳкам иккинчи яхши жамоа бўлганида, айниқса, Ботирали Эргашев муҳим роль бажарди. Қаранг, олимпия терма жамоамиз кипери Суперлига доирасидаги 12та ўйинда майдонга тушиб, улардан 7тасида гол қўйиб юбормади. Ўртача статистикаси ҳам зўр: 1та ўйинда -0,66та гол (135 дақиқада 1та гол).
Ботиралининг асосий ўринбосари Акбар Тўраев ҳам чакки эмас: у 9та ўйинда 10та гол қўйиб юборди, холос. Трансферлар бозори вақти «Сўғдиёна»дан «Навбаҳор»га ўтган Дилшод Ҳамроев эса ҳозирча 1та ўйинда иштирок этди ва унда дарвозасини дахлсиз сақлади.
«Қўқон-1912» (20та гол қўйиб юборди)
Ҳа, Суперлиганинг илк босқичида энг кам гол қабул қилган 3та жамоадан бири бўлган «Қўқон-1912» энди кучлилар қаторида қолиш учунгина курашади, холос. Нўъмон Ҳасановнинг ишонган кипери Ўткир Юсупов 22та ўйинда тўлиқ вақт ҳаракатланиб, улардан 6тасини «қуруқ» ўтказди.
Дейлик, Ўткир охирги 4та баҳсда фақат иккинчи бўлимда 1тадан гол қўйиб юборди. Умуман олганда, бу дарвозабон жорий мавсум нақ 13та ўйинда атиги 1 мартадан ожиз қолди. Ўртача статистикаси: 1та ўйинда 0,90та гол (ҳар 99 дақиқада 1та).
«Локомотив»(21та гол қўйиб юборди)
Игнатий Нестеров статистикаси «Қўқон-1912» кипериники билан тенг, ҳисоби. Битта фарқи шуки, миллий жамоамиз дарвозабони орада 1та ўйинни ўтказиб юборди. Шунингдек, унда «қуруқ» ўйинлари сони ҳам камроқ - 5та. Игнатийнинг ўринбосари - Маъмур Икромов эса 1та баҳсда тўлиқ вақт ҳаракатланиб, 1та гол қабул қилди. Демак, унда «қуруқ» ўйин йўқ.
«Бунёдкор»(26та гол қўйиб юборди)
Миржалол Қосимов 22та тур мобайнида Мурод Зуҳуров ва Суҳроб Султоновга теппа-тенг имконият берди - 11тадан ўйин. Эътиборлиси, улар шу учрашувларда тенг миқдорда гол қўйиб юборишди - 13тадан. Шундай экан, «Бунёдкор» голкиперларини савия бобида бир-бирларига муносиб рақобатчи сифатида таърифлаш мумкин. Тўғри, «қуруқ» ўйинларда озгина фарқ бор: Зуҳуров 3та, Султонов эса 1та баҳсда рақибларга тўп киритиш имконини бермади.
«Бухоро»(28та гол қўйиб юборди)
«Бухоро»нинг асосий посбони Асилбек Омонов жами 7та ўйинни «қуруқ» ўтказди. Тўғри, у 11 май куни «Локомотив»га қарши баҳсда 3та гол қўйиб юборганидан кейин иккинчи даврада атиги 2 марта майдонга тушди. Умид қиламизки, Асилбекда қатъият йўқолиб қолмаган.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.