Нуфузли мусобақада ўз делегацияси байроқдори бўлиш ҳар бир спортчининг орзуси ва бу албатта катта шараф ҳисобланади. Бундай вазифа ҳар қандай спортчига ҳам насиб этавермайди. Аммо бунинг ўзига яраша катта масъулияти, жавобгарлиги бор. Сен ўз ватанинг байроқдоримисан? Демак, якунда энг яхши натижани кўрсата олишинг керак!
Миллий Олимпия қўмитаси Индонезиядаги Осиё ўйинларида ушбу шарафли вазифани тўрт йил олдинги мусобақада кумуш медаль эгасига айланган боксчи, Осиё чемпиони ҳисобланган Исроил Мадримовга ишониб топширганди. Бу ўз навбатида спортчи учун кутилмаган ҳолат бўлганди: «Бу мен учун шараф. Байроқдор бўлишни ҳар бир спортчи орзу қилади. Мен ҳам бу ҳақида орзу қилгандим. Бироқ, бизда истеъдодли спортчилар жуда кўп бўлгани сабаб, мен учун кутилмаган янгилик бўлди. Ўзимга билдирилган ишончни оқлаб, якунда ватанимизга чемпион сифатида қайтаман».
Боксчимиз мусобақа давомида жуда ишончли ҳаракат қилди ва финалгача етиб борди. Олтин медаль учун курашда эса уни жиддий рақиб кутиб турарди. Тасодифни қарангки, Абилхан Аманкул Қозоғистон спорт делегациясининг байроқдори эди. Ҳал қилувчи жангда Исроил қўшниларимизнинг энг ишонган спортчисини мағлуб этди ва Осиё ўйинлари ғолибига айланди.
Эътиборлиси, ушбу олтин медаль орқали Исроил Ўзбекистон байроқдорларига оид нохуш бир анъанани бузишга муваффақ бўлди. 1994 йилдан буён Осиё ўйинларида байроқдор бўлган спортчиларимиз якунда олтин медалга эга чиқа олмагандилар. Демак, Исроил бу борада биринчи бўлди. Умид қиламизки, бундан буён байроқдорларимиз Мадримов бошлаб берган ушбу ёқимли анъанани давом эттирадилар.