Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Канчельскис «Навбаҳор»ни қийин вазиятдан қандай олиб чиқишини айтди

Баҳо:
+ | -

Наманганнинг “Навбаҳор” клуби янги бош мураббийи Андрей Канчельскис бугунги тақдимот маросимидан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди ва саволларга жавоб қайтарди.

- Янги жамоани қабул қилиш қарорини қабул қилиш осон эмас. “Навбаҳор”нинг жорий мавсумда 7 та ўйини қолди ва бу ўйинлардан тўрттасини сафарда ўтказади. Албатта, ўз майдонида ҳар қандай жамоани мағлубиятга учратишга қодир бўлган “Навбаҳор”нинг сафардаги баҳсларда нега салбий натижаларни қайд этаётганлиги менга қоронғу.

Балки бу руҳият билан боғлиқдир, балки бошқа нарса билан, буниси менга номаълум. Футболчилар билан яқиндан танишиб, суҳбатлашилганидан сўнг, бунга ойдинлик киритишга интиламиз. “Бунёдкор”дан учралган мағлубият ҳам мен учун кутилмаган ҳолат бўлди. Тўғрисини айтсам, ўша ўйинда ижобий натижани кутгандим. Аммо...

Энди йигитлар ўша ўйинни унутиб, бўлажак учрашувга тайёрланишлари керак. Кейинги баҳсга тайёргарлик кўриш учун ҳали олдинда яна 2 ҳафтага яқин вақт бор ва  шу вақт ичида мураббийлар штаби билан бамаслаҳат ва биргаликда ўз майдонимиздаги “Бухоро” ҳамда сафарда “Локомотив” клубларига қарши кечадиган ўйинларга пухта тайёргарлик кўрамиз.

Мураббийлик соҳангизни қадрлайсиз. Аммо чемпионлик учун курашаётган “Навбаҳор”ни қийин вазиятда қабул қилиб олдингиз. Мураббий сифатида бу қарорни қабул қилиш сизга осон бўлмагандир? Ахир, ўзингиз билан энди янги футболчилар олиб кела олмайсиз. Шу ҳақда ҳам ўйлаб кўрдингизми?

- Бу ҳақда ўйладим. “Навбаҳор”ни қабул қилиш борасида бир қарорга келиш керак эди ва буни қабул қилдим. Тўғри, бу таркибни мен йиғмаганман ва футболчиларни ҳам жамоа сафига мен таклиф қилмаганман. Энди жорий мавсумда ўзим билан янги ўйинчиларни олиб кела олмайман ҳамда айни пайтда қўл остимда бўлган футболчилар билан мавсумни якунлаймиз.

Собиқ бош мураббий Илҳом Мўминжоновга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. У яхши жамоа шакллантирди ва “Навбаҳор” айни пайтда турнир жадвалининг 3-поғонасида бормоқда. Шу сабаб Мўминжоновни танқид қилмаслик керак. Унинг келгусида бирорта жамоада фаолият олиб бориши ва келгуси ишларида омад ёр бўлишини тилайман.

“Навбаҳор”га ўзингизга қарашли бўлган ёрдамчи мураббийларни ҳам таклиф этасизми?

- Ҳа, таклиф этаман. Тез кунлар ичида Наманганга тажрибали мутахассис Алексей Ильич Беленков келади. Ушбу мураббий футболчилик фаолияти давомида Москванинг “Торпедо” клубида ўйнаб, 1976 йили собиқ иттифоқ чемпионлигини қўлга киритган ҳамда Эдуард Стрельцов, Иванов сингари машҳур футболчилар бирга тўп сурган.

Биз у билан “Торпедо - ЗИЛ”, “Уфа” ва “Солярис” жамоаларида бирга фаолият олиб борганмиз.Шунингдек, мураббийлар штабида маҳаллий мутахассислар ҳам иш олиб боришади. Қайси жамоада фаолият олиб борган бўлсам, маҳаллий мутахассисларни ҳам мураббийлар штабида қолдирганман. “Навбаҳор” дарвозабонлар мураббийи ҳам маҳаллий мутахассис. Бундан ташқари, шифокорлар ва массажчилар ҳам маҳаллий. Улар билан бирга умумий тил топишиб, бир мақсад йўлида биргаликда фаолият олиб борамиз. Мен билан бирга “Навбаҳор”га фақат бир нафар ёрдамчи мураббий келади, холос.

Суперлига баҳсларининг якунланишига 7 та тур қолди. “Навбаҳор” ушбу 7 учрашувнинг тўрттасини сафарда ўтказади. Жамоа сўнгги пайтларда сафардаги баҳсларда салбий натижаларни қайд этяпти. Бу вазиятдан қандай чиқиб кетмоқчисиз?

- Қийин вазиятдан мураббийлар штаби билан бамаслаҳат ҳолда чиқиб кетамиз. Тўғри, таъкидлаб ўтганимдек, ўз майдонида ажойиб ўйин намойиш этадиган ҳар қандай жамоани мағлубиятга учратадиган “Навбаҳор”ни сафар учрашувларида таниб бўлмай қоляпти. Бу психология билан боғлиқми ёки тактика биланми, бу ҳозирча менга номаълум.

Бунга йигитлар билан яккама-якка суҳбатлашганимдан кейин ойдинлик киритилади. Лекин сафар ўйинларида ҳам энди ижобий натижаларни қайд этишга, футболчиларни бўлажак ўйинларга ўзгача руҳда тайёрлашга интиламан. Қисқаси, жамоанинг ўз олдига қўйган мақсадига эришишига қўлдан келганича ҳаракат қиламан.

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 22:49, 07.10.2018.
Ўқилди: 5579 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.