Мбаппе - сайёрамиздаги энг моҳир ёш футболчи, Мбаппе - жаҳон чемпиони, Мбаппе - «Олтин тўп»га яққол даъвогар. Булар барчага маълум. Фантастик тезлигию, ажиб голлари билан ҳаммани лол қолдираётган навқирон ҳужумчи ЖЧ-2018даги ғалаба учун берилган мукофот пули (500 минг доллар)ни хайрия жамғармасига ҳадя этиб, Time журнали муқовасидан жой олди. Энг ҳайратланарлиси, 19 ёшли Килиан мулоҳаза юритиш бобида кўпни кўрган донишмандларни эслатмоқда! Келинг, яхшиси, кейинги 10-15 йил давомида футбол салтанатига ҳукмронлик қилиши кутилаётган моҳир ҳужумчининг турли вақтларда айтган доноларга хос фикрлари билан танишиб чиқамиз.
Ўз мақоми ҳақида
- Ҳозирги ишларим ўзим учун ғайритабиийдек туюлмайди. Шунчаки, мен жуда яхши уддалайдиган юмуш билан машғулман. Ўйлайманки, ҳар бир киши ўз касбининг чин устаси бўлишга интилади. Бунинг ажабланадиган томони йўқ. Ҳа, мавсум давомида 60тача гол уриш фақат ноёб иқтидор соҳибларига насиб этади. Афсуски, улар жуда оз. Шундай экан, жарангдор иборалардан узоқроқ турайлик: айни пайт яхши спорт формасида эканлигимдан фойдаланиб, зиммамдаги вазифани кўнгилдагидек адо этяпман. Бор гап шу.
Атрофдагилар эътибори ҳақида
- Матбуотнинг кучли муносабатига имкон қадар бефарқ қарашим керак, атрофдагилар эътиборига ҳам шундай ёндашишга интиламан. Кун тартибим бошқаларникидан фарқ қилмайди: эрталаб машғулотларга йўл оламан. Яширмайман, кун сайин яхшироқ натижа кўрсатишга уриняпман ва буни уддаласам, хурсанд бўламан, албатта.
Лига кубоги финалидаги мағлубият ҳақида
Мбаппе «Монако» сафида «ПСЖ»га қарши ўйнаганди
- Ўша беллашув келажагим учун улкан сабоқ бўлди. Чунончи, ўта қулай вазиятлардан фойдаланолмадим, жамоадошларимни курашга қайтаролмадим. Ваҳоланки, енгилаётган паллада етакчиликни қўлга олишим керак эди. Аммо бу иш уддасидан чиқолмадим.
Фалькао ҳақида
- Ўйлашимча, ўта омадли ўйинчиман, чунки фаолиятим бошида Радамель Фалькаодек моҳир ҳужумчи билан ёнма-ён тўп суриш, шуғулланиш имкониятига эга бўлдим. У катта доирада бир талай голлар урди, демакки, футболда ўчмас из қолдирди. Умуман, Радамелдан ҳар куни қандайдир янги «ҳунар» ўрганиш мумкин.
Кумири ҳақида
- Футболга Зидан туфайли меҳр берганман. Зизудан кейин яна бир қатор ўйинчилар ҳам ўз ўйинлари билан ром этишди. Аммо Зидан биринчи рақамли кумир бўлиб қолаверади. Видеоёзувларни томоша қилар эканман, айнан Зидандек ўйнаш иштиёқи кучайиб бораверади. Мени Тьерри Анрига қиёслашларига келсак, бу ёқимли, албатта. Бироқ унинг ўрнида бўлганимда, деярли ҳеч нарсага эришмаган 18 ёшли йигитча билан тенглаштиришларидан ранжирдим, очиғи...
Кимлиги ҳақида
- Айримларнинг айтишларича, ривожланиш бобида тенгдошларимдан анча ўзиб кетибман. Аслида ҳамон онасининг қатъий назорати остида машғулотларга қатнайдиган 18 ёшли болакайман. Ҳанузгача ҳайдовчилик гувоҳномаси олганим йўқ. Бу мен учун ҳаётдаги биринчи йирик хатодир.
Орзу-истаклари ҳақида
- Ниманидир орзу қилиш яхши, аммо барчасини рўёбга чиқариш учун тер тўкиш янада маъқулроқ. Айни шу иборани тез-тез такрорлашни ёқтираман. ЕЧЛ - орзуларимдан бири, ҳамма ҳам бу турнирда ғолиб чиқишни истайди. Лекин ғалаба гашти саноқли футболчиларга насиб этади. Муҳими, чин юлдузлар даражасига етишни хоҳлайман. Совринлар? Ҳа, улар ҳаммасидан муҳимроқ. Хусусан, мени энг нуфузли совринлар қизиқтиради. Масалан, «Олтин тўп»...
«Монако» билан хайрлашув ҳақида
- Кетиш қарорим клубнинг барча мухлисларига бирдек маъқул тушмаганини биламан. Айримлар мендан қаттиқ ранжишганини ҳам. Айниқса, матбуотда тарқалган сохта маълумотлардан кейин. Бироқ ўша-ўшаман, оилам ҳам ўзгармади. Ҳа, фанатлар мендан аразлашлари, нафратланишлари мумкин. Лекин бу уларга нисбатан муҳаббатимга таъсир этмайди. Чунки муҳаббатим - чин севги. Барчангизни севаман!
Жадал юксалиши ҳақида
- Маҳоратимни ошириш устида тўхтовсиз изландим, доимо ишонч билан олға интилдим. Бироқ бунчалик кескин парвозни ўзим ҳам кутмагандим. Нима дердим, энди шу тезлик, шу суръатни бўшаштирмаслигим керак. Мақсадим - буюк футболчи даражасига кўтарилиш.
Неймар ва Кавани ҳақида
- Неймар ажойиб йигит, мен учун худди акамдек. У билан ҳеч қачон зерикмайман. Кавани эса жамоадаги энг яқин ҳамкорим, у доимо ҳаракатда. Бўш ҳудудларни тез илғайди, ажойиб зарбага эга. Қисқаси, Эдинсон замонавий футболдаги энг кучли ҳужумчилардан бири, шубҳасиз. Қўшимчасига, у жуда яхши инсон ҳам.
Ҳакамлар хусусида
- Футболда ҳакамлар нима учун ўйинчилардан устун туришни хоҳлашларини сира тушунмайман. Қаранг, уларнинг қарорларини муҳокама қилолмаймиз, баҳслашишга ҳаққимиз йўқ. Ваҳоланки, ҳаммамиз битта юмушни бажарамиз.
Криштиану Роналду ҳақида
- Роналду - болаликдаги қаҳрамоним. «Реал» базасида илк марта унга дуч келганимда, ҳайратдан қотиб қолганим ёдимда. Энди эса улғайдим, ўзим ҳам зафар қучишни истайман.
Чемпионлар ҳақида
«ПСЖ» ЧЛ нимчорак финалида «Реал»дан енгилганидан кейин
- Биз етарли тайёргарлик кўргандик, танбеҳга ўрин қолдирмагандик. Аммо «Реал» савияли ўйинчилар ва чин чемпионлар ўртасидаги тафовутни кўрсатиб қўйди...
ЖЧдаги муваффақият ҳақида
- Бу муҳим давр, юксак марра. Энг асосийси, ғолиб чиқдик, жаҳон чемпиони бўлдик! Фаолиятим энди бошланмоқда, олдинда «ПСЖ» билан ҳамкорликда забт этиладиган нурли чўққилар ва шахсий совринлар кутиб турибди. Табиийки, ҳозир секинлашадиган пайт эмас.
Ҳаётдаги муҳим жиҳатлар ҳақида
- Ҳаётим бирданига тубдан ўзгариб кетди. Болаликда қандайдир имкониятлардан фойдаланолмадим, деб ўйлайман. Ўсмирликда эса ўйин-кулгулардан четда қолдим. Айни ўша паллада энг ёрқин юлдузлар, буюк футболчилар камтар инсон бўлишганини тушундим. Улар одамларни ҳурмат қилишгани учун халқлар назарига тушишган. Ўйлашимча, ёруғ дунёда 3та бебаҳо қадрият мавжуд: ҳурмат, камтарлик ва самимийлик. Онажоним ҳамиша бир гапни қайта-қайта таъкидлайди: «Буюк футболчи бўлиш учун аввало, чин инсон бўлишинг лозим».
АҚШнинг энг машҳур журнали - Time Килиан Мбаппени «Футбол оламининг эртанги етакчилари» қаторида эътироф этди. Яъни журнал франциялик иқтидор суратини «Мбаппе - футбол келажаги» шиори остида ўз муқовасига қўйди. Якунда нашр журналистлари футболчига бир неча савол билан мурожаат қилишди.
- Охирги йилда ҳаётинг қай даражада ўзгарди, ёшлик завқини суришга вақт қолмаётганини сезяпсанми?
- Ҳа, якунланаётган йилда ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди. Ўзгариш «Монако»дан «ПСЖ»га ўтишим билан бошланган эди. Кейин шов-шувлар ЖЧга уланиб кетди. Ўта бахтиёрман, чунки ҳозирги ҳаётимни фақат орзу қилиш мумкин. Лекин мен етишолмаётган жиҳатлар ҳам бор, албатта. Масалан, ёру-дўстлар билан бемалол дардлашиш, ҳамма қатори хотиржам яшашнинг иложи йўқ. Катталар ҳаётига мослашиш осон эмаслиги тушунарли. Энди ҳар қадамда етук инсон каби иш тутишим талаб этилади.
- Оиланг ҳақида маълумот берсанг. Зеро, яқинларинг билан доимо биргасан, тўғрими?
- Ҳа, жуда аҳилмиз. Чинакам оила! Ҳамиша, ҳар жойда биргамиз. Улкан стол атрофида тамадди қилиш - оиламиз анъанаси. Биринчи марта майдонга тушганимдан бошлаб ҳозиргача, яъни 80000 мухлис қаршисида тўп суриш даражасига етишимга қадар ота-онам ва икки нафар укамнинг ёнимда эканликларидан ўзгача қувват олдим. Аҳил оила далдаси мени бор куч билан ўйнашга ундайди.
- Ҳозирги ҳолатингда камтарликни сақлаб қолиш жуда қийин. Айтчи, бунга қандай эришяпсан?
- Менимча, ЖЧ мен учун аввало, жиддий синов, фантастик турнир бўлди. Синовдан муваффақиятли ўтдим, деб ўйлайман. Олдинда янада қизиқарли мусобақалар кўп. Энг сара ўйинчилар сафига киришни орзу қилардим, мана, Франция чемпиони бўлдим, жаҳон биринчилигида зафар қучдим. Энди янада кўпроқ соврин ютишни истайман. Хусусан, Қатарда Россиядаги муваффақиятни такрорлаш учун боримни бераман. Футболчилик фаолияти қисқа, қандайдир 15 йил ичида ҳаммасига улгуриш керак.
- Бонди (Мбаппе туғилиб-улғайган шаҳарча)да ҳамма айнан сенга ўхшаш илинжида экан. Ёш авлодга қай тариқа намуна кўрсата оласан?
- Кимгадир ибрат кўрсатиш учун мукаммал инсон бўлиш керак. Бу жуда катта масъулият! Менимча, ҳар ким ўзлигини сақлаб қолгани маъқул. Мана, айни шу йўлни танладим ва хато қилмадим. Бу ёғига ҳам ўз йўлимдан қайтмайман. Лоақал ёш авлодни илҳомлантиришим керак.
- ЖЧдаги ғалаба учун берилган мукофот пулини хайрия жамғармасига тортиқ этибсан...
- Ғалабамиз учун ҳақ тўлашлари шарт эмасди. Ахир ватан шарафини ҳимоя қилиб, бурчимизни бажардик. Боз устига, топиш-тутишим чакки эмас. Ҳаттоки, эҳтиёжимдан анча кўп топяпман. Демак, ортиқча пулни муҳтожлар билан баҳам кўришим лозим. Зеро, ҳаётда беморлар, нимагадир муҳтож кишилар ҳам бор. Менга ўхшаган катта даромадга эга футболчилар учун ночорларга ёрдам қўлини чўзиш қийинчилик туғдирмайди. Ҳа, бу билан ҳаётимиз ўзгариб қолмайди, лекин эҳтиёжмандларга озгина енгиллик туғдириш кишига қувонч бағишлайди!