Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатининг ўқувчилари 2014-2017 ўқув йиллари давомида Япония, Ҳиндистон, Россия, Таиланд ва бошқа давлатларда ўтказилган халқаро ва жаҳон фан олимпиадаларида иштирок этган. Turon24 мухбири мазкур таълим масканидаги шароитларни ўрганди.
Аниқланишича, Ўзбекистонга 20 га яқин чемпионни етказиб берган мактаб-интернатда таълим олиш, турли машғулотлар билан шуғалланиш учун имконият етарли эмас, шароит давр талабларига мутлақо жавоб бермайди. Ҳозир ўқув биносининг ички ва ташқи деворлари нураб бормоқда. Спорт зали ҳамда мажлис зали йўқ. Спорт майдони ночор ва таъмирга муҳтож, ҳожатхоналар аянчли аҳволда.
368 ўқувчи таҳсил оладиган мактаб-интернат ётоқхонаси 50 ўринга мўлжалланган. Бироқ ундан 110 ўқувчи фойдаланади. 3 та синф хонаси ҳам қўшимча ётоқхона сифатида мослаштирилган. 160 дан ортиқ ўқувчи эса уйга қатнаб ва ҳудудга яқин уйларда ижарада туриб таҳсил олади.
Маълумот учун: Қоракўлдаги ушбу мактаб-интернатга ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади. Унда 47 нафар олий тоифали ўқитувчи ва 10 нафар халқ таълими аълочиси сабоқ беради. Ички тартиб-интизом қоидаларига қатъий амал қилинади. Жорий ўқув йилида 30 ўринга 500 дан ортиқ бола даъвогарлик қилган.