Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Дилшод Аҳмадалиев: «Бўлиб ўтган ишларда ўзимни айбдор ҳис қиламан»

Баҳо:
+ | -

Шу йилнинг 5 январь куни ЎФА ижроқўми бюросининг қарори билан беш нафар ўйинчи футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилганди.

Муборак Рамазон ойи якунида ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз айбини тушуниб етган бу футболчиларга яна бир бор имконият бериш мақсадида Ижроқўмга ташкилот низомининг 65-модда 1.2-бандига асосан айбдор деб топилганлар масаласини қайтадан кўриб чиқиш таклифини берди. ЎФА раҳбарияти футболдаги энг ёмон иллатлардан бири - футболчилар ёшини кичрайтириш масаласига жиддий эътибор қаратади.

Айнан шу масала юзасидан айбдорлиги аниқлангач, Нодирбек Тешабоев, Муҳаммаджон Абдуллаев, Нуриддин Ҳасанов, Дилшод Аҳмадалиев, Бурхон Ҳасанов каби футболчилар Ижроқўм қарори асосида футболдан четлатилганди. Ўтган давр мобайнида улардан аксари ўз айбини тушуниб етди, ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни тўғрилади.

Шунингдек, ташкилотга бир неча бор хат билан мурожаат қилиб, ўз ишидан пушаймон эканини билдирди. Бу ерда фақат футболчиларни айблаш ҳам ноўрин.

Ёш кичрайтирилган вақтда уларнинг аксарияти бундан бехабар бўлишган. Ҳамма гап катталарнинг ўзида. Биз ана шундай катталарнинг хатти-ҳаракатидан жабр чеккан футболчилардан бири - Дилшод Аҳмадалиев билан суҳбатда бўлдик.

- Дилшод, ФИФА кунлари боис Суперлигада танаффус юзага келди. «Бунёдкор» шу муддатдан қай даражада фойдаланди?

- Кунига икки маҳалдан машғулотлар ўтказилди. Унда терма жамоадан чақирув олган футболчилардан ташқари ҳамма иштирок этди. Бу орада битта назорат учрашувида ҳам майдонга тушдик. Энди бир кунлик дам олишдан сўнг Бекободнинг «Металлург» клубига қарши ўтказиладиган Суперлига учрашувига тайёргарлик кўрамиз. Олдинда бизни осон бўлмаган ўйин кутиб турибди.

- Бу йилги мавсум «Бунёдкор» учун мураккаб ўтяпти. Қийинчиликларни енгиш осон бўлмаётгандир?

- Шахсий фикрим, менга қийинчиликлар унчалик ҳам билинмаяпти. Чунки сўнгги учрашувларда мазмунли ўйин намойиш этиб, ғалаба қозоняпмиз. Бу муваффақиятлар соясида қийинчиликлар эсдан чиқиб кетмоқда.

- Лекин бошқа томондан, жамоа мавсумни бир текис ўтказа олмаяпти. Бу ўша қийинчиликлар таъсирими?

- Фақат шу нарса бўлмаса керак, деб ўйлайман.

- Сизнингча, бошқа сабаблари борми?

- Бу масалада бир нарса дея олмайман. Аммо бир текис ўйнамаётган бўлсак ҳам, якунда ижобий натижага эриша оламиз. Шахсан мен шундай фикрдаман.

- Вазиятга реал кўз билан қарасак, «Бунёдкор»да чемпионлик учун имконият борми?

- Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Имкониятимиз бор экан, охиригача курашамиз. Ҳали чемпионлик курашида битта жамоани фаворит сифатида ажратиб кўрсатишга эрта бўлса керак. Олдинда учрашувлар кўп ва унда ҳар қандай кутилмаган натижалар қайд этилиши мумкин.

- «Бунёдкор» жамоасининг тарқатиб юборилиши ҳақида гап-сўзлар чиқди. Бу ҳолатга футболчилар қандай муносабатда бўлишди? Хабар руҳиятга салбий таъсир ўтказдими?

- Ҳа, сўнгги пайтларда клубимиз билан боғлиқ ҳар хил гап-сўзлар бўлди. Имкон қадар бунга эътибор бермасликка ҳаракат қиляпмиз. Биз ўз ишимизни бажаришимиз, яъни футбол ўйнашимиз керак. Агар бу нарсага эътибор қаратсак, ўйинимиз издан чиқади. Кейин фақат бизнинг зараримизга ишлайди. Шу боис ҳам бу ҳақда ўйламасликка интиляпмиз.

- Жамоа раҳбарлари ва хусусан, бош мураббий Миржалол Қосимов ушбу масалада нима деяпти? Клубда айни мавзу юзасидан муҳокамалар бўлдими?

- Улар бизга тўғри йўл кўрсатишяпти. «Ҳаммаси яхши бўлади, бу ҳақда умуман ўйламанглар, сизлар футбол ўйнанглар, қолгани бизнинг ишимиз», дейишяпти. Биз футболчилар клуб раҳбарлари ва мураббийларнинг кўрсатмаларига амал қиляпмиз. Ўйлаймизки, ҳаммаси ижобий якун топади. Қисқа фурсатда ўз номига эга бўлиб улгурган клуб ёпилиб кетмаса керак.

- Терма жамоа футболчилари КХДР ва Қатарга қарши кечган ўйинлардан кейин «Бунёдкор» майдонининг сифати жуда ёмон эканлигини айтишди. Айниқса, Қатар билан ўйиндан сўнг терма жамоамиз сардори майдон ҳолатини кескин танқид остига олди. Сиз шу майдонда ўйнаб келаётган футболчи сифатида бу ҳақда нима дея оласиз?

- Тўғриси, майдоннинг ҳолати ҳақида кескин фикр билдира олмайман. Шахсан менга ёқади. Балки мунтазам шу майдонда ўйнаб келаётганимга, менга унчалик ҳам билинмаётган бўлиши мумкин. Лекин айрим футболчилар майдон сифатидан нолияптими, демак бунга эътибор қаратиш керак.

- Мавсум ўзингиз ўйлагандек ўтяптими?

- Биласизми, мавсум мен учун энди бошланди (кулади). Ҳозирча ўзимга маъқул келяпти.

- Фаолиятингизда қандайдир ўзгаришни амалга ошириш истаги йўқми?

- Ҳозирча ҳеч нарсани ўзгартира олмасам керак. Чунки «Бунёдкор» билан амалда шартномам бор.

- Битим қанча муддатга имзоланган?

- Икки йил.

- Демак, келишув якунига қадар жамоани тарк этмайсиз?

- Шундай. Яна ким билади дейсиз. Бу ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Инсон ҳар қандай ҳолатга тайёр туриши керак.

- Умуман, футболдаги фаолиятингиз қандай бошланган? Бу соҳани танлашингизга ким сабабчи бўлган?

- Миллионлар ўйинидаги фаолиятим ўзим туғилиб-ўсган гўша - Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида бошланган. Мураббийларим Нодир ва Маҳкам акалардан футбол сир-асрорларини ўрганганман. Футболга кириб келишимга дўстим ва унинг дадаси сабаб бўлган. Катта футболдаги фаолиятимда эса Сергей Лушаннинг хизматлари катта. Айнан шу мутахассис ёрдами билан «Бунёдкор»да фаолиятим бошланган. Номларини санаб ўтган мураббийлардан бир умрга миннатдорман.

- Сиз билан бирга футбол ўйнай бошлаган футболчилардан бугун кимлар Суперлига клубларида тўп суришяпти?

- Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Нуриддин Ҳасанов, Жавоҳир Қаҳрамонов... бу номларни кўп келтиришим мумкин. Айнан мен санаб ўтган футболчилар билан бирга катта футболга кириб келганмиз.

- Сизни қачон Рустам, Акром сингари терма жамоа либосида кўрамиз?

- Насиб қилса, шу кун албатта келади. Бунинг учун астойдил ҳаракат қиламан. Терма жамоада ўйнаётган дўстларим учун хурсандман. Менга ҳам уларнинг йўлини берсин.

- Нима учун айнан ҳимояни танлагансиз?

- Мураббийлар тавсия қилишган. Бошланишида ҳамма ҳужумда ўйнашга, кўпроқ голлар уришга интилади. Кейинчалик мураббийлар футболчининг маҳорати ва қобилиятига қараб чизиқларга тақсимлашади. Ўша пайт менинг чекимга ҳимоячилик тушган.

- «Бунёдкор»да сиз ўйнайдиган позицияда рақобат кучли...

- Бу фикрга юз фоиз қўшиламан. Нафақат мен ўйнайдиган позиция, балки бошқа чизиқларда ҳам яхшигина рақобат юзага келган. Бир футболчига боғлаб берилмаган. Рақобатнинг бўлгани яхши. Шунда жамоада ўсиш кузатилади.

- Қайси футболчилардан кўпроқ ўрганишга ҳаракат қиляпсиз?

- Очиғи, кимнингдир ўйинини ўрганаман, дея олмайман.

- Барибир, кимгадир ҳавас қилсангиз керак?

- Билмадиму, менга кўпроқ бошқа чизиқ вакилларининг ўйини ёқади. Масалан, Эден Азар ва Неймарнинг ҳаракатларини бошқаларникига қараганда кўпроқ кузатаман. Уларда қандайдир хилма-хиллик, ранг-баранглик бор. Зимдан қараб туриб, ниманидир ўрганиш мумкин.

- Афтидан, ярим ҳимоя ва ҳужумчиликка ҳавас бор экан. Шундан келиб чиқиб, сизда амплуангизни ўзгартириш истаги пайдо бўлмаганми?

- Йўқ. Лекин майдонда позициямизни ўзгартириб ўйнаган ўйинлар кўп бўлади. Мураббий қаерга қўйса, ўша ерда тўп сураверамиз.

- Дилшод, қайси воқеани эслашни истамасдингиз?

- Бу йилги воқеани, яъни футболдан четлатилганимни (хўрсиниш билан).

- Бундай бўлишини кутмаган эдингиз, тўғрими?

- Ким ҳам ўйлабди, дейсиз. Умуман кутилмаган ишлар бўлиб кетди.

- Бўлиб ўтган воқеаларда менинг айбим йўқ, дея оласизми?

- (узоқ ўйланиб) Бироз бўлсада бор, деб ўйлайман. Турли баҳоналар билан ўзимни оқламоқчи эмасман.

- Сиз ўша пайт жуда ёш бўлгансиз. Катталар сизнинг футболдаги тақдирингизни ўзгартиришганини билмагансиз. Айтмоқчи бўлганим, ёшни кичрайтириш ҳолати бўлаётганини умуман тушунмагансиз ҳам.

- Худди шундай. Ўша пайт бундай нарсаларга ақлим етмаган. Нима ҳам қила олардик, бўлар иш бўлиб ўтди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси бизни кечирди. Ҳар бир футболчи бўлиб ўтган воқеликдан сўнг ўзи учун тегишли хулосаларни чиқариб олган бўлса керак, деб ўйлайман. Шахсан ўзим бундан буён янада кучли бўлишга, ўз устимда кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан. Айбдор эмаслигимни ўз ўйинларим орқали амалда исботлайман. Нима бўлган тақдирда ҳам, барчаси учун узр сўрайман.

- Дилшод, иккинчи давранинг шу кунгача ўтказилган ўйинлари ҳақида умумий фикрингиз қандай?

- Ҳар бир учрашув шиддатли ўтаётгани билан ёдда қолмоқда. Айниқса, кучли олтилик жамолари ўртасидаги ўйинлар кескинлиги билан ажралиб турибди. Учрашувлар ҳар бир клуб учун худди финалдек ўтмоқда. «Бунёдкор»га ҳам осон бўлаётгани йўқ. Афсуски, Ўзбекистон кубоги баҳсларини аламли тарзда тарк этдик. Ягона ўйиндан иборат ярим финал учрашувида АГМК жамоасига имкониятни бой бериб қўйдик. Ўз майдонимизда ўйнаганимиз учун ҳамма биздан ғалаба кутишганди. Футболда шунақаси ҳам бўлиб турар экан. Ҳозир бор эътиборимизни Суперлигага қаратганмиз. Биринчи даврага нисбатан ҳозир футболчилар бир-бирини тушуниб ҳаракат қилишяпти. Ўйлайманки, шу темпда курашни давом эттирсак, якунда ўйлаган ниятимизга етамиз.

- Суперлигамиздаги янги тизим ўзини қанчалик оқлаяпти?

- Шахсий фикрим, Суперлиганинг иккинчи босқич ўйинлари қуйи олтиталик жамоалари учун унчалик қизиқарли кечмаяпти. Учрашувларда шиддат кўзга ташланмаяпти. Шунчаки ўтказилиши шарт бўлгани учун ўтаётгандек таассурот қолдиряпти. Билмадим, балки фақат менга шундай туюлаётгандир. Кучли олтиликда эса кураш қизғин кечмоқда. Бу томонини маъқуллайман. Биринчи олтиталикдаги жамоалар ўйинларига мухлислар нисбатан олганда кўпроқ ташриф буюришяпти. Лекин бошида чемпионатимиз янгича форматда ўтказилади, деганда кўпчиликка қизиқ туюлганди. Ростдан ҳам кучли олтиликка кириш учун майдонда кураш қизғин кечди. Аммо кейин жамоалар икки гуруҳга ажралганидан кейин қуйидаги иштирокчилар ўйинига қизиқиш пасайиб кетди. Кўрамиз, ҳали олдинда чемпионатимизнинг иккала гуруҳида ҳам муросасиз ва ҳал қилувчи ўйинлар бор. Ишончим комил, мазкур учрашувлар ҳеч бир футбол мухлисини бефарқ қолдирмайди. 

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:19, 23.10.2018.
Ўқилди: 2890 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.