Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 ёшида жаҳоннинг амалдаги энг ёш халқаро гроссмейстерига айланган Жавоҳир Синдаровга мактуб йўллади.
Мирзиёев имзоси туширилган мактубда Синдаров шахмат оламидаги энг олий мақом — халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлгани билан табрикланган.
“Ўзбекистон мамлакатининг сендек 12 яшар навқирон, азм-у шижоатли фарзанди ғоят муросасиз руҳда ўтган саралаш баҳсларида муваффақият қозониб, жаҳоннинг амалдаги энг ёш гроссмейстери даражасига кўтарилгани, дунё шахмати тарихидаги бу юксак натижа, ҳеч шубҳасиз, барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига катта ғурур ва ифтихор бағишлайди”, дейилган мактубда.
Шавкат Мирзиёев шунингдек, мактубида бундай натижа бошқа минг-минглаб ёш ўғил-қизларнинг катта ғалабаларни қўлга киритиши учун руҳлантиришини ҳам алоҳида таъкидлаган.
“Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ифтихори бўлган сендек зукко фарзандни тарбиялаб, вояга етказган ота-онангга, барча оила аъзоларингга, устоз ва мураббийларингга ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Сенга бахт ва омад, баланд парвозлар ҳамда янги-янги ғалабалар доимо ҳамроҳ бўлишини тилайман”, дея тугатилган мактуб.
Аввалроқ, унга Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан уч хонали уй тақдим этилганди.