Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Мессисиз «Барса» «Интер»га қарши. ЕЧЛ интригалари

Баҳо:
+ | -

Бугун, 24 октябрь куни Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи, 3-тури доирасида яна 8 учрашув бўлиб ўтади.

«А» гуруҳи

БОРУССИЯ ДОРТМУНД - АТЛЕТИКО
24 октябрь. Дортмунд. «Сигнал Идуна Парк» стадиони. 23.55.
Йўқотишлар: Аканжи (жароҳат), Тольян, Шмельцер (иккиси сўроқ остида), Пако Алькасер (сўроқ остида).
Ҳакам: Оливер (Англия).

Гуруҳниг марказий ўйини Дортмундда бўлиб ўтади. Топ-клубларга қаршилик қилиш қисмати, ривожланиш даври ва Чемпионлар Лигаси финалидаги мағлубиятлар билан бир-бирига ўхшайдиган икки жамоа гуруҳ ғолиби масаласига ойдинлик киритади. Ҳар икки жамоа ҳам ақлли трансфер сиёсати ва мураббий меҳнати орқали рақобатбардош жамоа тузиш мумкинлигини исботлай олган. «Атлетико» ҳамон Симеоне қўл остида ўйнаётганидан барқарорроқ, аммо Дортмунд услуби турли тренерларнинг қўли туфайли нисбатан ранг-баранг туюлиши мумкин. Ҳар қандай маънода бу икки хил мактаб тўқнашувини кўриш қизиқ бўлса керак.

Шунингдек, ҳар икки жамоа ҳозирда жуда юқори спорт формасига кириб олганини алоҳида таъкидлаш керак. «Атлетико» барча мусобақаларда 8 ўйиндан бери ютқазмаяпти ва пешқадамлар сафида бормоқда. «Боруссия» эса, умуман, 14 ўйиндан бери мағлубиятга учрагани йўқ. Дастлабки икки турда юз фоизлик натижа кўрсатган бу икки жамоа якунда гуруҳдан чиқиш эҳтимоли юқори, аммо гуруҳда 1-ўринни олиш ҳам аҳамиятга эга.

Меҳмонлар таркибида йўқотишлар йўқ. Немислар сафида эса, айниқса ҳимоя чизиғида муаммолар етарли. Мануэл Аканжи, Марсел Шмелцер жароҳатдан фориғ бўлишмаган, Рафаел Герейро машғулотларни бошлаган бўлса-да, ҳали тўлиқ спорт формасини тиклагани йўқ. Номи тилга олинган бу футболчиларнинг бари ҳимоя вакилларидир. Шунингдек, сўнгги ўйинларда жуда сермаҳсул ўйнаётган испаниялик ҳужумчи Пако Алькасернинг майдонга тушиши сўроқ остида қолган.

21:55. БРЮГГЕ – МОНАКО
24 октябрь. Брюгге. «Ян Брейдел» стадиони. 21.55.
Йўқотишлар: Фоссен (жароҳат), Гренефелд (сўроқ остида) – Бенальо, Ндорам, Пеллегри, Рони Лопеш, Субашич, Фалькао (барчаси – жароҳатда)
Ҳакам: Тэйлор (Англия).

Иккинчи жуфтликдаги жамоаларда гуруҳдан чиқиш имконияти борми? Ҳа, лекин бунинг учун аввало, мана шу дуэлдан 6 очко олиш керак бўлади. Ғалабасиз сериясини 11 ўйинга етказган «Монако» бунга қодирми? «Брюгге»нинг кайфиятини ҳам у қадар яхши деб бўлмайди – Иван Леко шогирдлари миллий чемпионатдаги сўнгги 2 турда беш очко йўқотишди ва пешқадамликни бой бериб қўйишди.

Бу ўйинга Европа Лигасига бериладиган йўлланма учун кураш сифатида ҳам қараш мумкин. Учрашув бошқа ўйинлардан эртароқ – соат 21:55да бошланишини эътиборга олсак, мухлислар учун асосий ўйинлардан олдин ўзига хос репитиция вазифани ўтайди.

«В» гуруҳи

БАРСЕЛОНА – ИНТЕР
24 октябрь. Барселона. «Камп Ноу» стадиони. 23.55.
Йўқотишлар: Месси, Фермален, Юмтити (барчаси – жароҳатда) – Наингголан (жароҳат)
Ҳакам: Хацеган (Руминия).

«Интер» «Камп Ноу»га охирги марта 2010 йилда ташриф буюрганди. Ярим финал доирасидаги ўйинда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишган, лекин Миландаги 3:1 ҳисоби эвазига Моуриньо шогирдлари финал йўлланмасини қўлга киритганди. Ўша ўйин иштирокчиларидан «Интер»да ҳеч ким қолмаган. Мезбонлар сафида эса Бускетс, Месси ва ўша оқшомдаги ягона гол муаллифи Пике ҳозир ҳам жамоада. Лекин «Севилья» билан ўйинда қўлидан олган жароҳати туфайли Месси ушбу учрашувда жамоасига ёрдам бера олмайди.

ЕЧЛ ушбу мавсуми тўпурарлар руйхатини бошқариб турган Мессининг йўқлиги Вальверде жамоасига қай тариқа таъсир қилишини кузатиш қизиқ бўлса керак. Масалан, «Севилья»га қарши ўйинда Месси майдонни тарк этгач, «Барселона» у қадар ишончли кўринмади, ҳужумлар ташкил қилиш, тўпни назорат қилишда муаммоларга дуч келди. Балки ўша ўйинда Мессининг жароҳати кутилмаган вазият бўлгандир. Кейинги бир ой, хусусан «Реал»га қарши якшанба куни бўлиб ўтадиган ўйинда ҳам Мессисиз ўйнашга мажбур бўладиган Вальверде жамоага қандай ўзгаришлар киритади, кўриб оламиз.

«Интер» жуда яхши спорт формасида. Айниқса, сўнгги дақиқалардаги голлар эвазига қозонилаётган иродали ғалабалар кўпайиб кетди. Бу ҳам жамоанинг бугунги кундаги юқори жисмоний тайёргарлигидан дарак беради. Қаторасига 7 ўйинда (шулардан иккитаси ЕЧЛда) ғалаба қозонган Спалетти жамоаси гуруҳдан чиқиш учун «Барселона» билан ўйинларда ҳеч бўлмаса 1 очко олиши керак бўлади.

ПСВ – ТОТТЕНҲЭМ
24 октябрь. Эйндховен. «Филипс» стадиони. 21.55.
Йўқотишлар: Томас (жароҳат) – Алли, Фертонген (иккиси – жароҳатда), Ваньяма, Роуз (иккиси – сўроқ остида)
Ҳакам: Винчич (Словения).

«Тоттенҳэм» эса, курашга қўшилиш учун «ПСВ» билан баҳсларда максимал очко олиши шарт. Эредивизия етакчисидан очко олиш эса, осон эмас. Бошқа ўйинлардан эртароқ бошланадиган ушбу ўйин ҳам алоҳида эътиборга арзийди.

«С» гуруҳи

ПСЖ – НАПОЛИ
24 октябрь. Париж. «Парк де Пренс» стадиони. 23.55.
Йўқотишлар: Буффон (дисквалификация), Дани Алвес, Курзава (иккиси – жароҳатда), Хесе (сўроқ остида) – Верди, Кирикеш (иккиси – жароҳатда)
Ҳакам: Цвайер (Германия).

Парижда нафақат бугуннинг, балки бутун гуруҳ босқичининг марказий ўйинларидан бири бўлиб ўтади. Учта тенг кучли топ-жамоалар жойлашган ва уларнинг ҳар бири кейинги босқичга чиқиш учун жиддий натижаларни қайд этаётган гуруҳ.

«Наполи» 1-турда Белградда очко йўқотгач, «Ливерпуль» ва «ПСЖ» С гуруҳини муваффақиятли якунлашга асосий даъвогар деилган эди. Аммо кейинги турда «Наполи» инглизлар устидан ғалаба қозонди. Анчелотти шогирдлари шундай ишончли ғалабага эришдиларки, «Ливерпуль» ўйин давомида бирор марта ҳам дарвозага аниқ зарба бера олмади. Клопп жамоасини бундай аҳволда қачон кўрганимизни ҳам эслай олмасак керак. Натижада, ўзига хос интрига пайдо бўлди ва энди «Наполи» ҳам гуруҳдан чиқиш учун даъвогар. Ҳозирча айнан «Наполи» «Црвена» билан очко йўқотганини эътиборга олсак, Италия жамоаси асосий рақиблари билан ўйинларда фаолроқ бўлишига тўғри келади.

Ички чемпионатдаги сўнгги турда ҳар икки жамоа ҳам етакчи футболчисига дам берди. «ПСЖ» Неймарсиз «Амьен» дарвозасига беш гол урган бўлса, «Наполи» «Удинезе»га Инсиньесиз йўл олди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Умуман, «Наполи» уч ўйиндан бери ўз дарвозасидан гол олиб чиқмаётганини эътироф этиш керак.

23:55. ЛИВЕРПУЛЬ – ЦРВЕНА ЗВЕЗДА
24 октябрь. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони. 23.55.
Йўқотишлар: Кейта, Окслейд-Чемберлен, Ҳендерсон (барчаси – жароҳат) -
Ҳакам: Зиберт (Германия).

«Ливерпуль» оғир даврни кам талофатларсиз ўтказиб олди. Жамоа қаторасига тўрт ўйинни ғалабасиз ўтказган бўлса-да, АПЛда ҳам, Чемпионлар Лигасида ҳам яхши ҳолатда турибди. «Ҳаддерсфилд» билан ўйинда ғалабасиз серияга барҳам берилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонилди. Сўнгги ўйинлардаги камтар натижалар, Мане ва Кейтанинг жароҳатланганини назарда тутсак, Клопп жамоаси сентябрдаги юқори формадан бироз узоқ, лекин айнан шундай пайтда «Црвена Звезда» каби кучсизроқ жамоа рақиб бўлаётгани айни муддао. Болқон жамоалари «Ливерпуль» учун жуда қулай бўлишини ўтган мавсумда ҳам кўргандик. «Қизиллар» «Марибор» дарвозасига икки ўйинда 14 гол уришга муваффақ бўлганди. Ҳар ўйинда 7тадан гол.

Париждаги ўйинда белградликлар 1:6 ҳисобида мағлуб бўлганди. Яна 7 гол. Балки бугун ҳам гуруҳ босқичининг энг сермаҳсул ўйинларидан бирини кўрармиз?

«D» гуруҳи

23:55. ЛОКОМОТИВ - ПОРТУ
24 октябрь. Москва. «РЖД Арена» стадиони. 23.55.
Йўқотишлар: Коломейцев, Рибус, Смолов, Фарфан (барчаси – жароҳатда), Чорлука (сўроқ остида) – Абубакар, Эрнани (иккиси – жароҳатда), Отавиу (сўроқ остида)
Ҳакам: Мадден (Шотландия).

Бу гуруҳда яққол фаворит ҳали аниқланмади. 4 очко билан гуруҳни бошқариб турган «Порту» балки рақибларидан кучлироқ кўринаётгандир, аммо ҳозирдан уч жамоадан қайси иккитаси кейинги босқичга ўтишини айтиш осон эмас. Балки ҳали очко қўлга киритиш тугул, бирорта ҳам гол урмаётган «Локомотив» ҳам курашга қўшилар?

Ҳа, ўша «Порту» ҳозир Москвада юрибди. Буни биз Икер Касильяснинг твиттеридан ҳам «билиб олдик». Испаниялик дарвозабон Москва клубини Тошкентники билан адаштириб қўйиб, Тошкентнинг «Локомотив»и твиттер аккаунти билан гаплашишга ҳам улгурди. Бу ўйинлардаги муваффақиятли натижа «Порту»ни гуруҳнинг асосий фаворитига айлантирса керак.

Таркиблар борасида «темирйўлчилар»да муаммолар жиддий. Александр Коломейцев, Федор Смолов, Андрей Рибус ва Жефферсон Фарфаннинг йўқлиги жамоа ўйинига яхшигина таъсир қилади.

23:55. ГАЛАТАСАРОЙ  - ШАЛЬКЕ
24 октябрь. Истанбул. «Турк Телеком». 23.55.
Йўқотишлар: Оқбобо, Оньекуру (иккиси – жароҳат), Сердар Азиз, Фегули, Фернанду (барчаси – сўроқ остида) – Тойхерт (жароҳат), Гайс, Очипка, Ритер, Стамбули, Ферманн, Эмболо (барчаси – сўроқ остида)
Ҳакам: Бастьен (Франция).

Истанбулда эса, қайсидир маънода дерби ўйини. Немислар ва турклар тўқнашувини Европада бемалол шундай мақом билан қарши олиш мумкин. Катта эҳтимол билан турклар ҳатто Германияда ҳам мухлисларнинг яхшигина қувватига эга бўлади. Бугун эса, ўйин Туркияда: футболчилар томонидан ўта шовқинли ва қийин ҳисобланган стадионда «Галатасарой»нинг имкониятлари юқорироқ бўлса керак.

Бу жамоалар беш йил олдин ҳам гуруҳ босқичида тўқнаш келганди. Туркиядаги ўйин дуранг билан якунланган, «Шальке» майдонидаги драматик ўйинда эса, сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига меҳмонлар ғалаба қозонишган ва кейинги босқич масаласини ҳал қилишганди.

Манба: www.kun.uz
Киритилди: 18:47, 24.10.2018.
Ўқилди: 2525 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.