Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Самарқандга янги футбол академияси керак: собиқ интернатда ёш футболчилар учун етарли шароитлар йўқ

Баҳо:
+ | -

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов вилоятдаги футбол мутасаддилари ҳамда «Динамо» профессионал футбол клуби раҳбарияти ва футболчилари билан учрашганида «Рақобатбардош футбол жамоаси барпо этиш учун катта пул керак бўлади. Аммо биз маҳаллий истеъдодлардан иборат жамоани туза олсак, пул ҳам иқтисод бўлади, жамоа ҳам чиройли ўйин кўрсатади», деб айтган эди.

Вилоятдаги профессионал футбол клублари «Динамо» ва «Шердор»га ҳам, республика ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига ҳам потенциал номзод етказиб берувчи, ёш футболчиларни тарбияловчи маскан — Самарқанд вилоят болалар-ўсмирлар футбол академиясидир.

2018 йил 26 августда собиқ футбол мактаб-интернати ўрнида иш бошлаган академиянинг аҳволи қандай, уларга барча шароитлар яратилганми, ҳамма нарса етарлими? Сайт ижодий гуруҳи шу каби саволларга жавоб излаш учун Самарқанд вилоят болалар-ўсмирлар футбол академиясида бўлиб қайтди.

— Гарчи ўқув йилига 10 кун қолганда академиямиз очилган бўлса ҳам, биз август ойи мобайнида вилоятдаги болалар ичидан истеъдодли футболчиларни саралаб олдик, — дейди академия директори Владимир Гуршумов. — Айни пайтда академиямизда ёшига қараб 7та гуруҳда 22 нафардан, жами 154 нафар бола тарбияланмоқда. Уларга 19 нафар мураббий футбол сир-асрорларини ўргатиб келишмоқда.

Қайд этиб ўтиш жоизки, ҳудудларда футбол академиялари, жумладан, Самарқандда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги «Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3610-сонли қарори ва мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги «Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги 410-сонли қарори асосида ташкил этилди.

Олдинга ўтиб айтишим керакки, собиқ ихтисослаштирилган футбол мактаб-интернатининг эскирган биноси, замонавий футбол академияси талабларига мутлақо жавоб бермайди. Самарқанддан ҳам вилоят, қолаверса, республика довруғини дунёга таратадиган футболчилар чиқишини истар эканмиз, барча замонавий шароитларга эга, янгидан барпо этилган академия зарур.

Айни пайтда мазкур бинонинг биринчи ва иккинчи қаватлари 5-оилавий поликлиникага берилган. Бўлажак футболчи болалар учун бинонинг 3-қавати ётоқхонага мослаштирилган. Шаҳарда яшовчи ўқувчилар уйидан қатнайди, бироқ туманлардан келган истеъдодлар битта хонада 15-20 кишилаб яшашга мажбур.

Хоналарнинг дераза ромлари ясалганига ярим аср бўляпти, шовқин ва совуқни ўтказади. Ўтган ҳафтада тушган совуқда болалар ичида шамоллаб қолганлари ҳам бор. Академия мутасаддилари, целлофан плёнка, скотч, пахта билан ромдаги тирқишларни амаллаб беркитиб чиқишган. Бундай деразалар ётоқ қисмида 23тани ташкил этади.

Ётоқ қисмида ҳожатхоналар ва ювиниш хонаси йўқ. Болалар ҳожатини чиқариш учун 3-қаватдан пастга тушиб, бир четдаги ҳожатхонага бориб келишга мажбур. Бу сатрлар октябрнинг илиқ кунларида ёзилмоқда. Эртага келадиган қаҳратон қиш кунлари, айтайлик, тунда болаларнинг аҳволи не кечишини ўйлашнинг ўзи этни жунжиктиради.

Гарчи болаларга сифатли рационда таомлар тайёрланаётган бўлса-да, академия ошхонасида ҳам аҳвол шу. Ошхонадаги 14та дераза ромлари жуда эскириб кетган. Совуқдан тўса олмайди.

Академияни ўраб турувчи деворлар ҳам ғариб ҳолатда. Академия бошқа жойга кўчирилган тақдирда ҳам бу жойни рисоладагидек қилиб таъмирлаш керак.

Ҳалиям, ота-оналар ва ҳомийлар янги ташкил қилинган академияга беминнат ёрдам кўрсатиб туришибди. Ошхонага янги қошиқ-санчқилар, чойнак-пиёлалар, челаклар, нон қўядиган идишлар келтирилган, кимдир болалар маза қилиб футбол томоша қилиши учун 55 дюймли улкан телевизор совға қилибди. Болалар совуқ сув ичмаслиги учун учта чойнак олиб беришган. Ювиниш хонасига бойлер қўйилгач, иссиқ сув таъминоти узлуксиз бўлган.

Яқинда, 15 ноябрдан бошлаб академиялар ўртасида республика кўриги бошланади. Бунда республика академиясига терма жамоалар учун потенциал номзод қабул қилиниши учун болалар ўз ёшлари тоифасида унда иштирок этиши керак. Мана шундай республика кўригида қатнашиш учун самарқандлик болаларга спорт костюми ва либослар керак бўлмоқда.

Вилоят болалар спортини ривожлантириш жамғармаси шунақа пайтда келиб академия ҳолидан хабар олса, нур устига аъло нур бўлар эди. Чунки, ҳозирча академия давлат бюджетидан молиялаштирилмоқда. 2019 йилнинг 1 январидан тўлиқ Ўзбекистон Футбол ассоциацияси тасарруфига ўтади ва ЎФА томонидан молиялаштирилади. «Лекин озгина вақт қолибди ўзи», дея «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш кўрмаслик керак, барибир…

Академияда тўп ва бошқа спорт инвентарлари етишмайди. Бу муаммо ҳам асосан ота-оналарнинг кўмаги эвазига ҳал қилиб келинмоқда.

Болаларнинг асосий машғулоти — футбол билан шуғулланиши учун академияда шароит ҳаминқадар. Гуруҳларнинг айримлари «Локомотив» стадионида, «Ватанпарвар» маҳалласидаги майдонда шуғулланишади. Яна бир қисми шу академиянинг чимсиз майдони ва мўъжазгина сунъий қопламали майдонида шуғулланмоқда.

 «Сўғдиёна» истироҳат боғида бузиб ташланган футзал майдонини келтириб, шу ерда барпо этмоқчимиз, ёнидан эса яна бир сунъий қопламали майдон қурмоқчимиз. Борини эплаштирмасак, эртага қишда болалар шуғулланиши учун зал керак бўлади», — дейди В.Гуршумов.

Умуман, академия учун Самарқанд шаҳрининг ўзидан яхшироқ жой танлаб олиниб, ёки янгиси қурилиши керак, ёки мавжуд иншоотлардан энг мақбулини олиб мослаштириб таъмирлаш керак бўлади. Болалар ётоқда 15-20 кишилаб эмас, 3-4 киши битта хонада истиқомат қилиши керак, ана шундай шароит ҳозирланиши керак. Юртимизда фаолият юритаётган футбол академияларида шароит ана шундай.

Гуршумовнинг айтишича, вилоят мутасаддилари келиб хабар олиб туришибди. Хусусан, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рустам Қобилов келиб шахсан танишиб кетган. Академиянинг янги жойи борасида ҳокимлик томонидан бир неча таклифлар берилган. Хуллас, академия янги жойда барпо этиладиган бўлса, энг оптимал вариант қабул қилиниши керак.

Чунончи, академия тарбияланувчилари мактаб ўқувчилари ҳам ҳисобланишади. Улар дарсдан кейин машғулотларда иштирок этишади. Янги жойга кўчишадиган бўлса, ўша ҳудудда мактаб ҳам академияга яқинроқ жойлашган бўлиши шарт.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўшанда вилоят футбол функционерлари билан учрашганида, футболимиз келажагимиз бўлган болалар масаласи бироз эътибордан четда қолиб кетгани, академия мутасаддилари ушбу учрашувга чақирилмагани мени бироз ҳайрон қолдирган эди, очиғи. Кўриниб турибдики, бу ерда аҳвол ҳавас қиларли эмас.

Академияга жиддий эътибор керак. Акс ҳолда — келажакка зудлик билан сармоя тикилмас экан — эртага вилоят футболи нима бўлиши, ўзбек футболига самарқандлик футболчиларнинг улуш қўшиши қай аҳволда бўлишини тасаввур этиш қийин эмас.

Шуҳрат Шокиржонов

Манба: www.kun.uz
Киритилди: 18:57, 24.10.2018.
Ўқилди: 2248 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.