Кириш Регистрация
07/07 00:00 Нидерландия 2-1 Туркия
07/07 03:00 Колумбия 5-0 Панама
07/07 06:00 Уругвай 0-0 Бразилия

АПЛдаги Португал легиони ҳақида тўхталамиз

Баҳо:
+ | -

Бир ой аввал бу мураббий «Манчестер Юнайтед»га ўтиши хусусидаги гап-сўзларга изоҳ берганди: «Бу ҳақда ўйлашга вақтим йўқ. Моуриньонинг ўрнини эгаллашни хоҳлайманми? Мени яхши биласиз: ушбу масалани муҳокама қилмоқчимасман». Шу интервьюдан бир ҳафта ўтгач, Нуну Эшпириту Санту «Олд Траффорд»га келиб, «МЮ» билан дуранг ўйнади. Эътиборлиси, бу ишни инсультдан сўнг тузалиб, стадионда ўйинни кузатган Алекс Фергюсон кўз ўнгида бажарди ва учрашувдан кейин шундай деди: «Келгуси сафар мазкур стадионда ғалаба қозониш учун ўйинимизни қандай кучайтиришни биламиз». Ҳа, Эшпириту Санту Манчестернинг ҳар икки клубидан очко олди, «Вулверхэмптон» АПЛ 9-туридан сўнг 9-ўринда бормоқда. Мураббий эса қўл остидаги жамоа бунданда ортиғига қодир эканлигини таъкидлади. Хўш, «бўрилар» ҳақида нималарни билишимиз керак? 

Жорже Мендешнинг махфий алоқалари

«Вулверхэмптон»даги португаллар колониясига Жорже Мендеш асос солган. Машҳур агент уч йилдан буён жамоани шакллантириш билан банд. 2016 йилнинг ёзида, клуб хитойликлар ихтиёрига ўтганда, «бўрилар» сафида португалияликлар пайдо бўла бошлади: Мендешнинг мижозлари Иван Кавалейру ҳамда Элдер Кошта. Бир йилдан сўнг уларнинг қаторига Рубен Невеш («Порту» тарихидаги энг ёш сардор), Родерик Миранда, Диого Жота ҳамда мураббий Эшпириту Санту қўшилишди. Ҳаммаси португалиялик ва Мендеш асос солган Gestifute футбол агентлигининг мижозлари. Мураббий Нуну эса бир пайтлари Мендешнинг дастлабки йирик колонизаторлик лойиҳасида қатнашиб, Москванинг «Динамо» клубида фаолият юритган.

Янги мураббий «эпатаж»дан бошлади: Чемпионшипдаги учрашувларда уч марказий ҳимоячи тактикасини қўллади. Ёпиқ ва зич ўйин намойиш этадиган «Вулверхэмптон» Британия футболидаги анъаларни бир четга суриб, турнир жадвалидаги асосий рақобатчисини 9 очкога ортда қолдириб, лига ғолибига айланди.

Ушбу муваффақиятда португалияликларнинг роли катта: Жота жамоанинг энг яхши тўпурари бўлди (17та гол), Кавалейру - энг яхши ассистент (12та самарали узатма), Кошта гол}пас тизими бўйича 10 балл тўплади. Ҳаттоки, таянч ярим ҳимоячиси Невеш ҳам рақиблар дарвозасини 6 марта ишғол қилди. Шу тариқа «Вулверхэмптон» АПЛ йўлланмасини қўлга киритди: бир маромдаги ҳимоявий ўйин асқотди, ваҳоланки, таркиб Чемпионшипда ҳам энг қиммати эмасди. Демакки, элитада муносиб қатнашиш учун кучайишга эҳтиёж туғилганди.

Тўғри, Мендешнинг клубга алоқадорлиги туфайли Англия футбол ассоциацияси суриштирув ўтказган пайт­лари вазиятдан талафотсиз чиқиш осон бўлмади. Текширувлар натижасида агентнинг жамоа билан расмий алоқаси борлиги исботланмади. Жорже клубда ҳеч қандай лавозимда ишламайди, шунчаки, Forsun компанияси хўжайинлари саналган хитойликлар билан қалин дўст, холос.

Уларнинг муносабатлари шунчалик қалинки, ёзда «Вулвз» таркибига яна уч нафар португалиялик футболчи келиб қўшилди: Рубен Винагре, Руй Патрисиу ва Жоау Моутинью. Улардан иккиси - Gestifute мижозлари, Винагренинг ўтиши ҳам, Англия ОАВнинг хабар беришича, Мендеш воситачилигида амалга ошган. Ушбу рўйхатга Вилли Болининг «Порту»дан ҳамда Хоннининг «Сельта»дан трансфер қилинганини ҳам қўшиб ҳисобламиз ва АПЛ учун кучайиш жараёни шу билан якунига етади.

АПЛ: «МЮ» ва «Манчестер Сити»га ютқазмади

Эшпириту Санту Англиянинг олий дивизионини забт этишда аввалдан синалган услубни қўллади. Камтарона захира, каттагина ҳимоячилар гуруҳи, қарши ҳужумлар ва олдинги чизиқдаги тезкор ўйинчилар. «Вулверхэмптон» танлайдиган 3-4-3 тактик схемаси ҳимоявий ҳаракатлар чоғи 5-4-1га ўзгаради. Дарвозада Патрисиу, ҳимоя марказида Боли, Беннет ва Коуди, қанотларда Доэрти ҳамда Хонни, ярим ҳимоя марказида эса Невеш ва Моутинью, Жота билан Кошта қанотларда Хименесга кўмаклашишади. Шу 11 футболчи АПЛнинг дастлабки 8та ўйинини асосий таркибда бошлашди. Фақат 9-турга келибгина бошланғич рўйхатда Хоннининг ўрнида Кастрони кўрдик. Бу рекорд кўрсаткич: АПЛда таркиб борасида бундай доимийлик аввал кузатилмаганди. Дарвоқе, асосий таркибда беш нафар португалиялик тўп сурган бўлса, англияликлар икки нафарни ташкил этган. Бу ҳам ўзига хос лимитдан дарак.

«Бўрилар» учун мавсум омадсиз бошланганди. «Эвертон» ва «Лестер» Патрисиу қўриқлаётган дарвозага тўртта тўп йўллашди, «Вулверхэмптон» эса тўп назоратида оқсади, хавфли қарши ҳужумларни ўтказиб юборди, ўзи яратган вазиятлардан эса унумли фойдалана билмади (жумладан, «Лестер»га қарши баҳсда уч марта дарвоза тўсини нишонга олинди).

Эшпириту Санту таркибни ўзгартирмади, бироқ ўйин моделидаги камчиликларни йўқотди. Дастлабки икки учрашувда унинг жамоаси умумий вақтнинг 57 фоизида тўпни назорат қилган, ўшандан буён бунақаси фақат бир марта кузатилди. «Вулвз» футболчилари нафақат «Манчестер Сити», балки «МЮ», ҳаттоки, «Саутгемптон» ва «Кристал Пэлас»га қарши баҳсларда ҳам тўпни рақибга топширишди. Барча ҳолатларда бу услуб иш берди. «Сити» дарвозаси томон 11та зарба йўлланди (бинобарин, АПЛда бунақаси йил давомида атиги учинчи марта кузатилди), «МЮ» билан учрашувда дуранг сақлаб қолинганини эса омадсизликка йўйиш мумкин: Де Хеага жуда кўп иш топилди, дуранг Моуриньони ҳам қониқтирган бўлса, ажабмас.

Нисбатан кучсизроқ рақибларга қарши ўйинларда эса «Вулверхэмптон» бир хилда - 1:0 ҳисобида зафар қучди. «Бёрнли», «Вест Хэм» ва «Кристал Пэлас» шундай кўринишда таслим этилди. Фақатгина «Саутгемптон» икки тўп фарқи билан мағлубиятга учратилди, аммо ҳар икки голнинг сўнгги 10 дақиқаликда урилгани футболчилар характер кўрсатишганидан дарак бермоқда. «Вулверхэмптон»нинг ўйини зерикарли, жамоа вазиятларни жуда қийинчилик билан яратади, аммо турнир жадвалидаги ўрни жуда ёмон эмас.

Камчилиги нимада?

Аслида, ҳужум ташкил этиш борасидаги муаммолар ўта жиддий. «Вулвз» марказ бўйлаб ҳужум уюштириш бўйича АПЛда охиргидан битта юқори ўринда бормоқда. Эҳтиёткор схема туфайли Невеш ва Моутиньюни қўллаб-қувватлайдиганлар топилмайди, шу боис уларнинг йўллаган узатмалари аксарият ҳолларда шерикларигача етиб бормайди. Натижада бу икки португал қанот ҳимоячилари томон (айниқса, Доэертига) диагональ паслар беришга мажбур бўлишади. Яна бир муаммо - имкониятлардан фойдалана олмаслик. «Вулвз»нинг энг яхши тўпурари Хименес 24та зарбадан сўнг атиги икки марта гол урган. Иккинчи темпда ҳужум уюштиришни ёқтирадиган Невеш эса рақиб жарима майдончаси ташқарисидан 18 марта зарба йўллаган ва уринишларнинг фақат биттаси гол билан якунланган. Умуман олганда, яхшигина статистик маълумотларга эга жамоанинг голлари янада кўпроқ бўлиши лозим.

Паслар орқали тўпни назорат қилиш бўйича ўртача кўрсаткич қайд этаётган жамоага чизиқлар бўйлаб тўпни олиб юриб, шерикларига бўш ҳудуд яратишга қодир дриблингчи етишмаяпти. Айт­ганча, бундай футболчи бор. Адама Траоре - 90 дақиқа мобайнида амалга оширилган алдаб ўтишлар бўйича АПЛда Эден Азардан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бироқ бу футболчи фақат захирадан ўйинга қўшилади. Эшпириту Санту дастлабки дақиқалардан майдонга туширишда Элдер Коштага кўпроқ ишонч билдиради. Бу футболчи кўпроқ шерикларига паслар узатиб, ҳимоячиларга ҳам фаол кўмаклашади. Ҳаттоки, Траоренинг «Вест Хэм»га қарши баҳснинг сўнгги дақиқаларида урган ғалаба голи ҳам сентябрь ойи якунларига кўра АПЛнинг энг яхши мураббийи сифатида тан олинган Нунуни фикридан қайтармади.

Ҳозирча «Вулверхэмптон» ўта жиддий рақиблар тоифасига кирмайди, аммо «бўрилар»га қарши ўйнаш қийин. Ўз жарима майдончасида зичлик яратишни Эшпириту Санту кашф этмаган, бироқ бундай услубни енгиб ўтишга ҳеч ким аниқ кафолат беролмайди, ҳаттоки, Гвардиола ҳам. Шу боис ҳам «Вулвз» сўнгги 7та турда 14 очко тўплади, шу муддат ичида Манчестернинг икки гранди билан ўйин ўтказилганини ҳам унутмаслик даркор.

Айни пайт «Вулверхэмптон»ни Чемпионлар Лигаси поғонасидан 6 очко ажратиб турибди. Албатта, бу ҳолат жорий мавсум бўйича якуний хулоса ясаш учун камлик қилади: АПЛда турнир жадвалида «бўрилар»­дан юқорироқда турган, ҳали энг яхши ўйинини тополмаган жамоалар жойлашишган. Улар орасида кўп жиҳатларни кучайтириши керак бўлганлар ҳам бор. Аммо ўзига мос услубни танлаб олган, юқори ўнликда бораётган клуб ўз олдига юксак мақсадларни қўйишга ҳақли. Ҳеч бўлмаганда, «Бёрнли»нинг аввалги мавсумдаги натижасини такрорлаш имконияти мавжуд. Ўз навбатида, таркибга тўпурар марказий ҳужумчи жалб этилса, зиён қилмасди.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:58, 31.10.2018.
Ўқилди: 2312 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.