Вертолёт қулашининг сабабларидан бири сифатида бошқарувни йўқотиш эканлиги айтилмоқда. Хабарларга кўра, «тулкилар» хўжайини билан бирга бортда яна 4 киши, шунингдек, президентнинг қизи ҳам бўлган. Мақола ёзилаётган вақтда қулаш бўйича расмий маълумот берилгани йўқ. Аммо футбол мухлислари учун биринчи галда ўлим тафсилотлари эмас, «энди нима бўлади?» деган савол муҳим. Ахир тайландлик миллиардерни пул қопи бор одам дейиш қийин. Биринчи навбатда у клуб учун кўп нарса берган шахс ҳисобланади. Шунингдек айнан унинг номи бевосита клубнинг икки муҳим соврини – 2015-16-йилги Премьер Лига чемпионлиги ва бир йил ўтиб эришилган Чемпионлар Лигаси чорак финали билан боғлиқ.
Барчаси нимадан бошланганди?
Вишай Шривадданапрабханинг хизматларини айтишдан олдин унинг биографиясидаги баъзи қизиқарли лаҳзаларни эслаш жоиз. Зеро мана шулар ушбу шахснинг ва клубнинг бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Ким билсин, агарда у бошқа клубни сотиб олганида (у Лондон жамоаларидан бирини олмоқчи эди) эҳтимол шанба кунги вертолёт ҳалокати содир бўлмасмиди.
Демак, 2004-05-йилги мавсум. «Лестер» номли футбол жамоаси бир йиллик танаффус билан бир неча йил Премьер Лиганинг ўртамиёна клуби бўлиб келди. Аммо бир неча ой ўтиб улар Англияда кучи бўйича иккинчи лига ҳисобланган Чемпионшипга тушиб кетди. 2009-10-йилги мавсумда вазият бироз ўзгарди. Жамоа Премьер Лига йўлланмасини берувчи плей-офф босқичига қадар етиб келди. Бироқ якунда улар рақибига енгилди.