Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Осиё кубоги-1996ни эслаб…

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё кубоги-2019даги иштирокига икки ой қолди. Шу муносабат билан қитъа биринчилиги мавзусидаги «сериал»ни давом эттириб, термамизнинг аввалги йиллардаги иштироки ҳақида сўз юритамиз.

Аввалроқ Ўзбекистон термасининг қитъа чемпионатидаги дастлабки саралаш турнирини эсга олгандик. Ўшанда вакилларимиз Зафар Мусабоевнинг «олтин гол»и эвазига Тожикистонни мағлуб этишганди. Шундан сўнг термамиз турнирнинг финал босқичига тайёргарлик кўриши учун беш ой вақт қолганди.

Тараддуд жараёнида Япония футбол ассоциациясининг 75 йиллиги муносабати билан 1996 йилнинг сентябрь ойида ана шу мамлакат терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ташкил этилганди. Ўшанда вакилларимиз 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришган. Бу Ўзбекистон термасининг тарихдаги дастлабки ўртоқлик учрашуви сифатида ёдда қолган. Зеро, бунга қадар ўтказилган ўйинлар ФИФА тан олмайдиган мусобақалар доирасида бўлиб ўтганди.

Ноябрда эса термамиз БААга ташриф буюриб, иккита назорат баҳсида майдонга тушган ва ҳар иккисида ҳам мағлубиятга учраган. Лекин бу учрашувларни ФИФА реестридан топиб бўлмайди.

Осиё чемпионатига йўл олишдан аввал термамиз Наманганда мамлакат чемпионлигини қўлга киритган «Навбаҳор»га қарши ўртоқлик учрашуви ўтказган. Шу ўринда айтиш жоиз, ўшанда Ўзбекистон терма жамоасининг таркиб борасида муаммолари бор эди. Куз фасли аввалида Миржалол Қосимов жиддий жароҳат олган ва бир йилни ўтказиб юборган. Бундан ташқари, Андрей Фёдоров икки йиллик дисквалификациясини ўтаётганди. У 1995 йилнинг кузида бўлиб ўтган «Елимай» - «Нефтчи» учрашувида тожикистонлик ҳакам Владимир Домлажоновни туртиб юборгани учун икки йилга четлатилганди. ОФКдагилар билан яхши алоқада бўлган Ўзбекистон миллий жамоаси администратори термамиз раҳбариятига Осиё кубогига қадар Фёдоровнинг дисквалификациясини бекор қилидиришга эришишини айтган. Шу боис ҳам Андрейни «заявка»га киритишган. Бироқ интизом қўмитаси футболчиларимиз мусобақани ўтказиб, уйга қайтишганидан кейингина қарор чиқарган. Шунинг учун Фёдоров гуруҳдаги барча учрашувларни захира ўриндиғида эмас, балки Ал-Айндаги стадион трибунасида кузатган. Ўша учта ўйинда у билан бирга ўтирганман.

Термамиз Осиё кубогидаги дастлабки учрашувини Хитой термасига қарши ўтказган. Айнан шу жамоани икки йил олдин Осиё ўйинлари финалида мағлуб этгандик. Гарчи вакилларимиз Хиросимада хитойликларни ишончли тарзда мағлуб этишган бўлсада, Ал-Айндаги ўйин бошқа сценарий асосида кечган. Рақиб катта ташаббусга эга бўлган ва терма жамоа-миз дарвозаси олдида кўплаб вазиятларни юзага келтирган. Лекин ўйин тақдирини икки нафар ҳужумчимиз - тажрибали Игорь Шквирин ва ёш Олег Шацкихнинг голлари ҳал қилган. Ҳар икки гол ҳам ўйиннинг сўнгги дақиқаларида уюштирилган қарши ҳужумлар эвазига урилган.

Аммо учрашув қаҳрамони улар эмас, балки дарвозабонимиз Павел Бугало бўлган. Чунки у жамоани йирик мағлубиятдан қутқариб қолганди. Айнан 22 ёшли Паша учрашувнинг энг яхши футболчиси совринини қўлга киритган. Айтишларича, бу мукофот стереомослама бўлиб, ёш дарвозабон уни ёши каттароқ жамоадошларига ишлатиб туришлари учун берган экан.

Бугало Хитойга қарши учрашувда жамоамизни мағлубиятдан қутқариб қолган бўлса, иккинчи турдан ўрин олган Японияга қарши учрашувда унинг саъй-ҳаракатлари ҳам наф келтирмаган. Ўйин японларнинг 4:0 ҳисобидаги ғалабалари билан якун топган. Айнан шу мағлубият жамоа бош мураббийи Баҳодир Иброҳимовнинг истеъфосига сабаб бўлган. Бироқ бу маълумот ҳеч қачон расмий тасдиқланмаган. ОФК протоколларига назар солсак, Сурияга қарши учрашувга жамоани айнан Иброҳимов олиб тушганига гувоҳ бўламиз.

Иккинчи турдан сўнг гуруҳдаги вазият қуйидагича эди: Япония - 6 очко, Ўзбекистон - 3, Хитой - 3, Сурия - 0.

Учинчи турда дастлаб Япония - Хитой учрашуви ўтказилган. Вакилларимиз барча масалани ҳал қилган Япониянинг Хитойга имкониятни бой беришидан чўчишган. Бу эса иккинчи ўрин учун имкониятларимизни пасайтириб юборарди. Бироқ японлар ўз ишларига профессионалларча ёндашиб, навбатдаги ғалабани расмийлаштиришган. Энди иккинчи ўринни эгаллаш учун Сурия билан дуранг ўйнасак кифоя эди. Яна бир эътиборли жиҳати, Баҳодир Иброҳимов бундан олдинроқ айнан Сурия термасини бошқарган ва рақиб жамоа имкониятларини жуда яхши биларди. Боз устига, сурияликлар ўйин-га жиддий эътибор қаратишмаган. Чунки ушбу терма Ўзбекистон миллий жамоасини ютган тақдирида ҳам гуруҳда қолиб кетиши мумкин эди. Юқорида айтганимдек, бизни дуранг ҳам қониқтирарди. Мағлубият эса Ўзбекистонни учинчи ёки тўртинчи ўринга равона қилиши ҳеч гап эмасди.

Гап шундаки, 1996 йилги турнирда очколар тенг бўлиб қолса, ҳозиргидек ўзаро ўйинлар эмас, балки тўплар нисбати ҳисобга олинарди. Бизда эса Японияга йирик ҳисобда мағлуб бўлганимиз сабабли кўрсаткичлар жуда ёмон эди. Гуруҳдан учинчи ўрин билан чиқиш учун 3 очко камлик қиларди. Чунки «А» гуруҳида Қувайт 5 очко, «В» гуруҳида эса Ироқ 6 очко билан учинчи ўринни қўлга киритганди. Демак, гуруҳдан чиқишимиз учун камида дуранг қайд этишимиз лозим эди.

Биринчи бўлим биз учун керакли бўлган 0:0 ҳисоби билан якунланди. Лекин иккинчи бўлимнинг учинчи дақиқасидаёқ сурияликлар ҳисобни очишди. Орадан беш дақиқа ўтиб, Сергей Лебедев пенальтини аниқ амалга ошириб, ўртадаги мувозанатни тиклади. Бироқ унинг ўзи қизил карточка олиб, жамоани қийин аҳволга солиб қўйган. Шундан сўнг сурияликлар яна битта гол уришди. Терма жамоамиз эса гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб, уйга равона бўлганди.

Финал ҳуштаги янграши биланоқ, матбуот марказини тўлдириб турган хитойликлар ҳамюртларига телефон орқали қувончли хабарни етказишга киришдилар. Ўша пайтларда интернет ҳозиргидек ривожланмаганди. Натижаларни телефонда айтиб берилар ёки факс орқали жўнатиларди.

Икки йил олдин Осиё ўйинларида ғалаба қозонган жамоа қитъа чемпионатини нима учун бундай бўш ўтказган? Сабаблардан бири - Қосимов ва Фёдоровнинг йўқлигидир. Лекин асосий муаммо ички чемпионатимизда эди. Ўша мавсум «лойқа» ўйинлар билан эсда қолганди. Кўплаб учрашувлар тақдири майдонда эмас, балки унинг ташқарисида ҳал қилинган. «Қаҳрамонлар» орасида ҳакамлар, футболчилар ва мураббийлар бор эди.

Терма жамоамиз кейинги Осиё кубогида яхшироқ қатнашишни мақсад қилди. Аммо ўшанда Ливан-2000да бизни қандай шармандалик кутиб турганини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаганди. Ушбу мусобақа ҳақида кейинроқ гаплашамиз. Ишонаверинг, навбатдаги ҳикоямиз ҳам анча қизиқарли бўлади.

 

Осиё кубоги-1996

16 декабрь. 1-ТУР

Хитой - Ўзбекистон - 0:2 (0:0)

Ал-Айн. 10000 томошабин.

Голлар: Игорь Шквирин (78), Олег Шацких (90).

--------------------------——————————————

9 декабрь. 2-ТУР

Япония -

Ўзбекистон - 4:0 (2:0)

Ал-Айн. 3000 томошабин.

Голлар: Нанами (7), Миура (37), Маэдзоно (86, 90).

--------------------------——————————————

12 декабрь. 3-ТУР

ЎЗБЕКИСТОН - СУРИЯ - 1:2 (0:0)

Ал-Айн. 2000 томошабин.

Голлар: Сергей Лебедев (53-пен.) - Нодир Жохадар (48), ал Шайх Диб (74).

 

Япония      3          3          0          0          7-1       9         

Хитой         3          1          0          2          3-3       3         

Сурия         3          1          0          2          3-6       3         

Ўзбекистон          3          1          0          2          3-6       3
***
Ўн биринчи Осиё кубоги
1996-йилги Осиё кубоги Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилди. Турнир 4-21 декабр оралиғида бўлиб ўтди.

Иштирокчилар
Турнирда иштирокчилар сони 12 тага оширилди. БАА – мезбон, Япония эса амалдаги кубок соҳиби сифатида мусобақада тўғридан-тўғри иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишди. Хитой, Индонезия, Эрон, Ироқ, Жанубий Корея, Қувайт, Саудия Арабистони, Сурия, Таиланд ва Ўзбекистон терма жамоалари эса саралаш босқичи орқали турнир йўлланмаларига эга чиқишди. Шуни алоҳида тъакидлаш жоизки, бу Ўзбекистон термаси учун Осиё кубогидаги дебют чемпионат эди.

Ўйинлар ва голлар
Мусобақа мобайнида 26 та ўйинда, дарвозаларга 80 та тўп киритилди. Мухлислар ҳар ўйинда ўртача 3,08 тадан гол кўришган.

Мухлислар
Турнирни жами 448 минг мухлис бевосита стадиондан томоша қилган. Ҳар ўйинга ўртача 17,231 та мухлис ташриф буюрган.

Стадионлар
Учрашувлар Абу-Дабидаги "Шейх Заед" (60,000), Дубайдаги "Ал-Мактум", Ал-Айндаги "Таҳнун Бин Муҳаммед" (15,000) стадионларида ўтказилди.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 14:02, 18.11.2018.
Ўқилди: 6748 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.