Бразилия ва Уругвай терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви вақтида «ПСЖ»нинг уругвайлик ҳужумчиси Эдинсон Кавани ва бразилиялик ҳужумчиси Неймар ўртасида тўқнашув содир бўлди.
Бразилияликлар учрашувда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди, ўйин охирида вазиятлардан бирида Кавани Неймарга қўполлик ишлатиб, уни газонга йиқитди ва сариқ карточка билан жазоланди.
ВИДЕОНИ ТЕЛЕГРАМДА КЎРИШ УЧУН БУ ЕРГА БОСИНГ
ВИДЕОНИ INSTAGRAM'ДА КЎРИШ УЧУН БУ ЕРГА БОСИНГ
Шундан кейин у Неймарнинг қўлидан тортиб турғазиб қўймоқчи бўлганида, бразилиялик футболчи очиқчасига норозилик билдирди.
Ўйиндан кейин Кавани ушбу ҳодисага муносабат билдириб ўтган.
«Ҳамиша кучли рақибларга қарши ўйинлар ўтказиш фойдали бўлади. Бразилияга қарши ўйнаш ажойиб. Айниқса Неймарга қарши. Биз ҳеч қайси ўйинда ютқазишни истамаймиз. Ўртоқлик ўйинларида ҳам. Айрим футболчилар натижадан қаттиқ хафа бўлишди. Майдонда жанг кетди, аммо финал ҳуштаги чалинганидан кейин барча тинчланиб олди», — дея Каванининг сўзларини келтирган L’Equipe.
Қайд этиш керакки, Неймар Парижга келганидан кейин жамоанинг асосий ҳужумчиси мақомини Эдинсон Каванидан тортиб олганди. Ўтган мавсумда икки ҳужумчи пенальтини ким тепиши масаласида жиддий тортишиб қолишганди. Ҳозиргача футболчиларнинг муносабатида совуқлик сақланиб қолмоқда.
Худди шу вақтда «Наполи» Каванига жиддий қизиқиш билдирмоқда. Клуб президенти Аурелио де Лаурентис уругвайли ҳужумчини Италияга қайтаришга жиддий киришган.
Айни вақтда 31 ёшда бўлган Кавани «Наполи» сафида 2010 йилдан 2013 йилга қадар тўп сурган, у жамоа билан Италия Кубоги соҳиби бўлган.
ОАВ хабарига кўра, Кавани ҳам Неаполга қайтишни истамоқда. У бунинг учун маоши камайишига ҳам рози.
Франция чемпионатининг жорий мавсумида Кавани 12 учрашувда 9 гол уришга эришди.