«Манчестер Сити» 100 йилдан ошиқ вақт мобайнида «МЮ» соясида яшади - бу ерда гап фақат совринлар ҳақида бормаяпти. Англиянинг энг кўп унвонга эга клуби футболчилари «Орзулар театри»да тўп сурган паллада, «Сити» ўз ўйинларини камтарона «Мейн Роуд»да ўтказарди.
Ҳаммаси 2000 йилга келиб ўзгарди. «Шаҳарликлар» янги «Сити оф Манчестер»га кўчиб ўтишди, Амирликлардан келган катта пуллар эса арена номини «Этиҳад»га ўзгартириб, унга йирик машғулотлар мажмуасини қўшиш имкониятини тақдим этди.
Шундан буён клуб академияси, аёллар жамоаси стадиони ва ҳаттоки, асосий таркиб базаси ҳам аренанинг рўпарасидаги кўчада фаолият юритмоқда: Англиянинг ҳеч бир клубида бунчалик қулайликни учратмайсиз.
Яқинда sports.ru вакиллари Манчестернинг «мовий» қисмига ташриф буюриб, туманли ўлкадаги энг ривожланган спорт мажмуасини сайр қилишди. Қуйидаги фотожамланма орқали «Манчестер Сити»нинг ҳаёт тарзи билан атрофлича танишиб олишингиз мумкин.
1. «Сити» 2003 йили «Мейн Роуд»дан «Сити оф Манчестер»га кўчиб ўтган. Бу арена клубга Ҳамдўстлик ўйинлари-2002дан мерос қолганди.
2. «Манчестер Сити» дўконида клубга тааллуқли бўлган турли-туман маҳсулотларни харид қилиш имкони бор.
3. Авваллари камтарона кўринишда бўлган клуб музейи шайх Мансур ташрифидан сўнг анча бойиди.
4. Ўйин арафасида ушбу трибунага кираверишда гилам йўлакча тўшалади – табиийки, унинг ранги мовий бўлади.
5. Tunnel Club ресторани ажойиб таассуротларни туҳфа этади. Турли таомлардан ташқари, қулай ҳудудга ўрнатилган ўриндиқлар иситиш тизими ва USB мосламалари билан жиҳозланган. Бундай имтиёздан фойдаланиш нархи – йилига 7500 фунт стерлинг.
6. Tunnel Club ресторани остида жойлашган кийиниш хонасидаги манзара ҳам кишида ёрқин таассурот қолдиради. Одатда, Пеп Гвардиола шу хонанинг ўртасида туриб шогирдларига кўрсатмалар беради.
7. Мураббийлар штабига ажратилган бу хонада танаффус вақтида биринчи бўлимдаги ҳолатларни такроран кўриб, таҳлил қилиш имконияти мавжуд.
8. Аренага чиқишдаги ёзув: «Бутун сайёрани ларзага келтиринг».
9. Мураббийлар штабига аталган ўриндиқлар ҳам иситиш тизими билан таъминланган.
10. Сайёҳлар, ҳаттоки, клуб ходимларига ҳам майса устига чиқиш тақиқланади. Фақат майдон ҳолатини назорат қилувчи агрономларгагина бундай ҳуқуқ берилган.
11. «Микст-зона» «Этиҳад»нинг энг тор қисмларидан биридир. Кўпинча ўйиндан сўнг бу ерга одам сиғмай қолади.
12. Конференц-зал ўз бағрига 105 мухбирни сиғдиради.
13. Асосий таркиб жойлашадиган базани суратга олиш, ичига кириш тақиқланади.
14. Жамоа бош стадиондан 700 метр узоқликда машғулот ўтказади. Шу боис ўйиндан олдин автобусдаги сайр учун атиги бир-икки дақиқа кетади, холос.
Охирига рамка ичида:
Экскурсия академия ҳудудига ўтиши ҳамоно, сайёҳлардан фотоаппаратларни ўчириш талаб этилади. Бундай чеклов Буюк Британия қонунчилиги билан изоҳланади: 16 ёшгача бўлган болаларни суратга олиш учун, гарчи у тасодифан ёки узоқдан бўлса ҳам, ота-оналарнинг ёзма ижозатини олиш даркор.
Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади