Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Фарҳод Абдумавлонов: «Ардус»нинг ёпилиши футзалимиз учун катта йўқотиш бўлди»

Баҳо:
+ | -

Якунланганига ҳали кўп бўлмаган футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатининг бу мавсумида АГМК муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритди. Пойтахт вилояти жамоаси чемпионатни 117 очко билан якунлади. Тўплар нисбати - 294-81. АГМКдан 12 очко кам жамғарган «Пахтакор» кумуш, 89 очкога эга «Нефтчи» бронза медалига сазовор бўлди. Дарвоқе, бу йил тарихда биринчи марта чемпионат баҳслари «уй-сафар» тизимида ўтказилди. Биз турнир якунлари юзасидан АГМКнинг етакчи футзалчиларидан бири Фарҳод Абдумавлоновдан интервью олдик.

- Фарҳод, аввало, чемпионлик муборак бўлсин. Назаримда, бу йил ҳам чемпионликка жуда осонлик билан эришдинглар...

- Табрик учун раҳмат. Ҳар бир чемпионликнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Жорий йилги мавсум ҳам бундан мустасно бўлмади. Ижобий натижага эришиш учун машғулотларда яхшигина тер тўкишимизга тўғри келди. Боз устига, таркибимизда ёши катта, бошқача айтганда, тажрибали футзалчилар кўп. Сир эмаски, ёш ўтгани сайин янада кўпроқ меҳнат қилиш лозим бўлади. Бу мавсум учта ўйинда мағлубиятга учрадик ва яна шунча учрашувда дуранг қайд этдик. Айтмоқчиманки, бизни ютадиган жамоалар ҳам бўлди. Бир тур олдин чемпионликка эришсак-да, хотиржамликка берилмадик. Сафарда «Бухоро»га қарши кечган охирги икки ўйинда ҳам ишончли тарзда ғалабага эришиб, чемпионатни юқори нотада якунладик.

- «Ардус»нинг йўқлиги сизларга қўл келяптими? Яъни, рақобатдан деярли холисизлар...

- Албатта, «Ардус»дек катта обрўга эга клубнинг ёпилиши - футзалимиз учун катта йўқотиш. Жамоа Осиёда ҳам ўз ўрнига эга эди. Бугунги кунда ўйнаётган аксарият тажрибали футзалчилар айнан «Ардус» клуби тарбияланувчилари ҳисобланишади. Қолаверса, термамиз аъзоларининг аксарияти ҳам фаолиятларини шу жамоада бошлашган. Ишончим комилки, агар ҳозир «Ардус» чемпионатимизда иштирок этганида, албатта, чемпионлик учун курашарди. Бу эса бизга яхшигина рақобатни юзага келтирган бўларди.

- Рақобатнинг йўқлиги футзалимиз учун «минус» эмасми?

- Биласизми, рақобат йўқ, деб бўлмайди. «Ардус» ёпилгач, жамоа ўйинчилари бошқа клублар таркибига бориб қўшилишди. Бунинг натижасида асосан «Пахтакор» ва «Нефтчи» жамоалари кучайишди. Айнан мана шу икки клуб бу йилги чемпионатда бизга рақобатни юзага келтиришди. Чемпион номи ва қолган икки совринли ўрин соҳиблари чемпионат якунланишига икки тур қолганида аниқланди. Истардимки, чемпионлик йўлида чинакамига рақобатни юзага келтирадиган шундай клубларимиз сони кўпайсин. Бунинг учун эса биринчи галда футзалга эътиборни кучайтириш керак. Клубларимизга тажрибали мураббийларни жалб қилиш лозим. Қолаверса, жамоаларга етарли даражада шароит яратиб берилса, футзал мактаблари очилса, бу ўз ўрнида Ўзбекистонда футзалнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади. Бунинг натижасида чемпионатимиз савияси кўтарилади, термамиз ҳам кучаяди.

- Чемпионатимизнинг қайси ўйинидан кейин сизларда «Аниқ чемпионликка эришамиз», деган фикр пайдо бўлди?

- «Локомотив» билан бўлиб ўтган учрашувлардан сўнг бу нарса ойдинлашди. Агар шу икки ўйинда очко йўқотганимизда, чемпионлик тақдири сўнгги турга қолиб кетарди. Меҳмонда ўйнаш эса ҳамиша қийин бўлган.

- АГМКда ички рақобат кучлими?

- Юқорида айтганимдек, жамоамизда тажрибали ўйинчилар бисёр. Ўз ўрнида, ана шу ёши катта футзалчилар билан елкама-елка ўйнаб, тажриба тўплаётган ёшлар ҳам бор. Ёшлик ва тажриба уйғунлигида деярли тенг кучга эга жамоа шаклланган, дея оламан.

- Клуб раҳбарияти чемпионлик учун жамоани рағбатлантирдими?

- Қаторасига тўртинчи йил Ўзбекистоннинг энг кучли футзал клубига айландик. Мамлакатимизда ҳеч бир жамоа бундай кўрсаткичга эришмаган. Клуб раҳбарияти ва албатта, олмалиқлик мухлисларнинг ҳам ютуғимизда катта ҳиссаси бор. Ўйлайманки, тез орада клуб раҳбарияти футзалчилар ва мураббийлар билан учрашув ўтказади.

- Маошларни вақтида оляпсизларми?

- Ҳа, бу масалада муаммо йўқ.

- Бу йилги футзал мавсуми ҳақида умумий хулосаларингиз қандай?

- Ўртача дейиш мумкин. Ўзига яраша камчиликлари ҳам бор. Айрим жабҳаларда ютуқлар кўзга ташланди.

- Чемпионатимизнинг илк бор «уй-сафар» тизимида ўтказилгани яхши бўлдими ёки аввалги формати яхшироқмиди?

- Шахсан менга янги тизим маъқул келди. Ҳар ҳолда, икки кунлик ўйинлардан сўнг дам олиш учун бир ҳафтага яқинроқ вақт бўлади.

- Футзал ҳакамларининг савияси ошганми?

- Чемпионатимизда ёш, тажрибаси кам ҳакамлар бор. Бу йил илк бор ҳакамлик қилганлар ҳам бўлди. Айрим ўйин эпизодларида хатоликка йўл қўйишди. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Шахсан мен буни нормал ҳолат, деб ҳисоблайман. Ҳамма хато қилади. Ҳатто тажрибали ўйинчилар ҳам айрим вазиятларда ўзларини худди ёш болалардек тутишади.

- Футзалга эътибор пасайиб кетяпти...

- Афсуски, мазкур фикрга қўшилмасдан иложим йўқ. Бу ички чемпионат билан бир қаторда терма жамоа ўйинларида ҳам кўзга ташланиб қоляпти.

- Термамиз етти ой деганда битта йиғин ўтказганини қандай изоҳлайсиз?

- Менимча, ҳаммаси режа асосида кетяпти. Ҳозир бор эътибор Осиё чемпионатига қаратилган. Қитъа биринчилигида жаҳон чемпионати йўлланмалари ўйналади. Умид қиламанки, келаси йил учун тузиладиган режаларда термамиз иштирокидаги ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда ўртоқлик учрашувлари етарлича бўлади.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 08:33, 28.11.2018.
Ўқилди: 2392 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.