Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Кенжатойнинг кечинмаси ёки яна Шакири ҳақида

Баҳо:
+ | -

1991 йилнинг 10 октябрида собиқ Югославия тасарруфидаги Косово республикасининг Гнилан шаҳрида дунёга келган Жердан Шакири Швейцарияда вояга етди. Косоволик албанлар - Исен ва Фотима Шакирилар оиласи бир ёшли Жердан ва бошқа фарзандларини уруш хавфидан асраш учун ватанни тарк этишга мажбур бўлишганди.

Болалиги

Табиийки, серфарзанд (3 нафар ўғил ёнига кейинчалик ягона қиз - Мадина ҳам қўшилди) оила учун бегона юртда рўзғор тебратиш осон бўлмади. Эр-хотин тиним билмай ишлашди - Фотима шифохонада фаррошлик ва ногиронлар парвариши билан шуғулланди, Исен эса бир неча касблардан ўзига мосини тополмай, ахийри фермер хўжалиги ташкил этди. Бу соҳа тез ривожланган бўлсада, моддий муаммоларни ҳал этиш учун камлик қиларди. Шу сабабли болалар ҳам қўлларидан кеганича уй ишларида ота-оналарига ёрдам беришарди. Жумладан, кенжатой Жердан отасининг асосий ёрдамчисига айланди. Дарслар тугаши билан болалар каби ўйнаш ўрнига фермага ошиқарди. Хуллас, бу тиниб-тинчимас болакайнинг куч-ғайрати барчани лол қолдирар, шунча юмушлардан кейин футболга вақт топа олганига ҳамма ҳайрон эди. Шу ўринда оила бошлиғининг матонатига тан бермасликнинг иложи йўқ - Исен қаттиққўл ота сифатида танилган бўлсада, фарзандлар истагини эътиборсиз қолдирмади. Айнан унинг саъй-ҳаракати туфайли уч оға-ини ботирлар «Аугуст» клуби академияси тарбияланувчилари сафидан жой олишди. Бу пайтда кенжатой Жердан 8 ёшда эди.

Буни қарангки, мураббийлар илк машғулотдаёқ унинг нафақат ўз акалари, балки бошқа болалардан ҳам иқтидорлироқ эканлигини пайқашди. Унга маҳлиё бўлиб қолган Рене Цапель шогирд маҳоратининг жадал ўсиши учун керакли чораларни кўрди, Жердан эса унинг кўрсатмаларини аъло даражада бажаришга интилди. Натижада 10 ёшга чиқиб улгурмасидан, «Базель» скаутлари томонидан... «ўғирлаб кетилди». Нуфузли даргоҳда ҳам ёш футболчи уялтириб қўймади - 18 ёшида Швейцария гранди, бир йилдан кейин эса миллий терма жамоа сафидан жой олди.

Хориждаги фаолияти

Қитъага овоза бўлган вундеркинд 20 ёшида «Бавария» билан шартнома имзолади. Тўғри, Бундеслиганинг етакчи клубидаги рақобат Жердан учун оғирлик қилди - таркибдан муқим жой ололмагач, Миланнинг «Интер»ига равона бўлди. Айни шу паллада унинг янги жамоаси омадсиз даврни бошдан кечираётганди. Аксига олиб, Шакири ҳам ишончни оқлай олмади. Аммо кўпчиликни лол қолдирган ҳолда янада нуфузлироқ чемпионат - АПЛга йўл олди. Туманли ўлкадаги уч йил давомида у камтарин «Сток Сити» шарафини ҳимоя қилиб, «кулоллар» етакчиларидан бирига айланди. Бироқ 2017|2018 йиллар мавсумида «Сток» Чемпионшипга тушиб кетди. Мазкур омадсизлик топ-клублар учун айни муддао эди. Шакирини ўз сафларига чорлашни улар узоққа чўзишмади. Ноёб иқтидор соҳиби эса Манчестер грандлари таклифини рад этиб, «Ливерпул»ни танлади.

Шахсий ҳаёти

Жерданнинг қайси ҳурлиқога кўнгил қўйгани хусусида маълумот йўқ. Лекин хушрўй спортчининг қалбини забт этиш орзусида юрган қизларнинг сон-саноғи йўқ. Бир пайтлари Шакири ўз мухлисасидан мактуб олгани, унда агар Жердан учрашишдан бош тортса, ўз жонига қасд қилиши ёзилгани ҳақида айтиб берганди: «У билан учрашдим, самимий сўзлар билан кўнглини кўтардим, футболка совға қилдим. Кейин биз дўстона хайрлашдик».

Шов-шувга ўч касбдошларимиз ресторанда Шакири таниқли модель Анжелика билан чақчақлашиб ўтирганига гувоҳ бўлишди. Қизғин мулоқот таъсирида жуфтлик чақирилмаган меҳмонни сезмади. Кейинчалик Жердан ва моделнинг ёнма-ён тушган сурати газеталар саҳифасида пайдо бўлди. Айрим журналистлар унинг ўзидан сўраб ҳам ўтирмасдан куёвга чиқариб қўйишди. «Ромео» эса мириқиб кулди ва Анжелика билан шунчаки дўст эканлигини маълум қилди.

Оиласи

Жердан ўз оиласининг асосий таянчи. Рисоладагидек даромад ола бошлаши билан ота-онасига янги уй совға қилди, эскисида ҳатто иситиш тизими ҳам йўқ эди.

Болалик даври ўтган гўшани футболчи шундай хотирлайди: «Ферма ичидаги кўҳна бинода битта камин бўлиб, уйни исита олмасди. Мен совуқ ҳақида ўйламасликка интилардим, қизишиб олиш учун тинмай югурардим. Бу борада акамнинг шароити оғирроқ эди - унинг хонаси каминдан узоқда, қишда 5 қават адёл ёпиниб ухларди».

Қаҳрамонимизнинг отаси - Исен Шакири ўта қаттиққўл инсон эди. Жердан ҳам оғир шароитда тобланиб, иродали йигит бўлиб улғайди. Унинг маблағи туфайли Исен фермадаги ишидан воз кечиб, ўғлининг персонал мухлисига айланди.

Онаси - Фотима стадионга кўп бормасада, фарзандининг саломатлигини мунтазам кузатиб боради, ўғлига тез-тез қўнғироқ қилиб туради. У тайёрлайдиган албанча пишириқларни Жердан жуда яхши кўради.

Арианит ва Эрдин Шакирилар - Жерданнинг акалари. Эрдин «Дардания»да марказий ҳимоя чизиғида тўп суради, Арианит эса шу жамоада фаолиятини якунлади. Ҳозир Мюнхенда яшайди, Риберининг яқин дўсти.

Мадина - футболчилар триосининг эркатой синглиси, Швейцарияда истиқомат қилади, вақти-вақти билан Жерданнинг ўйинларини кўргани стадионга бориб туради.

ҚизиҚишлари

Жердан сайёҳликни хуш кўради, севимли гўшаси - Альп тоғлари. У шунингдек, стол тенниси, битбоксни ёқтиради, бодибилдинг мухлиси. Ўз вақтида Шакири «Кока-Кола» промоутери ҳам бўлганди.

Шакири ислом динига эътиқод қилувчи футболчилардан бири. ЖЧ-2014да Рамазон талабларига тўлиқ риоя қилганди. Гарчи айрим касбдошлари рўзани тутолмаган бўлсаларда, у рўзадор ҳолида майдонга тушганди. Очлик Жерданнинг фаолиятига ижобий таъсир этиб, Гондурас дарвозасига 3та гол урди ва жаҳон чемпионатлари тарихидаги 50-«хет-трик» муаллифига айланди.

Шакири келажакда қаҳвахона очиш ниятида, режасини Леонардо ди Каприо билан ҳамкорликда амалга оширмоқчи. У - америкалик актёрнинг ашаддий мухлиси. Дарвоқе, Шакири 11 ноябрь оқшомида «Ливерпуль» сафида майдонга тушиб, «Фулхэм» дарвозасига гол урди.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 20:31, 28.11.2018.
Ўқилди: 2696 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.