Янгича тартибда ташкил этилган ва йил бошиданоқ кўпчиликнинг ўзгача қизиқишини торта олган Ўзбекистон Суперлигасининг 2018 йилги мавсуми ҳам ортда қолди.
Мавсум-2018 йилда бир қатор мураббий, футболчи ва дарвозабонлар ишончли, кўпчиликка манзур келадиган ўйин намойиш этиб, футбол жамоатчилиги олқишларига сазовор бўлишди.
Профессионал Футбол Лигаси бугун ортда қолаётган Йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимини ўтказади. Йил якунларига бағишлаб ўтказиладиган маросимда ўз йўналиши бўйича энг яхши дея эътироф этилувчи номзодлар энг яхшилар учун аталган мукофотларни қабул қилиб олишади.
ПФЛ расмий сайти ва ижтимоий тармоқларида турли номинацияларда энг яхши бўлиш учун номзодлар номини эълон қилиб боради.
Йилнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун номзодлар
МАРАТ БИКМАЕВ (“ЛОКОМОТИВ”). “Локомотив” жамоаси ҳужумчиси – Марат Бикмаев худди 2017 йилда бўлгани каби 2018 мавсумда ҳам барқарор ўйин кўрсатди. Маҳоратли ўйинчи 29 та ўйинда майдонга тушиб, 14 марта рақиблари дарвозасини ишғол этди ва “Локомотив” таркибида мамлакат чемпионати олтин медалларига эга чиқди.
ТИАГО БЕЗЕРРА (“ПАХТАКОР”). Тиаго Безерра ортда қолган мавсумда “Пахтакор” жамоасининг энг асосий фигураси сифатида гавдаланди ва PEPSI Суперлига-2018 давомида 17 та гол киритиб, чемпионат тўпурари бўлишга муваффақ бўлди. Қолаверса, “Пахтакор” жамоасининг кумуш медалларига эга чиқишида салмоқли хисса қўшди.
ЖАВЛОН ИБРОҲИМОВ (“БУНЁДКОР”). Ушбу футболчи 2018 мавсумда “Бунёдкор” жамоасининг ҳар жабҳада етакчиси бўлди ва 27 та ўйинда майдонга тушиб, 11 бора рақиблари дарвозасини аниқ нишонга олди.