Маълумки, Наманганнинг «Навбаҳор» клуби 14 йиллик танаффусдан кейин яна совриндорлар сафидан ўрин олиб, бронза медали соҳибига айланди.
Албатта, ушбу муваффақиятда жамоа етакчиларидан бири Мирзоҳид Ғофуровнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Чунончи, Ғофуров бу йилги Суперлига баҳсларида 29та ўйинда майдонга тушиб, 1та гол урди. Аммо айнан Мирзоҳиднинг мазкур ягона голи эвазига «Навбаҳор» 10-тур доирасида сафарда «Бухоро» устидан ғалаба қозонди (1:0). Биз якунланган мавсум борасида тажрибали хавбек билан суҳбат уюштириб, унга ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат этдик.
- Мирзоҳид, якунига етган мавсум сизда қандай таассурот қолдирди?
- Ажойиб ва ўзгача... Суперлига баҳсларини қисқа ва лўнда қилиб шундай таърифласак бўлади. Айниқса, жамоамизнинг 14 йиллик танаффусдан кейин 3-ўринни қўлга киритганлиги барчамизга ўзгача завқ бағишлади.
- Бу йилги натижалар ва шахсий фаолиятингиздан қониқдингизми?
- «Навбаҳор» қайд этган натижа ижобий бўлганлиги боис, жамоавий ўйиндан кўнглим тўлди. Аммо ўзим ҳақимда бундай дея олмайман. Чунки янада яхшироқ кўрсаткичларга эришишим мумкин эди, аслида. Менимча, футболчи ҳеч қачон ўз ўйинидан қониқмаслиги лозим. Шунда у ўсишдан тўхтамайди.
- Суперлиганинг янги форматига муносабатингиз...
- Клубларнинг 2та гуруҳга ажратилганлиги баҳсларнинг янада кескин ҳамда қизиқарли, курашларга бой тарзда ўтишини таъминлади. Умуман олганда, мазкур формат тўғрисида фикрим ижобий. Лекин ушбу формат илк марта қўлланилганлиги учун айрим камчиликлардан ҳам бор, менимча. Бу борада ЎФА ва ПФЛ мутахассислари бамаслаҳат иш олиб бориб, ўткинчи ўйинларнинг бўлмаслигига эришишади, деган умиддаман.
- Мухлислар учун яратилган шароитлар ва «онлайн» телетранслациялар ҳақида нима дейсиз?
- Мухлислар тўла стадионда тўп суришнинг гашти ва завқи ўзгача бўлади, албатта. Майдонда ўзингни бошқача ҳис қиласан. Бундан ташқари, Суперлига баҳсларининг телевидения орқали жонли тарзда намойиш этилиши футболчидан ўзгача масъулият талаб қилади ҳамда футболимиз ривожига ҳам улкан ҳисса қўшади.
- Жамоангиз учун Суперлигадаги энг қийин баҳс қайси бўлди?
- Менимча, «Навбаҳор»да осон ўйиннинг ўзи бўлмади, ҳисоб. Айниқса, мағлубиятга учраган баҳсларимизда анча қийинчиликка учрадик.
- Жамоа легионерлари ва янги мураббий - Андрей Канчельскис ҳақида фикрларингиз қандай?
- Ўзим футболчи бўлганим учун жамоадошларим тўғрисида фақатгина илиқ фикрлар билдиришим мумкин. Андрей Канчельскис эса ўз дунёқараши ва услубига эга мураббий. Асосийси, у еврофутболдан баҳраманд инсон. Шу боис, «Навбаҳор»га ҳам «қўҳна қитъа» ҳавосини олиб киришга ҳаракат қилмоқда.
- Бронза медаллар - бу йилги «Навбаҳор» учун максимал натижами ёки жамоа бундан ҳам юқорироқ ўринни эгаллашга қодирмиди?
- Ўйлашимча, якуний натижамиз қониқарли бўлди. Негаки, учинчи ўрин ҳам узоқ танаффусдан кейин қўлга киритилди. Ахир, нарвонга ҳам бирданига эмас, поғонама-поғона чиқилади. Ўтган йили жамоамиз 5-ўринни эгаллаганди, бу йил эса 3-поғонани банд этди. Эҳтимол, кейинги мавсумда чемпионликка ҳам эришармиз.
- Айтингчи, акангиз Рашид Ғофуров футболни танлашингизда қандай ўрин тутган?
- Футболчи бўлишим ва шу даражага етишимда албатта, Рашид акамнинг ҳиссаси катта. Айнан акам туфайли миллионлар ўйинига қизиқиш орттирганимни ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Акам ҳатто ҳозир ҳам ўйинларимни кузатиб, ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, маслаҳатларини бериб туради. Унинг маслаҳатларига амал қилиб, кам бўлмадим. Фурсатдан фойдаланиб, бунинг учун Рашид акамга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Қизиқ, ўз даврининг энг кучли футболчиларидан бўлган Рашид Ғофуров айни пайтда нималар билан банд?
- Очиғини айтсам, акам ҳозирда футболдан анча йироқда, аниқроғи, бизнес соҳасида фаолият юритмоқда. Лекин бўш вақт топса, албатта, бутсаларини қидиришга тушади (кулади). Хуллас, унинг тадбиркорликдаги фаолиятида ҳам футболдаги каби омад ёр бўлишини тилайман.
- Хабарингиз бордир, 14 декабрь куни мавсум лауреатлари номига ойдинлик киритилади. Сизнингча, кимлар Суперлиганинг «энг яхши»лари бўлишга муносиб?
- Шахсий фикримча, энг яхши мураббийга аталган соврин Миржалол Қосимовга берилиши керак. Чунки бу мутахассис «Бунёдкор»даги молиявий муаммоларга қарамай, жамоа билан мавсум сўнггига қадар совринли ўринлар учун кураш олиб борди ва Суперлигада ўзига хос «интрига»ни ушлаб турди. Энг яхши футболчи сифатида эса «Локомотив» клуби ва миллий терма жамоамиз ҳужумчиси Марат Бикмаевни кўрсатиш мумкин.
- Келгуси режалар қандай? Сизни янги мавсумда ҳам «Навбаҳор»да кўрамизми?
- Шак-шубҳасиз. 2019 йили ҳам «Навбаҳор»даги фаолиятимни давом эттириб, жамоамиз билан бирга узоқ кутилган чемпионлик унвонини қўлга киритаман, деган умиддаман.
Маълумот учун
Мирзоҳид Ғофуров - 1988 йил 22 августда Наманган вилояти Чортоқ шаҳрида туғилган
Футбол билан 6 ёшидан шуғуллана бошлаган
Биринчи мураббийи: Абдулло Жўрабоев
Намангандаги футбол мактаб-интернатини тамомлаган
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Оилали, икки нафар фарзанднинг отаси
Ўйнаган жамоалари: «Навбаҳор» (Наманган) - 2006 йилнинг 2-давраси - 2007 йил, 2009 йил; «УзДонгЖу» (Андижон) - 2008 йил; «NBU- Осиё» (Тошкент) - 2010 йил; «Машъал» (Муборак) - 2011 - 2014 йил, 2016 йил; «Бунёдкор» (Тошкент) - 2015 йил , 2017 йилдан яна «Навбаҳор»да