Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ўз иқтидорини тунги клубларга кўмган юлдузлар. топ-4

Баҳо:
+ | -

Афсуски, футбол оламига кириб келаётган ёш иқтидорларининг ҳаммаси ҳам ўз талантини борича кўрсатиб бера олмаяпти. Бунга уларда икки сабаб бор. Бири мотивациянинг қолмагани ёки кўпроқ учрайдиган иккинчи ҳолат, катта миқдордаги маошларни нотўғри сарфлашгани. Бугун шундай футболчилар топ-4лигини баҳоли-қудрат тақдим этамиз.

4-ўрин. Мемфис Депай

«ПСВ» жамоасидан «Манчестер Юнайтед»га келган иқтидор эгасига афсонавий 7-рақам топширилади. Афсуски, Депай катта миқдордаги пуллардан ўзини йўқотиб қўяди. Мураббийларнинг қайта-қайта огоҳлантиришларига эътибор бермай, футболдан чалғиб қолади. Машғулотларга «Ролс-Ройс» маркасидаги машиналарда келиб кетар, доим «Гуччи» брендидан кийинарди. Аста-секинлик билан уни тунги клубларда тез-тез кўра бошлашади. Энг ачинарлиси шундаки, Депай бора-бора ҳафтада 6 кун клубларда кўриниш беради. Вазият шунчаликка бориб етадики, Депай тунги клублар учун машҳур брендлардан ўта қиммат кийимлар харид қила бошлайди. Уларнинг орасида ҳатто шахсан Майкл Жексонниниг либослари ҳам бор эди. Оқибатда, Моуриньо унга чиқиш эшикларини кўрсатиб юборади. Ҳозирда Депай «Лион» жамосининиг ўртамиёна футболчиси. Унда суперюлдуз бўлиш учун ҳамма имконият бор эди, афсус.

3-ўрин. Веллитон.

2009 ва 2010 йилги мавсумларда Россия премьер-лигаси тўпурари бўлган қаҳрамонимиз Бразилиянинг чекка қишлоқларидан бирида таввалуд топади. Ўртамиёна ҳаёт кечираётган ҳужумчи Москваниниг «Спартак» жамоасига ўтгач, бир мавсумдан сўнг унинг ўйинлари кескин тушиб кетади. Уни тез-тез клубларда кўра бошлашади. У билан бирга келган оиласи эса бу вазиятга изоҳ беришдан бош тортишади. Вазият шу даражагача етиб борадики, Веллитон клубда танишган модель Вика Бония билан ишқий муносабатларга киришиб кетади. Бундан хабар топган унинг турмуш ўртоғи фарзандларини олиб юртига қайтиб кетади. Тез орада Веллитон модель қизга уйланади. Бу орада «Спартак»да асосий таркибдаги ўрнини ҳам йўқотиб қўяди. Кейинги мавсумни эса ижарада ўтказган Веллитоннинг хотини Вика футболчини ташлаб, мультимиллионерга турмушга чиқиб кетади. Ҳозирда Веллитон 29 ёшда. Афсуски, Араб амирлиги клуби билан унинг ярим йиллик шартномаси қолган. Кейинги манзил қаер бўлиши номаълум.

2-ўрин. Жек Уилшир.

16 ёшида ҳаммани ўзига қарата олган таянч ярим ҳимоячиси машҳурликни кўтара олмайди. "Арсенал" билан тузилган профессионал шартнома бандларига кўра олинадиган маош униниг кўзларини қамаштириб юборади. У 19 ёшидаёқ термада дебют қилгач, ўзи учун курашмай қўяди. Секин-асталик билан уни ҳам, афсуски, тунги клубларда кўра бошлашади. Энг ачинарлиси, бир сафар уни сигарета чекиб турган ҳолда суратга олишади. Бу сурат эса тезлик билан интернетда тарқалиб кетади. Бу ҳам етмаганидек, бошқа бир тунги клубда жанжал чиқади. Унинг бош сабабчиси Жек Уилшир эди. Уни полиция 21 кунга қамаб қўяди. Шунча ишдан кейин ҳам футболчи бу шаштидан қайтмайди. Унинг ўйинларида аста-секинлик билан ишонч йўқола бошлайди. Бора-бора жароҳатларга ўралашиб қолади. «Бормунт»да ижара асосида ўтган мавсумдан сўнг ҳозирда «Арсенал»ниниг 2-жамоасида тўп сурмоқда. Англиянинг энг иқтидорли футболчиси 26 ёшида ҳеч кимга керак бўлмай қолди.

1-ўрин. Жермейн Пеннант

16 ёшидаёқ жуда катта тезлик ва жисмоний кучга эга футболчи билан «Арсенал» шартнома тузади ва уни асосий таркибга ўтказади. Пеннант эса ўзидан кетишни бошлайди. Муҳожирлар оиласида таввалуд топган Жермейн «Арсенал» академиясига келган пайт ҳатто ўқиш-ёзишни ҳам билмайдиган бола эди, дея уни эслашади. Пеннант «Арсенал»да ўзини кўрсата олмайди. Яна ўша касофат клублар унинг бошини ейди. У баъзида машғулотларга келганида бечора Венгер уни кўп бор қайтариб юборган экан. Чунки у туни билан ухламагани учун машғулотлардаги юкламалар унга оғирлик қилиши хавфи бор эди. Кейинчалик, «Арсенал» уни «Бирмингем»га сотиб юборади. Пеннант эса ҳаёт тарзини ўзгартирмайди. Бирин-кетин клублар алмаштиравериб, охирида клубсиз ҳам қолиб кетади. У ҳозирда Англиянинг 7-дивизионида ҳаракат қилмоқда. Энг ачинарлиси шундаки, у 22 ёшидаёқ футбол ўйнашдан тўхтаган эди.

Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 09:52, 16.12.2018.
Ўқилди: 19313 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.