Италиялик бизнесмен Маурицио Зампарини - футбол тарихидаги энг ёқимсиз функционерлардан бири. Яқинда у 2002 йилдан бошқариб келаётган жамоаси - «Палермо»ни Британия компаниясига 10 еврога сотди. Аввалги ўн йиллик бошларида бу клуб «А» серия мавсумини кучли бешликда якунлаган, Италия кубогини қўлга киритиб, Европа Лигасида қатнашганди. Зампаринининг «Палермо»ни бошқариш услуби даҳолик ва ақлсизлик ўртасида баҳоланган, охир-оқибат иккинчи вариант устунлик қилди.
16 йилда 45 мураббийни алмаштирган
«Палермо»нинг собиқ раҳбари ҳақида гап бошланганда, биринчи навбатда, унинг мураббийларни истеъфога чиқаришга уста эканлиги айтилади. Илк мавсумдаёқ у тўрт мутахассиснинг жавобини берди: Роберто Пруццо Зампарини ҳукмдорлиги пайтида атиги беш кун ишлади, Эцио Глереан биринчи турдан кейин бўшатилди, Даниэле Аригони нақ 22та турда жамоани майдонга бошлаб тушди, Недо Сонетти эса мавсум якунида истеъфога чиқди.
Кейинчалик Зампарининг шашти бироз тушиб, бир мавсумда ўртача 2,8 нафар мураббийни ишдан бўшатди. Бунинг натижасида фантастик рақам келиб чиқди - 16 йил ичида 45та истеъфо. Функционер мазкур ҳолатни юзида табассум билан изоҳларкан, уни севимли хоббиси эканини айтди ва муайян мутахассисларни бежиз қўйиб юборганини таъкидлади. «Келинглар, яхшиси, айрим мураббийларга қанча пул сарфлаганимни айтмай қўя қолай, акс ҳолда, ўзимни отиб қўяман. 10 миллион евро? Эҳтимол, бундан ҳам кўпдир?!», - деганди «Палермо» хўжайини.
Мазкур клубда кўплаб машҳур мутахассислар ишлашган — Спаллетти ва Заккерони, Пранделли ва Гвидолин. Бир сафар Зампарини кейинги мавсум жамоага ўзи мураббийлик қилишини айтиб, ҳазиллашганди. Ўшанда бу гаплар ҳазил эканини кўпчилик дарҳол пайқамаганди.
Европа футболи юлдузлари
Балки Зампарини мураббийларга ўта шафқатсиз муносабатда бўлгандир, аммо скаутлар борасида адашмасди. Рино Фоски, Вальтер Сабатини, Жоржо Перинетти — бу шахслар «Палермо» орқали Европа футболига кўплаб юлдузларни етиштириб беришган.
Бу ерда ёш итальянлар - Кристиан Заккардо ва Андреа Барзальи фаолиятларини бошлашган, клуб бу футболчиларнинг ҳар бирини 2 миллион еврога сотиб олганди. Маттео Дармиан эса «Милан»нинг ёшлар жамоасидан 800 минг еврога харид қилинганди. Аммо Сицилия клубининг энг йирик муваффақияти Жанубий Америка бозоридан келган.
Бир пайтлари Уругвайнинг «Данубио» клубида ўйнаб юрган Эдинсон Кавани айнан «Палермо»да ном қозонган. Аргентиналик Хавьер Пасторе камтарона «Уракан»да ўйнашига қарамай, харидорлари кўп эди. Шу боис бу сафар Зампарини ушбу футболчи учун 42 миллион евронинг баҳридан ўтди. Ниҳоят, Пауло Дибала «Институто» катталар жамоасидаги дебютига 7 ой бўлган бир пайтда Италияга олиб кетилди.
Зампарини мазкур аргентиналик футболчиларни жуда яхши кўрар, иккисининг ҳам келажакда «Олтин тўп»ни қўлга киритишини башорат қилиб, ўша даврнинг энг кучли ўйинчилари билан тенглаштирарди. Пасторе унинг учун «янги Зидан» бўлса, Дибалани «янги Месси» деб атарди. Ҳар икки футболчига бошланғич таркибдан жой кафолатланганди. «Агар кимдир Дибалани асосий рўйхатга киритмаса, уни ишдан бўшатаман», - деганди Зампарини бир пайтлари. Пасторени захира ўриндиғига ўтқизадиган жасур пайдо бўлганда эса, президент яна эътироз билдирди: «Хавьерни бошланғич таркибга киритмаслик - бутун футбол учун ҳақоратдир. Мен бу мураббийни қўрқоқ деб биламан».
Обрўли шахслар танҚидчиси
Эҳтимол, Сицилиядаги футбол клубига раҳбарлик қилаётган бизнесмен ҳеч кимдан қўрқмаса бўлаверади. Шу боис Зампарини хоҳлаганини гапирар, мансабдор шахсларни танқид қиларди.
«Тизим ўзгармаяпти. Бюрократлар раҳбари Инфантино узоқ йиллар мобайнида унинг бир қисми эди. У ФИФА раҳбари бўлибдими, демак шайхларга қараганда кўпроқ овоз сотиб олган. Бу гапларим учун мени дисквалификация қилишса ҳам майли», - бу гаплари учун бюрократия фош қилувчиси 18 минг евро миқдорида жарима тўлаган.
Зампаринининг фикрича, «Палермо»га Чемпионлар Лигаси доирасидаги уй учрашувларини «Сан-Пауло» стадионида ўтказишни тақиқлаган Мишель Платинининг «кетига тепиш керак» мақсадга мувофиқ бўлган.
«Блаттер бизни ирқчи деган, ваҳоланки унинг ўзи ҳақиқий расист. У ҳаттоки, жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанимизда бизга совринни топширишни истамаган. Тақдирлаш маросимига ҳам ташриф буюрмаган. Платини ҳақида айтганларим Блаттерга ҳам тааллуқли. Бюрократизм футболни эгаллаб олган», - дея ҳеч кимни аяб ўтирмаганди жўшқин нотиқ.
Сотувга илк уриниш
Ўтган йилнинг мартида ҳам Зампарини «Палермо»ни сотишга уриниб кўрганди. Клуб президенти ваколатидан фориғ бўлиб, асли келиб чиқиши Италиядан бўлган америкалик 33 ёшли функционер Пол Баккальини билан келишиб олди.
Итальянлар «Палермо» янада тентакроқ шахс қўлига ўтаётганига шубҳа қилишмасди, гарчи авваллари бу имконсиздек туюлган бўлсада. Бу яхшими ёки ёмон, ғалати телебошловчи ваъда қилинган пулни тақдим этолмагач, келишувдан воз кечишга тўғри келганди. Шунга қарамай, Зампарини президентлик ваколатини қайтариб олишга шошилмади.
Нима ўхшамади?
Қайсидир паллада «Палермо» нотўғри йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётганди. Мураббийлар қўнимсизлиги жамоага салбий таъсир кўрсатди, клуб раҳбарининг феъл-атвори сабабли Сицилия жамоасида ишлашга иштиёқмандлар сонини камайиб бораверди. Зампарини скаутларга эътиборни сусайтирди, йиғилиб қолган юлдузларни сотди ва жамоага ажратилаётган маблағ миқдорини камайтирди. «В» серияга тушиб кетган «Палермо» ҳамон у ердан чиқолмаяпти.
Клубнинг сотилиши Италия прокуратураси молиявий фирибгарликлар бўйича айблов эълон қилиши билан боғлиқ. Ваҳоланки, Зампарини ҳамиша ўзини «мамлакатда ноқонуний келишувларга йўл қўймаган ягона функционер» эканлигини оммавий тарзда таъкидларди. Янги хўжайинлар клубга пул сарфлашмади, аммо 22,8 миллион еврога тенг қарз-ларни ёпиш масъулиятини ўз зиммаларига олишди.
«Палермо» тарихида янги саҳифа очилмоқда. Унда энди собиқ раҳбарнинг хурмача қилиқларига ўрин қолмайди. Лекин бошқа томондан, Сицилияда фаолият юритувчи клуб бирданига нормал жамоага айлана олармикан?