Кириш Регистрация
17/12 00:45 Лацио 0-6 Интер
17/12 01:00 Борнмут 1-1 Вест Хэм
19/12 01:30 Вильярреал - Райо Вальекано
19/12 01:30 Эспаньол - Валенсия

"Металлург" Суперлигани тарк этадими?

Баҳо:
+ | -

"Металлург" футбол клубининг Суперлигада иштирок этиши ёки этмаслиги масаласи ОАВ кун тартибида турибди. Шунингдек, клуб бу ҳуқуқдан воз кечса, унинг ўрнини ким эгаллаши мумкинлиги ҳам муҳокама мавзусига айланган.

Айтиш лозимки, жамоанинг Суперлигада иштирок этиши ёки этмаслиги масаласида клуб ёки унинг таъсисчиси Лигага хабар бермаган. Лига "Металлург" 7 нафар асосий футболчи билан мавжуд меҳнат шартномасини бекор қилгани, бир неча футболчи клуб билан шартномаси якунига етгани учун эркин агентга айлангани, шунингдек, 10 декабрь куни «Металлург» МЧЖ ПФК ягона иштирокчисининг 1-сонли навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилиб, клуб директори Шавкат Саидов лавозимидан озод этилгани ҳақида билади.

Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Лига Ўзметкомбинат АЖга расмий мурожаат билан чиқиб, "Металлург" футбол клубининг Суперлигадаги иштироки масаласига жорий йилнинг 24 декабрь санасига қадар ойдинлик киритишни сўради. Келгуси қарорлар шу асосида қабул қилинади.

"Металлург" мусобақада иштирок этмаса, унинг ўрни қандай тўлдирилиши юзасидан ОАВ қатор саволлар билан мурожаат қилаётганидан келиб чиқиб, Лига мазкур масалага тушунтириш бериб ўтади. Бунда «Суперлига ва Пролига регламенти»нинг 10.2 ҳамда 10.3-бандларига эътибор қаратиш сўралади.

10.2-бандида клуб лицензиялаш талабларини бажара олмаса, ЎФА тегишли қўмитаси уни мусобақадан четлаштириши мумкинлиги ва шундай бўлса, унинг ўрни қуйи лиганинг тартиб бўйича лицензиялаш талабини бажара олган кейинги клуб билан тўлдирилиши кўрсатилган. Суперлигада тўп тепиши лозим бўлган 16 та клубнинг барчаси лицензиялаш талабини бажарган. Хусусан, "Металлург" футбол клуби ҳам ОФК лицензиясини қўлга киритган. Шундан келиб чиқилса, унинг мусобақадан чиқиб кетиши мазкур банд билан тартибга солинмайди.

10.3-бандда эса юқори тоифадаги лигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган клубнинг шу ҳуқуқдан воз кечиши масаласида сўз боради. Ҳуқуқ Пролига мусобақаси ва ўтиш ўйинлари орқали қўлга киритилади. "Металлург" иккинчи ҳолат билан Суперлигага қайта қўшилгани сизга маълум. Демак, агар "Металлург" клуби Суперлигада иштирок этиш ҳуқуқидан воз кечса, регламент бўйича унинг ўрни мавсум якунига кўра кейинги ўринни эгаллаган ва лицензиялаш талабига жавоб берадиган бошқа футбол клуби билан тўлдирилиши лозим. Мана шу нуқтада Лига Суперлига учун ўтиш ўйинига эътибор қаратади. Сир эмаски, Суперлигага йўлланма берувчи сўнгги ўйинда "Металлург" ва "Олимпик" жамоалари ўзаро кураш олиб борди. Шундан келиб чиқилса, "Металлург"нинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган кейинги клуб "Олимпик" ҳисобланади.

Агар "Олимпик" футбол клубида молиялаштириш ва бошқа масалада муаммо ўртага чиқса, Лига у ҳолда регламентнинг 10.2-бандига мурожаат қилади. Пролига мавсуми якунига кўра дастлабки тўрт ўринни қўлга киритган клублар Суперлига йўлланмасига эга чиқди. 5-ўриндан жой олган "Арал" эса ОФК лицензиясини қўлга кирита олмаган. Бироқ 6-ўринни банд қилган "Хоразм" футбол клубида лицензия мавжуд. Яъни, Суперлига учун "Олимпик" футбол клубидан кейинги номзод Хоразм ҳисобланади.

Шу нуқтада ОАВ томонидан тилга олинаётган "Локомотив" футбол клуби масаласига ҳам тўхталиш мумкин. "Темирйўлчилар" Суперлигада сўнгги ўринни эгаллаб, Пролигага йўл олган. "Локомотив" 2025 йилги мавсумни Суперлигада ўтказиши учун юқоридаги кетма-кетлик амалга ошиши лозим. Яъни, биринчи галда "Металлург" Суперлигада ўйнаш ҳуқуқидан воз кечиши, кейинчалик "Олимпик" ва ундан кейин "Хоразм" клуби бундай имкониятга эга бўлмаслигигина "Локомотив" учун йўл очади. Чунки "Хоразм" лицензияга эга чиққан Пролиганинг сўнгги жамоаси ҳисобланади.

"Арал", "Мобиуз", "Дўстлик" клублари ОФК лицензияга эга эмас. Шундан келиб чиқилса, энг сўнгги ўринда "Локомотив" вариантига мурожаат қилиниши мумкин. Бу масала Лига Ижроия қўмитасининг йиғилишида кўриб чиқилиши керак бўлади.

Манба: pfl.uz
Киритилди: 15:00, 18.12.2024.
Ўқилди: 1188 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.