Лондоннинг «Арсенал» клуби «Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Альваресни ўз сафига қўшиб олиш ниятидан қайтмаяпти.
Sport нашри маълумотига кўра, «канонирлар» мадридликларга тахминан 80 миллион евро ҳамда ҳужумчи Виктор Дьёкерешни таклиф қилган.
Шунингдек, «Арсенал» Альвареснинг ўзига йилига 25 миллион евро атрофида маош тўлашга тайёр. Бу аргентиналик футболчининг ҳозирги даромадидан қарийб икки баравар кўп.
Бироқ трансфер тақдири кўп жиҳатдан Альвареснинг қарорига боғлиқ. Ҳужумчи Англияга қайтишга унчалик қизиқиш билдирмаяпти. У аввал «Манчестер Сити» сафида Премьер-лигада тўп сурган.
Альварес учун асосий даъвогар сифатида узоқ вақт «Барселона» кўрсатиб келинган. Аммо «Атлетико» ўзининг етакчи футболчисини тўғридан-тўғри рақобатчиларидан бирига сотишни истамаётгани айтилмоқда.
Шу тариқа, «Арсенал»нинг молиявий жиҳатдан жозибадор таклифига қарамай, якуний қарор Альвареснинг ўзига боғлиқ бўлиб турибди.













