Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Тақдир: Тутқич бермас кичкинтой

Баҳо:
+ | -

Аср бошларида «Барселона» ўсмирлар жамоаси вакиллари бирор марта «Эспаньол» ўсмирларини мағлубиятга учратолмагандилар. «Кўк-анорранглилар»га доимо ўзларидан жисмоний жиҳатдан қувватлироқ ва тажрибалироқ бўлган шундай рақибларни ютиш тажрибаси етишмасди. Бироқ барчаси Лионель Месси «Барселона» футбол академиясида пайдо бўлганидан сўнг ўзгарди. Ўшанда 2002 йил эди ва аргентиналик вундеркинд ҳам эндигина 14 ёшга кирганди.

«Биз уларнинг майдонига келдик ва 3та тўп киритдик, - деб хотирлайди Бельгиянинг «Эйпен» жамоаси ҳимоячиси ва ўша таркибнинг сардорларидан бири Марк Валиенте. Асли росариолик бўлган Месси «Барселона» академиясига икки йил олдин келган ва 12 ёшида жамоанинг ўсмирлар таркибидан ўрин олганди. Ҳимоячи Роберт Франчнинг таъкидлашича, Месси ҳатто ўзини янги жамоадошларига ҳам яхшироқ таништирмай, таркибга ёриб кирди. «Барселона» академиясига янги келганлардан доим бир нарсани сўрашади: «Қайси позицияда ўйнайсан?». 2002 йилнинг февралида ҳам Родольф Боррелл Мессига шундай савол билан мурожаат қилиб, буни билмоқчи бўлди. Лео эса бошини кўтармаган ҳолда жавоб қайтарди: «Мен форвардман».

«У мени қойил қолдирди, - дейди Месси билан бир кунда «Барселона»да пайдо бўлган Рохер Хирибет. - Лионель жисмоний жиҳатлари билангина клубда пайдо бўлмаганини яхши тушунардим. Чунки 12 ёшимда менинг бўйим 1,70 см. бўлган бўлса, у бир ярим метрдан баланд эмасди». Боррелл жамоага Месси дарвозанинг юқори «тўққизлиги»ни аниқ нишонга олишда беназир эканлигини тушунтирди. Валиентенинг айтишича, ўшанда Ла-Масияга узоқ юртлардан кам одам ташриф буюрар, Месси ҳам шулардан бири эди. Илк машғулотлардаёқ у барчанинг эътиборини ўзига қаратди ва ўзгача қобилиятга эга эканлигини исботлади. Кўп вақт ўтмай, у майдонда чинданам «беназир»лигини намойиш этди. Уни Сеск Фабрегас - жамоанинг бош юлдузларидан бири ҳисобланган футболчи билан ҳужумга қўйишди. «Сескда иқтидор бор эди. У ўйинни ўқий оларди. «Квадрат» вақтида ҳеч қачон тўғри позицияни танламасди-ю, лекин доим тўпни бошқалардан олиб қўярди», - дея эслайди Месси.

Бироқ ўшанда Фабрегас ҳаммани лол қолдиролмади. Боиси, Мессининг иқтидори чинданам кучли эди. Бу ҳақда испаниялик ярим ҳимоячи шундай эслайди: «Бизни доим тўпга бир-икки тегиниш билан ўйнашга ўргатишарди. Ўсмирлигимизданоқ назорат, тўп оширишлар ва тўпнинг тез ҳаракатланишига одатлангандик. Ва кутилмаганда бир бола пайдо бўлиб, 4-5 тегинишда ҳам тўпни ўзида сақлаб қолишни уддалай бошлади - бунга кетадиган вақт бизнинг тўп оширишга кетадиган муддат билан тенг эди».

Аммо машғулот - тўлақонли ўйин эмас ва аргентиналик вундеркинддан амалда ўзини кўрсатиш талаб қилинарди. Альберт Бенайгес, яъни «кантера»нинг 20 йиллик афсонавий етакчисидан тезкорлик талаб қилинарди. Боиси, Месси бўлғуси икки учрашувда майдонга тушмаса, у ҳолда 18 ёшга тўлгунича, бу имкониятдан маҳрум бўлиши тайин эди-да. Биринчи ўйин 2001 йилнинг 7 март санасига тўғри келди. Ўша баҳсда Месси тўп киритишга муваффақ бўлди. Аммо мазкур омадли дебют меҳмонда бўлиб ўтган учрашувда олинган жароҳат сабабли амалга ошмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмасди. Аргентиналик вундеркинд бундай жароҳатга қайта йўлиқмади. Аммо ўшанда «Барселона»да бу ҳақда ҳеч ким билмасди. Клубдагилар ташвишга тушиб қолишди - ахир Леонинг бўйи паст эканлиги етмаганидек, озғин ҳам эди-да. Шу тариқа унинг учун Infantil B жамоасига йўл ёпилди.

Месси жароҳатлардан фориғ бўлгач, Inftantil A учун майдонга туша бошлади. Унинг ўйинида олдин олган жароҳатнинг изи ҳам кўринмасди, аммо кенг қулоч ёзиб тўп суришига яна имкон беришмади - Боррелл Бенайгес билан бирга футболчини дарҳол 16 ёшгача бўлган жамоага қайтариб юборишди. Бу 2002 йили юз берди. Аммо айнан шу ерда у ҳамманинг эътиборини чинакамига ўзига қарата бошлади. «Шу пайтгача кийим алмаштириш хонасида ҳеч ким унга эътибор бермасди. Биз аҳил жамоа эдик, у эса ўз бурчагига тиқилиб олганча ортиқча бир сўз айтмасди», - дея хотирлайди Робертнинг укаси Рохер Франч. Аммо майдонда ҳаммаси бошқача эди. Лионель барчанинг жаҳлини чиқарарди, унга қарши ўйнаш жуда ноқулай эди. Роберт Франч қўшимча қилади: «У биздан анча яхши ўйнашини тушунардик, шу боис, оғир вазиятларда ўзини қандай тутишини кўришни истардик. Аммо унга барибир эди. Шу даражада тезкор эдики, ортидан қувиб етолмасдик».

Роберт уни йўлдан олиб ташлашга ҳар қанча уринмасин, бари бефойда эди: «Унга етиб олишга уринасан ва энди етиб олай деганингда... аллақачон кўздан йўқолган - бошқа ҳимоячи билан курашаётган бўлади. У ҳақиқий машина эди».

Роберт ва бошқалар у билан яккама-якка курашишдан чўчишарди. «Ҳатто тўпга оёғимиз тегмаслигини билардик». Пау Торрас (ўша пайтдаги «Кадет Б» жамоаси дарвозабони, ҳозирда «Картахена» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда) эса ҳатто кўзларига ишонмасди: «У жим турганча машғулотларда қатнашарди, ундан кейин эса биз чурқ этолмай қолардик. Унинг учун эса бу мўъжиза оддий ҳолатдек эди, - дейди у. - Баъзида уни тўхтатишнинг ягона йўли - тўппончани қўлга олиб, уни отиб ташлашдай кўринарди. Аммо шунда ҳам у тўп билан ўқдан қочишга улгурса керак».

Буларнинг барчаси ўша пайтда 13 ёшли болакай бўлган Лионель Месси ҳақидаги фикрлар эди. Лео фақатгина тўпни ўйнатишда моҳир эди, қолган пайтда эса оғзини очмасди ҳам. Болалар Венециядаги мусобақада иштирок этиш учун йўл олишгандагина, у аста-секин очила бошлади. «У ҳазиллаша бошлади. Бунгача эса шу даражада уятчан эдики, ҳатто овозини ҳам эшитмасдик», - де эслайди Валиенте. Месси Ла-Масиянинг яна бир даҳоси ва Аргентина ёшлар терма жамоасидаги ҳамкори Виктор Васкес сабабли ўзгарганди. Улар ҳаттоки, бир мактабда ўқишди. Айнан Венецияда Месси илк бор enano - «кичкинтой» деган лақаб олди. «Фақат ўша сафардан кейин - ўртамизда ўзаро тушуниш пайдо бўлгандан сўнггина Мессини шу ном билан атай бошладик. Бу лақаб боқий бўлиб қолди: Месси асосий таркибда дебютини ўтказганда ҳам ва Ла-Масияга ташриф буюрганида ҳам, биз дарҳол: «Хўш, кичкинтой, катта болалар билан чиқишоляпсанми?» деб сўрардик ва ўз ҳазилимиздан ўзимиз қаҳ-қаҳ уриб кулардик, - деб хотирлайди Рохер Хирибет. - Балки унинг жаҳлини ҳам чиқаргандирмиз, аммо Месси буни билдирмасди. У билан ишлаш доимо ёқимли эди. Менимча, эртага кўришиб қолсак, орадан 15 йил ўтмагандай, яна қучоқлашамиз ва гаплашиб кетаверамиз».

1987 йилдаги синф 2002-2003 йиллар мавсумидаги «Кадет А» тоифасига ўтди. Айнан шу йигитлар балки, Ла-Масиядаги энг яхши битирувчилар сифатида донг чиқаришгандир ҳам. Улар Тито Виланова ва Алекс Гарсия билан бирга ишлашди, аммо барчаларини узоқ вақт бирга ушлаб туришнинг имкони бўлмади. Сеск «Арсенал»га йўл олди, Жерар Пике эса - «Манчестер Юнайтед»га. Месси бўлса, «Барселона» академиясида янада узоққа борди. Дастлаб 19 ёшгача бўлган таркибда, сўнг «Барселона С»га (ҳозирда бу жамоа мавжуд эмас), кейин «Барселона Б»га. Барчасида бир йилдан кўп бўлмаган вақт тўп сурди. 16 ёшида катталар жамоасида дебютини ўтказди, 17 ёшида эса - ўша пайт­нинг энг яхши футболчиларидан бири бўлган Роналдиньо билан бирга майдонга чиқиб, жамоанинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди.

Айни пайт «Балагера» клубининг техник директори сифатида фаолият юритаётган Хирибет шундай хотирлайди: «Уни билган ва бирга ўйнаганларнинг барчаси Мессининг техникаси ва ҳар қандай вазиятга тез мослашиб кетишига ҳайрон бўлмай қоладиган даражага келиб улгуришганди. 10 йил аввал Месси тўпни йўқотмаган ҳолда тезликни ошириш имконига эга эди, аммо вақт ўтгани сари бошқа қобилиятлари ҳам юзага чиқа бошлади - масалан, ҳужумни ниҳоялаш ёки самарали тўп ошириш. Фаолиятининг ҳар бир босқичида у қайси фазилати жамоага ёрдам бериши тўғрисидаги саволга тўғри жавоб топиши билан мана ўн йилдирки энг яхшилар ичида энг яхши бўлиб келмоқда. Ўсмирлар жамоасидан ҳозирги кунгача - у энг яхши бўлди».

Хирибет шунингдек, Месси бош­қаларда босимни асло сезмаслиги билан ажралиб туришини ҳам алоҳида таъкидлайди: «У «босим» деган сўзни билмайди. Иқтидорлар жуда ҳам кўп бўлган, аммо уларнинг аксарияти босимни енгиб ўтолмаганликлари боис узоққа боришолмаган. Мен 1500 нафар мухлис олдида тўп сурганимда тиззаларим титрарди. У эса ҳатто ЧЛ финалида ҳам ўзини йўқотмаган ҳолда ўйнайди». Валиенте буни тасдиқлайди: «Ҳеч биримизни у асосийдан бунчалик тез ўрин олгани ажаблантирмади. Ҳайратлантирадигани, у карьерасининг ҳар бир бос­қичида ўзгарганидир».

«У доим тўхтатиб бўлмас бўлган. Унга қарши тўп суришнинг имкони йўқ», - қўшиб қўяди Торрас. Орадан шунча йил ўтди ва бутун Европа юқоридаги сўзлар нақадар тўғрилигини билди. У аввал ҳам тутқич бермас эди, ҳозир ҳам шундай. У «Барселона» тарихини ўзгартирди, аммо Месси ҳақидаги афсона ҳали тугагани йўқ.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 13:34, 17.03.2019.
Ўқилди: 2759 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.