Бу жамоани тушуниб бўлмайди: бир қарасанг, номдор рақибни тиз чўктиради, ғалаба нақд бўлган ўйинда эса арзимас жамоадан енгилади. 2 февраль оқшомида «Байер 04» «Бавария»дан 3:1 ҳисобида устун келди. 6 кундан кейин «Майнц» 5:1 ҳисоби билан маҳв этилди. Аммо ўртада «қовун» туширишга ҳам улгурди - 2-Бундеслига вакили «Хайденхайм»дан енгилиб, нуфузли совриндан барвақт умид узишга мажбур бўлди.
Муваффақиятсизликка баҳона бўладиган сабаблар эса етарли: кадрлар қўнимсизлиги, беқарорлик, омаднинг юз ўгириши ва ҳоказо. Аммо факт шуки, бу иллат узоқ йиллардан бери жамоанинг ажралмас ҳамроҳи.
«Байер 04» Германиянинг кучли клубларидан бири эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Вақти-вақти билан жамоа 1-ўринда кўриниш бериб туради. 2009 йилдан бу ёғида «доришунослар» фақат бир марта мавсумни кучли бешликдан четда якунлашди. ЕЧЛ улар учун одатий турнир. Ажабланарли жиҳати шундаки, жамоа 1993 йилдан бери совринларга эриша олмаяпти. Охирги марта у ҳал қилувчи баҳсда «Герта»дан устун келиб, Германия кубогини қўлга киритганди. Жамоанинг ўша даврдаги энг яхши тўпурари - Ульф Кирстеннинг ягона голи «доришунослар»га 114 йиллик фаолиятдаги дастлабки совринни тақдим этганди.
Шунчалик омадсизликнинг сабаби нимада? «Бавария»нинг ҳукмронлигини инкор этмаган ҳолда, бошқа бир қатор жамоалар нуфузли совринлари билан мақтана оладилар. Биргина янги асрнинг ортда қолган йилларида «Боруссия Д», «Вольфсбург», «Штутгарт» ва «Вердер»лар ғолиблик нашидасини суришди. «Шерлар» эса бир неча марта нурли чўққи остонасида қолишди. 2009 йилда Месут Озилнинг ягона голи «Байер»ни мамлакат кубогидан жудо қилди. Икки йилдан кейин жамоа Клоппнинг «Боруссия»сидан 7 очкога ортда қолиб, Бундеслигада 2-ўрин билан кифояланди. Бироқ бу «доришунослар»нинг 1996-2002 йиллар оралиғидаги омадсизликлари олдида денгиздан томчи, холос. Аламлиси, «шерлар» деярли нақд бўлган ғалабаларни бой беришди.
Айниқса, 2001|2002 йиллар мавсуми аянчли якунланди. Леверкузенлик мухлислар илк маротаба беқиёс зафарнинг мафтункор исидан сархуш бўлишганди - суюкли жамоалари ақлга сиғмайдиган «требл»га яқин эдилар. Бироқ афсуски, Бундеслигадаги 5 очколик устунлик қаёққадир ғойиб бўлди, Германия ва ЕЧЛ кубокларининг финаллари эса мағлубият билан якунланди.
Ҳеч бўлмаганда, 11 нафар футболчини абадий афсонага айланиш бахтидан маҳрум этган ўша мавсумдан кейин инглиз матбуоти жамоага аянчли «Байер Неверкузен» тахаллусини берганди. Ўша фалокат ўйинчилар ва мухлислар учун даҳшатли зарба бўлди, «Байер» бундай савияли ўйинни такрорлай олмади.
Тарихда ўчмас из қолдирган омадсизликни фалокатга тенгладик. Лекин эҳтиросларни бир четга суриб эътибор берсак, «доришунослар» таркибидаги беқарорликка гувоҳ бўламиз. «Шерлар» сафига қўшилган барча ўйинчилар узоғи билан 2 йилдан кейин бошқа жамоаларга ўтиб кетишади. Шу боис, «Байер»ни у билан грандлар ўртасидаги ўзига хос кўприк, дейишга ҳақлимиз. Яъни, шунчаки оддий эмас, балки хосиятли, буюк кўприк! Демак, «шерлар» ҳам буюк, лекин оралиқ жамоа.
Учинчи минг йиллик аввалида леверкузенликлар таркиби ҳавас қиладиган кўриниш олганди. Бироқ юлдузлар бир кечада ғойиб бўлишди. 23та гол билан мавсумнинг энг яхши тўпурари бўлган Михаэль Баллак «Бавария» аъзосига айланди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, у ўз даврининг энг кучли ярим ҳимоячилари сафидан жой олди.
Жамоадошидан ибрат олган Зе Роберто ҳам бир талай совринлар соҳибига айланди. Бразилия билан тождорга айланган ҳимоячи Лусио ҳам Мюнхен гранди таркибини тўлдириб, бир неча чемпионликдан сўнг 2010 йилда «Интер»да «требл»га эришди. Қисқаси, 24 ой ичида «шерлар»нинг ўзаги гранд сафига ўтди.
Ҳа, асосий рақиблари етакчиларини ўзига жалб этиш «Бавария»нинг маккорона услуби. Аммо Лусиодан кейин «Байер» юлдузлари Бундеслигани тарк этишни кўпроқ маъқул кўришди. Бир йил кейинроқ асосий таркибга қўшилган Димитар Бербатов 2004|2005 ва кейинги мавсумда 20тадан кўпроқ гол уриб, 12 млн. фунт эвазига «Тоттенхэм»га йўл олди. Четдан қараганда, бу ўзгариш мантиққа зиддек туюлади - 2006 йилда харидор ҳам, сотувчи ҳам УЕФА кубогида иштирок этишган, савия бобида тенглик бор эди. Афтидан, нуфузли чемпионат ва мўмайроқ иш ҳақи болгариялик ҳужумчини туманли ўлкага чорлаганди. Бербатов АПЛда ҳам сермаҳсул ўйин кўрсатди ва «шпорлар»нинг энг яхши тўпурари сифатида сэр Алекснинг «МЮ»сига ўтди. «Қизил иблислар» билан Димитар икки марта АПЛ чемпиони бўлди.
Табиийки, «Байер» вакиллариниг бошқа жамоалардаги муваффақияти барча футболчиларда Леверкузенда 2 йилдан ортиқ тўп суриш нотўғри, деган фикрни уйғотди. 2007-2011 йиллар оралиғида «Бай Арена»да тажриба тўплаган Артуро Видаль фаолиятини эслаб кўринг: Италияда кўплаб кубокларга эга бўлган ҳимоячи «Бавария»да ҳам совринларни қўлга киритди. Ана шу муваффақиятлар эвазига «Барселона» сафидан жой олган футболчи энди Каталонияда хирмон кўтариш ҳаракатида.
2009|2010 йилларда «Байер»даги ижарани самарали ўтказган Тони Кроос «Бавария»га қайтиб, немис футболи тарихида илк марта «требл» муаллифига айланди. Кейин ўз музейини жаҳон кубоги ва ЕЧЛнинг 3 карра ғолиби совринлари билан бойитди.
Леверкузенга камтарин «Майнц»дан ўтган Андре Шюррле ҳам иккинчи мавсумида 14 гол ва 10та самарали узатмани амалга ошириш орқали ёрқин таассурот қолдирди. Тўғри, клуб миқёсида соврини йўқ, лекин нима бўлганда ҳам жаҳон чемпиони эди. Бу футболчи ҳам 2013 йилда «Челси»га равона бўлди.
Шунингдек, леверкузенликлар Дани Карвахаль кўнглига йўл топа олмадилар, ҳимоячи бир мавсумдан кейин «Реал» либосини кийди. Бу ҳам «Байер» учун жиддий йўқотиш эди. «Бавария» андозасига тушмаган Эмре Жан эса илк мавсумда «Ливерпул»да қизиқиш уйғота олди. Ҳозир 25 ёшли футболчи «Ювентус» шарафини ҳимоя қилмоқда. Эвазига дастлабки «Скудетто» деярли нақд бўлди.
Бир йил ўтиб «шерлар» навбатдаги юлдуздан жудо бўлишди - 18 ой давомида сермаҳсул тўп сурган Сон Хюн Мин «доришунослар»га 29 голни совға қилган ҳолда «Тоттенхэм»га йўл олди. Шу ўринда 2017 йилда «Милан»га ўтган Ҳоқон Чалханоглу ва «Наполи» сафини тўлдирган Аркадиуш Миликни тилга олмасликнинг иложи йўқ. Ҳоқон Германияда ўз маҳоратини намойиш этишга ҳам улгурмади, Миликнинг фаолияти ҳам ўта қисқа бўлди. Демоқчимизки, немис клуби камдан-кам ҳолларда ўз футболчисининг иқтидоридан бехабар равишда қўйиб юборган.
ЖЧ финалчиси мақомидаги Домагой Вида эса 2011 йилда арзимас «сариқ чақа» эвазига аввал Загреб, кейин Киев «Динамо»сига йўл олганди. Ваҳоланки, унга «Ливерпуль» ва «Рома» қизиқиш билдирганди.
Эътибор берган бўлсангиз, зикр этилган футболчилар орасида «Байер» тарбияланувчилари йўқ, барчаси бегона мактаб вакиллари. «Шерлар» уларни бошқалардан аввалроқ пайқашган. Аммо икки йилдан кўпроқ ўз сафларида олиб қолишни уддалай олишмаган. Охирги 10 йил давомида «Байер» мунтазам равишда қайсидир юлдузидан жудо бўлмоқда. Масалан, Бернд Ленодан. Тасаввур қилинг-а, Бернд «Арсенал»га кетмаганида ва 2010 йилдан кейин жамоани тарк этганлар ўз жойларида бўлишганида, марказда Видаль ва Жан, олдинги чизиқда Сон ва Шюррлелар тўп суришарди...
Одатда, асосан юлдузларни пуллашга ружу қўйган жамоалар бойиб кетишади. Бироқ «Байер» 7 нафар «шерлар»и учун 115 млн. фунтга эга бўлди. Бугунги мезонга кўра, жуда оз.
Ниҳоят, навбат бугун жамоа шарафини ҳимоя қилаётган футболчиларга келди. Балки ҳозирги таркиб нохуш анъанага чек қўяр? Келажаги порлоқ ижрочилар ҳозир ҳам кам эмас. Юлиан Брандт, Жонатан Та, Кай Хаверц, Тин Едвай, Паулиньо, Леон Бэйли, Венделл... Орзиқиб кутилган совринни қўлга киритишга қурби етадиган футболчилар. Бу таркиб «Боруссия» ёки «Бавария» билан беллашишга қодир. Лено Англияга кетмаганида, у янада мукаммалроқ кўриниш оларди. Яна 1-2 йил ичида ҳаммаси маълум бўлади - «шерлар» қандайдир совринга эришадиларми ёки яна анъана давом этадими? Миш-мишларга қараганда, Брандт ҳозирнинг ўзида бир оёғи билан «Энфилд»да турибди, иккинчиси билан эса «Альянц Арена»да. Хаверц ўзини ҳурмат қиладиган ва нимагадир эришиш ниятидаги барча жамоаларни қизиқтирмоқда. Ана шу иқтидорларни сақлаб қола олса, «Байер» зафар қучиши мумкин.
Дарвоқе, жамоанинг рекорд хариди бўлмиш Лукас Аларио хусусида фикр билдирмаслик адолатсизлик бўларди. 2017 йилдан бери ўзининг «қимматбаҳо хатолик» эмаслигини исботлашга уринаётган ҳужумчи яқинда захирадан майдонга туширилди ва «Бавария» дарвозасини забт этди. Ажабмаски, гранд дарвозасига урилган гол ёш иқтидор соҳиби учун етишмаётган ва жуда муҳим бўлган ишончни тақдим этса.
Сўнгги йилларда Дортмунднинг «Боруссия»си мухлислар меҳрини қозонмоқда. Жамоа мунтазам равишда ўз етакчиларини «Бавария»га пуллаб, кучсизланиб қолади. Роберт Левандовски, Марио Гётце, Матс Хуммельслар кетишди, «қизиллар» фақат Марко Ройсни оғдира олишмади. Шунга қарамасдан, жамоа «кумуш товоқ»ни қўлга киритди, ЕЧЛ финалига чиқди.
«Байер»-чи? Ҳозирча ЕЧЛ ва ЕЛ йўлланмаларидан бўлак ҳеч нарса билан мақтана олмайди. Лекин жамоа «сотувчилик»ка барҳам бериб, «шерлар»ни кўндира олса, буюк «Байер»нинг шаклланиши бошланади, «грандмиёна ўртаҳол» мақоми ўтмишга айланади.